muslim.uz

muslim.uz

mercredi, 11 juillet 2018 00:00

Совға – ўзи нима?

Барчамиз совғани ёқтирамиз. Ота-онамиз, жуфтимиз, фарзандларимиз, дўстларимиз, ҳаётимизни безаб турган нарсалар: ёшлигимиз, соғлигимиз, уйимиз, машинамиз, пулимиз, гўзаллигимизни яхши кўрамиз. Лекин совға кутганимиздан-да кўпроқ бўлиб келса нима бўлади? Истак заруратга айланиб қолса-чи? Совға фақат чиройли буюмлардан иборат бўлмаганда-чи?
Совға – ўзи нима?

Совға берилади ва олинади. Биз совғанинг ҳақиқий эгалари эмасмиз, совға келади ва кетади. Совғани оламизми ёки йўқми, у бизнинг яшашимиз учун зарур нарса эмас. Ҳаётимиз бундай келиб, кетадиган нарсаларга боғлиқ эмас. Совғани олсак яшаймиз, олмасак ўламиз деган фикрлардан йироқмиз. Совғалар биз учун ҳаво ёки овқат эмас. Лекин уларни севамиз. Ким ҳадяни ёқтирмайди? Энг аввало, бизни ўзининг совғаларидан маҳрум қилмаслигини Қуръони каримдан сўраймиз. Қалбимиз Аллоҳнинг совғалари ва эътиқодисиз бўшаб қолади. Аммо баъзида дунё ишларига берилиб кетиб эътиқодимиз сусайиб, бундай муҳим нарсаларга юзаки қараймиз. Бундай пайтда намозни кечиктирамиз ёки қолдириб қўямиз. Лекин унинг акси ўлароқ иш билан боғлиқ учрашувлар, сайр қилишлар, фильм ва сериал томошалари, харидлар, синфдошлар билан ўтадиган базмлар, спорт ўйинлари ўз вақтида бўлади. Лекин ўзимизга бир кун савол берамиз, биз ҳақиқатан ҳам ибодат қиламизми, ўзи олдин ибодатимиз мустаҳкам бўлганми? Ибодат қилмай қўйганимиздан сўнг бунинг ёмон тарафларини ҳис қила бошлаймиз, қалбимиз Аллоҳ билан боғланмаганини ҳис қиламиз. Аммо бу йўлни инсоннинг ўзи танлайди.

وَمَا أَصَابَكُم مِّن مُّصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَن كَثِيرٍ

“Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У зот кўпини афв қилур” (Инсоннинг ўзидан ўтмаса, унга бирор мусибат етмайди. Лекин ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ бандасини ҳар бир гуноҳи учун мусибатга дучор қилавермайди, фақат баъзиси учунгина мусибатга дучор қилади, кўпини кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусибатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди) (“Шуро” сураси, 30-оят).

Дарҳақиқат, биз нима қилсак ҳам ўзимиз учун қиламиз. Лекин оят охирига эътибор беринг: У зот кўпини авф этади. Бу ерда ишлатилган сўз “Ал-Аъфуу” сифатидаги “яъфуу” сўзидир. Бу сўз шунчаки афв қилиш ёки кечиришни эмас балки умуман йўқ қилишни билдиради. Шундай қилиб кўксимизни қанча пичоқ билан яраласак ҳам, Аллоҳ унга шифо беради, худди олдин кўксимиз яраланмагани каби уни тиклайди. Мана шу қалбан ҳис қилиш мумкин бўлган ҳақиқий совға эмасми? 
Баъзи инсонларнинг кўзлари пул ва тилла каби ялтироқ нарсалар билан беркитилгандир. Уларни безовта қиладиган нарса фақат бойликлари, ҳатто ўлганидан сўнг бойликларини ўзи билан қабрига кўмдиради, худди нариги дунёда ёрдам берадигандек.

أَلَيْسَ اللَّهُ بِكَافٍ عَبْدَهُ وَيُخَوِّفُونَكَ بِالَّذِينَ مِن دُونِهِ وَمَن يُضْلِلِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ هَادٍ

“Аллоҳ Ўз бандасига етарли эмасми?! Улар сени ундан бошқалар билан қўрқитадилар. Кимни Аллоҳ залолатга кеткизса, бас, унинг учун ҳеч бир ҳидоят қилгувчи йўқ” (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам мушрикларни Аллоҳ таолонинг тавҳидига чақириб, уларнинг турли сохта худоларини айблаганларида, улар: “Муҳаммад худоларимизни сўкишдан тўхтамаса, унга, албатта, ёмонлик етади”, деб у зот соллаллоҳу алайҳи вассаламни қўрқитмоқчи бўлганлар. Ушбу оят шу муносабат ила тушган экан. Гарчи хос сабаб билан нозил бўлса ҳам, маъноси умумийдир) (Зумар сураси, 36-оят).

