muslim.uz

muslim.uz

Aллоҳ таолонинг даргоҳидан ҳайдалаётган пайтда Aллоҳга шундай дейди: “У (Шайтон): “Сенинг иззатинг ила қасамки, мен уларнинг барчасини иғво қиламан. Магар улардан ихлосли бандаларинггина (мустаснодир)”, деди” (Сод сураси, 82-83-оятлар).

Мухлас нима дегани? Мухлас бу – ҳар бир ишни Aллоҳнинг розилиги учун қилиб, маълум мақомга эришган банда. Мухлас бўлиш учун аввало мухлис бўлиш керак. Мухлис ҳар бир ишни хоҳ дунёвий бўлсин хоҳ диний, Aллоҳнинг ризолиги учун қилиши керак.

 Масалан, ота уйдан чиқаётиб: “Aллоҳим, Сен бизга ҳалол меҳнат қилиб, ҳалол ризқ топишни фарз қилгансан. Сенинг амрингга мувофиқ, фарзандларимга ҳалол луқма топиб келиш учун чиқиб кетяпман” деса, у савоб олади. Қиладиган касби-кори, меҳнати ва ҳаракати ибодат ҳисобланади. Талаба дарсга кетаётганида: “Aллоҳим, бугунги дарсларни мен учун барокатли ва манфаатли қил” деса, ниятини холис қилган бўлади. Ҳаттоки, овқат ейишдан олдин “бисмиллаҳ”ни айтиб, ибодатга қувват бўлсин, деган ниятда еса, унга ҳам савоб олади.

 Шундай қилиб, инсон ҳар бир ишини Aллоҳнинг розилигини истаб қиларкан, секин-аста мухлас даражасига кўтарилади. Бундай инсонларни шайтон ҳаргиз алдаёлмайди. Демак, биз интернетга кираётганда ихлос қила оляпмизми, йўқми? Aгар яхши сайт бўлса, албатта унга ихлос қиламиз. “Aллоҳим, мана шу сайтдан менга бир фойда, илм бергинки, унга амал қилиб, Сенинг розилигингни топай” дейиш керак.

Aгар ёмон сайт бўлса-чи?  Уни яхши сайтдан қандай ажратамиз?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Aллоҳ таоло: «Эй Расулуллоҳ, ишларингизни саҳобаларингиз билан маслаҳат қилинг» дейди. Пайғамбардек зотни Aллоҳ таоло маслаҳат қилишга буюряптими, демак, биз ҳам қайси сайт яхши, қайси сайт ёмон эканлигини устозлардан, аҳли илмлардан сўраб, кейин улардан фойдаланишимиз керак бўлади. Aна шунда Aллоҳ таолонинг розилигини топадиган, турли сайтларга кириб, бутун умр афсусланадиган бандалардан бўлиб қолмаймиз, иншааллоҳ.

 

Жалолиддин Муҳаммадазизов

Қон томирлар – танадаги муҳим аъзолардан бўлиб, миямиздан тортиб то оёқларимиз остигача тарқалган. Қон томирлари вена, артерия, лимфа ва майда капилляр томирлардан иборат.

Қон томирлар танамизнинг барча қисмларида мавжуд бўлиб, улар ҳажмига кўра турлича бўлади. Масалан, юрак билан бутун танани боғловчи артериянинг энг каттаси аорта бўлиб, у ичи энг кенг томир ҳисобланади. Унинг кенглиги 2.5 сантиметрни, узунлигини эса қирқ сантиметрни ташкил этади. Қолган томирлар ҳам турлича катталикда бўлади. Кенглиги миллиметрдан ҳам кичик бўлган капилляр томирлар ҳам бор.

Қон томирларнинг танамиздаги вазифаси нима?

Қон томирлар керакли озуқани қон орқали тўқима ва ҳужайраларга етказиб беради. Ҳужайралардан моддалар алмашуви натижасида ҳосил бўлган қолдиқ моддалар ва карбонат ангидрид гази улардан майда вена, капилляр томирларига ўтиб, сўнгра ўрта, йирик вена томирлари орқали юракнинг ўнг бўлмасига келиб қуйилади. Шундай қилиб, юрак-қон томир тизими тананинг ҳамма тўқима-ҳужайраларига озиқ моддалар ва кислород етказиб беради. Уларда ҳосил бўлган қолдиқ моддаларни қабул қилиб, айириш органларига етказади.

Олимлар узоқ изланишлардан сўнг қон томирларининг ички девори силлиқ, эластик модда билан қопланганини, томирларнинг ички деворида қаттиқлик ва эгрилик йўқлигини аниқладилар. Агар томирларнинг ички девори заҳарланиш ёки чекиш таъсирида дағал бўлганида ёки қарилик сабабли томирларда қаттиқлашиш (атеросклероз) юз берганида, қон ўша дағаллашган нуқтада тўхтаб, тўпланиб, охири тромбга олиб келади. Тромб эса хатарли касалликлардан бўлиб, агар инсон дарҳол даволанмаса, вафот этиши мумкин ёки тромб билан оғриган аъзони кесиб ташлашга тўғри келади ёки бўлмаса буйрак етишмовчилиги кузатилиши мумкин. Бундан ташқари тромб натижасида ичаклар гангренаси ҳам бўлиши мумкин.

Япония ва Британияда ўтказилган тадқиқотлар хулосасида айтилишича, хом саримсоқ қон томирлари учун жуда фойдали бўлиб, у қон томирларнинг юмшаши ва ички деворларининг эгилувчанлиги сақланишига хизмат қилар экан. Қон томирлари ички деворларининг эгилувчанлиги эса тромб касаллигининг олдини олишга хизмат қилади.

Инсон танасидаги барча қон томирларининг узунлиги 97-100 минг километрдир. Яъни агар томирларни бир-бирига улаб, чўзилса, Ер шарини икки ярим марта ўраб чиқиш мумкин бўларди.

Инсоннинг умри давомида қон томирларидан 1,5 миллион бочка қон тўхтамасдан, қуюқлашмасдан, тромбга айланмасдан оқиб ўтади.

Бундан ҳам ақлни лол қолдирадиган жиҳати шуки, тананинг ҳар бир ҳужайрасига озуқа ва кислород етиб бориши учун ушбу қон томирларнинг миқдори, узунлиги, кенглиги ва ҳар бирининг жойлашган ўрни аниқ ўлчовга эгадир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

 وَفِي الْأَرْضِ آيَاتٌ لِّلْمُوقِنِينَ وَفِي أَنفُسِكُمْ أَفَلَا تُبْصِرُونَ

“Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир. Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?!” (Зарият сураси, 20-21-оятлар).

Инсон Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи нарсалар борасида кўпроқ тафаккур қилиши, бунинг учун у аввало ўз танасини ўрганиши, уларнинг қандай ишлашини англаб етиши, тана аъзоларини эҳтиёт қилиши, оламлар Робби унга қандай улкан неъматлар ато этганини ҳис қилиб, кўпроқ шукр қилиши лозимдир.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Яхши сўз садақадир", дедилар (Имом Бухорий ривояти).
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳар бир яхшилик садақадир", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Йўлдан азият етказовчи нарсаларни олиб ташлаш садақадир", дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Биродаринг юзига табассум билан қарашинг садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш (Амру маъруф ва наҳий аънил мункар) садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлидан адашганга йўл кўрсатиш садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Челагингдаги сувдан биродарингни челагига қуйиб беришинг садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг садақа", дедилар (Имом Термизий ривояти).
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Кўринганга салом бериш садақадир", дедилар.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Саломга алик олиш садақадир", дедилар.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким биродарининг олдига зиммасидаги ҳақни адо этиш учун юриб борса, ҳар бир қадамига садақа ёзилади", дедилар.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш садақадир", дедилар.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

lundi, 16 décembre 2019 00:00

Замонавий хаворижлар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Алҳамду лиллаҳи роббил аламин. Вассалату вассаламу ала расулиҳи муҳаммадин ва ала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаин. Амма баъду.

Йигирма биринчи аср кишилари ҳар томонлама мураккаб даврда яшамоқдалар. Глобаллашув асрида дунёдаги барча мамлакатлар аҳолиси бир хил нарсани ҳис қилиб, энг замонавий технологик ютуқлардан бирдек манфаатланиб, содир бўлаётган офатлардан ҳам бирдек зарар кўрмоқдалар. Жумладан, экстремизм балосининг ҳозирги кунда бутун дунёга бирдек хавф солиб тургани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, дин ниқобидаги экстремистик ҳаракатлар тарихда ўтган хаворижларнинг фаолиятини айнан такрорлаётгандек.

Маълумки, “хаворижлар” Ислом тарихида биринчи пайдо бўлган экстремистик руҳдаги оқимлардан саналади. Гарчи, уларнинг келиб чиқиши ҳазрати Али р.а.нинг халифалик даврларидаги воқеъалар билан боғлиқ бўлсада, аслида уларнинг пайдо бўлиши ҳақида Расулуллоҳ с.а.в. аввалдан огоҳлантириб кетганлар. Ўз ўрнида Расулуллоҳ с.а.в.нинг бу ҳақда огоҳлантиришларига ҳам сабаб бор эди. Абу Саъид Ал-Худрий р.а. ривоят қилиб айтадилар: Расулуллоҳ с.а.в. Ҳунайн ғазотидан тушган ўлжаларни тақсимлаётган вақларида Бану Тамим қавмидан Зул Хувайсира деган кимса келиб, Эй, Расулуллоҳ! Адолат қилинг! – деди. Расулуллоҳ с.а.в.: Агар мен адолат қилмасам, ким адолат қилади?! - дедилар. Шунда, Умар р.а.: Рухсат беринг, мен уни ўлдирай, деди. Расулуллоҳ с.а.в.: Йўқ, бунинг биродарлари одамлар ихтилоф қилган вақтда хуруж қиладилар. Қуръон ўқийдилар, аммо ҳалқумларидан нарига ўтмайди. Улар худди камондан ўқ чиққандай диндан чиқадилар. Уларнинг белгилари шуки, ораларида бир киши бўлади, унинг қўли аёл кишининг кўкрагидек дўппайган бўлади, дедилар. Абу Саъид айтадилар: бу гапларни Расулуллоҳ с.а.в.дан Ҳунайн кунида ўз қулоғим билан эшитганман, Али р.а. уларни қандай ўлдирганини ўз кўзларим билан кўрганман.

Демак, хаворижлар наздида хеч кимнинг ҳурмати ва хеч нарсанинг қадри, муқаддас деган тушунчалар йўқ. Ҳатто пайғамбардек зотга ҳам бетга чопарлик қилган кимсадан яна қандай мурувват кутиш мумкин.

