muslim.uz
“Муслим-тур” Қозоғистоннинг “Барака-тур” фирмаси билан ҳамкорлик бошлади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси қўшни давлатлар фуқароларини юртимиздаги қадамжолар ва табаррук масканлар бўйлаб, кенг кўламдаги зиёратларини уюштириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишларини ташкил этиб келмоқда.
Муҳтарам Президентимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган фармон ва қарорлар зиёрат туризмини ривожлантиришга катта хизмат қилмоқда. Ушбу зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва сайёҳларга қулай шарт-шароитлар ташкил этиш мақсадида, “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Бугун, 16 март куни “Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси Қозоғистоннинг “Барака-тур” сайёҳлик фирмаси билан ҳамкорликда 40 нафар қозоғистонлик фуқароларни Самарқанд заминидаги азиз авлиёларнинг қадамжолари ва осори атиқаларига зиёратларини уюштирди, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этди.
Мўътабар масканлар зиёратидан руҳий-маънавий қувват олган қўшни давлат кишилари энг табаррук жойларни зиёрат қилганлари ва уларга кўрсатилган эҳтиромдан жуда ҳам мамнун бўлганларини изҳор қилишди.
“Muslim-tour” сайёҳлик фирмаси шундай эзгу ташаббусларни давом эттиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Отажон, бир соат вақтингиз неча пул?”
Ота ишдан одатдагидек кеч қайтди. Жуда чарчаган эди. Кичик ўғли уни остонада кутиб турган экан. Ўғил:
“Отажон, сиздан бир нарса сўрасам майлими?” деди.
“Марҳамат” деди отаси.
“Отажон, бир соатда неча пул топасиз?” деб сўради ўғил. Отасининг аччиғи келиб,
“Буни сенга алоқаси йўқ. Сенга нима бўлди? Нега бунақа бемаъни савол беряпсан?!” деди. Ўғил:
“Отажон, мен фақат шуни билмоқчиман. Илтимос, айтинг. Бир соатда қанча пул топасиз?” деди. Ота ўғлининг оёқ тираб туриб олганини кўриб,
“Жуда билгинг келаётган бўлса, майли, айтаман. Бир соатда икки динор топаман” деди. Бу жавобни эшитган ўғил бироз ўйланиб турди-да, кейин:
“Отажон, агар мумкин бўлса, менга бир динор қарз бериб туринг” деди. Отанинг ғазаби тошиб,
“Мендан пул олиб, арзимас нарсаларга ишлатиш учун бир соатда қанча пул топишимни сўраганмидинг?! Бор хонангга, ухла! Мен кун бўйи чарчаганман. Ишхонада асабларим толиққан. Сен билан майдалашиб ўтиргани вақтим йўқ” деди.
Бола индамади, кўзларидан ёш оқди, аста хонасига кириб кетди. Орадан тахминан бир соат ўтгач, ота бўлиб ўтган ҳодиса, ўғлига қўпол муомала қилгани ҳақида ўйлади. “Эҳтимол, боламнинг бир динорга эҳтиёжи бордир” деган гап хаёлига келди. Кейин унинг хонасига борди. Кириб,
“Ухлаяпсанми?” деди. Бола:
“Йўқ, ухламаяпман. Ҳалиям уйғоқман” дея жавоб берди. Ота аста гап бошлади:
“Боя сенга қўпол муомала қилдим. Бугун жуда оғир ва машаққатли иш куни бўлган эди. Мана, ол, бу боя сен сўраган бир динор”.
Болакай пулни олар экан роса қувонди. Ёстиғи остидаги бир динорни олдида, қўлидаги бир динорга қўшди. Буни кўрган ота ғазаб отига миниб,
“Ўзингда бир динор бор экан-ку, нега яна мендан пул сўрадинг?” деди. Шунда мурғаккина болакай сокин овозда:
“Боя пулим етмас эди. Энди пулларим икки динорга айланди. Бизга вақт ажратиб, биз билан суҳбат қилишингиз, ёнимизда бўлишингиз учун мен шу икки динорга сизнинг бир соат вақтингизни сотиб олмоқчиман” деди.
