muslim.uz
Исломда аёлнинг ўрни
Башарият ҳеч қайси замонда аёлга ислом таълимотичалик катта эътибор берган бирорта дин ёки тамаддунни кўрган эмас, десак муболаға қилмаган бўламиз. Аёл ҳақида сўз юритар экан ислом дини уни юксак мақом ва юқори ҳурмат –эҳтиром эгаси ўлароқ тасвирлайди. Исломда аёл киши ҳақ-ҳуқуқлари таъминланган ва бурч-вазифалари белгилаб берилган тўлақонли шахс ҳисобланади.
Ислом башариятга жисмоний тузилиш, табиат, ҳис-туйғу,орзу-умид, сиҳҳат-саломатлик, эҳтиёж ва заруратлар борасида бир-бутун мукаммал инсон сифатида қарайди. Ва аксинча ирқий омил, рангдаги тафовут, келиб чиқиш ва жинсий фарқларга назар солмаган. Бу ҳолда мазкур бирлик ҳар бир нарсада; эркинликда, адолатда ва биродарчиликда ҳам бўлишликни тақозо этади. Тенглик тамойили ислом дининг инсонларнинг феъл ва ҳатти-ҳаракатларига тааллуқли турли-туман шаръий ҳукмлари таркибида чақириб келган тушунчадир. Бу борада Росулуллоҳ (с.а.в.)дан мана бундай ҳадис ривоят қилинган: “Инсонлар бир-бирларига худди тароқ тишлари каби тенгдирлар. Бир кишини бошқа кишидан тақводан бошқа нарсада афзаллиги йўқдир”. Исломда башар фарзандлари баробардирлар. Унда айрим инсонлар ўзларини бошқалардан жинс ё келиб чиқиш, терисининг ранги ёки яшаш жойи каби омиллар орқали устун санашларини оқловчи нарса асло топилмайди. Афзаллик борасида мезон битта ва у қайси жинсда бўлишидан қатъий назар тақводир. Бундан маълум бўладики, ислом аёлга иккита қоида асосида қарар экан. Уларнинг биринчиси тузилиш ва яратилишдаги бир хиллик бўлиб, бу ҳақида қуръони каримда мана бандай дейилган: “Одамлар, сизларни бир жон (Одам ато)дан яратиб, ундан унинг жуфтини яратган ва улардан кўплаб эркак ва аёлларни таратган роббингиздан қўрқинг” (Нисо 1-оят). Иккинчиси, эркак ва аёл ўртасида қарор топтирилган ака сингиллик риштаси. Чунки ҳар бир эркак ва аёл бир отага бориб тақалади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй одамлар биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратиб, ўзаро танишишларингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик...” (Ҳужурот, 13). Бу айтиб ўтилганларнинг барчаси хусусида Росулуллоҳ (с.а.в.) инсоният учун абадий дастурни мана бундай деб баралла эълон қилади: “Эй инсонлар, сизларнинг роббингиз бир, отангиз ҳам бир, огоҳ бўлингизким, арабни араб бўлмагандан ва араб бўлмаганни арабдан, қизил танлини қора танлидан ва қора танлини қизил танлидан тақводан бошқа нарсада устунлиги йўқ. Албатта, сизларнинг энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир”.
Агар биз юқоридаги иккита асосий қоидани тўғрилигини исботлаган бўлсак, энди улардан келиб чиқадиган баъзи-бир жузъий қирраларни айтиб ўтамиз.
Аввало эркак ва аёл шаръий вазифалар ва уларга боғлиқ бўлган ажр ва савоблар борасида баробардир. Бу нарса Қуръон ва суннатда очиқ равшан таъкидлаб ўтилган. Уларга кўра дин ва дунёга боғлиқ барча ишларда юкланган вазифа бир хил. Аллоҳ таоло айтади: “эркакмиди аёлмиди мўмин бўлган ҳар кимки солиҳ амал қилса, бас, улар жаннатга кирурлар ...” (Нисо, 124). Жазо берилиш масаласида ҳам ушбу тенгликни кўриш мумкин. Аллоҳ таоло айтади: “Ўғри эркак ва ўғри аёлни қилган ишларига жазо бўлсин учун қўлини кесинглар ...” (Моида, 38).