Имом Ан-Насаий ўзларининг “Ас-сунанул кубро” асарида “Али р.а.нинг хусусиятлари” бўлимида қуйидаги ривоятни келтирадилар: Абдуллоҳ ибн Аббос р.а. айтадилар: Хаворижлардан олти минг киши Ҳарурийядаги бир ерга тўпландилар. Шунда мен Али р.а.га: Эй, мўминларнинг амири! Пешин намозини бир оз салқин тушгунча кечиктириб туринг, эҳтимол мен ана у қавмнинг олдига бориб улар билан гаплашиб кўрарман?! – дедим. Али р.а.: Сиздан хавотирдаман, дедилар. Мен: Хавотир олманг, дедим-да, кийиниб, улар томонга кетдим. Улар тўпланиб ўтирган жойга кирганимда, улар: Хуш келдинг эй, Ибн Аббос, нима сабабдан келдинг? - дейишди. Мен: сизларнинг олдингизга Пайғамбар а.с.нинг саҳобалари бўлмиш Муҳожир ва Ансорлар ҳузуридан, пайғамбарнинг амакиваччаси ҳамда куёвининг ҳузуридан, ҳақларида Қуръони карим нозил бўлган ва унинг таъвилини сизлардан кўра яхшироқ биладиганлар ҳузуридан келдим. Сизларнинг орангизда эса ундай зотлардан бирорта ҳам киши йўқ. Ҳузурингизга уларнинг айтаётган гапларини сизларга етказиш ва сизларнинг гапингизни уларга етказиш учун келдим, дедим. Шунда улардан бир қанча нафари мен томонга ўтди. Мен: қани Расулуллоҳ с.а.в.нинг саҳобалари, биринчилардан бўлиб У зотга имон келтирган амакиваччаси ва куёвига қарши норозилик даъволарингизни айтинг, дедим. Улар: учта нарсада даъвомиз бор, дейишди. Айтинг, дедим. Улар: биринчиси, у Аллоҳнинг динида кишиларни ҳакам қилди. Ваҳолангки, Аллоҳ таоло: “Ҳукм Аллоҳдан ўзганики эмас”, деган (Анъом сураси, 57-оят), дейишди. Мен: бу биттаси, дедим. Улар: иккинчиси, у жанг қилди-ю аммо, ғанимларининг аёлларини чўриликка ҳам олмади, уларнинг мол-мулкини ўлжага ҳам олмади. Агар, улар кофир бўлганларида уларнинг аёллари ҳам, мол-мулклари ҳам бизларга ҳалол бўлган бўлар эди. Аксинча, агар улар мўмин бўлганларида уларнинг қонини тўкишимиз ҳаром эди, дейишди. Мен: бу иккинчиси, дедим. Улар: учинчиси шуки, у ўзини “мўминларнинг амири” деб номланишидан воз кечди. Агар, у мўминларнинг амири бўлмаса демак, кофирларнинг амири экан, дейишди. Мен уларга: бундан бошқа даъвоингиз йўқми? - дедим. Улар: шунинг ўзи кифоя қилади, дейишди. Мен уларга: агар мен сизларнинг ушбу даъволарингизга Аллоҳнинг китобидан ва пайғамбарининг суннатидан раддия келтирсам, қайтасизларми? – дедим. Аллоҳга қасамки, албатта қайтамиз, дейишди. Шунда мен уларга: Аллоҳнинг динида кишиларни ҳакам қилди, деган даъволарингизга раддия сифатида шуни айтаманки, Аллоҳ таоло қиймати чорак дирҳам турадиган қуён ҳақида ҳукм чиқаришни кишиларга топширган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Эй, имон келтирганлар! Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасддан ўлдирса, (жазоси) худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробар жазодир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолатли киши ҳакамлик қилур…”, деган (Моида сураси, 95-оят). Шунингдек, эр ва хотин ўртасида ҳам ҳакамлик қилишни кишиларга топширган. Бу ҳақда: “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз...”, деган (Нисо сураси, 35-оят). Энди, Аллоҳ номи билан сўрайман, айтингларчи, кишилар мусулмонларнинг жони ва молини сақлаш, уларнинг орасини ислоҳ қилиш борасида ҳукм чиқармоққа ҳақлимилар ёки қиймати чорак дирҳам турадиган қуён ҳақида-ми? – дедим. Улар: албатта, жонларини сақлаш ва ораларини ислоҳ қилиш ҳақида, дейишди. Бу даъволарингизга берган раддиям ўринлими? - дедим. Улар: Аллоҳ ҳаққи, ҳа, дейишди. Энди, иккинчи, яъни жанг қилди-ю аммо, аёлларни чўриликка ҳам олмади, мол-мулкни ўлжага ҳам олмади, деган даъволарингиз жавоб шуки, сизларнинг ўзингиз онангиз Оиша р.а.ни чўриликка олган бўлармидингиз. Мўминларнинг онаси бўлмиш бу зотдан ҳудди бошқа аёллардан ҳалол бўладиган нарсасини ўзингизга ҳалол қилиб олармидингиз. Агар шундай қилсангиз, демак кофир бўлибсиз. Борди-ю, у бизнинг онамиз эмас, десангиз у ҳолда ҳам кофир бўласиз. Чунки, Аллоҳ таоло: “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам ҳақлироқдир, унинг хотинлари эса уларнинг оналаридир”, деган (Аҳзоб сураси, 6-оят). Шундай экан, сизлар икки томонлама залолатдасизлар, булардан чиқиш йўлини ахтаринглар. Иккинчи даъволарингизга берган раддиям ҳам ўринлими? – дедим. Улар: Аллоҳ ҳаққи, ҳа, дейишди. Учинчи, яъни у ўзини мўминларнинг амири деб номланишидан воз кечди, деган даъволарингизга жавоб шуки, Расулуллоҳ с.а.в. Ҳудайбия кунида Қурайш зодагонларини ўртада сулҳ битими тузишга чақирдилар. Шунда Пайғамбар а.с. Али р.а.га: ушбу битим Муҳаммад Расулуллоҳ томонидан тузилди, деб ёз, деганларида, Қурайшликлар: йўқ, агар биз сени русуллуллоҳ эканлигингга ишонганимизда сени Аллоҳнинг байтидан тўсмаган, сенга қарши уришмаган бўлардик. Шунинг учун Муҳаммад ибн Абдуллоҳ деб ёз, дейишди. Шунда Расулуллоҳ: Аллоҳга қасамки, гарчи сизлар мени ёлғончи десангизда, мен Аллоҳнинг расулиман. Майли, эй Али, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ деб ёзавер, деганлар. Расулуллоҳ с.а.в. Али р.а.дан афзал бўлганлари ҳолида, ўзларини Аллоҳнинг расули деб ёздиришдан воз кечдилар, аммо бу дегани пайғамбарликдан воз кечдилар, дегани эмас эди. Учинчи даъволарингизга берган раддиям ҳам ўринлими? – дедим. Улар: Аллоҳ ҳаққи, ҳа, дейишди ва улардан икки минг киши ўз фикридан қайтди. Қолганлари эса, Алига қарши чиқишдан қайтмадилар. Шундан кейингина Муҳожир ва Ансорлар уларга қарши урушиб, барчаларини ўлдирдилар”.

Ушбу мунозарадан кўриниб турибдики, хаворижлар тоифаси гарчи саҳобалар даврида чиққан бўлсада, бирорта ҳам саҳобий улар тарфида бўлмаган, аксинча бу тоифа ҳақ билан ботилни ажрата олмайдиган илмсиз, жоҳил кимсалардан таркиб топган. Ҳозирги кундаги экстремистик тоифаларнинг бирортаси ҳам ислом оламида мўътабар ва машҳур уламолар томонидан эътироф этилмаган, аксинча барча аҳли илмнинг муттасил танқидига учраб келаётган кимсалардир.

Ибн Умарнинг мавлоси Нофеъдан Абдуллоҳ ибн Умарнинг Хаворижлар ҳақида қандай фикрда бўлганлиги тўғрисида сўрашганида, у шундай деб жавоб берган эди: “Абдуллоҳ ибн Умар р.а.: Хаворижлар халойиқнинг энг ёмонидир. Улар кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга татбиқ этадилар, дер эдилар”. Ҳақиқатан, замонавий хаворижлар бўлмиш экстремистик тоифалар ҳам кофир ва мушриклар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга нисбатан талқин этиб, уларни кофирга чиқармоқдалар. Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган видео роликларнинг бирида, бир тўда экстремистик кайфиятдаги кимсалар жумладан, “Мумтаҳана” сурасининг 4-оятини мўминларга татбиқ қилаётгани намойиш этилган. Мазкур оятнинг мазмуни шундан иборатки, “Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда гўзал намуна бордир. Қайсики, улар ўз қавмларига: “Бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсаларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор этдик. Токи, сизлар ёлғиз Аллоҳга имон келтирмагунингизгача, сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва нафрат пайдо бўлди”, – дедилар...”. Маълумки, Иброҳим а.с. айни бутпарастликка муккасидан кетган қавмга пайғамбар бўлиб келган эдилар. Ҳатто у зотнинг оталари Озар бут ва санамлар ясовчи уста бўлгани тарих китобларида баён қилинган. Бутларга сиғинувчи қавмни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирган Иброҳим а.с. ва у кишига имон келтирганлар ўз қавмларининг ҳидоятга келишидан умидлари узилгач, мазкур оятда баён қилинган сўзларни айтганлар. Буни қарангки, ушбу оятни минг йиллардан бери мўмин-мусулмон бўлиб яшаб келаётган ўзбек халқига қарши талқин қилиш нақадар кулгили. Бу эса, уларнинг илмсиз, ўта жоҳил кимсалар эканлигига далолат қилиб турибди.

Шуни таъкидлаш жоизки, барча бидъатчи фирқаларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишида Ислом ва мусулмонларнинг ашаддий душманларининг қўли борлигига шак-шубҳа йўқ. Шундай экан, чин мусулмон инсон экстремистик тоифаларнинг жозибадор сўзлари-ю, мафтункор даъволарига олданмаслиги лозим бўлади.

Фатво  бўлими мудири

 Ҳ. Ишматбеков.

  

Top