Ал-Бадр жоме масжиди имоми хатиби
Одил домла Холмуродов
Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик келишидан олдин араблар тартибсиз ҳаёт кечирар эдилар. Улар на бир қонунга бўйсунар ва на бирорта ягона динга эътиқод қилар эдилар. Осмонларини жаҳолат булути қоплаган эди. Бунинг натижасида турли хил ботил ақидалар уларнинг қон-қонларига сингиб кетган бўлиб, гоҳида ўз қўллари билан ясаб олган ҳайкалларни илоҳ десалар, гоҳида кўз ўнгиларида чиқиб-ботиб турган юлдузларни илоҳ дер эдилар. Шу сабабли ҳар ким ўз ота-бобосидан мерос қилиб олган эътиқодни ҳақ деб билар эди. Лекин шунга қарамай уларнинг ўзларига яраша кичкинагина кенгашлари бўлиб, бу кенгаш орқали ўрталаридаги можаро ва турли муаммоларни ҳал қилар эдилар. Бундан ташқари баъзи яхши одат ва қадриятлар ҳам йўқ эмас эди. Бу одатларнинг баъзиси уларга оталари Исмоил алайҳиссаломнинг шариатларидан қолган бўлса, баъзилари қўшни диёрларда яшаётган яҳудий ва насронийлардан кириб келган, бошқалари эса урф-одат ва ҳаёт тажрибаси орқали юзага келган эди. Масалан, уларда ҳам талоқ, никоҳ, зиҳор каби ижтимоий масалалар мавжуд бўлиб, ўзларининг тартиб интизомларига мувофиқ ўтказар эдилар. Аёл киши ўз валийсига кимга тегмоқчи эканлигини айтар, валий эса хабарни йигитга етказар, агар йигит рози бўлса валий орқали келинга маҳр берар ва шундан кейин келин куёвникига келар эди.
Шунингдек, қасос олишда ҳам арабларнинг машҳур қоидалари бор эди. Масалан, “иккинчи қатл биринчи қатлни бекор қилади”, “янглишиб ўлдириб қўйилганда ўлган кишининг дияси қотилнинг ота томонидан бўлган энг яқин қариндоши зиммасига юкланади” ва ҳоказо каби қоидалар мавжуд эди. Лекин мазкур қонун ва қоидалар халқ орасидагина мавжуд бўлиб, бирорта ҳам китобга қайд қилиб ёзиб қўйилмаган ва бу қонунлари ҳаётларини тартиб-интизомга солиб туриш учун етарли эмас эди. Арабларнинг аҳволлари то Ислом дини келгунича шундай давом этди. Аллоҳ таоло қуриб-қақшаб ётган араб ярим оролини Ислом динига бешик, дунё бўйлаб ҳидоят ва илм қуёши чиқадиган жой бўлишини, урушқоқ ва қаҳри қаттиқ аъробийларни Ислом динининг даъватчиси ва унинг ҳимоячиси бўлишлигини ҳохлади.
اللَّهُ أَعْلَمُ حَيْثُ يَجْعَلُ رِسَالَتَهُ
яъни: “Аллоҳ пайғамбарликни қаерга қўйиш (раво кўриш)ни яхши билувчидир” (Анъом сураси, 124-оят).
Пайғамбарлик давридаги қонунчилик
Ислом дини барча инсонларга баб-баробар келган, лекин шундоқ бўлса ҳам у биринчи бўлиб арабларнинг ҳаёт тарзларини ислоҳ қилишдан бошлади. Чунки, Аллоҳ таоло уларни Ўз динининг ёрдамчиси ва унинг даъватчиси бўлишларини ихтиёр қилган эди. Сиз юқоридаги мавзуда танишиб ўтганингиздек, арабларнинг аҳволлари икки ҳолат билан ажралиб турар эди: диний ҳаётларида бутпарастлик, ижтимоий ҳаётда беқарорлик. Арабларни бундай тартибсизликдан олиб чиқиш ва Аллоҳнинг динига ёрдамчи қилиб тарбиялаш учун улардаги мана шу икки ҳолатни тузатмоқ лозим эди. Бу ҳолатни тузатиш эса арабларнинг қалбига ёлғиз Аллоҳга бўлган эътиқод уруғини экиш, холис Унинг ўзигагина ибодат қилмоққа йўллаш, улардаги разил ахлоқларни буткул қўпориб ташлаш, ёмон одатларга чек қўйиш, чиройли ва намунали одоб ва ахлоқларни уларнинг табиатларига сингдириш билан ҳамда уларнинг барча ишларида қўлланадиган, турмуш тарзларида унинг кўрсатмасига амал қиладиган қатъий қонун жорий қилиш билан амалга ошар эди.
