muslim.uz
Асалнинг янги аниқланган мўъжизакор хусусиятлари
Маълумки, асал қатор шифобахш хоссаларга эга.
Асал муми – бу биологик фаол модда бўлиб, юқори даражадаги бактериялардан халос этиш фаоллигига эга. Уни, хусусан асал билан аралашмасини, кўпдан бери тиббиётда қўллаб келинади.
У шунингдек, дори-дармонлар таркибига асосий восита сифатида қўшилади. Асал муми шифобахш кремлар, свечалар, пластирлар тайёрлашда уларнинг таркибига қўшилади.
1. Жароҳатларни даволаш мақсадида малҳам тайёрлаш.
Паст оловда ярим стакан зайтун ёғи ва 50 г асал мумини қайнатилади. Ҳосил бўлган малҳам совутилиб, шиша банкага солиб, музлатгичда сақланади.
Малҳамдан фойдаланиш усули: жароҳатни 3% перекись водород аралашмаси билан ювиб, сўнг жароҳатга тайёрланган малҳам қўйилиб, дока билан боғланади.
2. Қадоқлардан халос бўлиш учун малҳам тайёрлаш.
50 г прополис, 30 г асал муми ва бир дона лимон шарбати аралаштирилади. Паст оловда асал муми тўлиқ эригунгача қиздирилади. Ҳосил бўлган малҳам совутилиб, шиша банкага солиб, музлатгичда сақланади. Малҳам кунига қадоқ жойига суртилиб, устидан лейкопластир билан маҳкамланади. Бир неча кун бу муолажа такрорланиб, энди қадоқли жой чой содасининг 2% ли қайноқ эритмасида юмшатилади.
Шундан сўнг қадоқни кўчириб ташлаш мумкин.
- Асал мумини даволаниш мақсадида шамоллашда, гайморитда, нафас қисиши (астма)да чайнаб юриш мумкин. Асал мумидан ярим чой қошиғидаги миқдорда ҳар соатда 15 минутдан
чайнаш тавсия этилади. Асал муми чайнаб бўлингач, қолган пўчоғи туфлаб ташланади.
Жалолиддин Нуриддинов
Муаллим – жамият кўзгуси
XXI аср – юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий билим ва малакага эга, янгича дунёқараш ва мустақил фикрли мутахассислар асри. Бундай авлодни тарбиялашда устоз-мураббийларнинг хизмати беқиёс.
Ўқитувчи, мураббий, устоз. Барчамизнинг қалбимизга яқин бўлган оддийгина бу сўзлар замирида катта маъно ва мазмун мужассам. Зеро, ҳар қайси инсон ўқитувчининг қўлида савод чиқаради, мураббий ва устоздан таълим олади, тарбия топади. Бугун биз бирон касбни эгаллаб, Ватан ва эл корига яраётган эканмиз, аввало, улардан миннатдор бўлмоғимиз табиий, албатта.
Ҳар йили мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Зотан, ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялаш йўлида меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийларни ҳар қанча ардоқласак, ҳурмат қилсак оз. Эътироф этиш жоизки, бу улуғ зотларнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнати қадрланиб келаётгани – келажак авлодга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Дарқақиқат, инсон энг аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдиришда заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғусини асраб-авайлайди. Мактаб остонасига илк қадам қўйганимизда қўлимизга қалам тутқазиб, алифбони ўргатган биринчи устозимиз сиймосини, устозимизнинг фидокорона меҳнатини доимо миннатдорлик билан эслаймиз ва қалбимизда уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ҳиссини туямиз. Зеро, олам гултожи инсон бўлса, улар орасида суюклиси устоз-муаллимдир. Шу боис ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, деган ҳикмат бор.
Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Маълумки, мамлакатимиз олдида турган энг муҳим мақсад-вазифа: тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Ана шундай шарафли вазифани уддалайдиган ишончли, кучли, ўз билими ва истеъдодига суянган, ҳеч кимдан кам бўлмаган, жамият ҳаётига дадил кириб бораётган навқирон авлодни эса устозлар тарбиялаб етиштирмоқда.
