muslim.uz

muslim.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Франция, Британия ва АҚШ олимлари ҳамкорликда ўтказган тажрибалари натижасида мутахассислар юзнинг ифодаси орқали инсоннинг ҳаёти ҳақида маълумот олиш мумкин деган хулосага келдилар.

Ростгўй одамнинг юзига, юз ифодаларига қараб унинг ростгўйлигини билиш мумкин. Шунингдек, ўғри, жиноятчи ва ҳоказоларни ҳам юз орқали аниқлаш имкони бор.

Фоҳишалар, порахўрар, судхўрлар, маст қилувчи ичимлик ичувчилар, кашандалар ва гиёҳвандларга нигоҳи тушган одам уларнинг юзларида қилиб юрган гуноҳларининг асари борлигини дарҳол илғайди.

Бугунги кунда айбланувчиларни тергов қилиш жараёнида уларнинг юзлари, кўз қарашлари, ўзларини тутишлари орқали жиноятлар аниқланмоқда.

Инсоннинг ҳаётида содир бўладиган ҳодисалар унинг юзида из қолдиради. Бу из нималарни англатишини кўп изланиш ва тадқиқот орқали билса бўлади. Мисол учун Аллоҳга иймон келтирган мўмин билан иймон келтирмаган кимсанинг орасидаги кўп фарқларни уларнинг юзлари орқали ҳам аниқлаш мумкин.

Қуръони Карим юз ифодасининг инсон шахсиятига алоқаси борлигига ишора қилган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бундан ўн тўрт аср олдин инсоннинг иш фаолиятига қараб юз ифодалари ўзгариши ҳақида хабар берган.

Олийжаноблик, тортиниш, уятчанлик, иффат ва қаноатга одатланган инсоннинг юзида ушбу фазилатлар зоҳир бўлиб туради. Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилган:

لِلْفُقَرَاء الَّذِينَ أُحصِرُواْ فِي سَبِيلِ اللّهِ لاَ يَسْتَطِيعُونَ ضَرْباً فِي الأَرْضِ يَحْسَبُهُمُ الْجَاهِلُ أَغْنِيَاء مِنَ التَّعَفُّفِ تَعْرِفُهُم بِسِيمَاهُمْ لاَ يَسْأَلُونَ النَّاسَ إِلْحَافاً وَمَا تُنفِقُواْ مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللّهَ بِهِ عَلِيمٌ

“(Садақа ва хайру-эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида касб қилишга қодир бўлмаган, иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нафақа қилган яхшиликларингизни, албатта, Аллоҳ билгувчидир”. (Бақара сураси, 273-оят).

Бунинг муқобилида эса одамлардан турли нарсаларни хиралик билан сўраб, ўз ҳолларидан шикоят қилиб юрадиган кишиларнинг бу ноқулай қилмишлари ҳам уларнинг юзларида намоён бўлади.

Кўп сажда қиладиган, кўп намоз ўқийдиган кишининг ушбу амалининг таъсири ҳам унинг юзида акс этади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِم مِّنْ أَثَرِ السُّجُودِ

“Уларнинг сиймоси сажда асаридан юзларида (балқийдир)” (Фатҳ сураси, 29-оят).

Бунинг муқобилида Аллоҳ таолога сажда қилмайдиган кимсаларнинг қилмишлари таъсири уларнинг юзида кўринади.  

Қиёмат кунида ҳам инсонларнинг юзларида бу дунёда қилган амалларига мос ифодалар яққол кўриниб туради. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

   يُعْرَفُ الْمُجْرِمُونَ بِسِيمَاهُمْ فَيُؤْخَذُ بِالنَّوَاصِي وَالْأَقْدَامِ

“Жиноятчилар сиймоларидан билиниб турур. Ва уларнинг пешона сочлари ва оёқларидан тутилур” (Раҳмон сураси, 41-оят).

