muslim.uz

muslim.uz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятнинг борлиқ каби Аллоҳ таолога итоат қиладиган бўлиши учун келган эдилар. Чунки, борлиқ ўзининг жонсиз нарсалари, ўсимликлари, жонзотлари билан биргаликда Аллоҳ таолога бўйсунувчидир. Борлиқда юз берадиган барча нарса Аллоҳ таолонинг иродаси билан амалга ошади. Лекин инсонга жузъий ихтиёр берилгани сабабли унда итоаткорлик ва осийлик содир бўлиб туради. Инсонда содир бўлиб турадиган борлиқ билан ҳамоҳанг бўлмаслик ҳолатини тузатиш учун Ҳақ субҳанаҳу ва таоло Пайғамбар юбориб, Пайғамбарига китоб нозил қилиб туради. Ҳа, фақатгина инсон баъзида Роббисини унутиб, Унга итоат қилмай қўяди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ يَسْجُدُ لَهُ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَمَن فِي الْأَرْضِ وَالشَّمْسُ وَالْقَمَرُ وَالنُّجُومُ وَالْجِبَالُ وَالشَّجَرُ وَالدَّوَابُّ وَكَثِيرٌ مِّنَ النَّاسِ وَكَثِيرٌ حَقَّ عَلَيْهِ الْعَذَابُ وَمَن يُهِنِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِن مُّكْرِمٍ إِنَّ اللَّهَ يَفْعَلُ مَا يَشَاءُ

“Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар ва одамлардан кўплари, албатта, Аллоҳга сажда қилишини кўрмайсанми? Кўпларига эса, азоб ҳақ бўлди. Кимни Аллоҳ хор қилса, уни икром қилгувчи бўлмас. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган нарсасини қилади”. (Демак, дунёдаги барча мавжудот Аллоҳ таолога сажда қилади. Уларнинг қандай сажда қилишини Аллоҳнинг Ўзи билади. «Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар Аллоҳга сажда қилади», деб қўйилса, кифоя эди, бутун борлиқнинг сажда қилиши тушунаверилар эди. Лекин баъзи махлуқлар алоҳида қайд этилди, чунки баъзи одамлар ўша махлуқларга–қуёш, ой ва юлдузларга сажда қиладилар. Оятда ўша нарсаларнинг Аллоҳга сажда қилишини таъкидлашдан мақсад улар худо бўла олмаслигини яна бир бор таъкидлашдир. Бутун борлиқ ҳеч бир истисносиз Аллоҳга сажда қилаётгани айтилган бўлса ҳам, одамларга келганда, «кўплари» сажда қилмасликларига ишора этилмоқда. Ҳа, фақат одам боласигина Аллоҳга исён қилади. Аллоҳга сажда қилмагани учун, кофир бўлгани учун уларга азоб ҳақ бўлди. Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар икки дунёда хордир.) (Ҳаж сураси, 18-оят).

Аслида инсонларнинг ҳаммаси ҳам борлиқ каби Аллоҳ таолога итоат қилиш керак эди. Борлиқнинг Аллоҳ таолога бўйсунишини юқорида айтдик. Шунинг учун Аллоҳ таолога бўйсунувчи бу борлиқ Аллоҳ таолога итоат қилувчи инсонни яхши кўради, унга улфат бўлади. Борлиқ ўзи итоатли бўлгани учун итоатли инсонларни ёқтиради.

Борлиқ Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади, бўйсунади, аммо инсон баъзан итоатсизлик қилиб, тасбеҳ айтишни унутади. Аллоҳ таоло инсонни ҳам борлиқ каби Ўзига итоатли бўлишига изн берганда, ҳаммани итоатга чорловчи пайғамбар юборади. У пайғамбар бутун инсониятни борлиқ билан ҳамоҳанг бўлишга, Аллоҳ таолога бўйсунишга чақиради. Шунинг учун борлиқ у пайғамбарни яхши кўради, унинг келганидан қувонади. Бутун борлиқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ана шундай яхши кўради.

Ислом дини келишидан олдин Арабистон яриморолида жоҳилият даври, яъни Аллоҳ таолога итоат қилмайдиганлар жамияти мавжуд эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бутун инсониятни Аллоҳ таолога бўйсунишга даъват қилиш учун келдилар. Шунинг учун фаришталар, итоат қилувчи жинлар, тошлар, дарахтлар, ўсимликлар ва бошқа махлуқлардан иборат бутун борлиқ у зот алайҳиссаломни яхши кўриб, пайғамбар этиб юборилишларидан хурсанд бўлиши ҳеч ажабланарли иш эмас.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен Маккада бир тошни билурман. У менга (пайғамбар этиб) юборилишимдан олдин салом берар эди. Албатта, уни ҳозир ҳам танийман», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Юқорида борлиқ ҳам тасбеҳ айтади дедик. Ҳа, шундай. У ўзига хос тарзда тасбеҳ айтади. Унда ҳам хурсанд бўлиш ёки хафа бўлиш деган нарсалар бор.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

تُسَبِّحُ لَهُ السَّمَاوَاتُ السَّبْعُ وَالأَرْضُ وَمَن فِيهِنَّ وَإِن مِّن شَيْءٍ إِلاَّ يُسَبِّحُ بِحَمْدَهِ وَلَـكِن لاَّ تَفْقَهُونَ تَسْبِيحَهُمْ إِنَّهُ كَانَ حَلِيماً غَفُوراً

“Унга етти осмону ер ва улардаги кимсалар тасбеҳ айтур. Унинг ҳамди ила тасбеҳ айтмаган ҳеч бир нарса йўқ. Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар. Албатта, у ҳалийм ва сермағфират зотдир”. (Араб тилида тасбиҳ айтиш «Аллоҳни поклаб ёд этиш» маъносини англатади. Ушбу ояти карима бутун борлиқ, барча мавжудот Аллоҳ таолони айбу нуқсондан поклаб тасбиҳ айтишини таъкидламоқда.) (Исро сураси, 44-оят).

Ҳа, осмону ер ва улардаги кимсалар Аллоҳ таолога тасбеҳ айтади. Биз тасбеҳ айтишда лафзалар ва тилни ишлатамиз. Борлиқнинг тасбеҳ айтаётганини эшитмаганимиз учун баъзи уламолар “Борлиқнинг тасбеҳ айтиши дегани бутун борлиқ Аллоҳ таолонинг борлигига ва бирлигига далолат қилиши деганидир” дейишган. Биз уларга айтамиз “Тўғри, сизлар айтганингиздек, бу тасбеҳ “Далолат тасбеҳи” ҳамдир. Аммо борлиқнинг ҳақиқий тасбеҳ айтишини ҳам ман этолмайсизлар. Агар фақат “Далолат тасбеҳи”нинг ўзи бўлганида сизлар ушбу тасбеҳни тушунолмаган, англолмаган бўлишингиз керак эди. Аллоҳ таоло юқоридаги оятда “Лекин уларнинг тасбеҳини англамассизлар” деб айтган. Демак, “Далолат тасбеҳи”дан ташқари сизлар тушуна олмайдиган тарздаги тасбеҳ ҳам борлиги бу оятдан маълум бўляпти.

Борлиқнинг тасбеҳ айтиши ҳақида сўз юритар эканмиз, бунга ишора қилувчи оятларни келтиришда давом этамиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда яна шундай марҳамат қилган:

وَلَقَدْ آتَيْنَا دَاوُودَ مِنَّا فَضْلاً يَا جِبَالُ أَوِّبِي مَعَهُ وَالطَّيْرَ وَأَلَنَّا لَهُ الْحَدِيدَ

“Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик. “Эй тоғлар, у билан бирга (тасбиҳни) қайтар ва қушлар ҳам”, (дедик). Ва унга темирни юмшоқ қилдик” (Сабаъ сураси, 10-оят).

Аллоҳ таоло яна бир оятда бундай деб марҳамат қилган:

وَسَخَّرْنَا مَعَ دَاوُودَ الْجِبَالَ يُسَبِّحْنَ وَالطَّيْرَ وَكُنَّا فَاعِلِينَ

“Довуд билан бирга тасбиҳ айтсин деб тоғларни ва қушларни бўйинсундириб қўйдик. Шуларни қилгувчи бўлган Бизмиз” (Анбиё сураси, 79-оят).

Демак, тоғлар Довуд алайҳиссалом билан ҳам, у кишидан бошқалар билан ҳам тасбеҳ айтади.

Ҳар бир нарсанинг ўз тили, мантиғи бор. Биз у тилни билмаганимиз учун уларнинг гапларини, айтадиган нарсаларини тушунмаймиз. Агар Аллоҳ таоло бирор бандасини ўша нарсаларнинг тилларини тушунадиган қилиб қўйса, у банда ўша жонзотларнинг тасбеҳини тушуна олган бўлади. Бунга мана бу оят далилдир. Аллоҳ таолонинг ушбу оятига эътибор беринг:

حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِي النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ ادْخُلُوا مَسَاكِنَكُمْ لَا يَحْطِمَنَّكُمْ سُلَيْمَانُ وَجُنُودُهُ وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ فَتَبَسَّمَ ضَاحِكاً مِّن قَوْلِهَا وَقَالَ رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحاً تَرْضَاهُ وَأَدْخِلْنِي بِرَحْمَتِكَ فِي عِبَادِكَ الصَّالِحِينَ

“Токи улар чумолилар водийсига келганларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар”, деди”. (Чумолилар ҳам асалариларга ўхшаб, ажойиб интизомга эга. Ҳали-ҳануз уларнинг жамоат бўлиб яшашлари сири англанган эмас. Бу оятда улар бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари айтилмоқда.)

“Бас, у унинг сўзидан табассум қилди ва: “Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муяссар этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларингга қўшгин”, деди”. (Сулаймон алайҳиссалом чумолининг сўзларини эшитиб жилмайдилар.) (Намл сураси, 18-19-оятлар).

Ҳа, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга жонзотларнинг, шу жумладан, чумолининг тилини тушуниш неъматини бергани учун Унга шукр қилмоқдалар.

Бутун борлиқ Аллоҳ таолога бўйсунувчи эканига, у Аллоҳ таолога бўйсунмайдиган кишиларни яхши кўрмаслигига ушбу оятлар ҳам далил бўлади:

 وَجَدتُّهَا وَقَوْمَهَا يَسْجُدُونَ لِلشَّمْسِ مِن دُونِ اللَّهِ وَزَيَّنَ لَهُمُ الشَّيْطَانُ أَعْمَالَهُمْ فَصَدَّهُمْ عَنِ السَّبِيلِ فَهُمْ لَا يَهْتَدُونَ

“Мен у(аёл)нинг ва қавмининг Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда қилаётганларини ва шайтон уларга амалларини зийнатлаб, йўлдан тўсаётганини кўрдим. Бас, улар ҳидоят топмаслар” (Намл сураси, 24-оят).

Аллоҳ таоло ушбу оятда Ҳудҳуднинг Сулаймон алайҳиссаломга айтган гапини ҳикоя тарзида келтирмоқда. Ҳудҳуд Сабаъ маликасининг ўз қавми билан қуёшга сажда қилишидан, шайтон уларга амалларини зийнатлаб, йўлдан тўсаётганидан ташвишга тушяпти. Демак, Ҳудҳуд ҳам аслида кимга сажда қилиш кераклигини, кимга тасбеҳ айтиш лозимлигини билади.

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг мавъизалари ва интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муқаддас динимизда тинчликка ва кишиларнинг осойишталигига раҳна соладиган барча ишлар бузғунчилик-фасод ишлардан саналади. Қуръони Каримнинг Бақара сураси 205-оятида “Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас” дейилган.

Террорчилик ва ақидапарастлик бегуноҳ одамларнинг қони тўкилишига олиб келади. Муқаддас Ислом динимизда бундай ишлар қатъий ман этилиб, Қуръонда “Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади” (Моида, 32) дея қатъий қораланган.

Бугунги бузғунчи оқимларнинг асосий дастак қилиб ушлаган нарсаси шуки, улар шариат амалларини тўла-тўкис бажармаган бошқа мусулмонларга нисбатан «қозиликни» даъво қилиб, «мунофиқ» ва «муртад» деб ҳукм чиқаришдан тап тортмайдилар. Ҳадисда, «Кимки мўмин кишини «кофирсан» деб ҳақоратласа, гўёки унинг қонини тўкканчалик гуноҳ қилган бўлади», дейилади. Яъни, ҳеч бир одамга мусулмон инсонни «кофир», деб ҳукм чиқариш ҳуқуқи берилмаган.

Ҳанафийлик мазҳаби асосчиси Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ушбу масалада қуйидаги қатъий хулосани берганлар: «Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, гарчи у кабира гуноҳ бўлса ҳам, башарти уни ҳалол деб эътиқод қилмаган бўлса».

Юрти ва миллатига хиёнат қилишлик, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкиш оғир гуноҳ бўлиб, бундай кимсалар илоҳий омонатга амал қилмаган бўлади. Бақара сураси, 191-оятда “Фитна қатл этишдан ёмонроқдир”, «Нисо» сураси, 59-оятида эса “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг”, деган кўрсатма мавжудлигини инобатга олсак, Ислом шариатида итоатсизлик қаттиқ жазога лойиқ ҳисобланишини англаш мумкин.

Бир нарса аниқки, биз мусулмонларга ҳеч қачон бўлиниш, талашиб-тортишиш фойда бермаган, фойда бермайди ҳам. Зеро Аллоҳ таоло ўзининг каломида: “Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”,(Оли Имрон, 103-оят ) деб марҳамат қилган. Талашиб тортишиш, фирқаларга бўлиниш туфайли ғайридинларга кулги бўлиш, мусулмонларнинг куч-қувватлари йўқ бўлиши юзага келади.

Дунё мусулмонларининг 92,5 % ини «Аҳли суннат вал-жамоат» ташкил этади. Иккита ақидавий (Ашъарий ва Мотуридий) мазҳаб асосидаги тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб (Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг Ҳанафий, Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг Моликий, Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳнинг Шофеъий, Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг Ҳанбалий мазҳаблари)га амал қилувчи мусулмонлар «Аҳли суннат вал-жамоат»дир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматим залолат узра жам бўлмайди», — деганлар. Демак, ўша янги пайдо бўлган бир тутам фирқалар дунё мусулмонларининг деярли барчасига хилоф иш тутмоқдалар. Шу ўринда пул ишлаб келиш илинжида Хорижга кетаётган баъзи ёшларимиз диний-экстремистик оқимларга қўшилиб қолаётганини таъкидлаш лозим. Айрим ёшлар чет мамлакатларда мутаассибларнинг таъсирида “жиҳодий жамоа” тузиб, оила, маҳалла ва юртга хиёнат йўлига ўтган ҳолатлари кузатилмоқда. Шунинг учун, ёшларимиз қаерда ва нима билан шуғулланиб пул топаётганини назорат қилишимиз, маҳаллада ҳушёр бўлишимиз, керак бўлса, тергаб туришимиз лозим.

Биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралардан қатъият билан ҳимоя қилсак, ҳар қандай ғаразгўй кучлар мамлакат мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига раҳна сола олмайди. Бу, жамиятимиз, шу юрт, шу Ватанни муқаддас деб билган ҳар бир фуқаро олдида турган асосий вазифадир.

 

Аминов Ҳамдам

Янгиариқ тумани Муҳаммад саид масжиди имом-хатиби

Ҳар кимга тавҳид ва ақида илмига доир бирор мушкил масала учраб қолса, то бирор олимни топиб, сўраб, аниқлаб олгунига қадар: «Аллоҳнинг наздида тўғри бўлганига эътиқод қилдим» – деб туриши зарур. Олимни излашда тахир этмагай. Тахирга қўйса узри қабул этилмас. Агар излашдан тўхтаса, кофир бўлур.

Меърож воқеаси ҳақ ва ростдир. Ҳар ким уни инкор этса, у залолат ва бидъат аҳлидир.

Дажжол ва Яъжуж­Мажужнинг чиқишлари, қуёшнинг кун ботар томонидан чиқиши, Исо (а.с.)нинг осмондан тушишлари ва бошқа қиёмат аломатлари саҳиҳ хабарларда зикр этилганидек ҳақ ва ростдир.

Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасини тўғри йўлга ҳидоят этгай! 

 

Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг

“Фиқҳи акбар” китоби

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси

 

Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Муҳтарам меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, барчангизни, бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллик байрами билан самимий табриклаб, эзгу тилакларимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Ҳурматли дўстлар!

Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси – Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.

Тарихга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини кўрамиз.

Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди.

Мустақиллигимизнинг илк даврида қабул қилинган Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди.

Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.

Айнан шу сабабли Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур.

Ҳурматли юртдошлар!

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган эдилар. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади.

Ҳар қандай демократик ислоҳотлар самараси, тинчлик ва тараққиётнинг асосий гарови ҳам Конституция ва қонун устуворлиги таъминланиши билан бевосита боғлиқ.

Қонун устуворлиги – бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари чиқараётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шарт, деганидир.

Шу боисдан ҳам барча бўғиндаги кадрлар, у хоҳ вазир, ҳоким ёки оддий фуқаро бўлсин, Конституция ва қонунларни пухта билиши, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиши ҳамда биринчи навбатда бу қоидаларга бутун жамият аъзолари қатъий амал қилиши шарт бўлган муҳит яратишимиз зарур.

“Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови” деган тушунча фуқароларимизнинг онги ва қалбида чуқур ўрин эгаллаши ҳамда ижтимоий эҳтиёжга айланиши учун қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, қонунлар ижросини самарали ташкил этиш, тизимли муаммоларни олдиндан кўра билиш, қонун бузилишининг салбий оқибатларига қарши курашиш билан бирга бундай ҳолатни барвақт бартараф этишга қаратилган тизимни шакллантириш айниқса долзарбдир. Афсуски, ушбу талаблар бизда ҳали тўлиқ бажарилмоқда, деб айта олмаймиз.

Шу йилнинг ўзида 70 дан ортиқ қонун, 350 дан зиёд Президент фармони ва қарорлари қабул қилинди. Бу қонун ҳужжатлари ким учун ва нима мақсадда қабул қилинмоқда?

Албатта, халқимиз фаровонлиги учун.

Масалан, иқтисодиётимизни жадал ривожлантиришнинг муҳим шарти бўлган “Давлат-хусусий шериклиги тўғрисида”ги қонунни қабул қилганимизга 7 ой бўлди. Кўпдан буён кутилган, ҳаётнинг ўзи талаб этаётган бу қонун лойиҳаси устида биз узоқ вақт ишладик. Ушбу ҳужжат фуқароларнинг давлат ва жамият вазифаларини бажаришга доир конституциявий ҳуқуқини амалга оширишнинг таъсирчан механизмидир.

Ҳозирги вақтда айрим тармоқларда давлат-хусусий шериклик бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. Аммо соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, йўл қурилиши, коммунал хўжалиги каби йўналишларда, аксарият ҳудудларда ҳали бу борада ташаббус умуман сезилмаяпти.

Вазир ёки ҳоким қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунмаса, англаб етмаса, уни ҳаётга татбиқ этишда жонбозлик кўрсатмаса, ислоҳотларимизнинг олдинга юриши, одамларда ташаббус уйғотиш қийин бўлади.

Ҳудудлардаги экин майдонларида рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан қурилиш қилиш, бино-иншоотларни бетартиб бузиш каби нохуш ҳолатлар қонунлар ижросини назорат қилиш ишлари оқсаётганидан далолат беради. Шу боис Парламент, Ҳукумат ва Олий суд қабул қилинаётган қонунлар ижросини таъминлашнинг самарали механизмларини қўллаши зарур.

Бу борада кадрларни ўқитиш ва малакасини оширишга, ҳуқуқий ахборотни замонавий усуллар орқали кенг оммага етказишга, қонунларни билиш ва қўллаш бўйича мутасадди раҳбарлар фаолиятини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқишга биринчи даражали эътибор қаратиш лозим.

Иккинчидан, Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ.

Буюк юнон олими Афлотун шундай деган эди: “Халқ қонунларга эҳтиёж сезиб, уларни пухта ўрганса, бу фақат унинг ўзига фойда келтиради. Акс ҳолда қонундан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди”.

Ҳақиқатан ҳам, халқимиз қонун бузилишига қарши қаттиқ турмас экан, давлат идоралари, мансабдор шахслар қанчалик уринмасин, қонун устуворлигини таъминлаш қийин бўлади.

Бугун жамоатчилигимиз том маънода уйғонди, энди турли лавозимдаги шахсларнинг хатти-ҳаракатларига одамларимиз бевосита баҳо бериб, ўз фикрини эркин ифода этишга ўрганмоқда.

Якунланаётган йилда Давлат бюджети илк бор кенг муҳокама этилиб, очиқлик ва ошкоралик руҳида қабул қилинди. Унда турли вазирлик ва идоралар ҳар бир сўмни нимага ва қандай харажат қилиши аниқ кўрсатиб берилди.

Фуқароларимиз ва депутатларимиз билдирган фикрлар асосида мактабларга мебель ва компьютерлар харид қилиш учун бюджет харажатларини қисқартириш ҳисобидан 50 миллиард сўм қўшимча маблағ ажратилди. Бундай ижобий ҳолат бизнинг тажрибамизда биринчи марта юз бераётганини алоҳида қайд этиш лозим.

Ёки кўпчилигингиз хабардорсиз, кейинги пайтда жойларда дарахтларни оммавий равишда кесиш кучайиб кетган эди. Бу одамларнинг норозилигига сабаб бўлди. Шунинг учун яқинда дарахтларни сабабсиз кесишга қарши мораторий эълон қилинди. Бу ҳам жамоатчилик фикри қандай кучли таъсирга эга эканига мисол бўла олади.

Буларнинг бари одамларимизнинг ижтимоий жараёнларга нисбатан масъулият ва дахлдорлик ҳисси ошиб бораётганини кўрсатади.

Айни вақтда жамоатчилик назорати “бир томонлама восита”га айланиб қолмаслиги керак.

Давлат идоралари фақат фуқароларга эмас, балки ўзларига нисбатан танқидий фикрларни ҳам адолат билан, холис кўриб чиқишлари лозим. Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасини ўзгартириш, қурилиш ва ободончиликка оид қарорлар, дастлаб ўша ҳудуддаги аҳоли ўртасида муҳокама қилиниб, жамоатчилик экспертизасидан ўтказилиши шарт.

Яна бир масалага диққатингизни жалб қилмоқчиман.

Конституцияга асосан судлар ўз фаолиятида мустақил, лекин уларнинг чинакам назоратчиси халқ бўлиши керак.

Судлар ва тергов идоралари бирон-бир иш юзасидан чиқарилган қарор бўйича фуқароларнинг жамоавий мурожаатларига тушунтириш ва ҳуқуқий изоҳлар бериши зарур.

Шуни аниқ тушуниб олиш лозимки, жамоатчилик назорати – бу фақатгина давлат идоралари фаолияти устидан назорат эмас, балки жамиятнинг ўзини ўзи бошқариш усули, бошқача айтганда, фуқаролик жамиятини тараққий топтиришнинг муҳим омилларидан биридир.

Шунинг учун Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси келгуси йилда ҳар бир соҳа ва тармоқ бўйича жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан тизимини яратишга бош-қош бўлиши ва ташаббус кўрсатиши лозим.

Жамоатчилик назорати, биринчи навбатда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, молия, банк, таълим, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, энергетика ва транспорт соҳаларида жорий этилиши зарур. Шунингдек, бозорлар ва савдо мажмуаларидаги маҳсулотлар ва хизмат кўрсатиш сифати каби масалалар ҳам доимо жамоатчилик назоратида бўлиши даркор.

Учинчидан, оммавий ахборот воситалари қонунийликни қарор топтиришда чинакам “жамият кўзгуси”га айланиши керак.

Сўз эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўтган уч йилда жамиятимиз ҳаётида туб бурилиш ясади.

Бугунги кунда халқимиз орасида юриб, уни қийнаётган ижтимоий муаммоларни кўрсатиб бераётган энг катта куч – бу мустақил ва холис оммавий ахборот воситалари вакилларидир.

Демократик ислоҳотларимиз натижасида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар мансабдор шахсларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундамоқда.

Шу сабабли ҳам давлат органлари фаолияти тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка тўлиқ ва тезкор етказиш мақсадида уларнинг ҳар бирида матбуот хизмати иш бошлади.

Аслида, демократик жамиятда барча давлат хизматчилари оммавий ахборот воситалари билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилишга ўрганиши керак.

Маълумки, бугунги кунда анъанавий ахборот воситалари билан бирга Интернет, ижтимоий тармоқлар, блогерлар жамоатчилик фикрини шакллантиришда катта роль ўйнамоқда.

Давлат ва жамият бошқарувида, кундалик фаолиятимизда очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтириш мақсадида биз фуқароларнинг сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатишга оид конституциявий норманинг ижросини амалда тўлиқ таъминлашимиз зарур. Бунинг учун эса биринчи галда оммавий ахборот воситалари ҳақидаги қонунчиликни такомиллаштириш керак ва биз бу борада фаол иш олиб бормоқдамиз.

Шу муносабат билан жамоатчилик назорати ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам ягона бир мақсадга, яъни халқимизни рози қилиш ва унинг турмушини яхшилашга қаратилганини ҳаммамиз бирдек англашимизни истардим.

Ҳар бир давлат органи ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасига эга бўлиши, амалга ошираётган ишлари ҳақида, керак бўлса, ҳар куни батафсил маълумот бериб бориши шарт.

Яна бир марта такрорлайман, Ўзбекистонда жамоатчилик назорати ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай шаклда тазйиқ ўтказишга йўл қўйилмайди.

Тўртинчидан, қабул қилинаётган қонунлар олиб бораётган ислоҳотларимиз билан уйғун бўлган тақдирдагина ишлайди. 

Бу – айни ҳақиқат, аксиомадир. Лекин айрим қонунларимиз замон талабларига мос эмас. Шу боис қонунларни ижро этиш механизмларини аниқ тизим асосида яратиш – долзарб вазифамиздир.

Келгуси йилдан бошлаб Адлия вазирлиги қонунчиликни янгилаш ва тизимлаштириш бўйича мутлақо янги иш услубига ўтиши зарур. Бунда Конституциямиз нормалари ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилиши лозим.

Бешинчидан, биз қанчалик мукаммал қонунлар яратмайлик, қандай ислоҳотлар ўтказмайлик, агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онги ва маданияти етарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул бўлади.

Ҳуқуқшунос олимларнинг бундан бир неча аср аввал “Ҳуқуқни англаш масъулият ҳиссини ривожлантиради”, деб айтган ҳикматли сўзлари ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди. Бошқача айтганда, Конституция ва қонунларга ҳурмат, ҳуқуқий онг ва маданият ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир мансабдор шахснинг ҳаёт ва фаолият тарзига айланмоғи керак. Лекин ана шундай ҳуқуқий масъулиятни бугун ҳаммада ҳам шакллантира олаяпмизми?

Афсуски, бу саволга ҳозирча ижобий жавоб беролмаймиз. Мисол учун, деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати билан яратилган нонни халқимиз улуғ ва азиз неъмат сифатида ғоятда қадрлайди. Ноннинг қадрини айниқса ризқ-рўзимиз бунёдкори бўлган деҳқон ва фермерларимиз жуда яхши биладилар.

Бугун ушбу муҳташам саройда уларнинг энг муносиб вакилларини кўриб турганимдан жуда хурсандман.

Бу йил Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни Конституция байрами билан бир кунда нишонланаётгани бу айёмга ўзгача файз бағишламоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча деҳқон ва фермерларни чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, уларга юксак ҳурмат ва эҳтиром билдиришга рухсат этгайсиз.
Биз учун нон қанчалик азиз ва қадрли бўлса, заҳматкаш деҳқонларимиз, уларнинг меҳнати ҳам шунчалик азиз ва қадрлидир.

Ҳақиқатан ҳам, уруш ва очарчиликни бошидан кечирган бобо ва момоларимиз бизга болаликдан бошлаб нонни кўзимизга суртиб эъзозлашни ўргатганлар. Бу бизнинг буюк қадриятимизга айланган. Шу маънода, Яратганнинг бебаҳо неъматларини, ҳаётдаги ижобий ўзгаришларни қадрлаш туйғусини фарзандларимиз қалбига ёшлигидан сингдириб боришимиз зарур.

Яширишнинг ҳожати йўқ, олий ўқув юртига ўқишга кириш, тадбиркорликни бошлаш учун рухсатнома ёки лицензия олиш, солиқ тўлаш каби кўп-кўп кундалик ҳаётий масалаларни ҳал этишда “қонунни четлаб ўтиш” бизнинг шароитимизда ёмон бир одатга айланган эди.

Бундай иллатнинг илдизларини қирқишга қаратилган ишларни, қандай қийин бўлмасин, аста-секин амалга оширмоқдамиз. Жумладан, болаларни боғчага жойлаштиришга электрон навбат, мактаблар ва олий таълимга ўқишга қабул қилишда очиқ ва ошкора тартиблар яратилди. Шунингдек, “ягона дарча” тамойили асосида 100 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда.

Аммо бу ўзгаришлар туфайли жамиятимиз салбий иллатлардан, қонунга беписандлик ҳолатларидан батамом қутулди, деб айтишга ҳали эрта.

Очиқ тан олиш керак, аксарият одамларимиз бу масалада лоқайд ва бепарво бўлиб қолмоқда. Бугун олиб бораётган ислоҳотларимиз йўлидаги энг катта тўсиқ ҳам аслида шу эмасми?

Айрим фуқароларимиз бошқарув идораларидан масъулият талаб қилишни яхши билади-ю, лекин ўзининг жамият олдидаги, қонун олдидаги масъулияти ва мажбуриятини унутиб қўяди. Ҳолбуки, Ўзбекистонни янгилаш, миллий юксалишни янги босқичга кўтариш бу – ўз-ўзидан, осонликча бўлаётгани йўқ.

Ҳаммангиз кўриб турибсиз, қанчалик оғир ва мураккаб бўлмасин, бугунги кунда зарур куч ва имконият, маблағ топиб, қанча-қанча катта дастур ва лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз. Янги-янги корхоналар, йўл ва кўприклар, боғча, мактаб ва шифохоналар, маданият ва спорт иншоотлари, кўплаб уй-жойлар қуряпмиз ва Худо хоҳласа, бундай ишларимизни янада кўпайтирамиз.

Халқимизда “Қарс икки қўлдан чиқади”, деган мақол бор. Агар ўйлаб қарасак, бу мақол Конституциямиз нормаларига ҳам тўла мос келади. Яъни Асосий қонунимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари билан бирга, уларнинг бурч ва мажбуриятлари ҳам аниқ белгилаб қўйилган.

Кўпни кўрган муҳтарам кексаларимиз, фаол фуқароларимиз, азиз опа-сингилларимиз, зиёлилар, навқирон ёшларимиз бугунги ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларда фидойилик билан иштирок этаётгани шахсан менга катта куч-қувват бағишлайди. Имкониятдан фойдаланиб, барчангизга, бутун халқимизга бунинг учун чин юракдан алоҳида миннатдорлик билдираман.

Ишончим комил, биз мана шундай тинч ва осойишта ҳаётимизни қадрлаб, ўзаро ҳурмат ва аҳиллигимизни асраб-авайлаб, шукрона қилиб яшасак, Яратганимиз ўз неъматини халқимизга янада зиёда қилиб беради.

Азиз дўстлар!

Биз жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасидаги ишларимизни узлуксиз давом эттиришимиз зарур.

Ҳуқуқий тарбияни мактабгача таълим тизимидан бошлашимиз, бу борадаги илк кўникмалар она алласи каби фарзандларимиз қалбидан умрбод жой олиши даркор.

Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозим.

Ҳар бир соҳа ва йўналиш, таълимнинг барча босқичлари учун ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосланган дастури тайёрланиши керак. Бунда, авваламбор, Конституцияни ўрганишга жиддий ёндашиш лозим. Умумтаълим мактаблари учун “Конституция алифбоси”, “Конституция сабоқлари”, “Конституция асослари” каби дарсликларни яратиш зарур, деб ҳисоблайман.

Адлия, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари бу ишларга масъул бўлади.

Ушбу фанлардан дарс берадиган ўқитувчиларни тайёрлашда уларнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маънавий савиясига алоҳида аҳамият бериш лозим. Шунингдек, ҳаётдаги адолат тантанаси, қонуний ҳақ-ҳуқуқлар тиклангани ҳақида қизиқарли кўрсатувлар, сериаллар, бадиий фильмлар, театр асарлари яратиш ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Умуман олганда, қонун ва адолат тантанаси учун курашадиган инсонлар бугунги куннинг қаҳрамонлари бўлиши керак. Айнан шундай одамларнинг ҳаёти шоир ва адиблар, режиссёрлар, журналистлар учун ижодий мавзу бўлади, деб ўйлайман.

Қадрли ватандошлар!

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир. Бундай принцип Асосий қонунимизда қатъий белгиланган.

Конституцияда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи сифатида муҳрлаб қўйилган ва бунда чуқур маъно бор. Бу қоидалар мамлакатимизда демократия умуминсоний тамойилларга асосланиши, давлат ўз фаолиятини фақат инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб амалга оширишини англатади. Буни биргина шу йилнинг ўтган даврида
Халқ қабулхоналарига келиб тушган 880 мингдан ортиқ мурожаатнинг 510 мингдан зиёди ижобий ҳал этилгани ҳам тасдиқлайди.

Шу муносабат билан ҳамма раҳбарларга яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Бизга умид ва ишонч билдирган, бизни раҳбар этиб сайлаган, эл-юртимизни, ҳар бир фуқарони рози қилиш асосий бурчимиз эканини ҳеч қачон унутмайлик. Халқ биздан рози бўлса – Яратган ҳам биздан рози бўлади.

Конституциямизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият сифатида мужассам этилгани бежиз эмас. Ана шу принципни амалга ошириш учун бизда қатъий сиёсий ирода ва етарли имкониятлар мавжуд. Бунинг учун биз, аввало, қуйидаги муҳим вазифаларни ҳал этишимиз зарур.

Биринчидан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш учун миллий стратегиямиз бўлиши лозим.

Кейинги йилларда мамлакатимизда бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани сизларга яхши маълум.

Бу йилнинг ўзида “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги, “Жабрланувчи, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги, “Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида”ги конвенциялари ратификация қилинди. Бу бизнинг мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасидаги қатъий ва ўзгармас позициямизни ифода этади.

Сўнгги йилларда жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича 8 та фармон қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди. Ана шу ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида куни кеча навбатдаги фармонга имзо чекдим. Унга биноан жиноий қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 92 нафар маҳкум афв этилиб, улар эркин ҳаётга қайтарилади.

Бу йил Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колониясини ёпганимиз ҳам ана шундай инсонпарвар сиёсатнинг амалий намунаси бўлди. 

Озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаш тартиби биринчи марта амалиётга киритилди. Натижада манзил-колонияларда жазони ўтаётган пенсия ёшидаги 709 нафар маҳкумга пенсия пуллари тўлаб берилмоқда.

Биз аввал йўл қўйган хатомизни тузатиб, ушбу тоифадаги фуқароларнинг Конституциямизда белгиланган пенсия олиш ҳуқуқини таъминлаш йўлида дастлабки қадамни қўйдик.

Жорий йилда “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик тадбирлари муваффақиятли амалга оширилди. Ана шу тадбирлар доирасида Яқин Шарқдаги қуролли можаролар майдонидан, Афғонистондан 261 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар юртимизга қайтариб олиб келинди. Уларга зарур тиббий ва моддий ёрдам кўрсатилди.  

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ҳақида гапирганда, ўтган уч йилда 9 минг 692 нафар, жумладан, ушбу йилда 5 минг 868 нафар юртдошимиз Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинганини таъкидлашни истар эдим. Лекин бу соҳада ҳали қиладиган ишларимиз кўп.

Аввало, юқорида зикр этилган Миллий стратегияни ишлаб чиқиб, шу асосда мазкур йўналишдаги сиёсатимизни изчил амалга оширишимиз керак. Ушбу стратегияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид конституциявий тамойилларни рўёбга чиқариш механизмлари аниқ-равшан белгиланиши лозим.

Жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш, шу орқали мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтиришимиз зарур.

Миллий стратегия доирасида инсон ҳуқуқларини ўқитишнинг узлуксиз тизимини яратиш, умумтаълим мактаблари, олий ўқув юртлари, кадрларни қайта тайёрлаш марказларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” номли махсус ўқув курсларини жорий этишнинг вақти-соати келди, деб ўйлайман.

Иккинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни фақат ва фақат халқ манфаати йўлида оғишмай хизмат қиладиган идораларга айлантиришимиз лозим.

Ўтган уч йилда жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тизими яратилди. Нодавлат суд-экспертиза ташкилотлари фаолиятига рухсат берилди. Соҳани ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва зарур чора-тадбирлар тасдиқланди.

Хабарингиз бор, ўтган йилларда тинтув жараёнини, олинган кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видео тасвир орқали қайд этиш шартлиги қонуний асосда белгиланган эди.

Бироқ аҳоли билан мулоқотлар ҳуқуқ бузилиши хавфи бўлган бошқа ҳолатлар бўйича ҳам шундай чораларни қўллаш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолатни ҳам мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартибини ўрнатиш зарур.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахс махсус бинога олиб келинганидан кейин бу ҳақда унинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши керак. Буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этаман.

Бундан ташқари, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтиш зарур. Бу жараёнда инсон омили иштирокини иложи борича камайтириш лозим.

Келгуси йилдан бошлаб прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш тартиби жорий этилади. Шу орқали суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида мувозанатни, яъни ўзаро тийиб туриш тамойилларини таъминлаш имкони яратилади. Бундай муҳим ўзгариш ҳам бизнинг тажрибамизда биринчи марта жорий этилмоқда.

Сир эмас, илгари прокуратура идоралари ниҳоятда ёпиқ, назоратдан холи бир органга, таъбир жоиз бўлса, охирги инстанцияга айланиб қолган эди. Бунинг оқибатида қанча-қанча одамлар ноҳақ жабр чеккани, адолатсизликка дучор бўлгани ҳам айни ҳақиқат. Қанчалик оғир ва нохуш бўлмасин, биз шу ҳақиқатни тан олиб, бу соҳада қонунийлик ва адолатни қарор топтиришга киришдик.

Ишонаманки, прокурор қарори устидан судга мурожаат қилиш бўйича ривожланган демократик мамлакатларда амал қиладиган бундай тажрибани жорий этиш ҳаётимизда адолат мезонини мустаҳкамлашда улкан қадам бўлади.

Судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш биз учун энг устувор вазифадир. Айниқса, суд бирон-бир мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига мутлақо йўл қўймаслик шарт. Шу сабабли суд ишларига аралашгани ёки судга босим ўтказгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим.

Кейинги пайтда Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти суд, прокуратура, ички ишлар идоралари фаолиятидаги камчиликларга тааллуқли. Шуни инобатга олиб, ушбу идоралар халқимиз билан ишлашнинг мутлақо янги тизимини яратиши зарур. Ҳар бир ариза ва шикоятнинг қонуний ечими ана шу идоралар раҳбарлари фаолиятига берилган баҳо бўлади.

Бундай янги ўзгаришларни аввало, халқимиз, жумладан, юртимизда қонун устувор эканига ишониб сармоя киритаётган чет эллик ҳамкорларимиз ҳар томонлама ҳис қилишларини истардим.

Учинчидан, адвокатура институтини такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлашни янги босқичга кўтариш зарур.

Бу тизимнинг ҳуқуқий мақомини кучайтириш, адвокатлар ваколатларини кенгайтириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Лекин ҳали ўз ечимини топмаган муаммолар ҳам бор. Мисол учун, 33 миллиондан ортиқ Ўзбекистон аҳолисига фақатгина 4 мингта адвокат хизмат кўрсатаётганини ижобий баҳолаб бўлмайди.

Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги адвокатларнинг 60 фоизи 50 ёшдан ошган шахслардир. Улар орасида 30 ёшга тўлмаган ёшлар 70 нафарга ҳам етмаслигини қандай изоҳлаш мумкин?!

Бундай ачинарли ҳолатга барҳам бериш учун аввало адвокатлар нуфузи ва мақомини ошириш, адвокатура институтининг мустақиллигини таъминлашимиз шарт.

Яқин истиқболда Адвокатура институтини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш лозим. Ҳеч бир идора адвокатларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги шарт.

Айни вақтда адвокатларга нисбатан қўйиладиган малака талаблари ҳам ушбу концепцияда тўлиқ акс этиши зарур. Бу борада биз ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ҳар томонлама ўрганишимиз керак.

Тўртинчидан, виждон эркинлиги, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик, мамлакатимизда ва хорижда фуқароларимизни кафолатли ҳимоя қилиш бундан буён ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Шу мақсадда фуқароларимизнинг муқаддас зиёратларни адо этиш билан боғлиқ имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Жумладан, умра зиёратига борувчилар сони 10 мингдан 30 мингтага, ҳаж зиёратига борувчилар эса 5 мингдан 7 минг 200 нафаргача оширилди, сафар билан боғлиқ харажатлар эса камайтирилди.

Умуман, сўнгги йилларда мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган катта ишлар сизларга яхши маълум, деб ўйлайман.

Бугунги кунда маҳаллий ва хорижий нуфузли экспертлар иштирокида биз “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири устида иш олиб бормоқдамиз. Ушбу қонун фуқароларимизнинг виждон ва эътиқод эркинлиги борасидаги конституциявий ҳуқуқларини тўла таъминлашга хизмат қилади.

Муҳтарам мажлис иштирокчилари!

Хорижда вақтинчалик меҳнат қилаётган фуқароларимиз ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика комиссияси тузилди. Ҳукумат таркибида Хорижда вақтинчалик меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти ташкил этилди.

Бироқ чет элга ишлаш учун фуқароларни жўнатиш билан шуғулланаётган баъзи бир хусусий фирмалар одамларни алдаётгани ҳақидаги материаллар матбуот саҳифаларида эълон қилинмоқда. Департамент ушбу фирмалар фаолиятини қатъий назоратга олиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси, мамлакат ичкарисида ёки ташқарисида бўлишидан қатъи назар, ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уларга ҳомийлик кўрсатишни бундан буён ҳам кафолатлайди ва барча чораларни кўради.

Бунинг учун, жумладан, хориждаги дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан кўрсатилаётган консуллик хизматларини электрон шаклга ўтказиш лозим. Токи чет элдаги фуқароларимиз бошқа шаҳардан консуллик бўлимларига бевосита ўзи келиб, овора бўлиб юрмасин.

Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари келгуси йилда ушбу тизимни тўлиқ ишга туширишга масъул этиб белгиланади.

Бешинчидан, хотин-қизлар ва эркаклар ўртасида ҳуқуқий тенгликни мустаҳкамлашга мамлакатимизда жиддий эътибор берилмоқда.

Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлимлари бутунлай янгитдан ташкил этилгани, уларга қўшимча ваколат ва имкониятлар берилиб, тўлақонли фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилгани бу йўлда янги қадам бўлди.

Жорий йилда Конституциямизнинг 46-моддасига асосан “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди. Мазкур қонунларни изчил амалга оширишда парламент ва жамоатчилик назорати ниҳоятда зарур, деб ўйлайман.

Келгусида ҳам оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш давлатимизнинг диққат марказида бўлади.

Кейинги пайтда кўплаб аёлларимиз давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиёт, молия-банк, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳаларда масъул раҳбарлик лавозимларига кўтарилмоқда.

Ўзингиз айтинг, жойларда одамларнинг дарду ташвишларини, оила ва маҳалладаги аҳволни ким ҳаммадан кўра кўпроқ билади, ким ҳаммадан яхшироқ ҳис қилади? Албатта, ҳурматли ва меҳрибон аёлларимиз эмасми?

Ҳеч шубҳасиз, ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва уларни ўз вақтида ҳал этишда, бошқарув самарасини оширишда опа-сингилларимизнинг ўрни ва таъсири жуда катта. Шунинг учун биз хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш, уларга турли масъул вазифаларни ишониб топширишга қаратилган сиёсатни янада фаол давом эттирамиз.

Олтинчидан, фуқароларнинг Конституцияда белгиланган мулк ҳуқуқи дахлсиздир ва доим давлат ҳимоясида бўлади.

Биз ўтган йиллар давомида тадбиркорлик йўлидаги ортиқча чекловларни бартараф қилиш, уларнинг фаолиятига давлат идораларининг ноқонуний аралашувини қатъий чеклаш борасида салмоқли ишларни амалга оширдик. Жумладан, коррупцияга йўл очиб бераётган ер ажратиш амалиёти тубдан ислоҳ қилинди. Бу жараён эндиликда ер ажратиш электрон тизими орқали амалга оширилмоқда.

Келгуси йил 1 январдан бошлаб ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш бўйича ваколати халқ депутатлари Кенгашларига берилади. Бу ўзгариш ҳам мулк дахлсизлигини таъминлаш йўлидаги жиддий қадамлардан биридир.

Бундан ташқари, ерни олиб қўйиш ва компенсация тўлашнинг янги тартиби, ер фақат мулк эгасининг розилиги билан олинишига оид қоидалар жорий қилинди. Шу билан бирга, мулк дахлсизлиги тўғрисидаги қонунларга амал қилмаган мансабдор шахсларга нисбатан, улар қандай лавозим эгаси бўлишидан қатъи назар, жавобгарлик кучайтирилди.

Шунингдек, компенсация миқдори тўғрисида тарафларда келишмовчилик вужудга келса, энди бундай ҳолатлар фақат суд йўли билан ҳал этилади. 

Маълумки, шу пайтга қадар ҳокимлар ердан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган қарорларни ўзлари қабул қилар, вақти келганда эса, уларни ўзлари бекор қилиши ҳам мумкин эди. Энди ана шу ваколатни чеклашнинг фурсати етди. Чунки бундай ваколат фақат ҳокимга берилиши турли адолатсизликларга сабаб бўлишини кўп мисоллар кўрсатмоқда. Бундай масалалар энди фақат суд тартибида ҳал қилинади.

Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик субъектларининг мулкий ҳуқуқларини ноқонуний чеклаш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда, унга тадбиркор манфаатларини кўзлаб судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш лозим.

Соҳада очиқлик ва ошкораликни таъминлаш учун ҳокимларнинг фуқароларга ер бериш ҳақидаги қарорларини тегишли сайтларда эълон қилиб бориш амалиётини йўлга қўйиш керак.   

Биз жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш мақсадида халқаро андозаларга жавоб берадиган ислоҳотларимизни бундан буён ҳам қатъий давом эттирамиз.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш учун биз ҳаётимизнинг барча жабҳаларида конституциявий назоратни кучайтиришимиз зарур. Бу эса пировард натижада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг шаъни, қадр-қиммати, мол-мулкининг дахлсизлигини сақлаш, фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш каби энг асосий ҳуқуқларини тўла таъминлаш имконини беради.

Қадрли юртдошлар!

Маълумки, шу йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.

“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтаётган бу кампания мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги ғоят муҳим воқеадир.

Конституциямизга мувофиқ, фуқаролар давлат ва жамият ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Сайловда ўзига маъқул бўлган номзод ёки бирон-бир партия илгари сураётган дастур учун овоз бериш, уларни қўллаб-қувватлаш вакиллик демократиясининг яққол кўринишидир.

Ўтган қисқа даврда сайловга оид 21 та қонун тизимлаштирилиб, Ўзбекистон тарихида илк бор ягона Сайлов кодекси қабул қилинди. Бу миллий қонунчилигимизни мустаҳкамлаш, демократик сайловларни ўтказишни янада такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Мазкур кодексдаги энг катта янгилик сиёсий майдоннинг тўлиқ сиёсий партияларга берилиши билан боғлиқ, десак, адашмаган бўламиз. Унга мувофиқ, сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда илгаридек 135 та эмас, балки тўлиқ – 150 та сайлов округидан ўз номзодларини кўрсатади.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган квотанинг бекор қилингани ҳам сиёсий майдонда соғлом рақобатни шакллантиришга хизмат қилади.

Сайлов кодексига мувофиқ сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Энди вакил сайлов комиссияси мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари қандай тўлдирилганини текширишда қатнашади. Шунингдек, у сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига ҳам эга.

Буларнинг барчаси сайлов жараёнида очиқлик ва ошкораликни, жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади.

Бу йилги сайловларда фуқароларимиз эркин овоз беришлари учун жойларда 6 минг 720 та округ ва 10 минг 253 та сайлов участкаси ташкил этилди.

Фуқароларнинг сайлаш ва сайланишга оид ҳуқуқлари янада кенгайтирилди ва амалда бўлган кўплаб чекловлар бекор қилинди.

Конституциямизда белгиланган фуқароларнинг сайловда иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида бу йил янги бир қадам қўйдик. Энди оғир ва ўта оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахслар ҳам сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Шу асосда бўлажак сайловларда озодликдан маҳрум этилган 1 минг 905 нафар шахс ҳам иштирок этиши учун қонуний имконият яратилди.

Ҳеч шубҳасиз, янги Сайлов кодекси ва ундаги 30 дан ортиқ янги демократик қоидалар сайлов қонунчилигимизни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Бу йил мамлакатимизда 5 та сиёсий партия сайловда иштирок этмоқда. Халқимиз ҳаётий муаммолар ва уларнинг ечимини яхши биладиган, ислоҳотлар самарасига хизмат қиладиган қонун ва қарорлар қабул қилишда жонбозлик кўрсатадиган, катта билим ва малакага эга инсонлар депутат бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун кўппартиявийлик асосида сайланадиган янги парламентимиз, биринчи навбатда, халқимиз ва Ватанимиз манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлган депутатлардан иборат бўлиши лозим.

Сайлов жараёнида ўнлаб халқаро ташкилотлар, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлақонли миссияси кузатувчилари ҳамда 40 дан ортиқ хорижий давлатдан 600 дан зиёд кузатувчи қатнашиши кутилмоқда.

Ушбу сайловлар орқали халқимиз бугунги ислоҳотларимизга баҳо берса, жаҳон ҳамжамияти янгиланаётган Ўзбекистонга баҳо беради.

Ўйлайманки, ҳар бир юртдошимиз ўзининг конституциявий ва фуқаролик бурчини, Ватанимиз тақдири ва келажаги олдидаги масъулиятини англаб, юртимиз равнақи, халқимиз тинчлиги ва фаровон ҳаёти учун, фарзандларимизнинг бахти ва камоли учун овоз беради.

Азиз ва муҳтарам ватандошларим!

Барчамизга яхши маълумки, ҳозирги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда. Инсониятнинг тақдири ва келажагига таҳдид солаётган хавф-хатарлар тобора кучайиб бормоқда.

Жаҳон миқёсида шафқатсиз рақобат, турли зиддият ва қарама-қаршиликлар, савдо урушлари ғоят кескин тус олмоқда.

Мана шундай мураккаб шароитда биз фақат халқимизнинг ақл-заковати, букилмас иродаси ва салоҳиятига, ўз куч ва имкониятларимизга таяниб, айни вақтда дунё ҳамжамияти билан ҳамкор бўлиб, дадил олдинга боришимиз шарт. Бу борада бизга Конституциямиз ҳамиша раҳнамо бўлиб, беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади.

Биз бугун ўз олдимизга катта-катта мақсадлар қўйиб, маррани баланд олдик. 

Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар муқаррар тус олди ва ҳеч ким, ҳеч қандай куч бизни ўз танлаган йўлимиздан қайтара олмайди. 

Бу – бугунги ҳаёт, бугунги замон талаби. 

Бу – кўп миллатли, бағрикенг, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизнинг хоҳиш-истаги. 

Ва биз халқимизнинг туб манфаатлари, унинг эзгу орзу-интилишларини ифода этадиган ана шундай сиёсатни жадал давом эттирамиз. Нафақат давом эттирамиз, балки уни

янги, янада юксак босқичга кўтарамиз. 

Эл-юртимиз, жаҳон ҳамжамияти бизга катта ишонч билан қарамоқда. Ана шу юксак ишончга ҳар томонлама муносиб бўлиб, қатъият билан олға интилиб, кўзлаган улуғ мақсадларимизга биргаликда албатта етамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги маросимда иштирок этаётган, эзгу ташаббус ва ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб келаётган муҳтарам элчиларга, халқаро ташкилотлар вакилларига ўз номимдан, халқимиз номидан чексиз миннатдорчилик билдиришга рухсат бергайсиз.

Сизларни, бутун халқимизни қутлуғ айём – Конституция куни билан яна бир бор чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.

 

Манба: https://president.uz

2019 йил 7 декабрь куни Мир Араб олий мадрасасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мазкур маънавий-маърифий тадбир “Баҳоуддин Нақшбанд” мажмуаси марказида жойлашган муҳташам конференция залида бўлиб ўтди.

Маънавий-маърифий тадбирда Мир Араб олий мадрасасининг ходимлари ва талабалари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирни Мир Араб олий мадрасаси ректори, доцент Х.Юлдашходжаев олиб борди.

Маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, унинг қабул қилиниши, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг давлат ва жамият ҳаёти учун аҳамияти, ҳар бир давлат, ҳар бир халқ учун Конституциянинг тутган ўрни, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсати асослари, давлат ва фуқаролар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, ҳуқуқ ва эркинликларнинг кафолатлари каби масалалар батафсил ёритилди.

Шундан сўнг Мир Араб олий мадрасаси талабаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси юзасидан берган саволларига жавоблар берилди.

Маънавий-маърифий тадбир якунида юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, Мир Араб олий мадрасаси ривожи борасида дуойи хайрлар қилинди.

 

Манба: http://mirarab.uz

Top