muslim.uz
Ўзбекистонлик имомлар “Ал Азҳар”да малака оширмоқдалар
Маълумки 2019 йилда Ўзбекистон делегациясининг Миср давлатига сафари чоғида Ал-Азҳар мажмуаси билан имзоланган “Йўл харитаси”га мувофиқ ҳар йили ўзбекистонлик имом-хатиблар Мисрда икки ойлик малака ошириш курсларида таҳсил олиши белгиланган эди.
Жорий йилнинг март ойи аввалида мазкур дастур доирасида имом-хатибларимизнинг илк гуруҳи Мисрга йўл олдилар. Ҳозирда улар Ал-Азҳар халкаро ислом академияси қошидаги имомлар, даъватчилар ва фатво тадқиқотчилари малакасини ошириш институтида дарсларни бошлаб юбордилар.
Тингловчиларга фиқҳ, мусталаҳул ҳадис, усулул фиқҳ, фуруъл фиқҳ, Қуръон илмлари, тафсир, тажвид, фиқҳий мазҳаблар, ислом ҳазораси, мулоқот ва мунозара одоблари каби фанлардан Ал-Азҳар мажмуасининг профессор, фан докторлари таълим бермоқдалар.
“Бу жойдаги илмий муҳит юқори савияда. Турли мамлакатлардан имомлар, исломшунос ходимлар, келиб таҳсил оладилар. Бу ерда диний таълим замонавий муаммоларнинг ечими сифатида амалий малакалар билан бирга берилади. Таҳлилга кўпроқ эътибор берилади. Масалан, бугунги мусулмон олами дуч келаётган баъзи муаммолар қайси ҳудудга тааллуқли бўлмасин, айни воқеелик нуқтаи назаридан чуқур таҳлил қилинади. Ва шу асосда муаммонинг ечимига ёндашилади”, дейди “Тўра бува” масжиди имом-хатиби Шавкат Ҳамдамов.
Малака ошириш курслари икки ой давом этади. Якунда имомларга Қуръон қироати, тажвид, тафсир, ҳадис, ақида ва фиқҳ бўйича ижоза (махсус сертификат) олиши белгилаб қўйилган.
Сўнгра навбатдаги бошқа гуруҳлар билан малака ошириш ўқув курси узвий давом эттирилиб борилади. Бундан ташқари Қоҳира шаҳридаги "Дорул ифто ал-мисрийя" (Миср фатво уйи) академиясига ҳам имом-хатибларимизнинг қисқа муддатли ўқувга боришлари бўйича саъй-ҳаракатлар қилинмоқда.
Қадимдан ислом оламида машҳур бўлган, кўплаб алломаларни етиштирган ушбу мўътабар илм даргоҳларида имомларимизнинг таълим олиб, малакаларини оширишлари халқимиз учун катта неъмат бўлди. Келгусида айнан улар орқали ислом тафаккури янада теран таралади. Сохада ўзаро тажриба ва билимлар алмашинади. Аллоҳ таоло икки халқ орасидаги дин ва маърифат йўлидаги хайрли ҳамкорликларни мустаҳкам қилсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Муфтий ҳазрат синиқ кўнгилларга шодлик улашди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Хоразм вилояти бўйлаб сафарлари чоғида ёрдамга муҳтож, кам таъминланган фуқаролар ҳолидан хабар олдилар ҳамда ширин сўзлар, ҳадялар ила кўнгилларини кўтардилар.
Муфтий ҳазратлари бошчилигида бир гуруҳ мутасаддилар мана шундай ижтимоий ҳимояга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган кишилар ва оғир ҳаётий даврларни бошидан ўтказ ўсмирлар хонадонларига ташриф буюриб, суҳбат қурдилар. Бундайларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Ислом динида инсонларга меҳр-мурувват кўрсатишга, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга ва жисмоний имконияти чекланган шахсларга мадад беришга доимо тарғиб этилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.
Ҳа, иншо Аллоҳ, бу тадбирлар орқали қанчадан‑қанча вайрон бўлган кўнгиллар обод бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.
Бундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон вазифасидир.
Хоразм вилояти сафари давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муфтий ҳазратлари Хоразм вилояти имом - хатиблари билан учрашдилар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Урганч шаҳридаги "Охун бобо" масжидига ташриф буюриб, вилоятдаги имом-хатиблар билан учрашув ўтказдилар. Учрашувда Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги доруломон кунларга шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга тўхталиб ўтилди. Ушбу йиғилишда тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди, ечими бўйича аниқ таклифлар берилди.
Муфтий ҳазратлари Урганчдаги мадраса устоз-талабалари билан суҳбатлашдилар
Бугун, 12 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Самарқандий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Хоразм вилоятига сафарлари давомида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти билан танишиб, устоз ва талабалар билан мулоқот қилдилар.
Муфтий ҳазратлари бошчиликларида аввал ушбу мадрасада яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари ва ахборот-ресурс маркази билан яқиндан танишдилар ва ўзларининг муҳим тавсияларини бердилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари ушбу билим юртининг янги биноси лойиҳаларини кўздан кечирдилар. Янги иморатда ўқув хоналари, ётоқхона, компьютер хоналари, ошхона, радиоузель, тиббиёт маркази, кир ювиш хоналари ва намозхона ўрин олганига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан кейин билим юртининг аҳборот-ресурслари марказида бўлиниб ушбу марказдаги мавжуд адабиётлар базаси билан танишдилар. Мазкур марказда 13000 дан ортиқ диний маърифий адабиётларни ўзида мужассамлаштирганига катта урғу берилди. Муфтий ҳазратлари билим юрти ахборот-ресурс маркази билан танишар эканлар, айниқса, ақида бўйича китобларни кўпайтириш, Имом Мотурудий ва Имом Насафийлар китобларидан кенг фойдаланиш тўғрисида ўз тавсияларини бердилар.
Ташриф доирасида барча мударрис ва талабалар билан муфтий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов суҳбат ўтказиб, билим юрти устозлари ва таълим олаётган талабаларга муҳтарам Президентимиз томонларидан диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича сўзлаб бердилар. Ташриф чоғида билим юртида таълим сифати, ўқув дарсликлари турлари, ўқитувчилар ва талабаларга янада қулайликлар ташкил этиш бўйича Муфтий ҳазратлари муҳим тавсиялар бердилар. Келажакда ушбу даргоҳдан илмига риоя қиладиган, она-Ватанига содиқ, халқига вафодор, динига хизмат қиладиган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий сингари аждодларимизга муносиб толиби илмлар етишиб чиқишларини тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар.
Сафар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Муфтий ҳазратларининг Хоразм вилоятига ташрифлари бошланди
Бугун, 12 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Хоразм вилоятига ташриф буюрдилар.
Сафар давомида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюриш, аҳоли билан учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказиш, вилоятда истиқомат қилаётган боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оила хонадонларидан хабар олиш, шунингдек, вилоят имом-хатиблари билан соҳада бўлаётган ўзгаришлар, диний-маърифий йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида давра суҳбати ўтказиш режалаштирилган.
Сафар жараёнларини сайтимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати