muslim.uz

muslim.uz

vendredi, 06 décembre 2019 00:00

Бузғунчилар найранги

Маълумки Ислом дини инсонларни залолат ботқоғидан ҳидоят нурига чиқаришлик учун бутун оламларнинг Роббиси Аллоҳ таъоло тарафидан юборилган нозил қилинган энг тўғри диндир.Унинг маъноларидан бири эса тинчликдир.

Инсонлар агар Ислом ҳукмларига амал қилсалар ва таъқиқлаган ишлардан қайтсалар, икки дунё саодатига эришадилар.

Афсуски бугунги кунда бу муқаддас динимизни ниқоб қилиб олиб, ўзларининг ғаразли мақсадларини амалга оширишга ҳаракат қилаётган кимсалар ҳам йўқ эмас.

Улар ўз мақсадларига эришиш учун муқаддас динимизнинг аҳкомларини бузиб талқин қилиш ва ўз маъносидан бошқа маънога ўзгартириб, бу аҳкомлардан кўзланган маънодан бошқа маъно-мазмунга буриб кўрсатмоқдалар.

Оқибатда эса дин аҳкомларини ҳали тўлиқ тушуниб етмаган баъзи кишиларни ўз ғаразли мақсадлари йўлида ишлатишга, ерда бузғунчилик қилишга ундамоқдалар.

Ваҳоланки, Динимиз бузғунчиликни, ерда қон тўкишни мутлақо қоралайди ва ундай кимсаларни бузғунчилар деб атайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

أَلا إِنَّهُمْ هُمُ الْمُفْسِدُونَ وَلَـكِن لاَّ يَشْعُرُونَ

“Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар фасодчилардир, лекин сезмайдилар” (Бақара сураси, 12-оят).

Бузғунчилар содда ва диний илмга, бу борада тушунчага эга бўлмаган ёшларни ўз домига илинтириш учун турли услублардан фойдаланадилар.

Уларнинг қўллайдиган биринчи услуби ўзлари яшаётган жамиятдаги баъзи қонун ва қарорлар дин аҳкомларига тўғри келмаслигини рўкач қилиб шу сабабли бунга амал қилганларни «куфрда» айблайдилар. Шу тариқа жамиятни «куфр жамиятига» ва шу диёрни «куфр диёри» деб атаб, энг хавфлиси куфр диёридан «ҳижрат» қилиш, у ерда яшаётганларга қарши «жиҳод» қилиш мумкин ва у диёрда яшаётганлардан ким уларнинг фикрига қўшилмаса, ким бўлишидан қатъи назар ўлдириш мумкин деган дўзахга ҳужжат бўлувчи фатволари орқали ёшлар онгига тасир қилиб кириб борадилар.

Гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган кишиларни “кофир”ликда айблаш ва бегуноҳ мусулмонлар (ҳатто аёллар ва болалар)нинг қонини тўкиши билан танилган “Хорижийлар” Ислом тарихидаги ана шундай гуруҳларнинг дастлабкиси эди. Мазкур гуруҳ тарафдорлари фақат ўзларини мусулмон деб билиб, қолган ҳамма, ҳаттоки, жаннатга тушиши башорат қилинган Али розияллоҳу анҳуни ҳам кофир деб эълон қилиш даражасига борган эди. Бугун ҳам аксар террорчи ташкилотлар юқоридаги ғояларни ўзлари учун дастуруламал қилиб олгани сир эмас, албатта.

Улар Қуръони карим оятлари ва ҳадислар асосида ҳукм юритмайдиган раҳбарларни, уларга эргашган ҳамда уларни куфрда айбламаган уламоларни ҳам кофир, деб ҳисоблайди. Ҳолбуки, бу каби ғояларнинг нотўғрилиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда муфассал баён қилинган. Жумладан, Имом Довуддан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Уч нарса имоннинг аслидир: “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни куфрда айбламаслик; амали туфайли уни Исломдан чиқармаслик”. Бошқа бир ривоятда, “Кимда ким ўз биродарини “кофир” ёки “фосиқ” деса, агар ўша инсонда шу нарса топилмаса, айтган инсоннинг ўзига қайтади”, деб таъкидланган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким менга итоат этса, Аллоҳга итоат этибди, кимда ким менга осийлик қилса, Аллоҳ таолога осийлик қилибди. Ким раҳбарларига бўйсунса, менга бўйсунибди, агарда уларга бўйсунмаса, менга осий бўлибди”, деган кўрсатмалари ҳам “такфирчилар”нинг юқоридаги каби ғоялари Ислом таълимотига бутунлай зид эканини кўрсатади. 

“Такфирчилар”нинг етук уламолар томонидан ёзилган тафсир ва ақидага оид китобларнинг барчасини йўққа чиқариб, олий, ўрта-махсус ва ўрта таълим муассасаларида таҳсил олишни ҳаром, деб эълон қилишида Ислом таълимотини бузишда “Хорижийлар”дан ҳам чуқур кетганларини кўриш мумкин. Улар ўзларининг бу каби ёндашувларини асослаш учун “Биз омий умматмиз” маъносидаги ҳадиснинг нотўғри талқинини келтирадилар. Ваҳоланки, уламолар ушбу ҳадисни шарҳлар эканлар, ундан мурод илмсизликка тарғиб эмас, балки Аллоҳгагина маълум бўлган нарсалар борасида инсонлар билимга эга эмаслигини таъкидлайдилар. Қолаверса, Қуръони карим оятлари, ҳадисларда илм ўрганишга кучли тарғиб қилинган. Бунда нафақат диний, балки дунёвий илмларни ҳам ўрганиш назарда тутилган. Жумладан, Имом Бухорийдан ривоят қилинган: “Илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарздир”, деган ҳадиси шариф фикримизга далил бўла олади.

Инсонларни “куфр”да айблашни ўзига байроқ қилиб олган бундай ҳаракатлар фаолияти туфайли “экстремист”, “террорчи” деганда мусулмонларни кўз олдига келтирадиганлар ҳам пайдо бўлганини афсус билан қайд этиш лозим. Шундай экан, Ислом дини номидан фаолият олиб бораётган, аммо ўз моҳиятига кўра унга ёт бўлган, унинг таълимотини бузиб талқин қилаётган жамоаларнинг фаолиятига лоқайд бўлмаслик ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Бундай бузғунчи оқимлар сафларини кенгайтириш учун ёшларни ўз найранглари домига илинтиришни замонавий ахборот воситаси интернет ва ундаги турли ижтимоий сайтлар ва каналлар орқали олиб бормоқдалар.

Шунинг учун интернет орқали бирор маълумот олаётган киши, айниқса ёшлар кимдан маълумот оляпти, кимдан фатво сўраяпти ва кимдан илм оляпти, бунга эътибор қилишлари лозим. Чунки илм инсоннинг эътиқодини шакиллантирадиган восита. Диний эътиқодда адашишлик эса залолатдир, яъни икки дунё саодатини қўлдан чиқариш ҳамда дунё ва охират хорлигини сотиб олишдир.

 

Қ.Искандаров

Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби

Сўнгги йилларда Давлатимиз Раҳбари томонидан барча соҳа ва йўналишлар қатори юртимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элат, диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний нормаларга мос равишда фаолият юритаётганидан далолатдир.

Қолаверса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус асосида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция ҳам таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга моликдир.

Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси ўлароқ, жорий йил 5 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги конфессиялар ишлари кенгашининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирни Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Конфессиялар ишлари кенгаши раҳбари А.Ахмедов олиб борди. Мазкур йиғилишда турли дин вакиллари ўртасида ҳамжиҳатлик алоқаларини янада яхшилаш, конфессия вакиллари томонидан тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида сўз юритилди.

Тадбирнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллиги байрами арафасида ўтказилгани диний бағрикенглик, тотувлик ва аҳиллик, ўзаро тушуниш, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда фаолият олиб бориш борасидаги ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлашга ҳам асос бўлиб хизмат қилди.

– Президент Ш.Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлардан барчамиз мамнунмиз. Сўнгги йилларда мамлакатда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли байрам ва тантаналарда бир-биримизни қутлашга борамиз, бу яхши анъанага айланди. Бугун Дин ишлари бўйича қўмитада бўлиб ўтган тадбирда ҳам бизга ўзгача эҳтиром кўрсатилди, тақдирлаш маросими ўтказилди, бундан жуда бахтиёрмиз – дейди Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий.

Тадбирда иштирок этган яҳудий диний жамоаси раиси Аркадий Исахаров ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, жумладан, шундай деди: “Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда 16 хил турли диний конфессия вакиллари эмин-эркин ўз ибодатлари, диний расм-русумларини бажариб келмоқда. Бу эса, албатта, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мазкур йўналишда олиб борилаётган эзгу ишларнинг самарасидир”.

– Мен 14 йилдан буён Ўзбекистонда истиқомат қилиб келаман. Очиғи, сўнгги йилларда бизга бўлган эътибор яна ҳам кучайди. Давлат Раҳбари томонидан диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида мақтанса арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Биз – барча конфессиялар вакиллари Ўзбекистоннинг дин соҳасида олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз. Бу йўлда ҳаммамиз бир тану, бир жон бўлиб фаолият юритамиз, – дейди Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич.

Кўтаринки руҳда ўтган тадбир якунида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан барча конфессиялар вакилларига эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлар топширилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Барчамизга маълум, жорий йилнинг  22 декабрь куни - Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови куни деб белгилади. Худди шу кундан сайлов кампанияси бошланиши эълон қилинди ва сайловни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури тасдиқланганлиги маълум.

Нукус шаҳри Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти мажлислар залида тарғибот ойлиги доирасида 8-декабр Ўзбекистон Республикаси Давлат Конситуцияси қабул қилинган кун муносабати билан “Конституция - бахтимиз пойдевори” ва 22 декабр куни бўлиб ўтадиган сайловларнинг мазмун-моҳиятини талабаларга тушунтириш мақсадида “Сайловлар – демократия тамоили” мавзуларида тадбир ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия Вазирлиги ходими И.Алдабергенов, Сайлов тренери модератори Қ.Мамбетов, Республикамизда фаолияти кўрсатаётган сиёсий партиялардан ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи С.Мамбетниязов, Миллий тикланиш демократик партяси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати ходими Х.Қабулов, “Адолат” социал демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар Кенгаши аппарат раҳбари Р.Давлетов билим юрти ўқитувчилари, талабалари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир сўнгида талабаларни қизиқтирган саволларига жавоб берилди.

 

 

Адилбай ЕРЕЖЕПОВ

Билим юрти маънавият ва маърифат

ишлари бўйича мудир ўринбосари

Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг шуҳрати янада кенг ёйилаётганлиги хаммага маълум. Аммо буни кўра  олмайдиганлар томонидан бунга қарши турли найранглар ўйлаб топилаётганлиги  ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Мусулмонлар орасида фитна қўзғаб, ўзаро келишмовчиликларни келтириб чиқариш ва жамият хаётида барқарорликни издан чиқаришда исломни нотўғри талқин қилиб, унинг номидан турли нотўғри ғоя ва оқимларни пайдо қилиш энг сермахсул қуролга айланиб қолди. Айни шу асосда мазҳабсизлик муаммоси ҳам пайдо бўлганлиги эҳтимолдан ҳоли эмас. Мазҳабсизлик ғояси асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган мехнатларини бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча мусулмон адашган экан деган хулоса келиб чиқади. Бундай бўлиши мумкин эмас, буни тилга олишни ўзи қийин. Бу пайғамбаримиз с.а.в.нинг суннатларига хам тўғри келмайди, зеро У киши шундай мархамат қилади: “Аллох умматимни бирор залолатга жамламас”. Бошқа бир хадисда: “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллохнинг ҳузурида ҳам яхшидир” – дейилган.

Ўзбек халқи неча асрлардан бери суннийликнинг тўрт фиқхий мазҳабидан бири бўлмиш ҳанафийлик мазҳабига амал қилиб келади. Ҳанафийлик ўз тарихий тараққиётнинг барча босқичларида мусулмонларнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро иноқлиги ва бирлигини таъминлаш учун курашиб келган. У мусулмонлар ўртасидаги хар қандай фирқачиликка қарши бўлиб, қавмнинг диний эътиқод белгилари бўйича гурухларга бўлиниш ғоясини ҳеч қачон тан олмаган.

Халқимиз ўз мустақиллигини қайтадан қўлга кириганидан сўнг динимизга кенг йўллар очиб берилди. Диний маърифий соҳаларда турли мусулмон давлатлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Аммо шу билан бирга четдан мазҳабсизлик ғояси ҳам кириб келди. Улар ўзларининг нотўғри аммо зоҳирда гўзал даъватларига бир қанча юртдошларимизни ишонтиришга улгурди. Улар халқимизнинг азалдан амал қилиб келаётган ҳанафийлик мазҳабини нотўғрига чиқарди. Бу эса ҳанафий мазҳабига амал қилувчиларнинг эътирозига сабаб бўлди. Натижада мусулмонлар ўртасида низо, тортишув юз бериб ихтилофлар авжига чиқди. Мазҳабларга эргашишдан қайтариш ҳали динни тўлиқ билмайдиган, Қуръоннинг таржима ва тафсири у ёқда турсин, уни тўғри ўқий олмайдиган юртдошларимизнинг диний ҳукмлар ҳақида тортишиб бир- бирини адашганга чиқаришларига сабаб бўлди.

Турли хил ихтилоф ва келишмовчилик таъсирида ўз яқинларидан, халқидан ва юртидан норози кайфиятда бўлган экстеримизмга мойил кишилар пайдо бўлди. Улар энди нафақат мазҳабга амал қилувчилар билан балки ўзаро бир- бирлари билан келишмас эди. Уларнинг ўзлари хам турли номсиз фирқаларга ажралиб кетди. Бундан эса турли экстремистик рухдаги ғаразли кучлар унумли фойдаланди. Ўлкамизга четда шаклланган  радикал оқимлар кириб келди ва тарқоқ номсиз фирқаларни ўзларига қўшиб олди.

Рамазон ал- Бутий: “Мазҳабсизлик- ислом шариатига тахдид солиб турган энг катта бидъат” деб айтгани бежиз эмас. Зеро динимиз мусулмонларни ўзаро бирлашишга ва фирқаларга бўлинмасликка буюради.

واعتصموا بحبل الله جميعا ولاتفرقوا

Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини (яъни динини) махкам тутинг ва бўлиниб кетманг” деб марҳамат қилади. Оли Имрон сураси 103-оят.

Бошқа бир оятда:

فاسألوا أهل الذكر ان كنتم لا تعلمون

Агар билмасангиз зикр аҳилларидан сўранг Анбиё 7-оят.

Ушбу ояти каримада бир инсон шаръий масалада илми бўлмаса ўзича қарор қабул қилмай балки дарров аҳли илм олим инсонлардан сўрашликка буюрилдилар. Келинг энг аввло мазҳаб сўзини қандай маънода эканлигини тушуниб олайлик.

“Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили – булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб чиқиб қамраб олганидир.

Бу ҳақда аллома Ибн Ражаб (ваф. 795/1393) ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” асарида қуйидаги сўзни айтганлар: “Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан фақат биттаси қолганига ўхшайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини атрофга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан яъни, Усмон мусҳафида ёзилган хатидан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”.

Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлиги ҳақида барча мусулмон уммати ижмо (иттифоқ) қилганлар. Далил сифатида қуйидаги олимларнинг сўзларини келтирамиз:

Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобида шундай деган: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмларини ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилганлар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди. Бу нарса мўмин бандалар учун Аллоҳ таолонинг лутфу карами ва марҳамати бўлди”.

Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар: “Аллоҳнинг розилигига эришиб, жаннатий бўлиш худди тоғнинг чўққисига чиқишдек бўлса, мазҳаб имомлари – Қуръон, ҳадис ва шуларга асосланган манбалардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир. Чўққига чиқувчилар мазкур буюк тўрт имом кўрсатган йўлдан бирини тутсалар осонгина, қийналмасдан мақсадига эришади”.

Имом Бадруддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида шундай ёзади: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”.

Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилган.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий ўзларининг “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида шундай деганлар: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор. Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан бири – саҳоба ва тобеинларнинг шариат илмини ўрганишдаги одатларига эргашишдир. Чунки, тобеинлар шариат ишида бир-бирларига ёки саҳобаларга эргашар эди, саҳобалар эса, бир-бирларига ёки Расулуллоҳга эргашганлар”.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий сўзларини давомида шундай дейди: “Бир мазҳабда юришдаги фойдалардан яна бири – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилган қуйидаги ҳадисга амал қилишдир:

"فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ"

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).

Тўғри мазҳаблардан фақат мана шу тўрттаси қолган экан, уларга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади”.

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” китобида шундай деганлар: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадир. Бир юртда улардан қайси бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши (оят ва ҳадислардан ўзи мустақил ҳукм чиқаришга қодир бўлмаган киши) учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас.

Агар бир юртда барча мазҳаблар тарқалиб, машҳур бўлган бўлса, ҳамда у мазҳабларнинг уламолари ҳам етарли бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун улардан бирини танлаб, ўша мазҳабга эргашиши жоиз бўлади”.

Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.

Юқоридаги маълумотлардан хулоса қиладиган бўлсак, бизнинг Ўзбекистонимизда фақатгина Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабига амал қилиш лозим экани маълум бўлмоқда. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бир неча асрлардан бери ота-боболаримиз мазкур мазҳабга оғишмай-тойилмай амал қилиб келмоқдалар.

Машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг “Мажмаъул муассас фил мўъжамил муфаҳрас” асарида ўзлари шофеий бўлишларига қарамасдан ҳанафий мазҳабимизни мақтаб шундай деганлар: “Ҳанафий мазҳабида бизнинг мазҳабимизда учрамайдиган мустаҳкам асосга эга қоидалар бор”.

Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан ортиғи айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар.

Хуллас, мазҳаблар, хусусан ҳанафий мазҳабимиз ҳақидаги мақтов ва эътирофлар ниҳоятда кўп бўлиб, бу жойда уларнинг барчасини келтиришга имкон йўқ.

Афсуслар бўлсинки, мана шундай барча етук олимлар эътироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, “мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, катта хато қилмоқдалар. Хатоларининг асосий сабаби – улар мазҳаб ўзи нима, асосчилари кимлар эканлигини билмасликларидандир, яъни жаҳолатдандир.

Мазҳаббошилар саҳиҳ ҳадисларни ҳасанидан, ҳасан ҳадисларни заифидан, носих ҳадисларни мансухидан ажрата оладиган бўлганлар. Шунингдек, улар оят, ҳадис ва осорларнинг (саҳобалардан ривоят қилинган хабарларнинг) маънолари ва шарҳларидан хабардор бўлганлар ҳамда оят ва ҳадислардан ҳукм олиш учун зарур бўлган бир қанча илмларни билганлар. Бизни ҳозирги замонда бундай зотларни топиш амримаҳол ишдир.

Ҳижрий еттинчи асрда яшаган Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бу мавзуга доир қуйидаги фикрларни айтганлар: “Мужтаҳиднинг ҳукмига қарши саҳиҳ ҳадис топган киши унга амал қилиши учун алоҳида шартлар бор. Бу шартларни ўзида мужассам қилган кимса бизнинг замонамизда ўта оздир”.

Эътибор берайлик, Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий еттинчи асрда туриб, бизнинг замонамизда бундай одам оздир, демоқдалар. Ҳозирги ўн бешинчи ҳижрий асрда бундай шартларни ўзида мужассам қилган зотлар бормикан?

Бир ишда бир мазҳабга, иккинчи бир ишда бошқасига эргашиш дуруст эмас. Буни уламолар “талфиқ” дейдилар. Динда адашмаслик учун, тўрттадан маълум бир мазҳабни ихтиёр қилиш ва фақат унга эргашиш лозим.

Уламоларимиз: “Ҳатто илми юқори даражага етиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини аниқлаш даражасига етган одам ҳам бировларга бу ҳақда гап очмасин, фатво бермасин. Ўзи амал қилса, рухсат”, – деганлар.

Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар орасида ихтилоф чиқармаслик учун кўрилган чора-тадбирлардир. Бундай чоралар айниқса оммавий диний илмсизлик ҳукм сураётган маконлар ва замонлар учун жуда ҳам зарур.

Маълумки, аҳли сунна вал-жамоадаги тўрт мазҳабнинг барчасини эътироф этамиз ва ҳурмат қиламиз. “Усулул фиқҳ” китобларида таъкидланганидек, улардан фақат биттасига тақлид қиламиз, яъни эргашамиз.

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 80 йилда таваллуд топганлар.

Имоми Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 93 йилда таваллуд топганлар.

Имоми Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 150 йилда таваллуд топганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 164 йилда таваллуд топганлар. Демак, энг аввал туғилган, саҳобалар асрида таваллуд топган Имом – бизнинг Имомимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдир. У зот Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларига замондош бўлганлари маълум, бошқа мазҳаббошилар эса саҳобаларнинг суҳбатларини топмаганлар. Шунинг учун улар Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар. Мазҳаб бошлиқларидан бири Имоми Шофеий Имоми Аъзамни шундай эътироф қиладилар: “Одамлар ҳаммалари ва барча уламолар Қуръону ҳадисни англашда ва масъала илмида гўё Имоми Аъзам Абу Ҳанифа қарамоғидаги оила аъзоларидир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан рақобот қилиш даражасига чиққан инсон йўқ”.

Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ эса, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни улуғлаб, шундай тавсиф этганлар: “Мен ҳадис илмини билишда, жаноби Расулуллоҳнинг охирги ҳадисларини етказишда ва энг саҳиҳ ҳадисларни англаб етишда Имоми Аъзамга ўхшаган бошқа инсонни учратмадим”. Бу зот доимо Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳни ўзларига устоз деб билганлар.

Демак, мусулмонларнинг бирлиги, ибодатларнинг мукаммаллиги, жамиятнинг тинчлиги учун юртимиз мусулмонлари ўз ота-боболари танлаган Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳабларига ихлос ила эргашишлари ўта муҳим ва жуда зарурдир!

Тасаввур қилинг! Агар ҳамма инсонлар мазҳабсизлик сахросига йўл олса, нима бўлади?

Бу саволга замонамиз уламоларидан бўлмиш Муҳаммад Саъид Рамазон бутий р.а. хазратларини сўзларини иқтибос қилиб келтирамиз. У киши айтадилар: “Агар ҳамма одамларни уй жой қурилиши лойиҳаларида муҳандисларга эргашишдан, уларнинг хизматидан фойдаланишдан ва уларга таянишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Саломатликлари билан боғлиқ муаммоларда  кишиларни шифокорларга эргашишдан, уларга таянишдан ва уларнинг сўзларига сўзларига амал қилишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Ишлаб чиқариш ва тирикчилик воситаларида одамларни ана шу ишлаб чиқариш мутахасисларига эргашишдан, уларнинг билим ва махоратларидан фойдаланишдан воз кечишга чақирадиган бўлсак, нима бўлади? Агар ҳамма одамларни ана ўша мутахасисларга эргашишни тарк қилишга, унинг ўрнига ўша ишларнинг барчасида ўзлари ижтиход қилишларига, изланиш ва ижтиходдан кейин келадиган шахсий қаноатига суянишга чақирадиган бўлсак, кейин ўша одамлар даъватимизни тасдиқлаб, айтганларимизни қилишса, нима бўлади?

Албатта, бу иш орқасидан келиб чиқадиган нарса – бу шубхасиз, тамаддунни, экин- текинни ва наслни барбод қиладиган бош- бодоқликдир. Одамлар уйларини обод қиламан деб, хароб қилиб юборадилар, даволанаман деб, жонларини халок қиладилар, ишлаб чиқараман, саноатни ривожлантираман деб, бошларига фақирликни ва таназзулни орттириб оладилар. Чунки улар ижтиҳодни ўз ўрнига қўйа билмадилар ва шартларига риоя қилмай туриб, уни татбиқ қилдилар. Одамларнинг ҳамкорлик, ўзаро ёрдам бериш, илм ўрганиш ва тўғри йўлни топишда бир- бирлари билан боғликларидан иборат Аллоҳнинг борлиқдаги суннатига бепарволик қилдилар ”.

Хулоса  қилиб айтганда Ислом динидаги мазҳабларнинг турли-туманлиги камчилик бўлмасдан балки бир ҳикматдир. Бу умматларга енгиллик ва осонликдир. Аммо бу ҳикматни тушунмасдан ихтилоф чиқариш эса катта мусибатдир. Бу англашилмовчиликдан кўпрок мусулмонларнинг ўзи  зарар кураётганлари ҳам маълум. Шунинг учун ихтилофларга бормасдан илм-маърифатга ёндошиш эса асосий вазифа бўлиб қолмоқда. Шуни хам айтиб утиш керакки ихтилоф чиқараётганларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилади. Бунга сабаб уларнинг ёшлиги ва шу соҳа бўйича билимларининг етишмаслиги, қолаверса, кимларнингдир сўзларига алданиб қолишларидир. Инсоннинг онги биринчи қабул қилган маълумот нотўғри булсада, тўғри хабар сифатида қабул қилар экан. Шундан кейин унга тўғри маълумот берилса  ҳам нотўғри деб қабул қилади. Шунинг учун биринчи олинаётган маълумот ҳақиқий тўғри эканини аниқлаш ва кейингина уни хотирада сақлаш лозим бўлади. 

 

Мир Араб олий мадрасаси Фиқҳ фани ўқитувчиси Саидов Иброҳим

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Хоразм вилоятига сафарлари давомида Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти фаолияти билан танишиб, устоз ва талабалар билан мулоқот қилдилар.
Муфтий ҳазратлари бошчиликларидаги аввал ушбу мадраса учун ажратилган янги бинонинг таъмирлаш лойиҳаси билан яқиндан танишдилар ва ўзларининг муҳим тавсияларини бердилар.
Ташриф доирасида барча мударрис ва талабалар билан муфтий ҳазратлари суҳбат ўтказиб, Ҳақ таолонинг берган неъматларига шукр қилиш, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, диний ва дунёвий илмларни мустаҳкам эгаллаш, келгусида халқимиз ва динимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидладилар.
Айниқса бугунги кунда дин номидан жиноят қилаётган тоифаларга қарши курашиш учун зарур илмларни пухта ўрганиш ва уларнинг нотўғри даъволарида раддия бериш қобилиятига эга бўлиш энг долзарб вазифалардан эканини алоҳида қайд этдилар.
Учрашувда “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан устоз ва талабаларга Қуръони карим китоблари туҳфа этилди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top