Маккадаги қонунчилик
Ислом дини биринчи ишни эътиқодни ислоҳ қилишдан бошлади. Чунки, эътиқод асосий пойдевор ҳисобланиб, бошқа нарсалар унинг устига бино қилинади. Шунинг учун ҳам аввал шу мақсадни амалга ошириш, ундан кейингина ижтимоий ҳаёт қонунларини жорий қилишга киришди.
Айнан шу сабабли Маккада – ҳижратдан олдин – нозил бўлган Қуръон оятларига назар ташлайдиган бўлсангиз, унда мушрикларни ширкдан қайтаришга, уларни тавҳид (якка худолик)га даъват қилишга, Осмон ва Ер ҳақида, мавжудотларнинг яратилиши ҳақида фикр қилишга ундовчи, ота-боболарнинг нотўғри эътиқодларига тақлид қилишни бас қилишга чақирувчи, аждодлардан қолган жоҳилият одатлари бўлмиш одам ўлдириш, зино, қизларни тириклайин кўмиш каби ишлардан юз ўгиришга буюрувчи маъноларни кўришингиз мумкин. Шунингдек, Маккий оятларда Ислом ахлоқ-одобларидан намуналар келтирилади, масалан, адолат, вафо, эҳсон, яхшилик ишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш, адоват ва гуноҳ ишларда бировга ёрдам бермаслик ва ҳоказо. Кўпгина оятларда Аллоҳ берган ақлни ишлатишга, ўз ақл-идроклари орқали тўғри йўлни топиб олишга чақиради. Ўзларига юборилган пайғамбарга қарши чиқмасликка, акс ҳолда илгари яшаб ўтган кишиларнинг бошига келган бало ва офатлар уларга ҳам келиб қолиши мумкин эканлигини таъкидлайди. Уларни қон-қонларига сингиб кетган жоҳилият одатларидан халос қилиб, яхши одат ва анъаналарни ҳаётларига сингдириш учун барча услубларни қўллайди.
Қуръони карим ушбу даврда нозил бўлган оятларда шариатнинг иккинчи томонига (яъни ибодатлар) жуда оз миқдорда эътибор қаратган, ҳаттоки ибодатларнинг аксари ҳижратдан кейингина жорий қилинган. Ўлимтик, қон ва Аллоҳдан бошқага атаб сўйилган гўштни ейиш ҳаромлиги ҳақидаги аҳкомлар Ислом ақидасини сақлаш учун зарур бўлганлиги сабабидан ҳам ҳижратдан олдин жорий қилинган эди.
Мана шу Исломнинг Қуръони каримнинг кўпгина оятларида тутган йўли ва услубидир. Қуръон оятлари олти мингдан зиёд бўлишига қарамай ундаги аҳком оятлар сони икки юзта атрофидадир, ундан бошқалари эса юқорида биз зикр қилиб ўтган мавзуларга тегишлидир.
Қуръони карим ўн уч йил давомида мана шу услубда нозил бўлди. Ислом эътиқоди кўпчиликнинг қалбида илдиз отиб ширк залолати ақида нури олдида ғойиб бўлди. Ислом динига кирувчиларни турли азоб ва хўрлашлар билан ундан тўсувчи душманларнинг ҳийла ва найранглари энг юқори даражага чиқди. Шу вақтда Аллоҳ таоло аввал мўминларга, сўнгра Пайғамбар алайҳиссаломга ансорларнинг диёри, мусулмонларнинг янги ватани ҳамда келажакда Аллоҳнинг йўлига даъват қилишда асосий ўрин тутувчи қувват манбаи бўлмиш Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилишга изн берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раисининг биринчи ўринбосари
Ҳомиджон Ишматбеков
بسم الله الرحمن الرحيم
الحَمْدُ للهِ رب العالمين وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا ونبينا مُحَمَّدٍ الأمين ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْدُ:
ТАДБИРКОР – ЭЛГА МАДАДКОР
Муҳтарам жамоат! Динимизда ҳалол касб қилишга тарғиб қилинган бўлиб, танбаллик ва ишёқмаслик каби кишининг ўзига ва жамиятига зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилган. Киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрига итоат этади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда касбу кор қилишга амр қилиб шундай деган:
فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيرًا لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
яъни: “Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Жумъа сураси, 10-оят).
Ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъй-ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган бўлиб, ҳатто бу нарса фарз даражасига кўтарилгандир. Бу ҳақда
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"طَلَبُ كَسْبِ الْحَلاَلِ فَرِيْضَةٌ بَعْدَ الْفَرِيْضَةِ"
(رواه الإمام البيهقي عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه)
яъни: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Имом Муҳаммад аш-Шайбоний илм талаб қилиш қандай фарз бўлса, ҳалол касб талаб қилиш ҳам худди шундай фарздир, деганлар.
