Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий номи БМТ бош минбарида янгради

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг олий минбардан туриб бутун дунёга қилган мурожаатини ўзгача ҳаяжон билан тингладик.

Президентимизнинг курсида ўтирган ҳолда таклифни кутиб туриши, сессия раиси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни таклиф қиламиз”, дейилгач, салобат билан чиқиб, ёзувларни очиши, микрафонни тўғрилаб дона-дона қилиб cўз бошлаши ҳар бир ўзбекистонлик қалбида ифтихор, юртбошига нисбатан ишонч ва ҳурмат ҳисларини жўш урдирди.

Буюк йўлбошчининг қисқа фурсатда катта ишларни амалга оширгани, ички ва ташқи сиёсатда салмоқли ишларни йўлга қўйгани, бунинг самарасини нафақат ҳар бир Ўзбекистон фуқароси, балки қўшни давлатлар ҳам кўраётгани барча эътироф этган ҳақиқат. Шу қисқа давр ичида қилинган ишлар, тўпланган тажриба асосида олий минбардан туриб маъруза қилиш, кўпчиликнинг эътиборидан четда қолаётган муаммоларга тўхталиши, дунё ҳамжамиятини бирлашишга, тинчликни сақлашга чорлаши барчамизни тўлқинлантирди, бошимизда мустаҳкам иродали, мард ва жасур юртбоши турганига яна бир бор амин бўлдик.  

Ўзбекистоннинг мақсад вазифалари, келажакда амалга ошириладиган ишлар, минтақавий ва жаҳон миқёсидаги муаммолар ва уларнинг ҳал этилиши бўйича аниқ фикр ва таклифлар кенг жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинди.  

Президентимиз дунё бўйлаб жамият манфаатлари ортга сурилиб, кўпроқ шахсий мақсадлар сари ҳаракат қилиш авжига чиққан паллада «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» дея, бугунги куннинг кўплаб муаммолари ечими қайси тарафда эканига ишора қилиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари эртанги куннинг асосчилари бўлмиш ёшларга алоҳида эътибор қаратишга чақирар экан: “Бизнинг асосий вазифамиз - ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси «вируси» тарқалишининг олдини олишдир”, дейиш билан 2 миллиардни ташкил этувчи бугунги дунё ёшларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозимлигини таъкидлади.

Исломофобия кучайиб, мусулмонларга нисбатан салбий муносабат ортиб бораётган вазиятда, экстремизмга қарши фақат қурол билан курашиш етарли натижа бермаслиги, оқибат билан эмас, сабаб билан курашиш лозимлиги, бу борада Ўзбекистонда изчил ишлар олиб борилаётгани айтилганда балки баъзилар бунинг моҳиятини аниқ англаб етмагандир. Лекин экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолган, тўғри йўлдан адашган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш бу иллатнинг қайта урчимаслиги учун асосий омил бўлишини юртимиз мисолида днё оммаси ўзига дастуруламал қилиб олади.

Ислом дини тинчлик дини экани, унга хунрезликларнинг асоси, экстремизмнинг омили сифатида қарашни тўхтатишга чақирар экан, давлатимиз раҳбари: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз”, дея динимизга нисбатан салбий муносабат юритиш мантиқсизлик эканини таъкидлаб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг маърузасидан дунё ҳамжамияти шуни англадики, Ўзбекистон бугун ривожланишнинг янги босқичига чиққан. Ёшларнинг онги, маърифатини, салоҳиятини ўстириш ишларини муқаддас ислом динининг эзгу ғоялари асосида олиб бориш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бу юртнинг ривожланишидаги асосий тутган йўли ва ўз навбатида ўта натижа берадиган танловдир. 

Зеро, бугун буюк бобокалонимиз Имом Бухорий ҳазратларининг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифатли ислом таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқанд вилоятида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг мустаҳкам келажак қуриш борасидаги салмоқли одимларидир.

Токи, инсонлар қалбидан маърифат, ўзаро ишонч, дўстлик туйғулари жой олмас экан, моддиятнинг қай даражадаги ривожланиш босқичига етилмасин, инсоният бир куни таназзулга учраши инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат. Бу ҳақида олис-яқин ўтмиш ҳамиша бизни огоҳлантириб келади.

Ушбу ҳақиқатни теран англаган Ўзбекистон Президенти олий минбардан туриб БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи билан мурожаат қилди.

Кун сайин ортиб бораётган саводсизлик ва жаҳолатга барҳам бериш, барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашда ушбу ва шунга ўхшаш битимлар, келишувларга дунё аҳли муҳтож экани англатиб қўйилди.  

Бугунги Ўзбекистон дунё бўйлаб бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик тарафдори ва бунга бор имкониятини солиб ҳаракат қилади. Тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик сари ҳамкорликни кенгайтириш йўлидан собит боради.

Инсоннинг эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш бу диёрнинг асосий мақсади ва ушбу йўлда энг оқилона танлов асосида белгиланган йўл орқали юриб бормоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг юрт ободлиги, унинг тараққий этиши, шу диёрда яшаётган ҳар бир фуқаронинг фаровон ҳаёт кечириши йўлида тинимсиз қилаётган меҳнатларига Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин. Жонажон Ўзбекистонимиз бошида ҳамиша тинчлик қуёши порласин ва олийжаноб халқимиз ўзининг олий мақсадларига эришсин.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти бош имом хатиби  

 

 

 

 

Read 5224 times

Янгиликлар

Top