muslim.uz

muslim.uz

mercredi, 12 juin 2019 00:00

Либос

Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, у зотга бурда (либос) ҳадя қилди. У зот алайҳиссалом уни кийдилар. У зотнинг ўша кийимга эҳтиёжлари бор эди. Саҳобалардан бири уни кўрди-да, «Эй Аллоҳнинг Расули, бу бунча ҳам чиройли экан. Менга кийдиринг шуни» деб у зотдан ўша либосни сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол ечиб, ўша одамга бердилар. Шунда саҳобалар ўша одамга «Яхши иш қилмадинг. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кийимга эҳтиёжлари борлигидан уни кийган эдилар. Кейин сен у зот ҳеч кимни қуруқ қайтармасликларини билиб туриб сўрадинг» дейишди. Буни эшитган бояги одам «Аллоҳга қасамки, мен у либосни кийиш учун сўрамадим. Балки мен уни кафаним бўлиши учунгина сўрадим» деди. Бухорий ривояти.

Ўша саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг либосларини ўзида сақлаб турди ва охири ўша кийим унинг кафани бўлди.

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

2018 йилнинг сентябр ойида Ислом Тараққиёт банки томонидан ноёб қўлёзма китобларни электрон базасини яратиш мақсадида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази учун грант асосида маблағ ажратишга келишилган эди. Кеча, 10 июнь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ушбу ҳамкорлик асосида уч томонлама розилик имзоси билан грант маблағи ажратилди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.

Бу амалга оширилган лойиҳа асосида энди Марказга Германиянинг энг яхши фирмаларидан бири Zeutschel (Зойчел)нинг рақамли китоб сканери билан сотиб олинади ва марказ фондида сақланаётган барча маънавий бойликлар халқимизга ва мутахассисларга электрон тарзда етказиб берилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Муборак Рамазон ойи бу йили юртимизда ўзгача шукуҳда, барака ва хурсандчиликда ўтди. Муҳтарам юртбошимизнинг 2019 йил 1 майдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарори ҳамда 2019 йил 30 майдаги“Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарорига асосан жойларда бир ой мобайнида байрам кайфияти, эзгалик ва саҳоват ишлари жўш урди. Савоблар еттиюз баробаргача кўпайтирилиб бергувчи бу улуғ кунларда ҳар ким имкони қадар яхшилик, хайру саҳоват кўрсатишга интилди. Натижада маҳзун кўнгилларга шодлик улашилди,  эҳтиёжманд кишиларнинг рўзғорлари бут бўлди.

Рамазон ойи ва ҳайити кунлари юртимиздаги масжид имомлари ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида “Меҳрибонлик”, “Мурувват”, “Саҳоват” уйлари, меҳнат фахрийлари, нуроний кексалар, имконияти чекланган кишилар, шунингдек кам таъминланган, ёрдамга, меҳр-муруватга муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиниб, жами 3 миллиард 800 миллион сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди.

Кўрсатилган меҳр-мурувватлардан мамнун бўлганлар, Рамазон айёмларини қутлуғ бўлишини сўраб, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлигини, қолаверса, бу каби хайрли амалларга ҳиссалари қўшилган барча кишилар ҳаққига дуолар қилишди. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

Сўнги пайтларда, деярли ҳур куни ижтимоий тармоқлар, интернет саҳифалари ва теле хабарларда қотиллик, зўравонлик ва безорилик каби ноҳуш ҳолатлар ҳақида маълумот берилаётгани кишни бироз сескантириб юборади. Назаримда, инсонлардаги шафқатсизлик ўсиб, баъзан оддий маиший жанжаллар жиноятларга уланиб кетяпти. Бунинг сабаби нимада? Бу иллатни жиловласа бўладими? Айрим руҳшуносларнинг фикри ўлароқ, барча шафқатсиз одамлар руҳий  бузилиш, яъни асаб касаллигига учраган, дейиш – ўринсиз. Статистика маълумотларига қараганда, куч ишлатиш йўли билан содир этилувчи жиноятларнинг атиги 3-4% (фоиз)и руҳий касал кимсаларга тегишли бўлади.

