muslim.uz

muslim.uz

Магнитогорск шаҳрида йўналиш такси ҳайдовчи Ҳаким Усмоналиев жума куни инсонларни бепул олиб бориб қўйиш билан шуғулланади. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда Алия Сафиуллина хабар берган.

Ушбу аёлнинг ёзишича, "Эрталаб 39-маршруткада ишга чиқдим. Ҳайдовчи бугун, Эзгулик куни сабабли йўл ҳақи бепул эканини айтди".

Маълум бўлишича, ушбу ҳайдовчи ўзининг дам олиш куни, муқаддас Жума кунида Аллоҳ ризолигига эришиш мақсадида инсонларнинг узоғини яқин қилишни ҳамда бунинг учун ҳақ олмасликни ният қилган.

Маршрут такси салонида "Азиз йўловчилар! Бугун йўл ҳаққи олинмайди!" деган ёзув осилгани айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Европа Иттифоқининг статистика хизмати берган хабарга кўра, 2018 йилда Европа Иттифоқига аъзо 28 мамлакатда ҳар минг кишига ўртаса 4,3 та никоҳ тулиши ҳолати қайд этилган.

Энг кўп никоҳ тузилиши ҳолати Литвада қайд этилган бўлиб, ҳар минг кишига 7,5 тани ташкил этгани қайд этилган. Руминияда 7,3 та, Кипр ва Латвияда 6,8 та никоҳ қайд этилган.

Германияда 5 та, Буюк Британияда 4,4 та, НИдерландияда эса 3,8 та никоҳ қайд этилган.

Туркияда эса ҳар минг кишига 7,1 та никоҳ тузилиши ҳолати қайд этилгани айтиб ўтилмоқда. Бу кўрсатгич эса 25 та Европа Иттифоқи давлатлариникига қараганда кўпроқ экани айтилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Товус ибн Кайсон раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Одам боласи гапирадиган барча сўз ҳисобга олинади. Ҳатто беморлигида инграгани ҳам”.

*****

Сиррий Сақатий раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Агар молингдан камайиб бораётганига ғам қилаётган бўлсанг, умрингдан камайиб бораётганига йиғла!”

*****

Рабийъ ибн Хайсам раҳимаҳуллоҳнинг отлари ўғирланди. Ушбу отни у кишига йигирма минг (динор ёки дирҳам)га берилган эди. Одамлар у зотга “Ўғрини дуойибад қилинг” дейишди. Шунда у киши: “Эй Аллоҳ, агар ўша киши бой бўлса, уни мағфират қилгин! Агар ўша киши фақир бўлса, бой қилгин!” деб дуо қилдилар.

*****

Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Жасаднинг касаллиги оғриқлардадир. Қалбларнинг касаллиги гуноҳлардадир. Жасад касал бўлган пайтда таомнинг лаззатини ҳис қилмаганидек, қалб гуноҳлар сабабли ибодат ҳаловатини топмайди”.

*****

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Ижобатининг йўлларини гуноҳлар билан тўсиб қўйиб, дуо қилганингда, секин ижобат бўляпти дема!”

*****

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Биродаринг – сенга айбларни танитган кишидир.

Дўстинг – сени гуноҳлардан огоҳлантирган кишидир”.

*****

Рабийъ ибн Хайсам раҳимаҳуллоҳ суҳбатдошларига: “Касаллик, дори ва шифо нималигини биласизларми?” дедилар. Улар: “Йўқ” дейишди. Шунда Рабийъ раҳимаҳуллоҳ: “Касаллик – гуноҳлардир. Дори – истиғфордир. Шифо – тавба қилиб, гуноҳга қайтмаслигингдир” дедилар.

*****

Муҳаммад ибн Восеъ раҳимаҳуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида: “Ҳой биродарларим! Мени қаерга олиб борилишини биласизларми? Яккаю Ягона Аллоҳга қасамки, мени ё дўзахга олиб борилади ёки Аллоҳ мени афв қилади” дедилар.

*****

Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Солиҳларнинг суҳбати сабабли ҳаёт ёқимли, тотли бўлади. Яхшилик солиҳ дўстда жамлангандир. Агар унутсанг, эслатади. Агар эсласанг, кўмаклашади”.

*****

Саъид ибн Мусаййиб раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Агар шайтон бирор нарсадан ноумид бўлса (яъни кимнидир йўлдан уролмаса, васваса қилолмаса), унга аёллар тарафидан келади”.

*****

Яҳё ибн Муоз раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Аллоҳ бир қавмдан рози бўлди, натижада, уларнинг ёмонликларини мағфират қилди. Аллоҳ бир қавмга ғазаб қилди, натижада, улардан яхшиликларни қабул қилмади”.

