muslim.uz
Мусулмоннинг фаросати
Имом Шофиъий сафарда ҳовлисининг эшиги олдида турган бир кишини олдидан ўтаётиб унга: “Бир кеча уйингдан менга тунашим учун жой топиладими?” дедилар. У киши: “Албатта!” деб ичкарига киришга таклиф этди. У кишининг пешонаси дўнг икки кўзи кўм-кўк эди. Имом Шофиъий билган “Фаросат илми”га қараганда ундай киши пасткаш киши бўлиши керак эди. Имом Шофиъий ичларида дедилар: “Бу кишининг шакли шамоилига қаралса, яъни пешонаси дўнг, икки кўзи кўклиги, пасткаш киши эканлигига далолат қилади.” Лекин у киши нихоятда марҳамат кўрсатиб, лаззатли таомларни келтирди. Ётиб дам олишлари учун ажойиб кўрпа-тўшакларни хозирлади. Ҳатто уловларига хам яхши қараб боқди. Имом Шофиъий “Фаросат илми” ботил илм эканми деб ўйлаб қолдилар. Тонг отгач, сафарга жўнаб кетиш учун, уловларини ҳозирлашни буюрдилар ва дедилар: “Сендан жуда ҳам миннатдорман, қачон йўлинг тушиб Маккага бориб қолсанг, Муҳаммад Ибн Идрисни уйлари қайерда деб сўрасанг, уйимни сенга кўрсатадилар. Албатта боргин! Мени меҳмоним бўласан” дедилар. Шунда уй эгаси: “Мен сизни отангизни хизматкориманми!” деди. Имом Шофиъий: “Нима демоқчисан?” дедилар. “Кечаси билан сизга хизмат қилиб чиқдим. Таомларни энг сарасини келтирдим. Ўрин-кўрпаларни янгисини тагингизга солдим. Ҳатто уловингизга ҳам емини бердим. Буларни ҳаққини бермайсизми?” деди. “Бераман, яна бирор бир нарса қолиб кетмадими?” дедилар. “Қолди” деди. “Нима?” дедилар. “Уйни ижара ҳаққини бермадингизку!” деди. Ушбу воқеадан кейин Имом Шофиъий “Илму фироса”га бўлган этиқодим янада зиёда бўлди дедилар.
Иззатуллоҳ ЙЎЛДОШЕВ,
Тошкент Ислом институти мударриси.
Исми тасғир қайта яна тасғир қилинмайди
Имоми Муҳаммад ибн ал Ҳасан роҳматуллоҳи алайҳи билан Кисоий роҳматуллоҳи алайҳи бир мажлисда бирга эдилар. Кисоий раҳматуллоҳи алайҳи Муҳаммад ибн ал Ҳасан роҳматуллоҳи алайҳнинг холасининг ўғли эди. Муҳаммад Кисоийга; Шунча заковатинг бўла туриб, нима учун фиқҳ илми билан шуғулланмайсан деди. Шунда Кисоий Араб тили сарф - наҳвсини пухта билган киши бошқа илмларни ҳам бемалол ўқий олади деди. Имоми Муҳаммад уни имтиҳон қилиб кўрмоқчи бўлди. Мен сенга фиқҳдан савол бераман, сен эса жавобини наҳвдан чиқарчи деди. Майли сўранг деди, Кисоий. Саждаи саҳв вожиб бўлган кишининг сажда қилиши эсидан чиқиб қолди, унга сажда қилиш вожиб бўладими? деди. Шунда Кисоий бир оз ўйлаб турдида, йўқ унга сажда қилиш вожиб бўлмайди деди. Жавобинг тўғрику аммо Наҳв қоидаларининг қайси бобидан чиқардинг деди. Наҳв илмининг фалон бобида لا يصغر المصغر (исми тасғир қайта яна тасғир қилинмайди ) дейилган, деб жавоб берди. Имоми Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳи уни заковатидан таъажжубланди.
Юлдашев Иззатуллоҳ
Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Илм иста (шеър)
Илму ҳикмат бир илоҳий нур-зиё,
Илму ҳикмат билан диллар пурзиё.
Зебу зийнат, молу дунё ўткинчи,
Завқу азоб, орзу-ҳаво ўткинчи.
Заковат-ла сақланар қалб жаҳлдан,
Бахт бешиги ясалгай илм, ақлдан.
Ўрганамиз илм-ла дин-диёнатни,
Фарзу вожиб, суннату сир-синоатни.
Илм иста, ғафлатга ҳеч кўнмагин,
Бекор сўзлаб, узун ухлаб, сўнмагин.
Илмсиз қалб бўлармиди саломат?
Дардинг борми, йўқ ишингда давомат.
Илм йўллар сени рушду ҳидоятга
Ва олгайдир ихлосингни ҳимоятга.
Илм иста, бўлгин омон, эй дўстим,
Шунда жаннат йўли осон, эй дўстим.
Ибодуллоҳ Аҳроров
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
(“Ҳидоят”журнали 2002, 2 сон)
Рамазоннинг бошқа ойлардан фарқи нимада?
- Бу ойда Қуръони карим нозил бўлган;
- Бу ойда (шу боис) хатми Қуръон қилинади;
- Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади;
- Бу ойда мусулмонлар рўзадор бўладилар;
- Бу ойда минг ойдан афзал бўлган қадр кечаси бор;
- Рамазон ойи сабр ойи;
- Дуолар мустажоб бўладиган ой;
- Рўза тутиш сабаб тақво ҳосил қилинади;
- Рўза инсонга нафсни тийишни ўргатади;
- Рўза туфайли инсон руҳияти покланади;
- Рўза туфайли инсон тани покланади;
- Рўзадорнинг тили ғийбат, буҳтон,чақимчилик каби гуноҳлардан тийилади;
- Рўзадорда риё бўлмайди;
- Унинг қулоғи бу ойда гуноҳларни “эшитмайди”;
- Унинг кўзлари гуноҳ нарсаларни “кўрмайди”;
- Рўзадорнинг қўллари гуноҳ ишларни қилмайди;
- Унинг оёқлари гуноҳ жойларга бормайди;
- Рўзадор саҳарлик қилиб баракага эришади;
- Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ таолонинг наздида мушки анбардан ҳам хушбуйроқ бўлади;
- Рўза қалбни камтарин, тавозели қилади;
- Бу ой тавбалар қабул бўлувчи ой ҳисобланади;
- Бу ой мағфират ойидир;
- Жаннат эшиклари очиб қўйилган ойдир;
- Дўзах эшиклари ёпиб қўйилган ойдир;
- Шайтонларга кишан солиб қўйилган ойдир;
- Рамазон – бандани Аллоҳга энг яқин қиладиган ой;
- Бу ой – саховат ойи;
- Бу ойда қилинган яхшиликлар савоби ўн баравардан еттиюз бараваргача кўпайтириб ёзилади;
- Рамазон – садақа ва эҳсонлар қилинадиган ой;
- Муҳтожларга ёрдам қўли чўзиладиган ой;
- Бу ойда закот бериб, ҳақдорлар хурсанд қилинади;
- Фитр садақаси берилиб, мискинлар дуоси олинади;
- Закот берувчи кишининг моли покланади;
- Закот берувчининг молига барака киради;
- Бой билан камбағал ўртасидаги гина, адоват йўқолади;
- Қариндош-уруғчилик алоқалари мустаҳкамланади;
- Рўзанинг мукофотини Аллоҳнинг Ўзи беради, яъни рўзадорга бериладиган савоб ва яхшиликлар миқдорини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди;
- Рўзадор Раййон номли эшикдан жаннатга киради.
Ибодуллоҳ Аҳроров
Тошкент ислом институти ўқитувчиси.
Биз Рамазонни нега яхши кўрамиз?
Рамазон ойи ойларнинг ичидаги энг улуғидир. Биз мўмин-мусулмонлар бу ойни бошқа ойлардан кўра кўпроқ яхши кўрамиз. Хўш, нега шундай? Бунга қуйидаги матнларда жавоб бериб ўтамиз.
Рамазон Қуръон ойи!
Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг охирги Каломини шу ойда нозил қила бошлаган.
Аллоҳ таоло Қуръон каримнинг Бақара сурасининг 185-оятида “Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган” деган.
Қуръон инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи Китобдир. Биз бахт-саодатимиз гарови бўлган бу Китобнинг нозил этилган мавсумини яхши кўрмасак, бошқа қайси ойни, қайси мавсумни яхши кўрамиз?!
Рамазон раҳмат ойи!
Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ ёғилади. Масжидлар, уйлар, кўчаларни раҳмат чулғаб олади. Атроф бошқа ойлардагидан кўра ўзгача файзли кўринади.
Рамазон савоблар кўпайтириб бериладиган ой!
Бу ойда қилинган солиҳ амалларнинг савоби бошқа ойлардагидан кўра кўпайтириб берилади. Ривоятларда келишича, бу ойда қилинган бир нафл амалга бошқа ойлардаги фарз амалнинг савоби, бу ойда қилинган бир фарз амалга эса бошқа ойлардаги етмишта фарз амалнинг савоби берилади. Шунинг учун барча мусулмонлар бу ойда солиҳ амал қилишга ўзларини урадилар. Кўплаб савоб олишнинг ҳаракатида бўладилар.
Рамазон мағфират ойи!
Аллоҳ таоло бу ойда кўплаб бандаларини мағфират қилади. У Зотнинг мағфирати кенгдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги (ўтган) гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар . Имом Бухорий ривоят қилганлар.
Рамазон дўзахдан қутулиш ойи!
Аллоҳ таоло бу ойда кўплаб бандаларини дўзахдан озод қилиши хабарларда айтилади. Шунинг учун бу ойда дўзахдан қутулишга сабаб бўладиган амалларни кўпроқ қилишимиз керак.
Рамазон меҳр-мурувват, саховат ойи!
Бу ойда барчамиз ён-атрофимиздаги инсонларга, етимлар, бевалар, камбағаллар, қариндошлар, қўшниларга тилимиз билан ҳам, қўлимиз билан ҳам яхшилик қилишга уринамиз. Эҳсон-садақларимиз кўпаяди. Закот берамиз. Диндошларимизнинг кўнглини кўтаришга, Рамазонни хушкайфиятда ўтказишлари учун шароит қилиб беришга ҳаракат қиламиз.
Рамазон солиҳ амаллар кўпаядиган ой!
Бу ойда Қуръони Каримни кўп тиловат қиламиз, Аллоҳ таолони зикр қиламиз, нафл ибодатларни кўпайтирамиз, таровеҳларда иштирок этамиз, хатми Қуръонга қулоқ тутамиз, олимлар, фозилларни зиёрат қилиб, дуосини оламиз, мискинларга садақа берамиз, ифторликлар ташкил этамиз ва ҳоказо. Савоблар кўпайтириб бериладиган ойда солиҳ амаллар ҳам кўпаяди.
Рамазон тақво ойидир!
Аллоҳ таоло бизга рўзани фарз қилишининг ҳикматларидан бири – бизда тақвони шакллантиришдир. Рўза айнан тақвони ўргатадиган, сабрни шакллантирадиган, қалбда меҳрни уйғотадиган ибодатдир. Шунинг учун ҳам бу ойда кўп диндошларимиз ўзларини солиҳ амалларга урадилар, бошқа ойлардагидан кўра тақволироқ бўладилар. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазли ва рўзанинг самарасидир.
Рамазон фаришталар нозил бўладиган ойдир!
