muslim.uz

muslim.uz

"Тўра бува" жоме масжиди имом-хатиби Шавкат Хамдамов 

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун биз ҳаёт суръати беқиёс даражада тезлашган шундай замонда яшаяпмизки, инсоният ҳозирга қадар бундай даврни бошидан кечирган эмас. Ҳозирги замонда мафкуравий хатарлар тобора кучайиб бормоқда. Бундай хатарларга қарши доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз зарур, акс ҳолда жамиятда ўнглаб бўлмас, тараққиётдан бир неча ўнлаб йиллар ортда қолишга сабаб бўладиган маънавий, сиёсий ва иқтисодий муаммолар келиб чиқиши мумкин. Маълумки, мусулмон кишининг энг муҳим хусусиятларидан бири ҳам ҳушёрлик ва огоҳлик ҳисобланади. У қўни-қўшни, дўст-биродар ҳамда қариндошлар ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради. Бефарқлик, лоқайдлик, эътиборсизлик мусулмон кишига ёт тушунчадир.

Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Мусулмонлар бир жасад кабидирлар, агар унинг бир аъзоси касал бўлса, қолган аъзолар бедорлик ва иситма билан ҳамдард бўлади”.

Бу ҳадисда бир жамиятда яшаётган мўмин-мусулмонлар гўё бир тан-у бир жон экани, шу жамиятдаги муаммо унинг ҳар бир аъзосига алоқадор эканлиги айтилмоқда.

Шунингдек, бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади:

Абдуллоҳ ибн Мусовирдан ривоят қилинади:

“Ибн Аббоснинг Ибн Зубайрга шундай деяётганини эшитдим:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас”, деганларини эшитдим
”. Аслида мусулмон киши қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради, бепарволик қилмайди. Ҳушёрлик ва огоҳликка зид тушунча лоқайдлик, бепарволикдир.

Мусулмон киши бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва бетараф қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшамайди. Кимдир нотўғри, ёмон иш қилаётганини ёки ахлоқсизлик қилиб, беҳаё ва бепарда гапларни айтаётганини ёки бировнинг бошқасига зулм, адолатсизлик қилаётганини кўриб ёки эшитиб, индамай кетавермайди. Балки уни қайтаради, тўғрилик билан тушунтиради, тушунмаса, тушунтириб қўядиганларга хабар беради. Чунки у бу ишларни ўзи қилмасада, у яшаётган жамиятда қилинаётганлигини ва бу ишлар унга салбий таъсир этишини, гуноҳкор бўлишини аниқ билади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ ман қилган нарсалардан сақланувчи ва уни тортинмай қилиб юрувчининг мисоли худди бир жамоага ўхшайди. Улар кемани минишда қуръа ташлашади. Баъзилари ҳиссасига тепа қисми ва баъзиларига паст қисми тушади. Паст қисмидагилар сув олиш учун тепадагилар олдидан ўтадилар. (Бундан озорланиб) Агар биз сувдан ўз насибамизни олиш учун пастдан тешиб олсак, тепамиздагиларга озор бермас эдик, дейишарди. Агар тепадагилар пастдагилар хоҳлаган нарсани шундайича қўйиб қўйсалар, барчалари ҳалок бўлишади. Агар уларни бу фикрларидан тўхтатишса, ўзлари ҳам, қолганлари ҳам нажот топишади”.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш ҳамда лоқайд бўлмасдан яшаш бизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиши билан бирга, мусулмон сифатидаги диний масъулиятимиз, ҳар биримизнинг елкамиздаги вазифамиздир. Шунинг учун доимо ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ҳушёрлик ва огоҳлик кўзи билан боқиб, жамият олдидаги омонатимизни адо этиб боришимиз лозим. Аллоҳ таоло ҳаммамизга шундай хайрли ишларда мададкор бўлсин.

 

Ф.Матякубов

Хонқа туман “Бобо хўжа бобо”масжиди имом-хатиби

«Қасамки, агар улардан (нега масхара қиласиз, деб) сўрасангиз, албатта, улар: “Биз фақат (баҳсга) чўмиб, ҳазиллашяпмиз”, де­йишади. Айтинг: “Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингиз-ку?! Узр айтмангиз! Имонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз. Агар сизлардан бир тоифани (тавба қилгач) афв этсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганлари сабабли азоблаймиз» (Тавба сураси, 65–66-оятлар).

