muslim.uz
Расулуллоҳни тушида кўрган ва ватанга қайтган олим
XIX аср охири ХХ аср биринчи ярмида Наманган шаҳридан етишиб чиққан улуғ уламолардан бири Саййид Собитхон тўра Абул Маонийдир. У киши ҳақида маълумотлар жуда кам. Чунки Собитхон тўра яшаган давр мустамлакачилик сиёсатининг ватанпарварлар ва зиёлиларга қарши кураши авж олган вақтга тўғри келади.
Собитхон тўра 1866 йил Наманганда таниқли олим Саййид Файзхон тўра хонадонида туғилди. У илмий муҳитда ўсиб улғайди, илк устози отаси бўлди. Сўнг Наманган мадрасасида ўқиб, шаҳарнинг кўзга кўринган олимлари, жумладан, Ҳазрат Иноятхон Лангарийдан сабоқ олди. Сўнг илмини янада чуқурлаштириш мақсадида Ҳўқанди латифга борди. Бу ерда бир неча йил туриб, “Мадрасаи Хон”да илм сирларидан воқиф бўлди, мадрасани муваффақиятли битириб, она шаҳрига қайтди.
Ёши улғайгач, ҳажга борди. Мадинада уч йил муқим яшаб қолди. Бир кеча тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўради. У зот олимга “ватанга қайтинг” ишорасини қиладилар. Шундан сўнг у ота юртига қайтиб, қолган бутун умрини Наманганда ўтказди. XIX асрнинг сўнгги йилларида Намангандан етишиб чиққан олимларнинг кўпи ундан сабоқ олишган.
Собитхон тўра очиқ чеҳрали, ширинсўз ва тақволи инсон бўлган. У илм бобида улкан муваффақиятга эришган эди. У мадрасадан қайтиб келиши билан китоб варақлар, ёзаётган асарларига қимматли маълумотлар тўплар эди. “Тафсири Жалолайн”ни кўп ўқир эди.
Собитхон тўра тасаввуф, тафсир, ҳадис, тил ва адабиёт, тарих, жуғрофия, мантиқ ва бошқа илмлардан яхши хабардор эди. Ўзи ҳам араб, форс ва ўзбек тилларида ижод қилди.
Олимнинг “Башорат ан нажот фи ишорат ас-салот” китобида диний амаллар, ибодатларга оид турли фиқҳий масалалар жамланган. Ушбу асарнинг 52 бетдан иборат қўлёзма нусхаси ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Ушбу даргоҳда унинг қаламига мансуб “Тажҳиз ал амвот” асари қўлёзмаси ва бу китобнинг 1907 йили Бухорода нашр этилган тошбосма нусхаси ҳам бор. Ушбу асарда ўлим ва дафн маросими билан боғлиқ масалалар батафсил ёритилган. У хурофий тушунчалар авжига чиққан бир даврда ёзилгани боис катта аҳамият касб этган ва одамларни ҳидоят йўлига бошловчи муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилган. Бундан ташқари, олим фиқҳ илмига оид яна бир нечта асарлар ёзган.
Собитхон тўра тафсир ва ҳадис илмлари тарғиботчиси сифатида ҳам танилган. Ўша даврда Туркистон аҳолисида ушбу илмларга эътибор сусайиб кетгани учун ҳам шу йўналишга алоҳида эътибор берган.
Саййид Собитхон тўра турмуши ҳашамсиз яшаган, дунё лаззатларига парвосиз эканидан мол-дунё орттирмаган. Тушган совға-саломларни камбағалларга, илм толибларига эҳсон қилиб юборган.
Саййид Собитхон тўра юртимизни жуда ҳам севар, шу боис чоризм мустамлакасига айланиб қолган муқаддас Ватанини озод ва ҳур кўришни орзу қилар эди. Талабаларига Ватан озодлиги учун ҳаракат қилиш, керак бўлса, бу йўлда жон бериш кераклигини таъкидлар эди. Болшевиклар инқилоби бошлангач, Собитхон тўра шогирдларини Ватан мустақиллиги йўлида бирлашишга руҳлантирар эди. Собитхон тўранинг халқ ўртасидаги нуфузини яхши билган болшевиклар уни зимдан кузатиб, назорат қилиб туради.
Собитхон тўра Абул Маоний 1927 йили 63 ёшда оламдан ўтди, Наманган шаҳридаги “Мангулик” қабристонига дафн этилди. Аллоҳ таоло ул зотни раҳматига олсин.
Исломхон УБАЙДУЛЛАЕВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Зулматга элтувчи йўл
Ислом – инсонни дини, жони, аҳли, насли ва саломатлигини сақлашга қаратилган. Инсоннинг ҳаётига таҳдид солиб турган иллатлардан бири – бу гиёҳвандлик. Аъроф сурасининг 157-оятида: “У (пайғамбар) уларни (инсонларни) яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…” дейилади.
Маълумки, Ислом таълимоти инсон ҳаётига фойда келтирмайдиган, унинг ақл-ҳушини карахт қиладиган ҳар қандай моддани зарарли деб билади ва истеъмол қилишдан қайтаради. “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Ушбу ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади. Гиёҳвандлик дунё афкор оммасини ташвишга солиб келаётган долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Мазкур иллатга қарши нафақат маълум бир минтақа ёки ҳудуд, балки дунё бўйича кенг қамровли кураш олиб борилаётир. Таъкидлаш керакки, наркотик моддалар нафақат инсоннинг соғлиғига, балки руҳиятига ва ўзлигига путур етказиб, охир-оқибат уни ажал комига улоқтириб юборади. Чунончи, гиёҳвандлик ўта оғир касалликлар ва жиноятлар содир этилишининг авж олишига сабаб бўлади.
Шунингдек, гиёҳванд моддалар оила ва жамият иқтисодига катта зарар келтиради. Чунки гиёҳванд моддалар жуда қиммат туради, катта маблағлар эвазига сотиб олинади. Бу эса, ўз-ўзидан молни исроф қилишга олиб келади. Шариатимиз исрофни ҳаром қилган, биз исрофдан қочишга буюрилганмиз. Ҳатто манфаатли иш учун ҳам исрофга рухсат йўқ. Гиёҳвандликка мубтало одам эса ўзининг, яқинларининг ҳаётини заҳарлаш, динига, жонига, ақлига, наслига зарар етказиш учун мол сарфламоқда. Улар келтирган офатлар оилалар бузилишига, ҳали туғилмаган гўдакларнинг келажакда мажруҳ, ногирон бўлиб қолишига, ёшларнинг умрининг хазон бўлишига сабаб бўлади. Энг ачинарлиси, баъзи нафсини жиловлай олмаган кимсалар эътиқоди заиф, иродаси бўш, гиёҳвандликка мойиллиги бор ёшларни турли қинғир йўллар билан тузоғига илинтирмоқда. Шу боис, бундай иллатга қарши курашиш учун ҳозирда аҳоли орасида, оила, мактаб, маҳалла, мутассадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик ҳамкорлигида мунтазам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда ёшларни соғлом ва баркамол қилиб тарбиялаш нафақат оилани, балки мамлакат, қолаверса, жамиятнинг ҳам олдида турган муқаддас вазифадир. Гиёҳвандликнинг мудҳиш асоратини ўсиб келаётган навқирон авлод онгига етказиш, уларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, бўш вақтларини мазмунли ва фойдали ўтказишга бош-қош йўлида барчамиз бирдек масъулмиз. Зеро, огоҳлик ва ҳушёрлик муаммонинг бартараф этилишида муҳим аҳамият касб этади. Бу иллатга қарши курашиш Ватанимизнинг ҳар бир онгли фуқаросининг муҳим вазифаси ҳисобланади. Зеро, жамият ҳаётида зарарли иллатларни йўқ қилиш ва унинг олдини олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир.
А.БОБОЕВ,
Хоразм вилояти Шовот тумани
“Ваянган бобо” жоме масжиди имом-хатиби
Сайёҳлар учун электрон визалар жорий этилади
Сайёҳлик соҳасини ривожлантириш, хорижлик сайёҳларни мамлакатимизга жалб қилиш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати Ўзбекистонга келиш истагида бўлган хорижлик сайёҳатчиларга қулайлик яратиш мақсадида электрон кириш визаларини (E-Visa) бериш тизимини жорий қилиш масаласини кўриб чиқмоқда, деб хабар беради kun.uz.
Электрон виза кириш визасини олиш учун элчихонада навбатда туришдан халос қилувчи янги тизимдир. Ушбу турдаги визани онлайн шаклда олиш мумкин.
Виза олиш учун талаб этиладиган барча ҳужжатлар ва анкеталар интернет тармоғи орқали топширилади. Бунда консул билан суҳбат ёки бошқа жараёнлар амалга оширилмайди.
