muslim.uz

muslim.uz

Мутахассисларнинг айтишларича, инсоннинг бошида тахминан уч юз минг дона соч толаси бор экан. Ҳар бир тола остида вена, артерия қон томирлари, асаб толаси ва мускул жойлашган. Шунингдек, ҳар бир соч толасанинг остида ёғ ва ранг безлари мавжуд.

Инсон танасининг деярли 95 фоизи тук билан қопланган. Фақат кафт ва оёқ остидагина тук бўлмайди.

Агар инсон умри давомида сочини кестирмаса, у 725 км узунликка етган бўларди.

Шифокорлар қизил сочли одамларнинг оғриқни кўпроқ ҳис қилишларини пайқашган.

Дунёда энг кўп тарқалган тури – қора рангли соч экан.

Дунёда энг кам тарқалган тури эса қизил рангли соч бўлиб, дунё аҳолисининг 4 фоизи табиий қизил сочга эга эканлар.

Об-ҳаво иссиқ бўлган пайтларда сочнинг ўсиши тезлашар экан.

Соч бир ойда ўртача 1 сантиметр ўсар экан.

Аллоҳнинг ҳикматини қарангки, соч толаларида сезги асаб толалари мавжуд эмас. Агар уларда ҳам сезги асаб толалари бўлганда, дўстларингиздан бири “Мен сочларимни олдириш учун шифохонага кетяпман” дерди. Чунки у сочидаги оғриқни йўқотиш учун шундай қилишга мажбур бўларди. Соч ва тирноқларда сезги асаб толасининг йўқлигида яна кўплаб улкан ҳикматлар бордир.

 

 

Доктор Муҳаммад Ротиб Набулсийнинг мавъизалари

ва интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

Чеченистон Республикасида яқин кунларда аёллар учун алоҳида такси хизмати йўлга қўйилади. Зайед Фонди кредит уюшмаси йиғилишида тасдиқланган ушбу лойиҳа асосида такси хизмати йўлга қўйилади. Бу ҳақда islamisemya нашри хабар берди.

Ушбу такси хизмати фақатгина аёлларни ҳайдовчи сифатида ишга қабул қилиб, фақатгина аёлларга хизмат кўрсатишни мақсад қилган. Ушбу такси компанияси "Мехкари" номи билан аталиши айтилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

Аллоҳга итоат этиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатсизлик қилинмайди. Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этиш лозим.

Аллоҳ таоло бундай буюради: “Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этингиз!” (Анфол сураси, 1-оят); “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз!” (Муҳаммад сураси, 33-оят).

Аллоҳ таолога итоат Қуръони карим кўрсатмаларига амал қилиш билан, Набий алайҳиссаломга итоат эса у зот алайҳиссаломнинг суннатларига эргашиш билан бўлади.

Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат этганлар улкан зафарларга эришади: “Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб сураси, 71-оят).

Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатгўй бандалар жаннатга мушарраф бўлишади: “Кимки Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат этса, (У) уни остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритур” (Фатҳ сураси, 17-оят).

Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этмаганлар қиёмат куни азобланадилар: «Юзлари оловда айлантириладиган кунда, улар: “Кошки эди, Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда”, дерлар» (Аҳзоб сураси, 66-оят). 

Намозни ўз вақтида адо этиш, моли нисобга етганда закот бериш лозим. Намозни ўқиб, закотга қодир бўла туриб бермаслик, катта гуноҳдир.

Аллоҳ таоло намозни адо этишга ва закот беришга буюради: “...намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз...” (Ҳаж сураси, 78-оят); (Эй мўминлар!) Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз” (Нур сураси, 56-оят). 

Намозни адо этувчилар ва закотни берувчилар учун Аллоҳ таолонинг улуғ мукофотлари бордир: “Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 277-оят); «...намозни барпо қилувчилар, закотни адо этувчилар, Аллоҳга ва “Охирги кун” (қиёмат)га имон келтирувчилар ҳам борки, айнан уларга, албатта, улкан мукофот ато этурмиз» (Нисо сураси, 162-оят). 

Мол-дунёсини тўплаб, Аллоҳ йўлида сарфламайдиганлар учун аламли азоб бордир: «Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида “хушхабар” беринг! (Мазкур олтин-кумушлар) жаҳаннам ўтида қизитилиб, улар билан пешоналари, ёнлари, орқалари куйдирилган куни: “Бу ўзларингиз учун сақлаган хазинангиздир. Сақлаган хазинангиз (мазасини) тотингиз!” (дейилади)» (Тавба сураси, 34-35 – оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга Аллоҳ молу дунё берса-ю, у закотини адо қилмаган бўлса, қиёмат куни у унга кўзойнакли илон бўлиб кўринади. Унинг икки тиши чиқиб туради. У қиёмат куни бўйнидан бўғиб олади. Сўнг икки жағ суягидан тишлаб туриб: “Мен сенинг молингман! Мен сенинг тўплаган хазинангман!” дейди”, дедилар ва: “Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади”, оятини тиловат қилдилар» (Оли Имрон сураси, 180-оят). 

Аллоҳга итоат этиш ва ота-онага яхшилик қилиш лозим. Аллоҳга ибодат қилиб, ота-онани ҳурмат этмаслик, уларга яхшилик қилмаслик улкан гуноҳ.

Аллоҳ таоло бундай буюради: Роббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23-оят); “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик” (Луқмон сураси, 14-оят); “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” (Аҳқоф сураси, 15-оят). 

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг розилигини топадиган амалларда собит қадам қилсин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

*****

Мен битта душмандан қўрқаман. Бу – умидсизлик.

Нажиб Маҳфуз

*****

Инсон “ҳис қилиш”дан бошқа ҳамма нарсани ўргана олади.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

Ҳар бир йўқотган нарсанг бой бериш, қўлдан чиқариш, зиёнга учраш ҳисобланавермайди. Қадрингни билмайдиган кимсадан узоқлашишинг янги ҳаёт бошлаш демакдир.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

Табассум билан нон сотиб олиб бўлмайди, лекин руҳларни сотиб олса бўлади. Динимизда табассумни ибодат қилиб қўйган Зот Покдир.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

Хато қилсанг, ўша хатойинг беркилишини истайсан. Бошқалар ҳам хато қилсалар, хатолари беркилишини хоҳлайдилар. Сен уларнинг айбларини фош этиб, шарманда қилма.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

Сохта дўст об-ҳаво ёмонлашганда кўчиб кетадиган қушга ўхшайди.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

Дўстлар кўп экани билан эмас, чин экани билан эътиборлидир.

Жуброн Халил Жуброн

*****

Заифликнинг чўққиси – одамларни қойил қолдиргани учун оёғингни қисадиган туфлини кийишингдир.

“Кун ҳикмати”

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Top