Инсонда шундай нарса бўлиши керакки, у ҳеч қачон ўзгармасин, тарк этилмасин, бузилмасин, йўқ бўлмасин, инсоннинг унга ишончи мустаҳкам ва абадий бўлсин. Бу нарса – фақат  Аллоҳга бўлган эътиқод ва ибодатдир.

Ҳар биримизнинг қалбимизда эътиқод ва ибодат мустаҳкам бўлсин, омин!

 

Муаллиф: Ясмин Могаҳед

Таржимон: Робия ЖЎРАҚУЛОВА

Шу кунларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ислом цивилизация маркази вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Индонезияда бўлиб турибди.

Кеча, 10 июль куни Ўзбекистон делегациясини Индонезия Республикаси Парламентининг дин ишлари қўмитаси раисининг ўринбосари Содиқ Мужоҳид кабул килди. Учрашув юқори кайфиятда ўтказилгани маълум қилинди.

Мулоқотлар давомида Индонезия давлатидан Саудия Арабистонига умра зиёратига борадиган минглаб индонезиялик зиёратчиларни Ўзбекистон шаҳарларини зиёрат қилдириш орқали ташиш масаласи ҳақида ҳам сўз борди.

Шу куннинг ўзида делегация аъзолари Байтул Қуръон Истиқлол музейига ташриф буюрдилар. Уларни музей директори Мухлис Муҳаммад ал-Ҳанафий қабул қилди.

Музей Қуръонни таҳрир қилиш, нашр қилиш, тарқатиш, ўрганиш ва халққа кўрсатиш кабилар билан бир қаторда қадимий нусхаларни ҳам тадқиқ этиш билан шуғулланади.

Учрашув сўнгида индонезиялик ҳаттотлар томонидан кўчирилган уч китобдан иборат, ҳар бирида ўн пора жамланган Қуръони карим нусхаси Ислом цивилизация марказига ҳадя килинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Кечаси бедор бўлиб намоз ўқишнинг, Қуръон тиловат қилишнинг гашти бўлакча, фазилати улуғ. Одамлар айни ширин уйқудалик пайтида ибодат қилган инсон юксак мақомга эришади. Тунда ибодатда қоим бўлиб, Каломуллоҳни ўқийдиган бандалар ҳақида Қуръонда шундай дейилган: «Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга, охират кунига имон келтирадилар, яхши амалга буюриб, исён-гуноҳдан қайтарадилар, яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар  солиҳ бандалардир» (Оли Имрон сураси, 113-114-оятлар).

 Ибн Касир оят тафсирида шундай деган: «Улар тунни ибодат билан ўтказадилар, таҳажжуд намозини ўқийдилар, Қуръон тиловат қиладилар».

 Ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қуръон қиёмат куни силласи қуриган киши суратида келиб: «Сени  тунлари бедор қилган, кугдузлари чанқатган менман», дейди».

 Қуръон охират куни соҳибига унинг дунёдаги ҳорғин суратида кўринади. Қори тунлари ширин уйқусидан кечиб Қуръон ўқийди, Аллоҳ йўлида чарчайди. Банда дунёда Аллоҳ йўлида хизмат қилган, Қуръон ўқиган бўлса, Қуръон охиратда банданинг юқори мартабаларга кўтарилишига ҳисса қўшади.

 Ривоят қилинишича, қиёмат куни банда қабрдан чиққанидан Қуръон уни ҳолдан тойган киши қиёфасида кутиб олиб:

— Мени танидингми? — дейди.

Банда айтади:

— Сени танимайман.

— Мени танимайсанми?

— Ҳа.

— Сени иссиқ кунларда чанқатган, тунлари бедор қилган дўстинг Қуръонман. Ҳар бир савдогар тижорати орқасидан фойда кўради. Сен ҳам бугун тижоратинг ортидан манфаат оласан.

Шунда қорининг ўнг қўлига мулк, чап қўлига мангулик берилади. Бошига виқор тожи кийдирилади. (Қуръон ўқиган инсоннинг) ота-онасига иккита либос кийдирилади.  Унга дунё аҳли тенг келолмайди. Шу пайт (иккиси):

— Бу либос бизга нима учун кийдирилди?! — деб (ажабланиб) сўрашади.

— Фарзандингиз Қуръон ўргангани учун, — дейилади.

Кейин (Қуръон соҳибига):

— Ўқи, жаннат поғонаси ва хоналари томон кўтарил, — дейилади.

 У — тез ўқиса ҳам, секин ўқиса ҳам — юқорилаб бораверади.

 Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Ким тунда «Бақара» сурасини ўқиса, кўп ва хўп қилибди».

 Иброҳим Нахаий: «Кечаси озроқ бўлса ҳам Қуръон тиловат қилинглар!» деб тайинларди.

 Авзоий: «Ким тунлари бедор бўлиб, кўп Қуръон ўқиса, қиёмат куни ҳисоб бериши осон кечади», деган.

