muslim.uz

muslim.uz

2016 йилнинг 26 август куни Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртида янги 2016 – 2017 ўқув йили бошланиши муносабати билан мударрислар жамоасининг билим юрти мудири Н. Қодиров раислигида август кенгаши ўтказилди. Йиғилиш аввалида Н. Қодиров сўз олиб мажлисни очиқ деб эълон қилди ва кун тартиби билан йиғилганларни таништирди. Кун тартиби тасдиқлангач, барча йиғилиш қатнашчиларини янги 2016 – 2017 ўқув йилини бошланиши ҳамда яқинлашиб келаётган мамлакатимиз мустақиллигининг чорак асрлик тўйи, яъни 25 йиллик шодиёнаси билан чин юракдан муборакбод этиб, келгусидаги ишларига муваффақият, ўзларига соғлик ва оилаларига тинчлик-тотувлик тилади.

Йиғилиш давомида кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилди, янги ўқув йили давомида билим юрти жамоаси олдида турган вазифалар муҳокама қилиниб, вазифалар тақсимланди ва масъуллар тайинланди.

 

Билим юрти ходими

Қаҳрамонжон ИСРАИЛОВ

          

 

 

Қадимдан воҳамиз ўзининг илму ирфони, масжиду мадрасалари, уламолари ва фузалолари билан нафақат шарқда, балки бутун оламга донг таратган. Диёримиздан ҳам диний, ҳам дунёвий соҳада дунё таниган буюк муҳаддислар, муфассирлар, тилшунослар, тарихнавис олимлар, математиклар, астрономлар, йирик мумтоз адабиёт намоёндалари, мутасаввиф шоирлар етишиб чиқган. Аммо чор Россияси босқини даврида, энг ачинарлиси, мустабид тузум қўл остида, даҳрийлик ғояси остида уларнинг қилган шафқатсизликлари натижасида халқимизнинг кўзга кўринган минглаб бегуноҳ зиёлилари қатағон қурбонларига айланди. Муқаддас қадамжоларимиз вайроналарга айлантирилиб, масжид ва мадрасаларимизнинг аксари бузиб ташланди. Қолганлари ҳам омборхона ёки қамоқхона сифатида фойдаланиб келинди. Минглаб кутубхоналардан ноёб китоблар ва қўлёзмалар куйдириб йўқ қилинди.

Асрлар давомида шаклланган қадриятларимиз топталиб, коммунистларнинг ёлғон  сафсаталари асосида ёшларимизни манқуртларча тарбиялашга зўр берилди. Халқимизнинг зиёли, ўқимишли, уламо-фузалоларини йўқ қилиш орқали, миллатнинг тарихини, ўзлигини йўқотиш, қолган билимсиз авлодни саводсизлигидан қайси тарафга бурса эргашиб кетаверишига осонлик билан эришиш мақсади ётар эди. Айниқса, даҳрийлик сиёсатининг динни йўқ қилиш, бунинг учун диний уламоларни йўқ қилишни кўзда тутгани яққол мисоллардан, тарихий воқеалардан кўриниб турибди. Шундай бўлса-да, халқимиз шунча қийинчиликларга қарамасдан, ўз имон-эътиқодидан воз кечмади. Қадриятларини яширин бўлса ҳам авайлаб асраб келди. Ҳаммага маълумки, диёримиз масжид, мадраса, тарихий обидалари билан машҳур. Аммо мустабид тузум даврида республикамизда 80 та масжид фаолият олиб борган бўлса, бу кўрсаткич вилоятимизда атиги 3 тани ташкил қилган, холос. Бу зўравонликлар шу даражага бориб етдики, марҳумларга жаноза ҳам ўқитмасликка ҳаракат қилиниб, айрим раҳбарларнинг ота-онасига жаноза ўқитилса, ишдан бўшатишгача бориб етишди. Шундай бир ҳолатда ҳали СССРнинг мустамлака занжирлари узилмасданоқ, Юртбошимиз Ислом Каримов томонидан 1989 йил 21 октябрда тил тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Бу нарса миллатнинг ўзлигини таниши учун қўйилган биринчи қадам эди. Ҳали мустақилликка эришмасдан бу ишни амалга ошириш қаҳрамонлик эди. 1991 йил 31 август куни мустақилликни эълон қилиб, 1 сентябрни халқимиз ота-боболари орзу қилган Мустақиллик куни байрами деб эълон қилинди. Ота мерос Ватанимизга, шунингдек, ўз она тилимизга эга бўлдик. Қолаверса, диний ва миллий қадриятларимизни қайта тиклашга имкон туғилди. 1990 йил ҳали мустақилликка эришмасданоқ 500 та зиёратчилар ҳаж ибодатини биринчилардан бўлиб бажариб қайтишга муваффақ бўлишди. Юртбошимизнинг динимизга берган эътиборлари шундан ҳам кўриниб турибди.

Истиқлолимиз шарофатидан халкимизнинг асрий орзуси ушалиб, ёшларимиз диний билим олишлари учун ҳам кенг имкониятлар эшиги очилди. Жумладан, республикамизнинг кўплаб вилоятлари қатори 1992 йил Хоразмда ҳам мадрасага асос солинди ва унга имом Фахриддин ар-Розий номи берилди. Билим юртида талабаларнинг Ислом динининг соф ақидасини мустаҳкам эгаллашлари, ҳар томонлама чуқур диний ва дунёвий билимларга эга бўлишлари, бир нечта чет тилларини биладиган, компьютер саводхонлигини эгаллаган, адашган ва ёт фирқаларнинг бузғунчи ғояларига қарши раддиялар бера оладиган етук кадрлар қилиб тарбиялашга катта эътибор қаратилмоқда. Битирувчиларимиз нафақат воҳамиз ҳудудида, балки юртимиз бўйлаб деярли барча вилоят жоме масжидларида имом-хатиб ва ноиб-имом вазифаларида фаолият кўрсатиб, халқимизга соф Ислом дини ғояларини етказишда хизмат қилмоқдалар. Имом-хатибларимиз, мударрис ва талабаларимиз томонидан оммавий-ахборот воситаларида, телевидениеда чиқишлар қилинмоқда, шунингдек, маҳаллалар, ташкилотлар, ўқув муассасаларида учрашувлар ташкил этилмоқда. Ўтган 25 йил мобайнида асрларга татигулик ишлар амалга оширилиб, халқимизнинг асрий орзулари ушалди. Илмий меросларимиз ўрганилиб, халқимизга армуғон қилинди.

Мустақиллик йилларида аста-секин миллий ва диний қадриятларимиз тиклана борди. Эҳтиёж даражасида масжидларимиз барпо қилиниб, зиёратгоҳларимиз обод қилинди. 1991 йил 14 июнда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.  Бу ҳам албатта, Юртбошимизнинг тавсиялари билан бўлиб, эътиборлиси шундаки, бу Қонун қабул қилинганида ҳали мустақилликка эришмаган эдик. Қонунда кўрсатилган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда ҳамма жойда эҳтиёж даражасида масжидлар барпо қилинди. 2005 йилга келиб республикамиз бўйича 2000 дан зиёд, вилоятимиз бўйича эса 97 та масжид расмий фаолият кўрсатиш учун Адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтди. Ушбу масжидларда намозхонлар учун талаб даражасидаги шароитлар яратиб беришга катта эътибор қаратилиб, масжидларимиз ибодат ва зиёрат учун келган кишининг баҳри дили очиладиган обод масканларга айлантирилди.

Диний уламоларимиз ҳурмат-эътибор топиб, бугунги кунда ёшларимизни асрлар давомида шаклланган миллий ва диний қадриятларимиз асосида тарбиялаш, диний экстремистик оқимлар, миссионерлик каби турли кўринишдаги  бузғунчи оқимларга қарши курашиш, маърифий  Исломни халқимизга тушунтириш мақсадида жонбозлик кўрсатишмоқда. Зеро, ёшларни маънан баркамол қилиб тарбиялаш, динимизга ёт экстремистик оқимлар таъсиридан ёшларни асраш, бутун Ислом оламининг қарийб ярмини ташкил этувчи ҳанафийлик мазҳаби асосида ёшларимизга таълим-тарбия бериш, аждодларимиз бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш улуғ мақсадимиздир.

Ўтган 25 йил мобайнида мустақил Ватанимиз барча соҳаларда ўзининг эътироф этилган тўғри йўлини танлаб, тараққиёт босқичига чиқиб олди. Буни нафақат ишлаб чиқариш соҳасида, балки  Ватанимизда ҳукм сураётган тинчликнинг асосий гарови – Конституциямизда виждон эркинлигини кафолатланганлиги сабаб юртимизда миллати, ирқи, динидан қатъи назар, барча фуқаролар тенглиги ва  диний бағрикенгликнинг мустаҳкамланишида ҳам кўришимиз мумкин.

Гувоҳи бўлиб турибмизки, бугунги кунда Яқин Шарқ араб давлатларидаги тартибсизликларда диний экстремистик оқим ва гуруҳларнинг асосий роли яққол аён бўлиб  қолмоқда. Ташқи кучларнинг таъсири остида экстремизм, ақидапарастлик ва миссионерликдан фойдаланилган ҳолда бир миллат, бир мамлакат фуқароларини бир-бирларига душман қилиб қўйишмокда. Натижада, ўз қўллари билан юртларини вайрон қилиб, бир-бирларининг ноҳақ қонларини тўкишмоқда.

Шундай экан, бугунги замоннинг ўзи жаҳонда ва ён атрофимизда кузатилаётган таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда. Мамлакатимизнинг кундан-кунга чирой очиб бораётгани, ободончилик ва тараққиётнинг асосий сабаби ҳам юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хотиржамликдир. Зеро, хотиржам жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Бундай шароитлар, эркинлик, тўкин-сочинлик ва тинчлик учун Яратганга шукроналар қилиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб яшашимиз керак.

Аллоҳ таоло юртимиз мустақиллигини бардавом қилсин!

 

Д. Абдуқодиров

Имом Фахриддин Ар-Розий ўрта махсус

ислом билим юрти мудири

Бу йилги ҳаж мавсуми пайтида Маккага 1,33 миллион зиёратчи келиши кутилмоқда. Уларга 16 мингга яқин автобус хизмат кўрсатади.

Маълум қилишларича, автобуслар замонавий бўлиб, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беради.

Жорий йилда ҳожиларга хизмат кўрсатиш учун 1106 та янги автобус сотиб олинди ва Саудия Арабистони ҳукумати томонидан улар учун 101 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарфланди.

Шу билан бирга Макка,  Мадина ва Жидда  магистралларида бўлиб ўтиши мумкин бўлган техник носозликларни бартараф этиш учун 18 та хизмат кўрсатувчи марказлар ташкил этилди. 

 

М.Зуфарова тайёрлади

28 август куни Ҳаж – 2016 мавсуми доирасида самарқандлик ҳожиларнинг дастлабки гуруҳларини вилоят халқаро аэрапортидан Саудия Арабистони томон тантанали кузатув маросими бўлиб ўтди.

Дастлаб, аэрапорт ёнидаги гўзал меҳмонхона ҳовлисида зиёфат дастурхони ташкил этилиб, бўлажак ҳожи ота ва ҳожи оналарнинг дуолари олинди. Вилоят раҳбарлари ва барча кузатувчилар томонидан сафарлари бехатар бўлишини, муқаддас Макка ва Мадина заминларига борганларида юртимиз, халқимиз ҳақига кўплаб дуолар қилишларини сўраб, оқ йўл тиланди.

Исломнинг бешинчи рукни бўлмиш ҳаж амалига нисбатан давлат даражасидаги эътибордан кўнгиллари тоғдек кўтарилган ҳожиларнинг бутун сафар давомида юртнинг ғамхўрлигини ҳис қилган ҳолларида ибодатларни мукаммал даражада амалга оширишларига ишончлари комил эди.

Аллоҳ таоло ҳажга отланган барча юртдошларимизнинг ибодатларини қабул айласин.

 ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

 

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло қарз олди-берди борасида марҳамат қилиб шундай дейди:

 مَنْ ذَا الَّذِي يُقْرِضُ اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا فَيُضَاعِفَهُ لَهُ أَضْعَافًا كَثِيرَةً وَاللَّهُ يَقْبِضُ وَيَبْسُطُ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

яъни: “Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтарилажаксизлар” (Бақара; 245).

Ушбу оятда яхшилик йўлида, савоб ҳосил қилиш мақсадида сарф қилинадиган маблағни, мол-мулкни Аллоҳ таолога қарз бериш деб аталмоқда. Ислом динида садақа беришдан кўра қарз беришнинг савоби кўпроқдир. Зеро, садақа ва эҳсонлар ихтиёрий равишда муҳтож ва номуҳтож кишиларга берилаверади. Аммо қарз фақат муҳтож кишиларгагина берилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

قَرْضُ الشَّيْءِ خَيْرٌ مِنْ صَدَقَتِهِ (رواه مسلم

яъни: “Бирор нарсани қарзга бериш, уни садақа қилишдан кўра яхшироқдир”.

Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ (с.а.в.):

دَخَلْتُ الْجَنَّةَ فَرَأيْتُ عَلَي بَابِها اَلصَّدَقَةُ بِعَشْرَةٍ وَالْقَرْضُ بِثَمانِيَةِ عَشَرَ فَقلْتُ يا جِبْرِيلُ كَيْفَ صارَتِ الصَّدَقةُ بِعَشْرَةٍ وَالْقَرْضُ بِثَمَانِيَةِ عَشَرَ قَالَ لاِنَّ الصَّدَقَةَ تَقَعُ في يَد ِالْغَنِيٍّ وَالْفَقِيرِ وَالْقَرْضُ لا يَقَعُ إلاَّ في يَدِ مَنْ يَحْتاجُ اِلَيْهِ " (رواه الطبراني"

яъни: “Жаннатга кирдим ва унинг эшигида садақа ўн (баробар савоб) билан, қарз ўн саккиз (баробар савоб) билан (мукофотланади) - деган ёзувни кўрдим. Шунда эй Жаброил, қандай қилиб садақа ўн, қарз ўн саккиз баробар бўлади? – деб сўрадим. У айтдики: Чунки, садақа бойнинг ҳам, фақирнинг ҳам қўлига тушаверади. Қарз эса, фақат унга муҳтож бўлган одамнинг қўлига тушади” – деб марҳамат қилганлар.

Қарз олди-берди муомаласига ҳар икки тарафга ҳам ўзининиг талаб ва масъулиятларини юклайди. Қарзни фақат унга муҳтож бўлганда олиш, олганда ҳам уни ўз вақтида қайтариш шартдир. Қарзини узишга етадиган моли бўла туриб уни эгасига бермай вақтини ўтказиб юриш зулмдир.

Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладилар:

( مَطْلُ الغَنِيِّ ظُلْمٌ.  (رواه البخاري

яъни: “Бадавлат кишининг (бировдан қарз олиб, унинг қарзини беришда вақтини) чўзиб юриши зулмдир.  (Имом Бухорий ривояти).

Лекин бировга ҳасад қилиб, молига кўз олайтириб, уни чув тушириш, мол-дунёсидан айириш мақсадида қарз олиш эса улкан гуноҳлардан бўлади. Жумладан, ҳадисда:

" مَنْ أَخَذَ اَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيدُ اَدَاءَهَا اَدَّي اللهُ عَنْهُ وَمَنْ اَخَذَها يُريدُ اِتْلاَفَهَا اَتْلَفَهُ اللهُ "

яъни: “Кимки бировдан қайтариб бериш ниятида қарз олса, Аллоҳ унга қарзини узишга ёрдам беради. Кимки молига талофат етказиш мақсадида олса, Аллоҳ унинг ўзига талофат етказади” – дейилади.

Демак, қарзини узишга қодир бўлиб, уни адо қилмаса гуноҳкор бўлар экан. Лекин ҳар қандай сўровчига ва турли эҳтиёж учун ҳам қарз беравериш тўғри келмайди.

Қарз берганда аввало, бировнинг оғирини енгил қилиш билан Аллоҳнинг розилигини топишни мақсад қилиш лозим. Зинҳор қарз бериш орқали мўмай даромад топишни кўзлаш мумкин эмас. Қарз бериб унинг эвазига қарздордан фойда олиш судхўрликдир. Сўдхўрлик эса, гуноҳи кабиралар жумласига киради. Бугунги кунда қарз олиб, уни ўз вақтида қайтариб беролмай юрганлар ҳам учраб туради. Қарз берган киши қарзини қистайвермаслиги, иложи борича имкониятлар яратиб бериб вақтини чўзиб бериши лозим. Пайғамбаримиз(сав) марҳамат қиладилар:

( مَنْ اَنْظَرَ مُعْسِراً اَوْ وَضَعَ لَهُ اَظَلَّهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيامَةِ تَحْتَ ظِلِّ عَرْشِهِ يَوْمَ لا ظِلَّ إلاَّ ظِلّهُ " (رواه الترمذي

яъни: “Кимки камбағалнинг қарз узиш муддатини узайтириб қўйса ёки кечиб юборса, соя бўлмайдиган кунда (қиёматда) Аллоҳ таоло унга Арш остидан соя ато этади”.