Визани олиш тартиби:
- тегишли ҳужжатлар элчихонага топширилади;
- улар мамлакат миграция хизмати орқали текширилади;
- виза бериш бўйича ижобий ёки салбий қарор берилади.
Электрон виза бериш тизими дунёнинг қатор давлатларида жорий қилинган. Электрон тизимни жорий этишда Озарбайжон ва Грузия тажрибаси ўрганилаётгани ва Ўзбекистонда ушбу мамлакатлар тажрибасидан фойдаланиш кўзда тутилган.
Маълумот учун, электрон виза тизимини жорий қилиш мамлакат виза тартибининг соддалаштирилишини талаб қилади. Электрон визалар фуқароларга улар томондан визани олиш жараёнида берилган аризага мувофиқ мамлакат аэропортларида берилади.
Ўзбекистонлик архитекторлар лойиҳаси асосида Чеченистонда масжид қурилмоқда
Чеченистон Республикасининг Шали шаҳрида ўзбекистонлик архитекторлар лойиҳаси асосида 20 минг кишилик масжид барпо этилмоқда. Бу ҳақда kun.uz хабар бермоқда.
Ушбу масжидга маҳаллий аҳоли ташаббуси билан Республика раҳбари Рамзан Қодировнинг номи берилиши режалаштирилган. Янги масжид қурилиши 2012 йил март ойида бошланган бўлиб, 2018 йилда очилиши кўзда тутилган. Масжид лойиҳасини яратиш устида ўзбекистонлик архитекторлар иш олиб боришган.
Масжид баланд бинолар мажмуаси “Шали-Сити” яқинида жойлашган. Масжиднинг 4 томонида баландлиги 63 метр келадиган 4 та минора жойлашган, масжид гумбази баландлиги 43 метрни ташкил қилади. Масжид ҳудуди 12 та фаввора билан безалади. Масжид услуби ва безалиши бўйича дунёда аналогларга эга бўлмайди. Унинг ташқи ва ички қисми грек оқ мармар тоши билан қопланади. Масжиднинг бутун ҳудуди 6,5 гектарни ташкил қилади.
Тобеинлар тафсирининг қиймати (1-мақола)
Бирор масаланинг ечимини топиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ёки саҳобалардан ривоят қилинган далил топилмаса, тобеинларнинг тафсирларига мурожат қилиб, уларнинг сўзларини қабул қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида ислом уламоларининг қарашлари турлича. Жумладан:
Имом Аҳмаддан икки хил фикр келтирилган. Бирида қабул қилиш, яна бирида қабул қилмасликни айтган.
Ибн Уқайл, тобеин сўзини қабул қилмаслик таклифини берган.
Шуъба ибн Ал-Ҳажжожнинг айтишича: “Тобеинларнинг сўзлари қабул қилинмайди, деганлар қуйидагича сабаб кўрсатадилар: “Тобеинлар бевосита Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитмаганлар. Шунинг учун уларнинг тафсирини саҳобалар тафсири даражасига кўтариб бўлмайди. Бунинг устига тобеинлар Қуръоннинг нозил бўлиш ҳолатига, нузул вақтидаги аломатларга шоҳид бўлмаганлар. Шундай экан, улар муродни тушунишда хато қилган бўлишлари, далил бўлмайдиган нарса ва ҳолатни далил деб англашлари мумкин. Бунинг устига тобеинларнинг адолати саҳобаларнинг адолати билан тенг деб бўлмайди”.
Бу ҳақда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ бундай деган:
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган хабарларни бош ва кўзимиз устига қабул қиламиз. Саҳобалардан келган хабарларни қабул қилишда ихтиёрлимиз; хоҳласак қабул қиламиз, хоҳламасак йўқ. Аммо тобеинлардан келган хабарга келсак, улар ҳам, биз ҳам уламолармиз”.
Баъзи муфассир уламолар аксинча фикр билдирганлар:
“Тобеинларнинг сўзлари тафсирдан олинади, чунки улар аксар тафсирларини саҳобалардан олганлар. Масалан, Мужоҳид бундай дейди: “Мен Мусҳафни “Фотиҳа” сурасидан охиригача Ибн Аббос ҳузурида уч марта ўтказдим. Ҳар бир оятдан сўнг тўхтаб, унинг маъносини сўрар эдим”.
Қатода ҳам: “Қуръонда бирор оятни қолдирмасдан маъносини эшитдим”, деган. Шунинг учун баъзи муфассирлар ўз тафсирларида тобеинлар ривоятларидан ҳам фойдаланганлар.
Шуъба ибн Ал-Ҳажжож шундай дейди:
“Тобеинларнинг сўзлари ҳужжат бўлолмайди. Ҳақиқатда ҳам, бир тобеиннинг сўзи унга мухолиф бўлган тобеинга ҳужжат бўлолмайди, мухолифининг сўзини ҳеч ким қабул қилмайди. Шундай экан, тобеинлар бир сўзда иттифоқ бўлсалар, бошқа ҳужжат қидириб юрмасдан ўша сўз олинади. Агар тобеинлар ихтилофда бўлсалар, уларнинг сўзлари тарк қилинади ва Қуръоннинг, суннатнинг ёки умуман арабнинг луғатига, саҳобийларнинг қавлига қайтилади”.
Демак, тобеинларнинг сўзини тафсирда ҳужжат сифатида олиш жоиз эмас. Хусусан, аҳли китоблардан ривоят қилинган бўлса, ундай сўзлар тарк қилинади.
Аммо уларнинг сўзлари раъй билан ҳам эмас, аҳли китоблардан ривоят қилинган ҳам эмас, балки саҳобийлардан ривоят қилинган бўлса уни олиш мумкин. Тобеинлар иттифоқ қилган бўлсалар, уни олиш вожибдир.
Тобеинларнинг тафсири бир неча аломатлар билан ажралиб туради:
1.Тобеинлар тафсирига яҳудийлар ва насронийлардан қилинган жуда кўп ривоятлар кириб қолган. Бунинг сабаби аҳли китобларнинг кўпчилиги ислом динига кирганлигидир. Уларнинг зеҳнига шариат аҳкомларига алоқаси бўлмаган турли хабарлар, масалан, яралишнинг бошланиши, вужуднинг сирлари, коинотнинг яратилиши ва бошқа кўплаб қиссалар ўрнашиб қолган. Бу хабарларни Қуръони карим муфассал эмас, ижмолан баёнини ёки ишорасини қилиб ўтган. Қуръондаги бундай хабарлар, айниқса, яҳудийлар ва насронийлар ҳақидаги маълумотларни инсон нафси батафсилроқ билишга, тушунишга қизиқади. Шунинг учун тобеинлар аҳли китоблардан эшитган бундай “исроилиётлар”ни таҳрир ва танқид қилмасдан ўқувчига қизиқарли бўлсин, деб ўз тафсирларига қўшиб юборганлар. Исроийлиётларнинг аксари аҳли китоблардан мусулмон бўлган Абдуллоҳ ибн Салом, Каъбул-Аҳбор, Ваҳб ибн Мунаббаҳ ва Абдулмалик ибн Абдулазиз ибн Журайждан ривоят қилинган.
2.Бу даврдаги тафсир тобеинларнинг саҳобалар билан учрашиб, улардан эшитиб, қилган ривоятлари асосида юзага келган. Бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида саҳобалар билиттифоқ ривоят қилганидек умумий маънода эмас, балки ҳар бир тобеин ўз устози-имомидан эшитганини хоссатан ривоят қилган. Масалан, маккаликлар Ибн Аббосдан, мадиналиклар Убай ибн Каъбдан, ироқликлар эса Ибн Масъуддан ривоят қилиб, ўз ривоятларини бошқаларнинг ривоятидан устун қўйганлар.
- Бу даврда ихтилофли мазҳабларнинг намояндалари тафсирлардан асосан ўз мазҳабларининг бошқалардан афзал эканини, ўз фикрларининг бошқалар фикридан устун эканини исботлашда фойдалана бошладилар. Натижада, тафсирлар мусулмонларга Қуръон маъноларини тушунтириб берувчи илмий манба бўлишдан кўра, аксар ҳолларда аҳли илмларнинг мунозара майдонига айланиб қолди. Масалан, тобеин муфассирлардан Қатода ибн Диъома ўз тафсирида Аллоҳнинг қазо ва қадарини тушунтиришга қаттиқ ружуъ қилгани учун уни “қадарий” деб гумон қилишган. Натижада, унинг тафсири эътимоддан ва эътибордан қолган.
Ал-Ҳасан ал-Басрий ҳам ўз тафсирида қадарни исботлашга уриниб, унга унамаган кишини кофирга нисбат берган. Бунинг натижасида Ал-Ҳасаннинг тафсиридан қилинган ривоят ҳам баьзи олимлар наздида қимматга эмас, деб саналади.
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Чор Бакр жоме масжиди-имом хатиби