Шафқатсизликнинг хуруж қилиши – кўпинча кичик кўнгилсизликларнинг йиғилиб бориши ва охир-оқибат – портлаши туфайли юз бераркан. Масалан, катта шаҳар стресс (руҳий зўриқиш)лари бугунги куннинг жиддий муаммоларидан бири саналади. Бир қарашда унчалик сезилмас омиллар, масалан, тонг қоронғусида ишга йўл олиш, жамоат транспортидаги тирбандлик, йўллардаги тиқилинч (пробка)лар ва шовқин-сурон ҳам бора-бора асабларни росмана қақшата бошлайди. Бу омилларнинг ҳар бирини алоҳида олганда, “сезмасдан ўтиб кетавериш” мумкин, аммо барибир руҳий зўриқиш кучайиб бораверади. Тажовузкорликка ундовчи воситаларнинг тобора кўпайиши – шафқатсизлик “эпидемия”сини зўрайтирувчи яна бир омилдир. Масалан, “оддийгина” ур-сур, “жангари” (боевик) кинофильмларнинг “тарбиявий” аҳамияти ҳам чакки эмас. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, моддий имкониятлар ортиб, тирикчилик осонлашиб бориши ҳам инсонлар ўртасидаги шафқатсизликка замин яратади! Ҳар ҳолда, “тўқликка шўхлик”, “қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор”, “оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапиради” деган гаплар беҳуда пайдо бўлмаган. Нима ҳам дейсиз, инсоннинг феъли ўзи шундай, тамом-вассалом! Албатта, бунда жамиятдаги маънавий муҳит ва тарбия, тийнат (менталитет) каби омиллар катта таъсир кўрсатади.

Виртуал мулоқот шафқатсизликка замин яратишини психологлар яқинда исботлаб беришди. Хуллас, “одноклассники”, “фейсбук”, “твиттер”, “инстаграм”, “телеграм” каби замонавий воситалар билан “тиллашиш”да ҳаддан ошиш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин. Нуқул виртуал тармоқ орқали мулоқот қилувчи шўрпешона, бора-бора қаршисидаги “тирик одам”нинг гаплари ва кайфиятини тушунишга қийнала бошлайди. Суҳбатдошининг хатти-ҳаракатларига тўғри муносабатда бўлолмайди. Қулоғига “қулоқчин” (наушник) тақиб олган ёшлар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Улар ўз-ўзларини руҳий хасталиклар сари “дадил” бошлаб бораётганликларини ўзлари тушунмаса, бошқаларнинг тушунтириши жуда мушкул...

Шафқатсизликка қарши қандай курашса бўлади? Психологларнинг фикрига қараганда, бунинг икки йўли бор: ўз-ўзини назорат қилиш ҳамда  ҳазил-мутойиба туйғуси. “Афсуски, бошқа йўлини кўрмаяпмиз”, дейишмоқда улар.

Бизнингча, ўша “руҳшунос”ларнинг аввало ўзлари “ўз-ўзини назорат қилиш ва ҳазил-мутойиба туйғуси”га муҳтож. Ахир, иймон-эътиқод, Аллоҳ таолодан қўрқиш, охиратдаги ҳисоб-китобнинг ҳақлигига бўлган ишонч қани?! Буларсиз одамни – Инсон дейиш мумкинми?

“Бугун инсон ўзини ҳар қачонгидан ёлғиз ва ночор сезмоқда. Бозор иқтисодиёти ижтимоий фаоллик учун йўл очиб берди, илмий-техник кашфиётлар имкониятларни кенгайтирмоқда, дунёнинг истаган бурчагига саёҳат қилиш ва олам ранг-баранглигидан баҳраманд бўлиш мумкин. Ҳақиқатан ҳам инсон қудратли мавжудот эканини энди тўла ҳис қилмоқда. Лекин у руҳан ёлғиз; унинг ёнида дилини англайдиган зот йўқ. Умрнинг қисқалиги, муқаддас нарсанинг йўқлиги, ҳаётнинг бешафқатлиги, нафс ва фаҳшга ўчлик, ақл ва руҳ устидан амалга оширилаётган зўравонликлар инсонни ночор зотга айлантирмоқда. Аёл ва эркак бир-бирини тўлдираётгандек, бир-бирининг умрини сермағиз қилаётгандек, аммо улар юқоридаги иллатларнинг қурбони бўлиб қолмоқдалар. Ушбу иллатлар моҳиятига яширинган манфур куч аёл ва эркак, инсон ҳаёти устидан ҳукмрондир” дейди олимлардан бири.