Агар қарздор қарзини уза олишга умуман кўзи етмаса, қарз берган киши қарзидан кечиб юбориши улуғ савобли иш бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қиладики:

وَإِنْ كَانَ ذُو عُسْرَةٍ فَنَظِرَةٌ إِلَى مَيْسَرَةٍ وَأَنْ تَصَدَّقُوا خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ  

яъни: “Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир”. (Бақара; 280)

Шундай экан қарз олувчилар ўз ҳуқуқ ва масъулиятларини яхши билмоқлари билан бир қаторда бир-бирларига нисбатан мурувватни унутмасликлари керак.

Қуръони каримда шундай дейилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا تَدَايَنْتُمْ بِدَيْنٍ إِلَى أَجَلٍ مُسَمًّى فَاكْتُبُوهُ  

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз!”. (Бақара; 282)

Демак, ҳар икки томон ўртасида кейинчалик ихтилоф ва низо чиқмаслиги учун қарзни гувоҳлар ҳузурида ёзиб қўйиш мақсадга мувофиқ экан.

 

عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي رَبِيعَةَ قَالَ: اسْتَقْرَضَ مِنِّي النَّبِيُّ أَرْبَعِينَ أَلْفًا فَجَاءَهُ مَالٌ فَدَفَعَهُ إِلَيَّ وَقَالَ: بَارَكَ اللهُ فِي أَهْلِكَ وَمَالِكَ إِنَّمَا جَزَاءُ السَّلَفِ الْحَمْدُ وَاْلأَدَاءُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ

яъни: Абдуллоҳ ибн Абу Робийа розияллоҳу ан­ҳу­дан ривоят қилинади:  «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан қирқ минг (дирҳам) қарз олдилар. Кейин у зотга мол келганида уни менга қайтариб бердилар ва: «Аллоҳ  молингга ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир», дедилар». (Насаий ривояти).

 

   عَنْ جَابِرٍ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ  لاَ يُصَلِّي عَلَى رَجُلٍ مَاتَ وَعَلَيْهِ دَيْنٌ فَأُتِيَ بِمَيِّتٍ فَقَالَ: أَ عَلَيْهِ دَيْنٌ قَالُوا: نَعَمْ دِينَارَانِ قَالَ: صَلُّوا عَلَى صَاحِبِكُمْ قَالَ أَبُو قَتَادَةَ: هُمَا عَلَيَّ يَا رَسُولَ اللهِ فَصَلَّى عَلَيْهِ رَسُولُ اللهِ  فَلَمَّا فَتَحَ اللهُ عَلَى رَسُولِهِ قَالَ: أَنَا أَوْلَى بِكُلِّ مُؤْمِنٍ مِنْ نَفْسِهِ فَمَنْ تَرَكَ دَيْنًا فَعَلَيَّ قَضَاؤُهُ وَمَنْ تَرَكَ مَالاً فَلِوَرَثَتِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиммасида қарзи бўла туриб ўлган одамга жаноза намози ўқимас эдилар. Бир маййитни олиб келинди. Бас, у Зот: «Унинг зиммасида қарз борми?» дедилар. «Ҳа, икки динор», дейишди. «Соҳибингизга ўзингиз жаноза ўқинг», дедилар. «Ўша иккови менинг зиммамга, эй Аллоҳнинг Расули», деди Абу Қатода. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у(маййит)га жаноза ўқидилар. Аллоҳ ўз Расулига Фатҳ ато қилганидан кейин: «Мен ҳар бир мўмин учун унинг ўзидан ҳам яқинман. Ким қарз қолдирса, уни адо этиш менинг зиммамда. Ким мол тарк қилса, меросхўрларига», дедилар».

Бу ҳадиси шариф ҳам зиммасида қарзи бўла туриб ўлиш ўзига яраша муомала талаб қилишини кўрсатади.

Ушбу ҳадисга амал қилароқ, ҳозирда ҳам ҳар бир маййитга жаноза намози ўқишдан олдин унинг қарзи бор-йўқлиги сўралади. Унинг қарзларини яқин кишилардан бири ўз зиммасига олганидан кейингина жаноза намози ўқилади. Шариат ҳукми бўйича бирор маййитнинг қарзини ўз зиммасига оладиган киши топилмаса, унинг қарзи хазинадан узилади. Хазина бўлмаган жойларда мазкур қарз шу ерлик мусулмонларнинг закотидан адо этилиши мумкин.

Аллоҳ таоло қарздорлар қарзларини ўз вақтида адо этишларига муяссар айласин, қарз ва омонат борасидаги масъулиятни яхши биладиган омонатдор бандалардан бўлишимизга насибу рўзи айласин. Омин.

Top