*****

Ҳотамул Асом раҳимаҳуллоҳ дедилар:

“Нафсингга қуйидаги уч ўринда қараб, кузатиб тур:

  1. Агар (бирор) амал қилсанг, Аллоҳ сенга назар солиб турганини эсла!
  2. Агар (бирор гап) гапирсанг, Аллоҳ сени эшитиб турганини эсла!
  3. Агар сукут қилсанг, Аллоҳ сенинг ичингдагини билиб турганини эсла!”

*****

 

“Сифатус софва” ва “Ҳилятул авлиё” асарларидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

lundi, 18 février 2019 00:00

Қаҳрамон қизча

Қадимда ўғриларнинг қўллари кесилганини эшитганмиз. Шундай ўғрилардан бири ушланиб, жазога ҳукм қилинганда бир қизча подшо ҳузурига келиб тиз чўкиб, йиғлаганича ўтиниб сўрабди: 

– Отамни жиноятлари учун қўлларини кесишга буюргансиз. Биламан, ҳукмингиз адолатли. Лекин отамнинг мендан кичик яна тўрт фарзандлари бор. Онамиз касалвандлар, бизларни боқа олмайдилар. Агар отамизнинг қўлларини кестирсангиз, ҳаммамиз очдан ўламиз. Бизларга раҳм қилинг, отамизнинг қўлларини кестирманг. Агар қўл кесмасликнинг бошқа иложи бўлмаса, у ҳолда отамнинг қўллари ўрнига менинг қўлимни кеса қолинг. 

Подшо бу гапни эшитиб, кичкинагина қизнинг ота-онасига муҳаббати бу қадар улуғлигидан ҳайратда қолди. Қизни синамоқ мақсадида унга: 

– Майли, отанг қўли ўрнига сенинг қўлингни кестираман. Қўлингни бугун эмас, эртага кесишади. Эртагача яхшилаб ўйлагин, кейин яна пушаймон еб юрмагин, - деди. 

Эртаси куни жазо майдонида яна одам тўпланди. Қизнинг отасини келтирдилар. Қиз ҳам ҳозир бўлиб, отасига деди: 

– Отажон, сира қўрқманг, мен подшога «Отамнинг қўллари ўрнига менинг қўлимни кестиринг», деб ялиндим. Илтимосим қабул бўлди. Ҳозир менинг қўлимни кесиб, сизни озод қилишади. 

Қиз шундай деб, кундага қўлини қўйди. Бу ҳолатдан подшо ҳам, тўпланганлар ҳам кўз ёши тўкдилар. Қизнинг отаси озод этилди. Ота-болага илтифотлар кўрсатилди. Подшонинг амри билан жазо майдонидаги кунда олиб ташланиб, унинг ўрнига бир мармар тош тикланди-да, қуйидаги сўзлар ўйиб ёзилди: 

«Бир ёшгина қиз отасининг қўли ўрнига ўз қўлини фидо этишни истади. Шу қиздек фарзандга эга бўлган ота-она қандай бахтиёрдир...» 

Аллоҳ таоло барчангизга дунёда шараф, охиратда эса бошингизга жаннат тожларини кийдирувчи фарзандаларни насиб этсин!

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Бугун, 16 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбарининг институт талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тошкент Ислом институти талабаларига Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаси тақдим қилинди. Хусусан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан барпо этилаётган ушбу марказ олдига қўйилган мақсад ва вазифаларнинг марказ биноси маҳобатига мос экани, буюк аждодлардан қолган бой илмий-маънавий меросни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш келажакда Ислом дини тарихи, унинг асл тинчлик, эзгулик, инсонийлик ва бунёдкорлик ҳамда юксак ахлоқдан иборат моҳиятини жамият аъзоларига етказиб бера олишга қодир бўлган мутахассисларни шакллантиришни тақозо қилиши талабаларга тушунтириб берилди.
Ислом дини илмлари, араб, форс, инглиз ва рус тилларини пухта эгаллаган, миллий ва диний қадриятларимиз асосида шаклланган одоблилик, интилувчанлик, ватанпарварлик каби юксак фазилатларга эга ёш мутахассислар келажакда, албатта, Ислом цивилизацияси марказида фаолият олиб боришлари мумкинлиги қайд этилди.
Учрашув самимий, очиқ суҳбат тарзида ўтди. Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ҳамда устозлар билан фикр алмашдилар.

 

Ислом цивилизацияси маркази Матбуот хизмати

Top