Ҳа, азизлар! Қуръон – Аллоҳнинг Китобидир! У ўзида қиёматга қадар юзага чиқадиган барча илмий ҳақиқатларни жамлагандир. Қуръонда юз ифодалари билан боғлиқ оятларнинг борлиги, бу оятларда кишининг қилган ишларини юзи орқали билиб олиш мумкинлигига 1400 йил олдин ишора қилиниши Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи эканига далолат қилади!

 

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

mardi, 19 mars 2019 00:00

Фақирнинг эҳсони

Бир фақир киши бор эди. Фарзандлари кўп, топадиган пули рўзғорига етиб-етмасди. Бахти кулиб, катта бир ер унга мерос сифатида тегиб қолди. Ернинг баҳоси жуда қиммат, миллионларга баҳоланар эди. Қолаверса, ушбу ер масжид учун ўта муносиб эди.

Масжид қуришга ер излаб юрган бойлардан  бири бу ернинг дарагини эшитиб, излаб-излаб фақирнинг уйига келди ва ерни сотиб олмоқчилигини айтди. Фақир киши ер учун 5 миллион фунт (лира) сўради. Тортишув ва ўзаро рози-ризоликдан кейин 4 миллион фунтга келишишди.

Кейин бойга ҳамроҳ бўлиб келган муҳандис қўлидаги дафтарини очиб, унга 2 миллион бериш ҳақида ёзиб қўйди. Буни кўрган фақир:

“Қолганини қачон берасизлар?” деди.

“Қолганини воз кечганингиздан кейин берамиз” деди муҳандис.

“Воз кечиш нима дегани?” деб сўради фақир. Муҳандис:

“Ушбу ерингиз куни келиб масжидга айланади. Яъни бу ерга масжид қурилади. Биз билан Вақф ишлари вазирлигига борасиз ва у ердаги махсус ҳужжатга бу ерни бизга сотганингиз ва унга эгалик ҳуқуқидан воз кечганингиз ҳақида ёзиб берасиз. Шунда биз пулнинг қолганини берамиз” деб тушунтирди.

Фақир киши ҳайрон бўлиб, “Бу ерга масжид қуриладими?” деб сўради. Муҳандис “Ҳа, масжид қурилади” деб жавоб берди. Бу гапни эшитган фақир:

“Мен келажакда масжид қуриладиган еримни пулга сотгани Аллоҳ таолодан ҳаё қиламан. Бу ерни Аллоҳ учун эҳсон қилгани сиздан кўра мен муносиброқман” деди.

Агар Дамашққа борсангиз, унинг жанубий томонида энг баланд мезанали масжид бор. Бу – воқеамиз қаҳрамони бўлган фақир кишининг эҳсон қилган ерига қурилган масжиддир.

Бу воқеадан сўнг ерни сотиб олмоқчи бўлган ҳалиги бой шундай деган:

“Бир тийини йўқ мана шу инсоннинг олдида ўзимни кичик, арзимас санаганимчалик бошқа бирор кишининг олдида ўзимни кичик, арзимас деб ҳисобламаганман”.

 

Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизаларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

2019 йилнинг 9 апрель куни Қувайтда халқаро Қуръон мусобақаси бошланади. Бу ҳақда Ал-Ватан ахборот агентлиги хабар берди.

Қувайт Дин ишлари ва вақф вазири Фаҳд Ал-Шўъланинг таъкидлашича, Қуръони карим тиловатига араб ва ажам умматини ошно қилиш, қориларнинг қироат савиясини ошириш, халқаро миқёсдаги энг яхши қориларни аниқлаш, Қуръони каримни ёдлаш бўйича ҳаққоний рақобатни ташкил этиш, умуман умматни Қуръони каримга ташвиқ қилиш ушбу тадбирнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Ислом.уз нашрининг ёзишича жорий йилдаги мусобақада ёш ҳофизлар учун алоҳида жой ажратилган. Мусобақага жуда ўнлаб давлатлардан ҳофизи Қуръонлар таклиф этилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top