 

Дилмурод МАМАТОВ

Бахмал тумани «Молгузар» жоме масжиди

имом-хатиби

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида кам таъминланган, уй-жойга муҳтож 10 оилага янги уйларнинг калити тантанали равишда топширилди. 

 

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда эҳтиёжманд фуқаролар ва кам таъминланган оилалар ҳамиша давлатимиз эътиборида экани, уларнинг ҳар бири жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида етарли шароитга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

 Мирзаобод туманидаги "Боғистон" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янгиланган лойиҳа асосида қурилган 10 та замонавий уй “Жавоҳир Фарҳод ҳамкор сервис” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан бунёд этилди. Уйларда индивидуал иситиш тизими, иссиқ ва совуқ сув, табиий газ ва электр таъминоти барча техник талабларга кўра жиҳозланган.

 – Янгиланган лойиҳалар асосида барпо этилган ушбу уй-жойнинг умумий лойиҳа қиймати 1 миллиард 130 миллион сўмдан иборат, – дейди “Жавоҳир Фарҳод ҳамкор сервис” хусусий корхонаси раҳбари Азим Исмоилов. – Хонадонларда барча қулайликлар яратилди. 2 сотих ер майдони, 2 яшаш хонаси, ювиниш хонаси, ички ва ташқи ошхона замон талабларига тўла жавоб беради. Айниқса, тандир-ўчоқ ҳам борлиги уй бекаларини ғоят хурсанд қилди.

II гуруҳ ногирони Муҳайё Ҳусанова янги уй соҳибаларидан биридир.

 – Биз эру хотин 4 фарзандимиз билан ижарада яшар эдик, – дейди Муҳайё Ҳусанова. – Бугун ҳаётимдаги энг қувончли кунлардан бири. Боиси, ҳам уйли, ҳам ишли бўлдим. Ишли бўлдим дейишимнинг сабаби тикув машинаси ҳам беришди-да. 

 Сирдарё вилоятида жорий йилда 112 та, 2019 йилда эса 200 та эҳтиёжманд оилага уй берилиши режалаштирилган.

 Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева, Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқди.

 

 

А.Қаюмов

Манба:  ЎзА

Масжидларга вақф қилиш учун "Ҳилол" нашриётидан 15 млн сўмлик китоб харид қилинди. Бу ҳақда "Вақф" фонди хабар берди.

Бугун, 11 июль куни «Масжид ва мадрасалар учун китоб акцияси» доирасида «Ҳилол» нашриётидан 38 турдаги жами 585 та китоб сотиб олинди. Уларнинг умумий қиймати 15 миллион сўм бўлди.

Китобларнинг асосий қисми шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари қаламларига мансуб китоблардир.

Китоблар рўйхати ва адади:
- Қуръони карим маънолар таржимаси — 15 дона
- Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ Муҳаммад Содиқ — 15 дона
- Бахтиёр оила — 15 дона
- Ижтимоий одоблар — 15 дона
- Ислом тарихи 1,2-китоблар — 15 дона
- Амаллар ниятга боғлиқ — 15 дона
- Бозор ва унга боғлиқ масалалар — 15 дона
- Дин насиҳатдир — 15 дона
- Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ишларининг ҳақиқати — 15 дона
- Енгил амаллар — 15 дона
- Зикр аҳлидан сўранг 2-қисм — 15 дона
- Зикр аҳлидан сўранг 5-қисм — 15 дона
- Зикр аҳлидан сўранг 7-қисм — 15 дона
- Ҳадис ва ҳаёт 12-жуз — 10 дона
- Ҳадис ва ҳаёт 13-жуз — 15 дона
- Ҳадис ва ҳаёт 14-15 жуз — 10 дона
- Ҳадис ва ҳаёт 20-жуз — 15 дона
- Ҳадис ва ҳаёт 22-жуз — 10 дона
- Ҳадис ва ҳаёт 23-жуз — 15 дона
- Ҳадис ва ҳаёт 24-жуз — 10 дона
- Ҳадис ва ҳаёт 27-жуз — 10 дона
- Ҳадис ва ҳаёт 28-жуз — 10 дона
- Ҳадис ва ҳаёт 29-жуз — 10 дона
- Ҳадис ва ҳаёт 37-жуз — 10 дона
- Ҳалол очиқ ойдиндир, ҳаром очиқ ойдиндир — 15 дона
- Мўминнинг меърожи — 15 дона
- Мўминнинг нажоти — 15 дона
- Мўминнинг қалқони — 15 дона
- Мўминнинг умр сафари — 15 дона
- Муаллими соний (дискли) — 30 дона
- Мен ҳам намоз ўқийман — 45 дона
- Очиқ хат — 15 дона
- Одам ато ва Момо ҳаво — 30 дона
- Ўкинма 1,2 жузлар — 15 дона
- Қарз — 15 дона
- Ғийбат ўзи нима? — 15 дона
- Қуръон қалблар шифоси — 15 дона
- Иҳё улумиддин — 15 дона

ЎМИ Матбуот хизмати

Видеолавҳалар

Top