Азизлар, ҳикматли ва тўғри сўз қаердан келса ҳам, уни дарҳол қабул қилинг! Баъзида бундай сўзлар умрингизда фақат бир мартагина кўрадиган одамингиздан, баъзида эса яқинларингиздан келади.
Ҳурматли оталар! Фарзандларингиз ва аҳлу аёлингизга вақт ажратинг! Уларни эътиборсиз қолдирманг! Унутманг, уларнинг қалбларида сизга айтадиган кўп гаплари бор.
“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
ТАЪЗИЯ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти вакиллиги муҳтасиби Ҳошимхонов Маъруфхоннинг турмуш ўртоғи Йўлдашева Гулнорахоннинг вафот этгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдиради.
Аллоҳ таоло марҳумани Ўз мағфиратига дохил қилсин, яқинларига сабру жамил бериб, сабрларига ажру мукофотлар ато этсин.
Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Янги Зеландия губернаторига ҳамдардлик мактубини юборди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Крайстчерч шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Янги Зеландия Генерал-губернатори Пэтси Реддига ҳамдардлик мактуби йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Презилентининг матбуот хизмати хабар берди.
Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг яқинларига самимий таъзия ва ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тез фурсатларда шифо топишларини тилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
БАА Ўзбекистонда халқаро намунадаги «ҳалол» сертификатини берувчи марказни ташкил этишда кўмаклашади
Ўзбекистон ҳукумати БАА Энергетика ва саноат вазирлиги ҳамда Mubadala Utilities компаниясининг бир қатор ИЭСларни хусусийлаштириш бўйича лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди, деди бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев.
Ўзбекистон ҳукумати Бирлашган араб амирликлари Энергетика ва саноат вазирлиги ва Mubadala Utilities компаниясининг бир қатор иссиқлик электр станцияларини хусусийлаштириш ҳамда давлат-хусусий шерикчилик асосида янгиларини қуриш бўйича лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди, деди бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев сешанба куни бўлиб ўтган Ўзбекистон-БАА ҳукуматлараро комиссиясининг учинчи йиғилишида.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Masdar компанияси билан қайта тикланувчи энергия манбалари, жумладан шамол электр станцияларини қуриш соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Mubadala компанияси билан углеводородларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, Абу Дабининг ADNOC миллий нефть компанияси билан эксперт-консултацион ҳамкорлик лойиҳалари амалга оширилади.
Элёр Ғаниев БАА компанияларини Ўзбекистон туризм соҳасига сармоя киритишни таклиф қилди.
«Биз эришилган келишувлар билан чекланиб қолишни истамаймиз. Республикада 4000 тарихий ёдгорликлар бўлиб, уларнинг 90 фоизини ислом маданияти ёдгорликлари ташкил этади. Биз сайёҳлик лойиҳаларини амалга ошириш ва меҳмонхоналарни хусусийлаштириш, шунингдек Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари — Самарқанд, Бухоро, Хивада 5 юлдузлиларини қуришни таклиф қиламиз», — деди у.
Томонлар устав капитали 1 млрд доллар бўлган қўшма инвестицион компанияни очиш масаласини ҳам муҳокама қилди. Абу Даби Тараққиёт жамғармаси ва Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси унинг таъсисчиси ҳисобланади.
Жамғарма Самарқанд инфратузилмалари: автомобиль йўллари ва ичимлик суви таъминоти тизимларини яхшилашга имтиёзли кредит ажратади. Ўзбекистон Миллий банки билан ҳамкорликда меҳмонхона ва савдо марказини қуриш режалаштирилмоқда.
Элёр Ғаниев БАА томонини минтақада ягона бўлган халқаро намунадаги «ҳалол» сертификатини берувчи илмий-тадқиқот ва сертификатлаш марказини ташкил этишда иштирок этиш, шунингдек Навоий ва Наманган вилоятларида қишлоқ хўжалиги, тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва меҳмонхоналар тармоғини ташкил этишга ҳам таклиф қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати