muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг муқаддас каломида қуйидагича марҳамат қилиб, Ўз бандаларни уларга берилган неъматлар учун шукр қилишга чақиради:

وَاللّهُ أَخْرَجَكُم مِّن بُطُونِ أُمَّهَاتِكُمْ لاَ تَعْلَمُونَ شَيْئاً وَجَعَلَ لَكُمُ الْسَّمْعَ وَالأَبْصَارَ وَالأَفْئِدَةَ لَعَلَّكُمْ تَشْكُرُون

“Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан ҳеч нарса билмайдиган ҳолингизда чиқарди. У сизга қулоқ, кўзлар ва дилларни берди. Шоядки, шукр қилсангиз.”

(Наҳл сураси, 78-оят)

Шунингдек, берилган неъматлар Аллоҳнинг фазлидан бўлиб, бу  банда учун синов ҳам бўлиши, бандаларнинг шукр этмоқлари эса фақатгина ўзлари учун фойда эканлиги, шукр  неъматнинг зиёда бўлишига, ношкурлик зое топишига сабаб бўлиши  таъкидланади.

قَالَ هَذَا مِنْ فَضْلِ رَبِّي لِيَبْلُوَنِي أَأَشْكُرُ أَمْ أَكْفُرُ وَمَنْ شَكَرَ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ رَبِّي غَنِيٌّ كَرِيمٌ

“Бу Роббимнинг фазлидандир. Мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, синаш учундир. Ким шукр келтирса, ўзи учунгина шукр қилур. Ким куфрона неъмат қилса, бас, Роббим беҳожат ва карамли зотдир, деди.                  (Намл сураси 40-оят.)

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

“Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг.” (Иброҳим  сураси, 7- оят

            Паямбаримиз  саллаллоҳу  алайҳи  васаллам ҳам  ўз  ҳадисларида Иймонни икки қисмга ажратиб, ярими сабрда, ярими шукрда деб, бежизга айтмаганлар. Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳнинг неъмати ичида бўлади. Бу неъматларнинг адади Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида батафсил зикр қилинади. Шунингдек, ушбу инўм этилган нарсалар бандаларнинг шукр келтиришлари ёки аксинча куфрга (куфрона неъмат) кетишларини   синаш учун берилганлиги баён қилинган.

 

Мана шу улу нематлардан бири тинчлик неъмати бўлиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар:

“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар  унинг қадрига етмайдилар. У-   хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”. (Имом Бухорий ривоят қилган).

Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таъолонинг беҳисоб бўлган буюк илоҳий неъматларидан биридир. Шундай экан, банда аввало тинчлик, бу неъмат эканлигини, унинг қадрини билиши, зеҳнида доимо сақлаб, фарқлай олиши, бу Аллоҳнинг инъоми эканлигини билиб, ҳамду сано айтиши ҳамда ҳаққини адо этиши зарур. Инсонлар  нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка болиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ

“Ей иймон келтирганлар! Исломга тўлиича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир.” (Бақара сураси, 208-оят).

Маълумки, “Ислом” Аллоҳга бўйсиниш маъносини билдиради. Исломнинг маъноларидан яна бири-тинчлик. У ҳолда оятнинг умумий маъноси, “Ей, иймон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!…!

Тинчликка тўлиғича кириш эса, ислом кўрсатмалари асосида бўлади. Тинчлик аввало инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Сўнг қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Оилалардаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади.

Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам исломда белгилаб қўйилган. Давлат миқёсида тинч яшашга эса, қалби тинч, оиласи тинч, қўни-қўшни, қариндош-уруғи тинч, жамияти тинч бўлганда эришилади. Исломда давлат билан фуқаролар орасидаги тинч-тотувлик асослари ҳам, давлатлараро тинч-тотувлик йўл-йўриқлари ҳам мукаммал йўлга қўйилган. Охири келиб, ислом кўзлаган тинчликда бутун дунё тинчлигига эришилади. Унда барча қалблар тинч, оилалар тинч, қўни-қўшнилар тинч, қариндош-уруғлар тинч, ҳайвонот, наботот ва бутун борлиқ тинч бўлади.

          

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

 ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Санобар Мухамедҳоджаева

 

 

"Ўзбекистон" радиосининг “Имом Бухорий ўгитлари” дастури

Дастур меҳмони: Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар “Ҳувайдо” жоме масжиди имом-хатиби

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Эй Роббим, онажоним ҳар гал Сенга қўллари кўтариб дуо қилганларида, у кишининг дуоларини ижобат қилгин ва умрларини узун айлагин!

