muslim.uz

muslim.uz

vendredi, 15 février 2019 00:00

Сиз яхши инсонмисиз?

Уламолардан бири шундай дейди: дунёда барча нарсалар айнан ёки нисбат орқали икки тоифага бўлинади яхши ва ёмон. Ёмонлик ҳақида бошқа мақолада ёзишни ният қилиб, яхшилик ҳақида сўз юритсак.

Яхшилик ва яхши инсонлар... агар биз бандалардан сўралса яхшилик ва яхши инсон дея бизга манфаати бор шахслар, воқеа ва нарсаларни яхшилик сифатида таърифлаймиз. Аммо, бу қараш ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди. Келинг яхшиси бу ҳақда яхшилик ва яхши инсонларни яратган Аллоҳ таолонинг Каломида келтирилган оят ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан жавоб қидирсак.      

Аллоҳ таоло Ўз Каломида шундай марҳамат қилади:

Тақволи зотларга: “Раббингиз (Ўз Пайғамбарига) нимани нозил қилди?” дейилганида улар: “Яхшиликни”, дейишади. Бу дунёда яхшилик қилганлар учун чиройли мукофот бўлур” (Наҳл, 30).

Аллоҳ таоло яхшиликни бундай баён этади:

“(Яхшилик) бўйинни (қулликдан) озод этиш, ёки очарчилик кунида бирор қардош етимга ё муҳтож бечора-мискинга таом беришдир” (Балад, 13-16).

Яна,

“Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир” (Бақара, 177)

Яхшилик нима эканлиги ҳақида Аллоҳ таолонинг Каломида келтирилган оятлардан ошириб ҳеч қандай кимса тариф ва таснив бера олмайди. Зотан юқоридаги Қуръони каримда келган яхшилик хусусидаги оятлар тарифларнинг бир шингили десак адашмаймиз.

Хўш, энди яхши инсоннинг хусусиятлари ҳақида Аввало Қуръони каримдаги маълумотлар сўнгра Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадислардан батафсил билиб оламиз:

Қуръони каримда яхшиларнинг бир неча сифатлари зикри келган:

“Ана энди ким (ўз молидан закот ва садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса ҳамда гўзал оқибатни (жаннатни) тасдиқ этса, Биз уни осон йўлга муяссар этурмиз” (Вал-лайл, 5-7).

“Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар – ана ўшалар яралмиш жонзотларнинг энг яхшисидирлар. Уларнинг Парвардигорлари ҳузуридаги мукофоти – остидан анҳорлар оқиб турувчи мангу жаннатлардир, улар ўша ерда абадий қолишади” (Баййина, 7-8). 

Ҳадиси шарифларда:

Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни (бошқаларга) ўргатувчиларингиздир” (Имом Бухорий);

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизларнинг яхшиларингиз, агар тушунса, ахлоқи гўзал бўлганингиздир”, деганларини эшитганман” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган);

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Набий  соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг яхшиларингиз аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларингиздир ва мен сизларнинг ичингизда аҳлига кўпроқ яхшилик қилувчингиздирман” (Имом Термизий, Ибн Можа);

Пайғамбар алайҳиссалломдан ривоят қилинган ҳадисларда яхшилар яна бундай сифатланишади: “Сизларнинг яхшиларингиз умри узун, амалда чиройли бўлганингиздир” (Имом Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий); “Сизларнинг яхшиларингиз яхшилигидан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омон бўлинувчиларингиздир” (Имом Термизий ва Ибн Ҳиббон).

Яхшиликнинг катта-кичиги, ози-кўпи бўлмайди. Одамларга озор етказмаслик ҳам – яхшилик, етим-мискинларни  тўйдириш ҳам – яхшилик, бировга чиройли муомала қилиш ҳам – яхшилик, йўлдаги халал берувчи нарсани олиб ташлаш ҳам – яхшилик.

Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Яхшиликлардан бирортасини паст санамагин, агар у биродарингга очиқ юз билан қараш бўлса ҳам”, деганлар (Имом Муслим).

Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бундай марҳамат қилганлар: “Эй муслималар, бир аёл бошқасига қўйнинг туёғини беришдаги яхшиликни ҳам паст санамасин”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим). Яна бир ҳадиси шарифда “Ҳар бир яхшилик садақадир”, дейилган (Имом Бухорий). 

Яхшилик қилишга шошилиш керак, чунки Пайғамбар алайҳиссаломнинг: "Кимга яхшилик қилиш эшиги очилса, фойдаланиб қолсин, зеро, унинг қачон ёпилишини билмайди"; "Ҳар бир яхшилик садақадир, дўстингга очиқ юз билан муомала қилишинг яхшиликдир, унинг челагига ўз челагингдан сув қуйиб беришинг ҳам яхшиликдандир», " деган насиҳатлари бор. 