Бу борада ўта масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган, фидокорона меҳнат қилаётган ўқитувчилар ва мураббийларнинг заҳмати ҳар қанча мақтовга лойиқ.
Биринчи Президентимиз айтганидек, “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”. Албатта, илм маскани ва илм, маърифат нурини тарқатувчи устозларга буюк эҳтиром ва эъзозимизни изҳор этамиз. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: "Албатта, Аллоҳ таоло унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, кавакдаги чумоли, денгиздаги балиққача барчалари яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб турадилар", деб марҳамат қилганлар.
Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида “..Устоз нимаики айтса, уни жон дили билан шогирд эшитиши, чин кўнгил билан қабул қилиши ва олган билим ва малакасини амалда адо этиш керак” дейилади.
Ўтган улуғларимиз, ота-боболаримиз устоз ва муаллимларнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғли баланд эканини теран англаганлар. Ва шунга кўра муомала қилганлар. Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: "Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман".
Устозлар ҳақида гап борганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мушкулдир:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.
Азиз устозлар, муҳтарам мураббийлар, барчангизни қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз! Фарзанд ва шогирдларингиз бахти ва камолини кўриш доимо сизларга насиб қилсин. Машаққатли ва шарафли касбингизда улкан ютуқлар, хонадонингизга доимий хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.
ЎМИ таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири
Ж.Нуриддинов
Имом Бухорий номи БМТ бош минбарида янгради
БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг олий минбардан туриб бутун дунёга қилган мурожаатини ўзгача ҳаяжон билан тингладик.
Президентимизнинг курсида ўтирган ҳолда таклифни кутиб туриши, сессия раиси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни таклиф қиламиз”, дейилгач, салобат билан чиқиб, ёзувларни очиши, микрафонни тўғрилаб дона-дона қилиб cўз бошлаши ҳар бир ўзбекистонлик қалбида ифтихор, юртбошига нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳисларини жўш урдирди.
Буюк йўлбошчининг қисқа фурсатда катта ишларни амалга оширгани, ички ва ташқи сиёсатда салмоқли ишларни йўлга қўйгани, бунинг самарасини нафақат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, балки қўшни давлатлар ҳам кўраётгани барча эътироф этган ҳақиқат. Шу қисқа давр ичида қилинган ишлар, тўпланган тажриба асосида олий минбардан туриб маъруза қилиш, кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган муаммоларга тўхталиши, дунё ҳамжамиятини бирлашишга, тинчликни сақлашга чорлаши барчамизни тўлқинлантирди, бошимизда мустаҳкам иродали, мард ва жасур юртбоши турганига яна бир бор амин бўлдик.
Ўзбекистоннинг мақсад вазифалари, келажакда амалга ошириладиган ишлар, минтақавий ва жаҳон миқёсидаги муаммолар ва уларнинг ҳал этилиши бўйича аниқ фикр ва таклифлар кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди.
Президентимиз дунё бўйлаб жамият манфаатлари ортга сурилиб, кўпроқ шахсий мақсадлар сари ҳаракат қилиш авжига чиққан паллада «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» дея, бугунги куннинг кўплаб муаммолари ечими қайси тарафда эканига ишора қилиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари эртанги куннинг асосчилари бўлмиш ёшларга алоҳида эътибор қаратишга чақирар экан: “Бизнинг асосий вазифамиз - ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишдир”, дейиш билан 2 миллиардни ташкил этувчи бугунги дунё ёшларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозимлигини таъкидлади.
Исломофобия кучайиб, мусулмонларга нисбатан салбий муносабат ортиб бораётган вазиятда, экстремизмга қарши фақат қурол билан курашиш етарли натижа бермаслиги, оқибат билан эмас, сабаб билан курашиш лозимлиги, бу борада Ўзбекистонда изчил ишлар олиб борилаётгани айтилганда балки баъзилар бунинг моҳиятини аниқ англаб етмагандир. Лекин экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш бу иллатнинг қайта урчимаслиги учун асосий омил бўлишини юртимиз мисолида днё оммаси ўзига дастуруламал қилиб олади.
Ислом дини тинчлик дини экани, унга хунрезликларнинг асоси, экстремизмнинг омили сифатида қарашни тўхтатишга чақирар экан, давлатимиз раҳбари: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, дея динимизга нисбатан салбий муносабат юритиш мантиқсизлик эканини таъкидлаб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасидан дунё ҳамжамияти шуни англадики, Ўзбекистон бугун ривожланишнинг янги босқичига чиққан. Ёшларнинг онги, маърифатини, салоҳиятини ўстириш ишларини муқаддас ислом динининг эзгу ғоялари асосида олиб бориш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бу юртнинг ривожланишидаги асосий тутган йўли ва ўз навбатида ўта натижа берадиган танловдир.
Зеро, бугун буюк бобокалонимиз Имом Бухорий ҳазратларининг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатли ислом таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқанд вилоятида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг мустаҳкам келажак қуриш борасидаги салмоқли одимларидир.
Токи, инсонлар қалбидан маърифат, ўзаро ишонч, дўстлик туйғулари жой олмас экан, моддиятнинг қай даражадаги ривожланиш босқичига етилмасин, инсоният бир куни таназзулга учраши инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат. Бу ҳақида олис-яқин ўтмиш ҳамиша бизни огоҳлантириб келади.
Ушбу ҳақиқатни теран англаган Ўзбекистон Президенти олий минбардан туриб БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди.
Кун сайин ортиб бораётган саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш, барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашда ушбу ва шунга ўхшаш битимлар, келишувларга дунё аҳли муҳтож экани англатиб қўйилди.
Бугунги Ўзбекистон дунё бўйлаб бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик тарафдори ва бунга бор имкониятини солиб ҳаракат қилади. Тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик сари ҳамкорликни кенгайтириш йўлидан собит боради.
Инсоннинг эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш бу диёрнинг асосий мақсади ва ушбу йўлда энг оқилона танлов асосида белгиланган йўл орқали юриб бормоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг юрт ободлиги, унинг тараққий этиши, шу диёрда яшаётган ҳар бир фуқаронинг фаровон ҳаёт кечириши йўлида тинимсиз қилаётган меҳнатларига Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Жонажон Ўзбекистонимиз бошида ҳамиша тинчлик қуёши порласин ва олийжаноб халқимиз ўзининг олий мақсадларига эришсин.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Самарқанд вилояти бош имом хатиби
Москва мэри Мусулмон маркази очилиши тантанасида қатнашади
Москва шаҳар мэри Сергей Собянин 25 сенятбрь куни бўлиб ўтадиган Мусулмон маданият маркази – “Дар”нинг тантанали очилиш маросимига таклиф этилди. Тантанага, шунингдек, сиёсат, маънавият ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намоёндалари, шоир ва ёзувчилар, шаҳар аҳолиси – Россия Федерацияси пойтахтдаги турли дин ва миллат вакиллари таклиф этилган.
Тантанага таклифнома билан киритилади, бошқа кунлари эса Мусулмон маданият марказининг эшиги меҳмонлар учун ҳар доим очиқ бўлади.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
Футуристик масжид ҳаммани ҳайратга солмоқда
Қатарнинг пойтахти Дохада футуристик услубдаги ноанъанавий меъморий ечимдаги масжид барпо этилди. Мусулмонларнинг ушбу ибодатхонаси Mangera Yvars Architects британия-испания архитектура бюроси лойиҳаси асосида қурилди.
Масжид Education City Mosque деган ном билан аталди. Янги масжид шаҳар университети ҳудудида, исломий фанлар факультети ёнидан жой олди.
Ноёб масжидга кириш учун олдиндан бу ерга ташриф буюрувчилар журналига ёзилиб қўйиш керак. Кираётган чоқда фотоаппаратлар топширилади, масжид ичкарисини фақат смартфонда тасвирга олиш мумкин.
Изоҳ: Футуризм (латинча) ХХ аср бошларида пайдо бўлган, адабиёт ва санъатда реализмни, шунингдек, маданий меросни инкор этиб, эски санъатнинг традиция ва услублари ўрнига гўё замонга мос келадиган янги услуб яратмоқчи бўлган формалистик оқим.
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.