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ажринг кечикмайди

Эҳтимол ишга жойлашишинг кечикаётгандир;

Эҳтимол уйланишинг кечикаётгандир;

Эҳтимол беморликдан тузалишинг кечикаётгандир.

Лекин бу синовларга сабр қилганинг учун ажринг асло кечикмайди.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Бу ҳаётда баъзан бойлар пора олиб, фақирлар садақа қилаётганларини кўриб қоласиз.

“Ҳаётнинг нариги юзи”

*****

Насиҳатгўй бўлмаган қавмда яхшилик йўқ.

Насиҳатни ёқтирмайдиган қавмда яхшилик йўқ.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу

*****

Ҳар қандай синиш ҳам ниҳоя бўлавермайди. Баъзи синишлар ажойиб бошланиш бўлади. Масалан, тухум ташқаридан синдирилса, жўжанинг ҳаёти тугайди. Аммо тухум ичкаридан синдирилса, жўжанинг ҳаёти бошланади.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ҳар куни кимдир вафот этгани ҳақида эшитяпмиз. «Кейинги навбат меники эмас» деб ким айта олади?! Кўзимизни очайлик!

*****

Айримлар ақл ва қалбнинг бўшлигидан кўра ҳамён, ошқозон ва телефон экранидаги батареянинг бўшлигидан кўпроқ ножам бўлишади.

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

jeudi, 05 mars 2020 00:00

Кўринмас душман

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Куч ва Қудрат эгаси бўлган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар ҳамда оламларга раҳмат ўлароқ юборилган, тўғри сўз ва ишончли бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли оиласи, саҳобалари ва тобиъинларига кўплаб солату саломларимиз бўлсин.

Бугунги кунда ўзининг мусулмонлигини даъво қилиб, бироқ динини асл моҳияти илм-маърифат эканлигини билмай, ўрганмай, душманнинг ҳийлаларию найрангларига ишониб, ҳатто билмаганлиги ва англамаганлиги туфайли уларга бу ишларда ёрдамчи бўлиб юрган кишиларнинг сони кўпайиб бормоқда.

Энг ёмони ана шу динининг асл моҳияти илм-маърифат эканлигини билмаган, ўрганмаган кишилар умрининг аксарини кераксиз, фойдасиз ишлар, кўпроқ ИНТЕРНЕТдаги фитналар, бузғунчиликлар, туҳматлар, ғийбату бўҳтонлар ва шуларга ўхшаш қабоҳатларни ўқиш ҳамда томоша қилиш билан инсонга бериладиган бебаҳо ва қайтарилмас бўлган ВАҚТ неъматини самарасиз ўтказишларидир.

Бунинг оқибатида муқаддас динимизда қораланган, у сабабли кўплаб тоъату ибодатлар, яхшилигу олийликлар ўз вақтидан қолиб кетишига ёки тарк қилинишига сабаб бўладиган, унинг зарари ҳамда оқибатлари нафақат бу қабиҳ сифат эгасига, балки ўзгаларга ҳам юқадиган, доимо ўрганилиши ва ўргатилиши шарт ҳамда инсониятга кўринмас, туганмас душман бўлган дангасалик, эринчоқлик ва ишёқмаслик сифатига эга бўлганларнинг сони кўпайиб бормоқда. Бунинг зарари нафақат мусулмонларга, балки бутун инсониятга бўлиши барчамизга аниқ ва равшандир.

Ана шу маънода яна бир карра динимизда бу касалликнинг зарарлари, оқибатлари ва унга қарши туришда ҳамда сизу биз бу касаллик билан касалланиб қолмаслигимиз учун динимиз кўрсатмаларини ўрганишимиз ва эслашимиз лозим деб билдим ва унга умумий қилиб, “КЎРИНМАС ДУШМАН” дея ном бердим. Бундан буён ушбу мавзуда давомли шаклда мақолаларимизни бериб борамиз.

Бу борадаги барча изланишларимизни ҳамда ўрганаётган илмимизни манфаъатли ва унга амал қилишимизни Аллоҳ таолонинг ўзи осон қилсин.   

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби,

ТИИ ўқитувчиси Абдураҳманов Яҳё Убайдуллоҳ ўғли

 

Ушбу мақолада Аллоҳ таолонинг “Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейдир” деган қовли борасидаги илмий янгиликларни тақдим этамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Нур сурасида шундай деб марҳамат қилган:

اللَّهُ نُورُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ مَثَلُ نُورِهِ كَمِشْكَاةٍ فِيهَا مِصْبَاحٌ الْمِصْبَاحُ فِي زُجَاجَةٍ الزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ يُوقَدُ مِن شَجَرَةٍ مُّبَارَكَةٍ زَيْتُونِةٍ لَّا شَرْقِيَّةٍ وَلَا غَرْبِيَّةٍ يَكَادُ زَيْتُهَا يُضِيءُ وَلَوْ لَمْ تَمْسَسْهُ نَارٌ نُّورٌ عَلَى نُورٍ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَن يَشَاءُ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ

“Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Унинг нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичига чироқ қўйилган, чироқ эса, шиша ичида, шиша эса, гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқилур. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейдир. (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир”. (Суранинг номи ушбу ояти каримадан олинган. Бу ояти карима «Нур» ояти деб ҳам номланади. Оятда Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз зоти олийсини «Нур» деб атамоқда. Лекин бу нур сиз билан бизнинг тушунчамиздаги моддий, кўзга таъсир ўтказадиган ёруғлик нури эмас. Аллоҳ таолонинг ҳеч бир сифати сиз билан бизнинг тасаввуримизга тўғри келмайди. Бу жумлани баъзи уламоларимиз, «Аллоҳ осмонлар ва ерни мунаввар қилгувчидир», деб тушунтирганлар. Бошқа бирлари эса, «Аллоҳ осмонлару ерни вужудга келтиргувчидир», деганлар. Яна бошқалари, Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни, яъни, борлиқни Ўз нуридан яратгандир, деган маънода тафсир қилганлар. Бу тушунчаларнинг ҳаммаси араб тилида «нур» сўзи ифода этадиган маънолардан олингандир. «Нур» сўзи аслида ўзи зоҳир бўлиб, ўзгаларни ҳам зоҳир этувчи вужудга нисбатан ишлатилади. Мисол учун, қоронғуликда ёруғлик зоҳир бўлиб, аввал ўзи кўринади ва шунинг баробарида атрофни ҳам ёритади-кўрсатади.) (35-оят)

Ушбу оятда зайтун ёғи, унга олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейиши айтилмоқда. Маълумки, инсон ва бошқа кўплаб жонзотлар, нарсалар атрофга ўзидан турли тўлқин узунлигида ёруғлик ёки овоз тебранишлари тарқатади. Ҳар бир нарсанинг тебранишлари ўзига хос бўлади. Борлиқдаги жуда кўп нарсалар ўзидан ана шундай тебранишлар тарқатиб туради. Уларнинг баъзиларини сезиш, кўриш, эшитиш мумкин. Улар ушбу тебранишлари орқали Аллоҳ таолога тасбеҳ айтаётган бўлса не ажаб. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

تُسَبِّحُ لَهُ السَّمَاوَاتُ السَّبْعُ وَالأَرْضُ وَمَن فِيهِنَّ وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ وَلَـكِن لاَّ تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ إِنَّهُ كَانَ حَلِيماً غَفُوراً

“Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир”. (Араб тилида тасбиҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.) (Исро сураси, 44-оят)

Эътибор берсак, ушбу оятда Аллоҳ таоло “Уларнинг тасбеҳини эшитмассизлар” демади, балки “Уларнинг тасбеҳини англамассизлар” деди. Демак, нарсаларнинг тебранишларини (тасбеҳ айтишларини) сезишимиз, эшитишимиз мумкин, лекин маъносини тушуна олмаймиз.

Ҳа, борлиқдаги ҳар бир нарса тасбеҳ айтади. Ўша нарсаларнинг атомлари ҳам тасбеҳ айтади. Чунки ҳар бир жонли ва жонсиз нарсалар атомлардан ташкил топган. Атомлар тебранади, ҳаракатланади, айланади. Ҳар бир атом, ундаги протон ва электронлар, ядролар, ядрони ташкил этадиган моддалар, кварклар, барча-барчаси тебранади, ҳаракатланади, тасбеҳ айтади.

Америкалик кашфиётчи ва микроскоп орқали секинлаштирилган тасвирга олишни илк йўлга қўйган доктор Роял Реймонд Райф озуқа моддаларда ҳам тебранишлар борлигини кашф этди. Озуқа моддалар ичида энг юқори частотали тўлқинлар тарқатадиган нарса бу – ёғлар экан. Барча турдаги ёғлар, масалан, писта ёғи, пахта ёғи, кунгабоқар ёғи, зайтун ёғи ва ҳоказо.