Ояти карималарнинг но­зил бўлишига қуйидаги ҳо­диса сабаб бўлган. Муфассирларнинг ёзишича, Абдуллоҳ ибн Умар ро­зиял­лоҳу анҳумодан ривоят қилина­ди: «Та­бук ға­зоти сафарида дам олиб ўтиришган­да бир киши: “Анави қо­риларимизга ўх­шаган қорни каттасини, ёлғончисини ва қўрқо­ғини кўрмадик!” деди. Ўша мажлисда ўтир­ганлардан бири унга: “Ёлғон айтдинг, сен мунофиқсан! Албатта, бу гапингни Ра­сулул­лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказаман!” деди ва уни Набий алайҳиссаломга етказганида ушбу оятлар нозил бўлган эди».

Абдуллоҳ ибн Умар ро­зияллоҳу анҳумо айтади: “Мен ўша одамни кўрдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туялари жабдуғига осилиб, суриниб, тошларга қоқилиб: “Ё Расу­лаллоҳ! Биз фақат гапга киришиб кетиб, ҳазил тариқасида шу сўзни айтиб юбордик!” дея зорланарди. Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам эса ушбу оятни такрорлардилар: «Айтинг: “Аллоҳни, оятларини ва Расулини масхара қилаётган эдингиз-ку?! Узр айтмангиз! Имонингиздан кейин (яна) куфрга кетгансиз” (Тавба сураси, 65–66-оятлар).

Олусий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Истеҳзо камситиш ва масхаралашдир”.

Имом Ғаззолий раҳима­ҳуллоҳ: «“Истеҳзо” пастга уриш, камситиш ва айб-нуқсонлар устидан кулиш орқали танбеҳ бериш бўлиб, гоҳида иш-ҳаракат билан, гоҳо сўз билан, гоҳида эса имо-ишора билан ҳам бўлади. Истеҳзонинг асли енгилтакликдан келиб чиққан. Араблар туянинг тезлаб, лўк­киллаб кетишига истеҳзо калимасини қўллашади» деган (“Руҳул маъоний”, 1/158).

Уламолар аҳли илм ва солиҳ зотларни истеҳзо қилиш кофирларнинг сифатларидан ва мунофиқларнинг хислатларидан эканини алоҳида таъкидлашган. Бунга Аллоҳ таолонинг бир неча оятлари очиқ ишора қилади (Қаранг: Бақара сураси, 14–15- ва 212-оятлар; Муъминун сураси, 103–111-оятлар ва ҳоказо).

Истеҳзодан, асосан, Ислом динига душман бўлган гуруҳлар ва уларнинг “дум”лари фойдаланишади. Улар қадимдан мусулмон уламоларни масхара қилиш сиёсатини амалга ошириб келишади. Бу услуб билан илм улуғворлигини кетказишни хоҳлашади.

Мусулмон кишининг зиммасидаги во­жиблардан бири уламоларни ҳурмат қилиш, солиҳларга муҳаббатли бўлишдир. Шариат айнан ушбу муҳаббат ва ҳурмат борасида ҳаддан ошмаслик ҳамда сусткашликка йўл қўймасликни шарт қилган.

Туҳматлар асоссиз бўлса-да, тинмай тар­қатилаверилиши оқибатида айрим эътиборли олимлар ёмонотлиққа чиқиб қолади. Ҳозир ҳам бу услубдан билиб-билмай фойдаланаётган ёш ва ғўр мусулмонлар учраб турибди. Айрим ўринларда улар машҳур уламоларни “хоин”, “зулм малайи”, “динфуруш”, “ширкка чақирганига исбот бор”, “зино ва фаҳшга фатво берган!” деб айблашмоқда.

Бу ишларини “ҳақни гапиряпмиз” деган шиор остида амалга оширишади. Ваҳоланки, улар омилигини очиқчасига тан оладилар. Жоҳилнинг: “Ҳақни айтяпман”, дейиши кўр­нинг: “Карвонга ўзим йўл кўрсатаман!” дейишига ўхшайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлжа тақсим қилаётганларида бир нобакор келиб: “Эй Муҳаммад, адолат қил!” деганида нимани назарда тутди экан? Бугун ҳам уламоларни беҳуда айблаётган нобакорларнинг мақсади нима?

Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуни пичоқ­лаган ра­зил кимса хотин дардида ушбу жирканч ишга қўл урмаганмиди?!

Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳуга қилич урганлар мансаб савдосида ёнганлар эмасмиди?! Улар ҳам “ҳақни айтаяпмиз” деган даъвони қилишмаганмиди?

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳуга: “Ҳукм ёл­ғиз Аллоҳ­никидир!” деганлар ҳақни айтган бўлсалар-да, мақсадлари ботил эмасмиди?! Хаворижлар дастлаб ҳазрат Али тарафдори сифатида жанг қилишган, кейинроқ таҳким ҳодисасини баҳона қилиб, Али розияллоҳу анҳуни ҳам, Муовия розияллоҳу анҳуни ҳам кофир деб эълон қилишган эди. Булар ҳақпарвар эканлари ҳақида жар солиб, шу шиор билан ҳазрат Алидек зотни қатл қилишмаганмиди?

Эътибор беринг! Ушбу жиноятларнинг бар­часи “ҳақни айтяпмиз”, деган даъво ила амалга оширилган. Бугунгача шу руҳият да­вом этмоқда.

Динимиз душманлари оммавий ахборот воситалари орқали “сўз эркинлиги”, “виждон эркинлиги”, “зулмга хизмат қилаётганлар”, “золим давлатлар”, “сиёсий маҳбуслар”, “са­рой муллалари” ва ҳоказо сўзлар билан дав­латларини ёмонлаш, динни, унинг айрим уқувсиз хизматчиларини сабаб қилиб, бемаъни сўзлар билан қоралаш, ҳар қандай йўл билан уламоларни таҳқирлашни буюришади. Бунинг оқибатини ўйлаб ўтирмайдиган кишилар бу фитналарга осонгина қўшилиб кетишади.

Ҳар қандай фитна унсурларига қарши илоҳий дастуримиз энг маъқул кўрсатмаларни берган. Шариатимиз масхара, истеҳзо, камситиш, таҳқирлаш кабиларни қаттиқ қоралар экан, улар орқали юзага чиқадиган салбий вазиятларнинг олдини олган.

Мухтасар айтганда, мазкур ояти карималарга кўра, инсон бир сўз ёки бир амал билан кофир бўлиб қолиши мум­кин. Илмни ва олимларни истеҳзо қилиш, беҳурмат этиш айнан куфрга тушириб қўювчи хатарли ишлар жумласидандир.

 

Аброр Мухтор АЛИЙ

 

Тошкент ислом институти Матбуот котиби

"Тўра бува" жоме масжиди имом-хатиби Шавкат Хамдамов 

ЎМИ Матбуот хизмати

Муқаддас ислом динимиз инсонларни кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Чунки кечиримли бўлишда инсонлар учун кўп манфаатлар бор. Аввало, Кечирган инсон ўзини енгил тортиб, Аллоҳдан бўладиган ажрга лойиқ бўлса, кечирилган инсон эса кечиргучига нисбатан бўлган адовати кетиб, қалбида унга нисбатан илиқлик ва меҳр пайдо бўлади.

Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай баён қилади: “Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур”.(Фуссилат сураси 34-оят)

 Яна Аллоҳ таоло яна  шундай баён қилади:

Ким авф этиб ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳ зиммасидадир”. (Шўро сураси 40-оят).

Қуръони каримнинг яна бир ояти каримасида Аллоҳ таоло бандаларига қуйидагича хитоб қилади:

“Ва агар авф этсангиз, кўнгилга олмасангиз ва айбларини кечирсангиз, бас, албатта, Аллоҳ кечирувчи ва раҳимдил зотдир”. (Тағобун сураси 14-оят).    