Бу ойда раҳмат фаришталари Аллоҳнинг изни билан Ерга тушадилар. Масжидларга, Қуръон тиловат бўлаётган, зикр мажлислари ўтаётган жойларга келадилар. Мусулмонлар билан бир сафда туриб ибодат қиладилар. Масжидларда хатми Қуръон пайтида кўзларга ёш келиши ўша фаришталарнинг ўша мусулмоннинг қалбини силаши сабабидандир.
Рамазон қадр кечаси ўрин олган ойдир!
Бу ойда бир кеча борки, у минг ойдан яхшироқ кечадир. Бу – қадр кечасидир. Бу кечада қилинган бир ибодатга бошқа минг ойда қилинган ибодатга бериладиган савобдан ҳам кўпроқ савоб берилади. Қуръони Карим шу кечада нозил бўла бошлаган. Уламоларимиз бу кечани Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларидан излаш кераклигини айтишган.
Рамазон шайтонлар кишанланадиган ойдир!
Бу ойда шайтонлар кишанланади. Инсоннинг солиҳ амал қилиши осон бўлади. Биз мўмин-мусулмонлар Рамазонда тақво малакасини кучайтириб, кейин бутун йил давомида шу малакани зиёда қилиб боришга, амалларга ғайратли бўлишга интилишимиз лозим. Душманимизнинг кишанлаб қўйилиши биз учун катта имкониятдир. Тавба қилишга, ибодатни кўпайтиришга, Аллоҳга яқин банда бўлиб олишга имкониятдир.
Рамазон тавба ойидир!
Бу ойда гуноҳларимизга кўпроқ тавба қилишимиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло мағфирати кенгдир. Рўзани ихлос билан тутиб, ўтган гуноҳларимиз кечирилишига эришишимиз билан бирга, ўзимиз ҳам кўпроқ тавба ва истиғфорда бардавом бўлишимиз даркор. “Астағфируллоҳ ал-Азийм” деб айтишни ўзимиз учун ҳар кунлик вазифа қилиб олишимиз керак. Айниқса, саҳарликка турган пайтларимизда истиғфорга берилишимиз лозим. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда саҳар пайтида истиғфор айтувчиларни мақтаган.
Рамазон гўзал хулқлар билан безаниш ойидир!
Ҳадислардан бирида рўза тутган одам ёлғон гапиришдан ва гуноҳ иш қилишдан тимйилмаса, тутган рўзасидан унга фақат очлик ва чанқоқлик қолиши айтилган. Шунинг учун қорнимизни таом ва ичимликдан, фаржимизни шаҳватдан тийиш билан бир қаторда бутун тана аъзоларимизни гуноҳ, ҳаром ишлардан сақлаб боримшимиз шарт. Бошқача айтганда, ҳамма аъзоларимиз ҳам рўза тутиши керак. Шунда рўзадан кўзланган улкан фойда ва самараларга, беҳисоб савобларга эришамиз.
Рамазон дуолар ижобат бўладиган ой!
Бу ойда кўпроқ дуо қилишимиз керак. Айниқса, Қуръони Каримни хатм қилганимиздан сўнг дуога ҳарис бўлишимиз керак. Саҳарликка турган чоғимизда, ифторлик асносида кўпроқ дуо қилишга интилишимиз айни муддаодир.
Юқоридаги ва бошқа кўплаб ишлар сабабидан биз Рамазон ойини яхши кўрамиз, соғинамиз, кутамиз, бу ойдан чиқсак, маҳзун бўламиз.
Аллоҳ таоло барчамизга кириб келаётган Рамазон ойини муборак қилиб, бу ойда кўп ибодат қилишимизни, гуноҳлари кечирилган, дуолари ижобат этилган, мартабаси кўтарилган, Аллоҳга қурбат ҳосил қилган бандалардан бўлиб чиқишимизни насиб этсин, омин!
ЎМИ Матбуот хизмати