Инсон бир сонияда ўзидан 60 тадан кўпроқ тебраниш чиқарса, қуруқ ўтларда бир сонияда 20 та атрофида тебраниш бўлади. Аммо ёғларнинг тебранишлари сониясига 320 мартагача етар экан. Аммо биз бу тебранишларни ёки бошқача қилиб айтганда ёруғлик тўлқинларини кўра олмаймиз. Аллоҳ таоло бизнинг кўзимиздан баъзи тўлқин узунликларини тўсиб қўйган. Масалан, ультрабинафша, инфрақизил нурларни. Аслида эса бу Роббимизнинг бизга раҳматидир.

Аллоҳ таоло бизнинг кўзимизга маълум узунликдаги ёруғлик тўлқинларини кўриш, қулоғимизга маълум узунликдаги овоз тўлқинларини эшитиш имконини берган. Оддий кўз билан кўра олмайдиган, оддий қулоқ билан эшита олмайдиган нарсаларимизни махсус қурилмалар орқалигина идрок қила оламиз. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда ёғлар орасидан зайтун ёғини зикр қилди. Биз ундан чиқаётган нурланишни оддий кўз билан кўра олмасакда, махсус қурилмалар орқали кўришимиз мумкин.

Маълум бўлишича, зайтун ёғида юқори даражадаги энергия мавжуд бўлиб, у 100 тадан ортиқ касалликларга шифо бўлар экан. Ҳатто саратон касаллигига ҳам зайтун ёғи шифо бўлиб, ёғдаги махсус моддалар саратон ҳужайрасини ярим соат ичида ўлдириш хусусиятига эга экан. Зайтун ёғиининг таркибида катта миқдорда энергия бор дедик. Агар биз мазкур ёғни истеъмол қилсак ёки танамизга суртсак, танамизнинг иммун тизими кучайишига ва кўплаб касаликларга қарши чидамли бўлишига сабаб бўлар экан. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга зайтун ёғини истеъмол қилиш ва ундан дори сифатида фойдаланишни амр қилганлар.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зайтун ёғини енг ва уни суртинг. Чунки, у муборак дарахтдандир”, дедилар”. Имом Термизий ва Имом Ҳоким ривоят қилишган.

Юқоридаги оятда бошқа ёғларни эмас, айнан зайтун ёғининг келтирилиши Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломига эканига яққол далиллардан биридир. Зайтун ёғининг ўзидан ёруғлик тўлқинларини бошқа моддаларга қараганда кўпроқ ва юқорироқ частотада тарқатиши бугунги кунда аниқланган бўлса, бу ҳақиқатни бундан 1400 йил олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қаердан билдилар экан?! Албатта, бу ҳақиқатни у кишига Аллоҳ таолонинг Ўзи билдиргандир!

Биз кўра олмайдиган нур зайтун ёғидан чиқар экан, агар ушбу ёғга овлов теккизиладиган бўлса, ёруғлик икки ҳисса бўлиб, атроф ёришиб кетади. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда “(Бу) нур устига нурдир” деб марҳамат қилган. Чунки, бунда ёғнинг ўзидан чиқадиган нур билан олов нури қоришган бўлади. Яъни зайтун ёғининг кўзга кўринмас нури билан кўзга кўринадиган олов нури жам бўлган бўлади.

Зайтун ёғи тарқатадиган нур электромагнит тўлқинлар бўлиб, биз буни кўролмаймиз. Аллоҳ таоло бизнинг кўзимизни барча тўлқинларнинг бир қисмини кўра оладиган қилиб яратган. Ҳа, биз радиотўлқинларни кўра олмаймиз, сунъий йўлдошлардан келадиган тўлқинларни кўра олмаймиз, зилзиладан олдин бўладиган ер тўлқинларини ҳам биз сезмаймиз. Аммо баъзи жонзотлар бу тўлқинларни сезади ва қочишга ҳаракат қилади.

Юқоридаги оятнинг сўнггида Аллоҳ таоло “Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур” деб марҳамат қилган.

Аллоҳ таоло барчамизни Қуръон нури узра собит қилсин! Бизга ҳақни кўрсатиб қўйсин ва ботил, тойилиш ва оғишлардан Ўзи асрасин!

 

Абдуддоим Каҳел ва Islom.uz маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Top