Авф ва кечиримлилик ҳақида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида гўзал намуналар жуда кўплаб учрайди. Бунга мисол қилиб Росулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи ва салламнинг бадр жангидан кейин асирларга бўлган муносабатларини келтириш мумкин. Хусусан, бадр жанги тугагач, саҳобалар мушриклардан асир тушганларини Росулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи ва салламга кўрсатаётган пайтларида Маккалик Суҳайл ибн Амр деган одамнинг асир тушганлигини кўрадилар. Суҳайл ибн Амр ўша пайтда исломнинг асосий душманларидан бўлиб, Маккалик мушрикларни Росулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи ва салламга қарши чиқишга даъват қилар эди. Суҳайлни кўрган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи ва салламга қарата шундай дейди: “Эй Росулуллоҳ (соллаллоҳи алайҳи ва саллам)! Менга изн беринг бунинг тишларини суғириб олай, токи ислом ва унинг Пайғамбари ҳақида ёмон гапларни Макка йиғинларида айта олмай қолсин ”. Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳи алайҳи ва саллам “Ундай қилма, эй Умар. Балки Аллоҳ хоҳласа, ундан сени хурсанд этадиган ҳушхабарларни кўрарсан ”, дедилар. Суҳайл асирликдан озод бўлиб, Маккага қайтди. Лекин мусулмон бўлмади. Ўз ўрнида Макка мушриклари томонида туриб мусулмонларга қарши жангларда қатнашди. Вақт ва замонлар ўтиб, Ҳудайбия сулҳида Макка мушрикларининг асосий воситачиси  бўлиб, бир қатор оғир шартларни мусулмонлар зарарига қўйишда иштирок этади. Орадан яна вақтлар ўтиб, Макка фатҳ этилади. Бу пайтда ҳам у мушриклар томонида бўлиб, сўнги паллагача Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши туради. Лекин шундай бўлсада, фатҳдан кейин Суҳайл иймон келтиришни ихтиёр этганида Пайғамбар алайҳиссалом уни кечирадилар ва у ҳақида илиқ гаплар айтиб, мусулмон бўлганини эътироф этадилар.

Бу воқеадан билишимиз мумкинки, қанчалик осий банда бўлмасин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Суҳайлни охиригача кечирдилар. Бу иш ўз навбатида катта самара берди. Росулуллоҳнинг қанчалар бағри кенгликларини ушбу воқеа орқали умматларга кўрсатиб берганликлари биз учун катта буюк ибрат. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир инсонни бадном қилмаслик ва уни яхшилар қаторида бўлиши учун йиллаб сабр қилиб, унинг азиятларини кўтардилар. Вақти келиб қилган ишларидан афсусланганида, уни кечирдилар ва Ўзларининг буюк саҳобалари қаторига қабул қилдилар. Ўз навбатида Суҳайл ибн Амр ҳам ушбу марҳаматдан руҳланиб, то вафот этгунга қадар садоқат билан исломга хизмат қилдилар ва буюк саҳобалар мартабасида бўлдилар.              

Юқоридаги маълумотлардан келиб чиқиб, авф этиш ва кечиримли бўлиш мусулмоннинг энг фазилатли амали эканлигини билиб олишимиз мумкин. Бу ишда Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига ўзларининг суннатлари ила  ўрнак ва намуна бўлдилар.   

Шу ўринда айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев фармони билан охирги уч йил ичида турли байрамлар ва ҳайит байрамлари арафасида минглаб турли жиноятларни қилиб, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган шахслар авф этилмоқдалар. Улар ўз оилалари бағрига қайтиб, қалбларида Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч туйғулари пайдо бўлмоқда. Шу билан биргаликда авф этилганларни реабилитация қилиш, уларни жамиятга қўшиш ва иш билан таъминлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Куни кеча конституциямизнинг йигирма етти йиллиги муносабати билан ҳам Президентимизнинг авф этиш тўғрисидаги фармони қанчадан-қанча оилаларда байрам устига байрам, кўнгиллар шод ва хотиржам бўлишига сабаб бўлди. Бу чинаккам бағрикенглик ва инсонийлик ҳам савоблик ишлардандур.

Ўз навбатида, авф этилган кимсалар ҳам кечиримни суистемол қилмаслиги ва шунга муносиб жавоб бериши шариатимиз талабидир. Зеро, авф ва кечиримлилик жиноят қилган инсонни ислоҳ этиш, уни тўғри йўлга бошлаш ва унинг қадр қимматини тиклаш учун хизмат қилиши мақсад қилиб олинган.

 

 “Бўта бува” жоме масжиди имом хатиби

Зиёуддин Мирсодиқов

Top