Мўмин киши ҳалол ризқ топиш ҳаракатида бўлган пайтида, Аллоҳнинг амрига мувофиқ амал қилиши билан биргаликда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига ҳам биноан иш тутаётган шахс ҳисобланади. Зеро, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
"مَا أَكَلَ أَحَدٌ طَعَامًا قَطُّ خَيْرًا مِنْ أَنْ يَأْكُلَ مِنْ عَمَلِ يَدِهِ"
(رواه الإمام ابن ماجه عَنِ الْمِقْدَامِ رَضِي اللَّه عَنْه)
яъни: “Киши ўз қўл меҳнати билан топганидан кўра яхшироқ ва покизароқ таом емайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Муҳтарам азизлар! Уламоларимиз тирикчилик ва касб-кор қилиш орқали мол топишни бир неча даража ва мартабаларга бўлганлар.
Биринчиси – фарз даража бўлиб, бу кишининг ўзи ва оиласининг зарурий эҳтиёжларини қондириш ҳамда қарзларини узишга етадиган миқдорда ишлаб пул топишидир.
Иккинчиси – мустаҳаб даража бўлиб, бу фақир-камбағалларга ҳам ёрдам қўлини чўзиш, дўст-ёр ва яқинларига мурувват кўрсатиш мақсадида мол-дунё орттиришга ҳаракат қилишдир. Ўзгаларга ёрдами тегадиган кишини Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мақтаб бундай деганлар:
"أَحَبُّ النَّاسِ إِلَى اللَّهِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاس"
(رواه الإمام الطبراني عَن ابْنِ عُمَر رضي الله عنهما)
яъни: “Одамларнинг ичида Аллоҳга энг маҳбуби одамларга кўпроқ манфаати етадиганидир (Имом Тобароний ривоятлари).
Учинчиси – мубоҳ даражадаги касбу кор. Бу фаровон ҳаёт кечириш учун зиёда мол орттирмоқ. Бу ҳам агар ҳалолдан бўлса жоиздир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:
"مَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلالا اسْتِعْفَافًا عَنِ الْمَسْأَلَةِ وَسَعْيًا عَلَى الْعِيَالِ وَتَعَطُّفًا عَلَى الْجَارِ لَقِيَ اللَّهَ تَعَالَى وَوَجْهُهُ كَالْقَمَرِ لَيْلَةَ الْبَدْرِ"
(رواه الإمام البيهقي عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ).
яъни: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи тўлин ой каби порлаган ҳолда Аллоҳга йўлиқади” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Тўртинчиси – макруҳ даража бўлиб, бу манманлик, кеккайиш, кибру ҳаво ва мақтаниш учун гарчи ҳалолдан бўлса ҳам мол-мулк топиш. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"وَمَنْ طَلَبَ الدُّنْيَا حَلالا مُفَاخِرًا مُرَائِيًا مُكَاثِرًا لَقِيَ اللَّهَ تَعَالَى وَهُوَ عَلَيْهِ غَضْبَانُ"
(رواه الإمام البيهقي عَنْ أبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ)
яъни: “Ким мол-дунёни мақтаниш, кўз-кўз қилиш ва бошқалардан кўплиги билан фахрланиш учун талаб қилса, Аллоҳ таолога унга ғазаб қилган ҳолида йўлиқади” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Эрта билан ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман, деган эзгу ва покиза ниятларда ишига йўл олган инсонга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Шунинг учун Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
"مَنْ بَاتَ كَالًّا مِنْ طَلَبِ الْحَلالِ بَاتَ مَغْفُورًا لَهُ"
(رواه الإمام ابن عساكر عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُا)
яъни: “Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган ҳолда ўрнига ётса, туни гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтади” (Имом Ибн Асокир ривоятлари).
Банда ҳалол меҳнат қилиб, аҳли-аёлимнинг нафақаси зиммамдаги вожиб амал, деб ихлос билан бозорга қадам қўйиб кириб борар экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган қуйидаги дуони ўқиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бинобарин, бунда дуо қилувчи учун кўплаб фойдалар бор. Умар ибн Хаттоб р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. бундай дедилар:
"مَنْ دَخَلَ السُّوقَ فَقَالَ لاَ إلَهَ إلاَ اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيْكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَ لَهُ الْحَمْدُ يُحْيِيْ وَ يُمِيْتُ وَهُوَ حَيٌّ لَا يَمُوتُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيْرٌ، كَتَبَ اللهُ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ حَسَنَةٍ وَمَحَا عَنْهُ أَلْفَ أَلْفِ سَيِّئَةٍ وَرَفَعَ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ دَرَجَةٍ"
(رواه الإمام الترمذي عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)
яъни: “Кимки бозорга кириб, “Ла илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу ла шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмиту ва ҳува ҳайюл ла ямуту биядиҳил хойру ва ҳува ъала кулли шайъин қодир”, - деса Аллоҳ унга минг-минг яхшиликлар ёзади, минг-минг хатосини ўчиради, уни минг-минг даражага кўтаради” (Имом Термизий ривоятлари).
Дарҳақиқат, ризқни берувчи Аллоҳ эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ризқни қанча миқдорда бериш Аллоҳ таолога ҳавола, банданинг вазифаси эса ҳаракат қилиш бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
قُلْ إِنَّ رَبِّي يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ وَيَقْدِرُ لَهُ وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ شَيْءٍ فَهُوَ يُخْلِفُهُ
وَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ
(سورة سباء/39)
яъни: “Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39- оят).
Биз ниятимизни тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб ҳалол касбу-ҳунар қилсак, берган ризқига шукрона қилсак, иншоаллоҳ, турмушимиз янада фаровон бўлади.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳозирги пайтда ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларимизга жуда кўп имкониятлар яратилмоқда. Мана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳалол ризқ талабида бўлсак, юқоридаги барча оят ва ҳадисларнинг кўрсатмаларига мувофиқ иш тутган ҳамда ўзимиз ва ўзгаларни фаровон ҳаёт кечиришларига сабабчи бўламиз, иншааллоҳ.
Муҳтарам азизлар! Маълумки, жорий йилнинг 20 августидан ҳижрий 1442 йил бошланди. Унинг биринчи ойи Муҳаррам ойи бўлиб, Рамазон ойидан кейин энг ҳурматли ой ҳисобланади. Ашуро куни эса Муҳаррам ойининг ўнинчи кунидир. Муҳаррам ойи ва унда рўза тутишнинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадис ривоят қилинган. Жумладан: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
"أَفْضَلُ الصِّيَامِ بَعْدَ رَمَضَانَ شَهْرُ اللهِ الْمُحَرَّمُ"
(رَوَاهُ الْاِمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ)
яъни: “Рамазондан кейин рўзаларнинг афзали Аллоҳнинг ойи Муҳаррам (рўзаси)дир” (Имом Муслим ривоятлари). Яна бир ҳадисда шундай марҳамат қилинган:
"صِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللَّهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ"
(رَوَاهُ الْاَمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي قَتَادَةَ)
яъни: Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан” (Имом Термизий ривоятлари).
Бундай улкан имконият Аллоҳ таолонинг биз – бандаларига қилган фазл ва марҳаматидир. Фиқҳий китобларимизда Ашуро кунининг рўзаси ҳақида қуйидаги масалалар баён қилинган.
Ашуро куни (Муҳаррамнинг 10-куни)нинг рўзасини 9-куни билан қўшиб тутиш суннат амалдир. Фақат Ашуро кунининг ўзида рўза тутиш макруҳдир (“Фатовои Ҳиндия” китоби).
Ашуро кунидан аввал ҳам, кейин ҳам бир кун рўза тутиш мустаҳаб бўлади (“Фатҳул Қадир” китоби).
Демак, бу йилги Ашуро куни 29 Август шанба кунига тўғри келишини инобатга олиб, Ашуро кунига бир кунни қўшиб, жума ва шанба ёки шанба ва якшанба кунлари рўза тутсак ёки имконияти борлар Ашуро кунига қўшиб бир кун олдин ва бир кун кейин рўза тутсалар юқорида ваъда қилинган барча савобларни қўлга киритадилар, иншааллоҳ.
Шунингдек, Ашуро куни оила аҳлига кенгчилик қилиш борасида ҳадиси шарифда шундай деганлар:
"مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ فِي سَائِرِ سَنَتِهِ"
(َروَاهُ الْاِمَامُ الْبَيْهَقِيُّ عَنْ عَبْدِ اللهِ ابْنِ مَسْعُودٍ)
яъни: Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким оила аҳлига Ашуро кунида (озиқ-овқат, кийим-кечакда ва бошқа нарсаларда) кенгчилик қилса, йилнинг қолганида Аллоҳ унга кенгчилик қилади” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Имом Суфён ас-Саврий ҳазратлари: “Биз ушбу ҳадисни амалда қўллаб кўрдик ва унинг айтилганидек эканлигига гувоҳ бўлдик,” – деганлар. Суфён ибн Уяйна: “Биз буни 50-60 йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик”, – деганлар.
Демак, Ашуро куни бозорлик қилиб, рўзғорини бут қилиб олса, йилнинг қолган ойлари ҳам баракали бўлиши умид қилинади.
Янги ҳижрий йил юртимиз, халқимиз, оиламиз учун тинчлик, хотиржамлик, хайрли-баракали йил бўлишини Аллоҳ таоло насиб айлаб, тадбиркорларимизнинг касбу корларига барака бериб, халқимиз турмушида фаровонликни янада зиёда айласин! Омин!
Юртимида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини янада юксалтиришга алоҳида эътибор берилган. Ушбу вазиятни ҳаттоки, Давлат сиёсати даражасига ҳам кўтарилганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Сир эмас, ўтган йиллар ичида бу соҳада талайгина юмушлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шу мақсадда қабул қилинди.
Хотин-қизларга эътибор ҳамма вақт барча саъй-ҳаракатларимиз марказида бўлиши, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши керак, деди давлатимиз раҳбари. Оилага эътибор аслида бу ўзлигимизга эътибордир. Аслида қадим аждодларимизнинг ўгитига кўра, бева бечора, етим-есирнинг боши силаш савобдир.Шунингдек, динимиз аёлнинг шарафи, иффати, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб берди. Ислом дини бундан ўн беш аср муқаддам аёлни юқори мартабага кўтарди. Эркаклар зиммасига ўз аёлларига яхшилик қилиш, хушмуомила бўлиш, озор бермаслик, илм олишига ва динини ўрганишига имкон бериш, таом, кийим, бошпана ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган.Дин таълимотларига риоя қилган ҳолда, жони, соғлиги, ақлини сақлаш ва ривожлантириш, ақли ва жисми ислоҳоти билан боғлиқ бўлган ҳамма ишда аёл эркак билан баробар ҳуқуқга эга. Бу ҳақда Қуръони каримда марҳамат қилиб айтиладики, яъни: “Эркакми ё аёлми-кимда ким мўъмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт баҳш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз.” ( Наҳл сураси -97)
Давлат раҳбарининг ташабуси билан барча маҳалла фуқаролар йиғинларида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, аниқ вазифалари, мақоми белгиланди. Ва ўз-ўзидан аёнки, Миробод туман ҳокимлиги раҳбарияти бу каби вазифаларни ўзларига дастуриламал қилиб белгилаб олишган.
Бугунги кунда жамиятимиздаги мавжуд муаммони, ҳатто келажаги буюк давлат қуриш вазифасини ҳам аёллар иштирокисиз ҳал қилиш мушкул. Келажаги буюк давлат қуриш борасида биз, энг аввало, ёш авлодга таянамиз.Фарзандни камолга етказиш оилавий тарбияни тўғри йўлга қўйишдан бошланади. Оиладаги ўғил-қизларимизнинг қандай инсонлар бўлиб етишиши ҳаммадан бурун аёлларимизга боғлиқ. Оилани ҳам, жамиятимизни ҳам бирлаштириб, унга файзу баракот киритадиган, хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўтабар оналаримиз, мунис опа - сингилларимиздир. Оқила, гўзал аёллар ўзларининг ғамхўрлиги, меҳрибонлиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, қолаверса, бутун жамиятдаги мувозанатни, поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитини сақлаб турадилар. Онани эъзозлаш - бизнинг миллатимиз, халқимиз учун олий қадрият даражасига кўтарилган фазилат. Аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули деб эъзозласак, демакки, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёлларига яхши бўлганларингиздир”. (Имом Термизий ривояти.)
Тан олиб айтмоқ жоизки, Миробод туманида ҳам хотин-қизларга алоҳида рағбат кўрсатмоқда. Жамиятимизнинг турли соҳаларида уларнинг фаол иштирок этишлари учун барча шароитларни яратилмоқда.
Миробод тумани ҳокимлиги, имом хатиблари, отинлар, кенг жамоатчилик ва туман Кенгаши депутатлари аёлга бўлган муносабатда доимо уларни қадрлашга, хотин-қизларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этишмоқда.
Ал-Бадр жоме масжиди имоми хатиби
Одил домла Холмуродов
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Иш бошқарувчи Рустам ҳожи Жамиловнинг табаррук 106 ёшдаги бувиси Мамлакат ҳожи она Олимованинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума бувижонни Ўз мағфиратига олсин! Охиратларини обод, жойларини жаннатдан қилсин!
Ҳақ таоло барча яқинларига сабру жамил ато қилиб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Рустам ҳожи Жамиловга ва раҳматли бувижоннинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун!