muslim.uz
Вақф хайрия жамоат фонди бир ҳафта ичида 90 млн сўм маблағларни ўз эгаларига етказди
Вақф хайрия жамоат фонди 20-27 июнь кунлари умумий ҳисобда 89 527 600 сўм закот ва хайрия маблағларини шариатда кўрсатилган ўринларга етказди.
Mаблағлар муҳтож, бемор, уйсиз, қаровчиси йўқ ёши улуғларга, кўзи ожизлар ва ногиронлар жамиятига жами 65 кишига нақд пул ёки пластик карта орқали берилди. Кўнгиллилар томонидан юзлаштирилган муҳтож инсонларга ҳам маблағлар берилди.
Вақф хайрия жамоат фондига сиз ҳам қуйидаги воситалар орқали пул ўтказишингиз мумкин.
1.Click, PayMe, MBank, UPay мобил тўлов иловалари орқали:
Click орқали *880*1100# ни териш ёки Click Uzbekistan иловаси ва @clickuz телеграм боти орқали;
Vaqf.uz веб-сайтидаги “онлайн эҳсон”-га кириб, ўз пластик картангиз уланган мобил тўлов иловалари орқали;
2.Жисмоний шахслар томонидан банк кассалари орқали нақд пул топшириш ва пластик карталаридан фонд махсус хисоб варақларига тўлаш орқали;
3.Барча тижорат банклари инфокиосклари орқали нақд пул ва пластик карталардан (“Вақф” фонди махсус хисоб варақлари интерфейсга киритилган) тўлаш орқали;
4.Юридик шахслар томонидан “Хайрия” ва “Вақф” махсус хисоб варақларига фонд лойиҳа ва мақсадларини қувватлаш ва “вақф қилиш” тўғрисидаги шартнома орқали;
5.Юридик шахслар томонидан “Закот”, “Хайрия” ва “Вақф” махсус хисоб варақларига ўз ходимларининг ойлик иш хақлари ва корхона таъсисчиларининг дивидендлари хисобидан тўлов қилиш орқали;
БАНК РЕКВИЗИТЛАРИ:
“Вақф” хайрия жамоат фонди, СТИР/ИНН 207276595
АТИБ “Ипотека-банк” Юнусобод филиали, МФО 00837,
Сўмда:
ҳ/р: 20212000000881753002 «Хайрия» учун;
ҳ/р: 20212000100881753003 «Закот, фитр, ушр, фидя» учун;
ҳ/р: 20212000300881753004 «Вақф» қилиш учун.
ҳ/р 20212000500881753005 “Масжид” (масжидлар учун)
АҚШ долларида:
acc. 20212840600881753002 in “IPOTEKA-BANK”, Unus abad branch,
branch code 00837, SWIFT UZHOUZ22, Addres: Uzbekistan, Tashkent city, Amir Temur 89
Жисмоний ва юридик шахслар ўзларининг пул маблағларини ёки моддий қимматликларини фондга беришлари, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш тарзидаги ихтиёрий хайр-эҳсон қилиш тўғрисидаги шартномага асосан амалга оширилиши мумкин.
Ажойиб лойиҳа: китоб харид қилганларга китоб совға қилинди
Бўка тумани ёшларига харид қилган ҳар бир китоб учун ташкилотчилар яна биттадан китоб совға қилди. Шунингдек, тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар вакилларидан бир гуруҳига ҳамда Бўка агросаноат касб-ҳунар коллежи кутубхонасига 50 дона китоб тақдим этилди.
Бу эзгу иш Тошкент вилоятининг Бўка туманида “Ўқилган китоб – бойлик” шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир доирасида амалга оширилди.
Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси вилоят ҳамда туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирда шоир-ёзувчилар, нашриёт ходимлари, ёшлар қатнашди.
Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши соҳада туб ислоҳотларни амалга оширишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, аҳоли, айниқса, ёшларнинг китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Тадбирда “Шарқ юлдузи“ журнали бош муҳаррири С.Раупов, “XXI аср“ газетаси бош муҳаррири Н.Жалилов, “Наврўз“ нашриёти директори И.Халилов ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Китобхонликнинг ҳаётимизда тутган ўрни хусусида фикр юритилди.
Тадбир якунида туманда ўтказилган иншолар танлови ғолиблари ҳам китоблар билан тақдирланди.
Аваз Худойқулов
Манба: ЎзА
Фаластин Давлати элчиси Шайх Абдулазиз Мансурга табрик йўллади
Фаластин Давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси доктор Муҳаммад Абдулла Таршахоний жаноблари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларини Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ва "Минор" жоме масжиди имом-хатиби этиб тайинланганлари муносабати билан табрик мактубини йўллади. Унда Шайх ҳазратларининг иш тажрибалари, кучли билимлари мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш, ватанимиз тинчлигини сақлаш ва ислом маърифатини кенг ёритиш учун етарли эканига ишонч билдирилган. Шунингдек, сиҳат-саломатлик ва янги вазифада муваффақиятлар тиланган.
Маълумот учун, Фаластин Давлатининг Тошкентдаги элчихонаси бир вақтнинг ўзида ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон Республикаси ва Марказий Осиёдаги дипломатик ваколатхонаси сифатида фаолият юритади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилинди
Жорий йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори имзоланди. Қуйида ушбу қарорнинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Ўзбекистонда оилани ривожлантиришга глобал даражада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор тараққиёт мақсадлари доирасида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қаралади.
Шу билан бирга, ушбу соҳада давлат сиёсатини муваффақиятли олиб боришни тўхтатиб турувчи бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга ва белгиланган мақсадларга эришишга тўсқинлик қилмоқда. Чунончи:
биринчидан, тегишли идора ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилишнинг таъсирчан тизими мавжуд эмас, оилани ривожлантириш масалалари бўйича давлат, фуқаролик жамияти институтлари ва хусусий сектор ҳамкорлиги паст даражада;
иккинчидан, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги илмий тадқиқотлар ихтисослиги тор, ҳозирги ҳаёт воқелигидан узилиб қолган, илмий тадқиқотлар натижалари амалиётга суст жорий этилмоқда;
учинчидан, оиланинг демографик ривожланишида ўзгаришлар юз бермоқда, оила ажралишлари сони ўсмоқда, мазкур соҳада салбий тенденциялар ва муаммолар сабабларини асословчи тадқиқотлар етишмаяпти;
тўртинчидан, оилада, таълим муассасаларида маданий-тарихий мерос салоҳиятидан суст фойдаланилмоқда, миллий менталитетимизга ёт бўлган ғоя ва қарашлар таъсирининг олдини олиш борасидаги ишлар самарасиз;
бешинчидан, оила институтини мустаҳкамлашнинг қонунчилик асослари мукаммал эмас, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва илғор хориж амалиётини ўрганиш асосида оилани ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асос мавжуд эмас;
олтинчидан, мутахассислар етишмайди ва кадрлар малакаси паст даражада, таълим тизимида мутахассисларга бўлган эҳтиёжни прогнозлаштириш механизми йўлга қўйилмаган, оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича ўқув дастурлари мукаммал эмас.
Оила институтини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, бу жараёнда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг яқин ҳамкорлигини ҳамда фаол ролини таъминлаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5325-сон Фармонига мувофиқ:
1. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига биноан оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш бўйича асосий йўналишлар этиб белгилансин:
оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш;
замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш;
демографик ривожланишни рағбатлантириш ва оила фаровонлиги даражасини ошириш;
оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш;
оилаларга таъсирчан методик, консультатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш.
3. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси (кейинги ўринларда Концепция деб юритилади) 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда “Йўл харитаси” деб юритилади) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирлар сифатли ҳамда тўлиқ бажарилиши учун шахсан жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази (кейинги ўринларда “Оила” маркази деб юритилади):
Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга ошириш жараёнининг самарали мувофиқлаштирилиши ҳамда тизимли мониторинги, уларнинг ижроси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда ахборот берилишини таъминласин;
Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишга бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни аниқ кўрсаткич ва натижаларни кўрсатган ҳолда мунтазам равишда тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилиши чораларини кўрсин;
зарур ҳолларда, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар, халқаро ташкилотлар вакилларини, хорижий экспертларни Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишда иштирок этишга, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича долзарб масалаларни муҳокама қилишга жалб қилсин.
5. “Оила” маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва кенг жамоатчиликнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги A/RES/47/237-сон резолюцияси билан эълон қилинган Халқаро оила кунини республиканинг барча ҳудудларида ҳар йили нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
“Оила” маркази республикада 2019 йилда ва кейинги йилларда Халқаро оила кунини нишонлаш тўғрисидаги Ҳукумат фармойиши лойиҳасини 2018 йил 1 сентябрга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мунтазам равишда спорт ва маданий тадбирларни ташкил қилсин ҳамда уларни Халқаро оила куни арафасида ўтказишга алоҳида эътибор қаратсин.
7. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад, вазифалари ва Концепциянинг амалга оширилишини ёритиб бориш бўйича мақолалар эълон қилинишини ва мавзуга оид кўрсатувлар эфирга узатилишини ташкил қилсин.
8. “Оила” маркази Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.К.Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д.Г.Тошмуҳамедова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Мўъжиза: ерни ҳимоялаб турувчи “улкан том”
Ҳар лаҳзада Ерга фазода сузиб юрган кўплаб метеоритлар, астероидлар ҳужум қилади. Улар Ернинг атмосфера қобиғини ёриб киришга уринади. Лекин бу қобиқ уларни қайтариб туради. Космик жисмлар ҳаво қобиғи билан ишқаланиши натижасида ёниб кетади ва Ерга етиб келолмайди. Шунинг учун биз уларни деярли сезмаймиз.
Ернинг қаво қобиғи ерга таҳдид қилувчи ҳар қандай жисмни ёндириб юборади. Шунингдек, Ер атмосфераси Қуёшдан келувчи “Қуёш шамоли” деб аталадиган ўта зарарли жисмлар, нурлар ва хатарли кучга эга бўлган ультрабинафша нурларининг Ерга етиб келишининг ҳам олдини олади. Мабодо мазкур нурлар Ерга етиб келадиган бўлса, барча жонли мавжудотларни куйдириб, ҳаётни издан чиқариши мумкин.
Олимлар яқин йиллар ичида Ернинг магнит майдони борлигини кашф этдилар. Бу майдон атмосферадан юқори жойлашган бўлиб, атрофдаги барча космик хатарлардан Ерни ҳимоя қилиб турувчи “улкан том” ҳисобланади. Бу магнит майдон Ернинг магнитосфераси деб аталиб, минглаб километрларга чўзилиб кетган ва ажойиб тарзда Қуёшнинг ҳалокатли нурларига қаршилик кўрсатади. Ушбу магнит майдон асосида ҳосил бўлган камар фанда “Ван Аллен камари” деб аталади.
“Ван Аллен радиация камари” – Зарядланган зарраларнинг Ернинг магнит майдонида тутилган камарларидир. Юқори нурланишнинг биринчи барқарор тасмаси 1500 километр баландликдан бошланади ва 5000 километр баландликкача узайиб боради. Иккинчи камар ҳам худди шундай. Юқори рентген нурлари 13000дан 19000 километргача баландликка жойлашган. Ернинг магнит майдонида пайдо бўлган Ван Аллен радиация камари Қуёшнинг ҳаракатига жавобан кенгаяди ва сиқилади. Бу радиация камари 1958 йил кашф этилган. Юқоридаги суратда Ернинг магнит майдонида ҳосил бўлган “Ван Аллен радиация камари”ни кўриб турибсиз.
Бундай ҳимоя қобиғи Қуёш тизимидаги сайёралар ичида фақат Меркурий ва Ерда бор бўлиб, Меркурийнинг магнит майдони Ерникидан 100 марта заифдир. Ернинг магнит майдони ва атмосфераси жуда кучли бўлиб, Ерни зарарли нурлардан ҳимоя қилиш билан бирга Ерда ҳаёт давом этиши учун зарур бўлган нурларни керакли миқдордагина ўтказар экан.
Бу Аллоҳ таолонинг бандаларига раҳматидир. Улар эса Унинг оятларидан, мўъжизаларидан юз ўгиряптилар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ерни ҳимоя қилиб турувчи атмосфера, магнит майдон ва улкан белбоғ ҳақида бундан ўн тўрт аср олдин айтиб қўйган. У Қуръонда шундай деган:
وَجَعَلْنَا السَّمَاء سَقْفاً مَّحْفُوظاً وَهُمْ عَنْ آيَاتِهَا مُعْرِضُونَ
“Осмонни сақланиб турувчи том қилиб қўйдик. Улар (мушриклар) эса, уларнинг аломатларидан юз ўгирувчилардир” (Анбиё сураси, 32-оят).
Субҳаналлоҳ!
“Космосдан ернинг кўринмас қалқони топилди”
мақоласи ва интернет маълумотларидан
Нозимжон ИМИНЖОНОВ
таржимаси