Шу ўринда имом Абу Ҳомид ал-Ғаззолийнинг бир фикрлари ёдимга тушди: “Қабрда ётганлар пушаймон қилаётган ишлар устида тириклар бир-бири билан қирпичоқ бўлмоқдалар” деган фикрлари барчамиз учун эслатма бўлиши лозим.

 

Имом Термизий Амр ибн Оснинг ўғилларидан қилган ривоятда Набий алайҳиссалом:

“Раҳмлиларга Аллоҳ таоло раҳм қилади. Ердагиларга раҳм қилинг. Сизга осмондаги Зот раҳм қилади”, деганлар.

Буюк имомлар – Бухорий, Муслим ва Термизийлар Жарийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

“Одамларга раҳм қилмайдиган одамга Аллоҳ таоло раҳм қилмайди”, деганлар.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Раҳмдиллик фақат бадбахтнинг қалбидангина суғуриб олинади”, деганлар.

Демак, раҳмдиллик саодатмандлик аломати бўлса, раҳмсизлик бадбахтлик аломатидир. Ислом инсонларга раҳм-шафқат кўрсатиш ҳудудидан чиқиб, бутун мавжудотга раҳм қилиш шиорини олға суради. Мусулмон инсон борлиқдаги барча нарсаларга раҳмли бўлиши зарурлигини таъкидлайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Кичкинамизга раҳм қилмаган, каттамизни улуғламаган, амри маъруф ва наҳйи мункар қилмаган биздан эмас”, дедилар”.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Мўминларнинг ўзаро дўстликлари, раҳм қилишлари ва меҳр кўрсатишлари худди бир жасадга ўхшайди. Ундаги бир аъзо хаста бўлса, жасаднинг қолгани унга қўшилиб бедор бўлади ва иситмалайди”, дедилар”.

Икки шайх ривоят қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам­нинг:

Аллоҳ раҳматни юз қисмга бўлди. Тўқсон тўққиз қисмини ўз ҳузурида тутиб қолди. Ерга бир қисмини нозил қилди. Махлуқотлар ўша қисмдан бир-бирларига раҳм қиладилар. Ҳаттоки от боласига зарар етказишдан қўрқиб туёғини ундан кўтаради, деяётганларини эшитдим.

Икки шайх ривоят қилганлар.

 

Саидаброр Умаров

mardi, 11 juin 2019 00:00

Диққат эълон!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактабига 2019-2020 ўқув йили бўйича ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар учун жорий йилнинг 17-29 июнь кунлари мобайнида Тошкент ислом институтида бепул тайёрлов курси ташкил этилади.

Тайёрлов курси учун абитуриентлардан ҳужжатлар 2019 йилнинг 11 июнидан 15 июнигача қабул қилинади. 

Тақдим этиладиган ҳужжатлар:

- паспорт нусхаси (асл нусхаси  кўрсатилади);

- ўрта махсус ислом таълим муассасасини битирганлиги ҳақида ҳужжат нусхаси;

- 4 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги). 

Тайёрлов курси қуйидаги фанлардан бўлиб ўтади:

- Ҳадис истилоҳлари;                         

- Ҳадис шарҳлари;

- Араб тили. 

Эслатма: Тайёрлов курси иштирокчилари ётоқхона билан таъминланмайди.                      

Манзил: Тошкент ислом институти.

Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Зарқайнар 18-берк кўча, 47-уй.

Тел: (0371) 227-23-47

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

Top