Юқорида айтиб ўтилганларнинг барчасидан келиб чиқиб уламо ва муфассирларнинг аксарияти Қуръон ва суннатда бирлик ёки кўпликдаги эркак жинсига қаратилган вазифалар, умумий амаллар ҳеч қандай ажратишликсиз аёлга ҳам тегишли эканлигини таъкидлаганлар. Фақат ҳар бир жинснинг ўз жинсига хос бўлган ишлар бундан мустаснодир. Буларга ибодатлар ҳам, молиявий ишлар ҳам, ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ҳалол-ҳаромлар ҳам одоб-ахлоқлар ҳам барча-барчаси кириб кетади. Аммо баъзи-бир ишлар, масалан, ватан ҳимояси, жума ва жамоат намозлари, молиявий таъминот ва бошқа масалалардаги тенгсизлиги унинг ақли ёки инсонийлиги, шаъни ё лаёқатини камситишдан эмас, балки, унинг табиати, имконияти ва ундаги ҳиссиётнинг ғолиблиги каби жиҳатларини ҳисобга олинганидандир.
Энди исломда эркак ва аёлга нисбатан фарқли бўлган айрим шаръий масалаларни кўриб чиқайлик.
Молиявий ҳақ-ҳуқуқларда иккита аёлнинг гувоҳлиги бир эркакнинг гувоҳлигига баробар қилинган. Бунинг сабаби оддий. Одатда аёл киши кўпроқ уй ишлари билан банд бўлади. Шунинг учун ҳам унинг молиявий олди-бердилардаги иштироки деярли бўлмайди. Ҳозирги вақтда кам сонли аёлларни катта тижоратларда иштирок этаётгани бу камёб ҳодиса бўлиб, унга эътибор берилмаса ҳам бўлади. Демак, бу масалаларда хато қилиб қўйиш ёки унутиб қўйиш эҳтимоли каттароқ. Бу нарса худди баъзи-бир уй юмушларида эркак киши эсдан чиқариб қўядиган масалаларни аёл яхшироқ билиши мумкин бўлишининг айни ўзидир. Инсонда ўзининг кўп машғул бўладиган соҳасини бошқа соҳаларга қараганда ёрқинроқ эслаб қолиш табиати мавжуд бўлар экан.
Жиноят ишларида эса аёл киши умуман гувоҳликдан озод қилинган. Чунки унинг табиати қон тўкиш, қатлнинг турли-туман кўринишларига тоқат қилиб тура олмайди. Натижада ҳодисага тааллуқли нозик жиҳатларни пайқамай қолиши мумкин. Аксинча, аёлларга хос бўлган баъзи масалаларда эса, эркаклар қолиб унинг гувоҳлиги қабул қилинади. Айтиб ўтилганлардан маълум бўладики, бу соҳада эътибор қаратиладиган асосий жиҳат инсоннинг эркак ёки аёллиги эмас, балки бошқа назарда тутилган манфаатлар эканлиги ҳар бир инсофли кишига ойдек равшан бўлиб турибди.
Меросда ҳам ислом аёлга эркак улушининг ярмини ажратди. Чунки мерос тартибларини мерос олувчининг зиммасига юкланган нафақа қилиш каби вазифаларни назарда тутиб қарайдиган бўлсак, динимизда аёлларга ажратилган ворислик ҳаққи бу уларга нисбатан кўрсатилган жуда катта илтифот ва юксак эҳтиром намунасидир. Чунки ислом аёлларга ҳеч қандай яқинига нафақа қилиш бурчини юкламаган. Ҳаттоки ўзига ҳам сарф қилмайди ва унинг сарф-харажатлари эрининг ё отасининг ёки ўғлининг ва баъзан ака ва шунга ўхшаш яқин қариндошларининг зиммасига юклатилган.
Демак, аёлдан икки баробар кўп мерос олган акаси агар унинг боқувчиси йўқ бўлса ушбу сингилга, ўзининг хотинига, онасига ва бошқаларга сарфлаши керак бўлган бир пайтда, унинг ярмича мерос олган сингил мазкур маблағни фақат ўзи истаган йўлга ишлатиши мумкин бўлади. Кимга кўп эъзоз кўрсатилганини мана шу томонларни эътиборга олиб ҳисобланилса адолатли бўлади манимча.
Исломнинг бошқа ҳукмлари ҳам шундай. Ибодатларни олсак, бу ерда уларга жуда катта эҳтиром кўрсатилганини гувоҳи бўламиз. Уларга жума, жамоат намози, ҳайит намози, жаноза намози ва дафн маросимлари ва бошқа кўплаб амаллар ихтиёрий. Буларнинг барчаси эркаклар зиммасида. Ойлик одати ёки нифоси келиб заифлашиб турган вақтда қайси ғамхўр ё ҳимоячи исломчалик марҳамат кўрсатган. Аксинча, уларни эркак билан тенг деган даъво билан ҳеч бир юмушини соқит қилиш у ёқда турсин ҳатто енгиллатиб ҳам қўймаган.
Саиджамол Масайитов
ЎМИ Халқаро алоқалар бўлими
Овоз ҳақидаги мўъжизани эшитганмисиз
Муфтий ҳазрат Сирдарё вилоятидаги масжидларга ташриф буюрди
Бугун, 13 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Сирдарё вилоятидаги жоме масжидлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Жумладан, Ховос тумани “Умар ибн Хаттоб”, “Саъду Саид”, “Ховос” ва Бахт шаҳридаги янги бунёд этилаётган жоме масжид бўйича зарур тавсияларни бердилар.
Муфтий ҳазрат дастлаб Сирдарё вилояти Ховос туманида жойлашган “Умар ибн Хаттоб” ва “Саъду Саид” масжидларига бориб, ушбу жомеларда намозхонлар учун яратилган шарт-шароитлар, масжидлардаги қулайликлар, имом-хатиблар фаолияти ва масжид қавми билан танишдилар. Шунингдек, мазкур ишларни янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Сирдарё вилояти Ховос туманидаги “Ховос” жоме масжидида муфтий ҳазратлари Аср намозини масжид жамоаси билан бирга-бирга адо қилдилар. Жомега жам бўлган намозхонлар билан самимий суҳбат қилиб, маҳалла-кўй ободлиги ва масжидга файзу барака тилаб, хайрли дуо қилдилар.
Муфтий ҳазратлари Сирдарё вилояти Бахт шаҳридаги “Бахт” жоме масжидининг манзил-мақомини катта йўл ёқасига кўчириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хусусан, ажратилган майдонни мутасадди ташкилотлар вакиллари билан муҳокама қилдилар. Муфтий ҳазрат диёримизда зиёрат туризми ривожланиши натижасида келаётган сайёҳлар учун шарт-шароитлар ҳозирлаш, йўловчилар ва мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун қулайлик яратиш мақсадида, “Бахт” жоме масжиди манзил-мақомини катта йўл бўйига кўчириш жуда яхши иш эканини алоҳида қайд қилдилар.
Муфтий ҳазратлари мазкур масжидларга ташрифлари давомида мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилган шарт-шароитлар, намозхонлар ибодат қилишлари учун яратилган қулайликларга алоҳида эътибор қаратдилар. Масжидларга жам бўлган мўйсафид отахонлар давлатимиз Раҳбари томонидан халқимиз учун мана шундай шароитлар ҳозирланганига миннатдорлик сўзларини изҳор этиб, она-Ватанимиз ободлиги, халқимиз фаравонлигини тилаб муфтий ҳазратлари бошчиликларида дуои хайрлар қилдилар.
Сафар якунида муфтий ҳазратлари республикамизнинг Тожикистон давлатининг Суғд вилояти Зафаробод тумани билан қўшни бўлган чегара постида ҳам бўлдилар. Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара постлари очилгани икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қайта тиклангани, яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлагани ва қариндош-уруғчилик алоқалари йўлга қўйилганидан элу халқ чексиз мамнун эканини таъкидладилар. Мана шундай чегара постларида туну кун хизмат қилаётган ватан ўғлонларининг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.
Шу билан Сирдарё вилояти сафари якунига етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ижараси шунчами?..
Яқинда касбимиз юзасидан никоҳ ўқишга бордик. Келиннинг уйидан қайтаётганимизда куёвга қўнгироқ бўлди. Гап келин кўйлак масаласида эди. Келин кўйлак 25 миллион сўм экан. Уни эшитиб ҳайрон бўлиб қолдим. “25 миллион сўмга ҳам кўйлак олиб берасизми, у қанақа кўйлак ўзи? десам, “Қори ака, сотиб олмаяпмиз, тўй куни киядиган кўйлакнинг ижара хаққи у”, деб жавоб берди куёв бола. Шу сабаб бўлиб тўйлардаги исрофгарчилик хақида гаплашдик.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Еб-ичинг лекин исроф қилманг, чунки у исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф, 31), деб марҳамат қилган. Бир кунлик кийиладиган кўйлак 25 миллион сўм бўлиши исроф эмасми. Боз устига, бу кўйлаклар очиқ-сочиқ миллатимиз урф-одатига, асл қадриятларимизга тўғри келмайди. Шуни била туриб бундай кўйлакларни қизларимизга кийгизиб ҳаммага кўз-кўз қилишимиз уят эмасми!
Ҳозирги кунда баъзи ҳаёли қизларимиз ўзимизнинг миллий матоларимиздан келин кўйлакларни тиктириб ҳамма аёлларнинг ҳавасини келтирадиган либосларда тўйхонага кириб келганларини эшитиб хурсанд бўлдик. Баъзи қизлар эса орзу-ҳавас деб бораётган хонадони ва ота-онасини қийнаб қўйяпти. Ахир инсоф билан ўйлаб кўрайлик, шу биргина бир неча соат кийиладиган куйлак фалон сўм бўлсая, яна бошқа ҳар хил гуноҳ, тўғрироғи, Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган бир қанча амаллар борки, уларни ҳозирги ёшларимиз ҳам, ота оналари ҳам оддийгина қилиб орзу-ҳавас деб ниқобламоқчи бўлади. Аслида улар эса шайтонга эргашаётганларини билмайдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тўйларни ихчамлаштириш ҳақида фатво чиқарган. Айниқса, бугунги кунда юртбошимиз ташаббуси билан тўйларни ихчамлаштириш давлат сиёсат даражасигача кўтарилган. Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам кизлари Фотима онамизни ҳазрати Алига никоҳлаб берганларида, теридан бўлган ёпқич ичига хурмо фатиласи солинган болиш, тош тегирмон, сув идиш ва иккита мешча юборганлар. Фотима онамизнинг сеплари ана шулардан иборат бўлган. Ҳазрати Алининг ҳеч нарсаси йўқ эди. Биргина совутни сотиб келинга тўй қилганлар. Жаннат аёллари саййидаси Фотима онамизнинг никоҳ тўйлари оддийгина бўлган. Бир теридан тикилган матолари бўлган, устиларига ёпиб ётишган. Устиларига тортсалар оёқлари очилиб қолган. Шу ҳолларида ҳам дунёнинг энг бахтиёр келинчаги бўлганлар.
Ҳозирги кунимизда келин-куёвларга қилинаётган сарпо-суруғлар ҳар хил анжомлар ва ортиқча зебу зийнатлар исрофдир. Бунинг ўрнига ҳаётларида керак бўладиган “Бахтиёр оила”, “Эр-хотинлик асослари”, намоз, таҳорат ва ғуслга оид китобларни сеп қилиб беришимиз керак. Чунки ана шу китоблар келин-куёв учун зарурроқ.
Касбимиз тақозоси ила кўплаб инсонлар билан мулоқотда бўламиз. Шундай оилалар борки моддий-маънавий ёрдамга муҳтож. Ҳар биримизнинг атрофимизда бундай инсонлар учраши турган гап. Наҳотки, шу фалон сўмлик кўйлагу бир неча қўшиқчилар ва дабдабали тўйхоналарда ўтказилган тўй фарзандларимизнинг бахтли бўлишига кафолат берса. Баъзи жойларда тўйдан аввал келин-куёвни ҳар хил ҳолатда суратга олиб тўйда келган меҳмонларга намойиш этилар экан. Бу нима дегани, ўзини ўзбекман, мусулмонман деган йигит ўз жуфту халолини элга кўз-кўз қиладими. Ота-боболаримиз ўз аёлларини қандай асрашган. Бегона кўзлардан нари тутишган. Ҳар хил нобоп йиртиқ-ямоқ очиқ-сочиқ кийимларни кийдиришмаган, лекин бахтли хаёт кечиришган, борган жойларида хам итоатли ва сабрли бўлиб дунё тарихида буюк ном қолдирган шахсларни тарбиялашган.
Абдулло РАҲИМОВ,
Шайхонтохур туманидаги “Султонҳожи” масжиди имом-хатиби
Ғийбатнинг сабаби – хусумат
Бировга нисбатан қалбида адовати бўлган одам ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам уни ғийбат қилишига уринади. Чунки инсон қалбига шайтон васваса солиб фасод пайдо қилади.
Одамлар арзимас сабаблар билан бир-биридан нафратланади. Учрашганда ниҳоятда хушмуомалалик билан гаплашсалар ҳам, орқасидан шикоят қиладилар. Зоҳирда муҳаббатларини изҳор қиладилар, лекин ботинда душманлик йўлини тутадилар. Зоҳирда ўзини дўст кўрсатиб, меҳрибонлик қиладилар, аммо ботинда чаён каби чақишга пайт пойлайдилар. Бундай дўстлар муҳаббатга лойиқ эмас, балки улар Аллоҳ лаънатига учрайдиган кишилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Инсонлар илм ўрганиб, унга амал қилишни тарк этсалар, тиллари билан бир-бирларига дўст бўлиб, қалблари билан эса бир-бирларига нафрат қилсалар ҳамда қариндошликларни узсалар, Аллоҳ уларни лаънатлаб, қулоқларини кар, кўзларини кўр қилиб қўяди”.
Кўпчилик одамлар мусулмонларга, хусусан, ўз қариндоwларга адоват ва душманчилик қиладилар. Ҳатто улар бемор бўлсалар ҳам ҳолларидан хабар олмайдилар. Шунинг учун адоват ҳақида гапиришни ўрни бўлмаса ҳам, ушбу сўзларни ёзмоқдаман. Чунки одатда адоват ва нафрат ғийбат қилишга сабаб бўлади. Бинобарин, ғийбатнинг сабаблари айтилганда адоват ва душманлик ҳақида ҳам айтиб ўтиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Мен шундай кишилардан бирига: "Нима учун фалончи қариндошингиздан нафратланасиз? У билан гаплашмайсиз, ҳатто у бемор бўлганида кўргани бормайсиз", дедим. У киши: "Чунки мен ундан жуда кўп азият чекканман, қалбим ундан қаттиқ ранжиган", дея жавоб берди. Мен унга: "Сиз нафсингизга тобемисиз ёки нафсингиз сизга тобеми? Одамлар сизга озор берганида шу гапни хаёлингизга келтиринг ва уларга душманлик ҳамда нафрат қилишни қўйинг", дедим ва қуйидаги ҳикояни айтиб бердим. Бир зоҳид киши айтади: "Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб, у зотдан: "Эй Аллоҳнинг Расули! Мен одамлардан алоҳида яшайми ёки уларга аралашиб юрайми?" дея сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Одамлар билан бирга яшаб, улардан етадиган озорларига сабр қилишинг сен учун яхшироқдир", деб жавоб бердилар. Шундан кейин ҳалиги одам қилган ишидан пушймон бўлиб дарҳол яқинларининг олдига узр сўрагани кетдилар.
Умаржон МУҲАММАДИЕВ,
Шайхонтоҳур туманидаги "Фотимаи Заҳро" жоме масжиди имом ноиби