Яхшиликка чақирган киши ҳам уни қилганга тенглаштирилади. "Ўзгаларга озор беришдан сақланиш яхшилик аломатларидандир", дейишган улуғларимиз. 

Кўпларимиз яхшилик қиламизу дарров унинг мукофотини, биздан марҳамат кўрганларнинг миннатдорчиликларини кутамиз ёки яхшиликларимиз билан мақтанамиз. Аллома Умар ибн Ҳорис бундай деган: "Қадимда яхшиликларни кўп қилишарди, аммо гапиришмасди. Кейин ҳам қиладиган, ҳам гапирадиганлар келишди, энди эса фақат гапиришяпти". Қандайдир манфаат кутиб қилинган яхшилик фазилат саналмайди. Ваҳоланки, яхшилик холис Парвардигор учун, беғараз қилиниши керак.

Аллоҳ таоло сиз учун ўзгаларга яхшилик қилиш эшигини очдими, сиз бу эшикни асло ёпа кўрманг. Эҳтимол қилган яхшилигингиз учун маломатга қоларсиз, яхшилигингизга ёмонлик билан жавоб қайтарар ёки яхшилик қилганингизни кўрмасдан, сизни тухмат, ғайбат ва бўхтонларга қориштирар... Бунга асло ажабланманг, чунки Аллоҳ таоло инсонларни шундай хулқ-атвор билан яратган. Шунинг учун ҳаётда ким бўлишидан қатъи назар, одамларга яхшилик қилсангиз, мукофотини ёлғиз Яратганнинг ўзидан кутинг. Одамлар камдан-кам ҳолларда яхшилигингизга яхшилик билан жавоб қайтаришади, миннатдор бўлишади. Аллоҳ таоло эса битта қилган яхшилигингизни юз баробар, минг баробар қилиб кўпайтириб ўзингизга мукофот қилиб қайтаради. Зеро, Аллоҳ ундан кўпроғини беришга ҳам қодир Зотдир!

Холис ва самимий яхшилик қилишдан асло чарчаманг!

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

vendredi, 15 février 2019 00:00

Биз нега хотиржаммиз?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари адолат, ҳалоллик, ихлос, муҳаббат, итоат, солиҳ амалларга шошилишда барчага намуна эдилар. Уларнинг ҳар бирлари йўлчи юлдуз ҳисобланадилар. Исломга бўлган фидоийликлари, рағбатлари жуда кучли эди. Ҳаётларини ўқиган инсон баъзан “Шулар ҳам инсон бўлганмикин?!” деб ҳайратини яширолмайди.

Саҳобаларнинг ҳаётларини ўрганган инсон уларнинг ҳар бирлари қайсидир фазилатли амалда машҳур бўлганларини кўриши мумкин. Масалан, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мулойимлик, ихлос, саховат ва фидоийликда, Умар розияллоҳу анҳу адолат ва ҳақни баралла айтишда, Усмон розияллоҳу анҳу ҳаё, иффатда, Али розияллоҳу анҳу илму ҳикматда, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу саховат, инфоқда, бошқа саҳобалар ҳам турли фазилатларда машҳур бўлганлар. Уларнинг ораларида ўн нафарлари борки, булар тириклигида жаннатга киришини эшитган бахтиёр инсонлардир. Улар қуйидагилардир:

  • Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.
  • Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу.
  • Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу.
  • Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.
  • Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу.
  • Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу.
  • Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу.
  • Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу.
  • Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу.
  • Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳу.

Ушбу зотлар мазкур хушхабарни эшитганларидан сўнг солиҳ амалларга янада кўпроқ эътибор беришган. Ибодатлардаги ихлосни, молу дунёдан инфоқ қилишни, етимларга ғамхўрлик кўрсатишни ва ҳоказо амалларни янада кучайтиришган.

Бизчи?

Бизга “Ўлим чоғида осон жон берасан” деб бирор киши айтдими?

Қабр азобидан қутилиб қолишимз ҳақида хушхабар келдими?

Ҳисоб-китоблардан эсон-омон ўтиб олишимиз ҳақида айтилдими?

 Жаннатга киришимиз ҳақида бирор киши хабар бердими?

Мазкур саҳобаларга келган хушхабар бизга келмади, тўғрими?

Нега унда хотиржаммиз?! Нега солиҳ амалларга шошилмаймиз? Нимамизга ишоняпмиз? Авлиёлар ҳам хотималаридан қўрқиб яшашган. Қандай жон бераркинман, калимамни айта олармиканман, руҳим танамдан осон чиқиб кетармикин деган қўрқувда бўлишган.

Бизнинг нимамиз бор? Иймонимиз бор! Иймон у зотларда ҳам бўлган, аммо қўрқишган. Ибодатларини ихлос билан адо этган бўлсалар-да, амалларим қабул бўлармикин деб қўрқишган.

Бизчи? Биз ҳам намоз ўқиймиз-у, хаёлимиз бозорда, пулда, ҳисоб-китобда. Яна худди ҳаммаёқни дўндириб қўйгандек хотиржаммиз. Одамлардан олган қарзларимиз бор. Шу ҳолимизда ўлиб қолсак нима бўлади? Уларни ким тўлайди? Фарзандларимизми? Қарзингизни улар тўлашига кафолат борми?! Агар улар ҳам тўламасачи?! Унда нима бўлади? Кимга қийин бўлади? Сизга, бизга, албатта!

Нега дунёга алданиб юрибмиз?! Ким дунёга устун бўлди?! Ким қолди бу зийнатли дунёда?! 100 йил олдинги одамлар қани?! 100 йилдан кейин сиз қаерда бўласиз?! Нега шуларни билиб туриб ҳам ибодатларга шошилмайсиз?! Қарзларни қайтаришга уринмайсиз?! Қазо намозларни ўқишга, қазо бўлган рўзаларни тутишга бел боғламайсиз?!

Азизлар, кўзимизни очайлик! Ҳаракатимизни қилайлик! Умр қисқа, ўлим ҳақ! Ўлим келганда довдираб қолмаслик, уни гўзал ва хурсанд ҳолда кутиб олиш учун тайёргарлик кўрайлик!

Аллоҳ таоло бизни кечирсин! Ибодатга бўлган ғайрату ҳимматимизни зиёда қилсин! Хотимамизни, оқибатимизни гўзал айласин!

 

Нозимжон Иминжонов

vendredi, 15 février 2019 00:00

Аудиохабарлар (15-02-2019)

ЎМИ Матбуот хизмати

vendredi, 15 février 2019 00:00

Шайтонга мағлуб бўлманг!

Салафи солиҳлардан бирлари айтган экан: “Аллоҳ таоло буюрган ишни қилишда шайтоннинг икки ҳамласига учраш бордир:

ё шу амалда банданинг нуқсонга йўл қўйиши;

ёки шу амалда ҳаддан ошириб юбориши.

Шайтон буларнинг қайси бирида яъни, ошириб юборишда ғолиб бўладими ёки нуқсонга йўл қўйишда ғолиб бўладими, бунисига парво қилмайди”. (Яъни, ғолиб бўлса, бас.)

Банда шайтондан устун келиши учун амалини шариат тарозига солиб кўрсин. Агар амали нуқсонли бўлмаса, ҳаддан ҳам ошмаса, ютуқ уникидир. Аксинча бўлса, натижа ҳам аксинча бўлади. Буни билиш учун илм керак. Инсон тўғри йўлдан кетаётганини билиши учун аввал тўғри йўл қайси эканини билиб олиши лозим. Шунинг учун шариатимиз илмга буюрган.

 

Тошкент шаҳар “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом ноиби

Қудратуллоҳ Сидиқметов таржимаси

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

*****

Баъзи фақирларни биламан. Уларнинг пулдан бошқа нарсалари йўқ.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Шундай инсонлар борки, хорижда таълим олишади. Касал бўлишса, хорижда даволанишади. Саёҳатга ҳам хорижга чиқишади. Уларнинг юрт ичида қиладиган ягона ишлари – Ватанга хиёнат қилиш, унинг молини ўғирлашдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ахлоқнинг асоси – ёлғондан бутунлай тийилишингдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

  • Катта ақллар фикрлар устида тортишади.
  • Ўртача ақллар воқеалар устида тортишади.
  • Майда ақллар шахслар устида тортишади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ким асоссиз ҳолда яшаса, шарафсиз ҳолда ўлади.

Анис Мансур

*****

Хоҳ ҳозир бўлсин, хоҳ кейин, барча одамлар қилган ишларининг бадалини тўлайдилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳатто муздан покроқ ва қордан тозароқ бўлсанг ҳам, чақимчиликдан қочиб қутулолмайсан.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳақиқий юз деб ўйлаб юрганларимизнинг юзларидан ниқобнинг тушишидан кўра оғриқлироқ нарса йўқ.

Иброҳим Фиқий

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Top