muslim.uz

muslim.uz

Саййидимиз Умар розияллоҳу анҳу шундай киши эдиларки, баъзи оятлар у кишининг истакларига мос равишда нозил бўлган эди. Одамлар Ҳажарул асвадни ўпаётганларини кўрардилар. Ўзлари ҳар гал ўша тошни ўпаётганларида “Аллоҳга қасамки, мен биламан, сен зарар ҳам, фойда ҳам беролмайдиган тошсан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сени ўпаётганларини кўрмаганимда, мен ҳам сени ўпмасдим” дердилар.

Бу ривоятни Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Ибн Можа раҳимаҳумуллоҳ ривоят қилишган.

У киши бу сўзлари билан одамларнинг эътиборини шаръий масаланинг аслига қаратишга, бизнинг динимизда тошга ибодат қилинмаслигига, ибодат Аллоҳ учун қилинишига, ўша тошни ўпиш эса қаердан келиб чиққанига қаратишга уринардилар.

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг изни ва амри билан шаръий ҳукмларни жорий қилувчи эдилар. У зот алайҳиссаломга эргашиш эса бизга вожибдир. Баъзиларнинг “Мусулмонлар бут-санамга сиғинмайдию, аммо Каъбадаги тошни ўпишади” деган фитнали гапларига Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу мана шу тарзда жавоб берардилар. Биз учун тош эмас, Аллоҳ ва Расулининг амри муҳимдир. Биз тошни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўпганлари ва ўпишга амр қилганлари учун ўпамиз. Аллоҳ таоло бизга Ўзининг Расулига итоат қилишимизни буюрган.

Умар розияллоҳу анҳу аёлларга кўп маҳр берилаётгани ҳақида гапириб, уни оширмасликни айтганларида, бир аёл у кишининг сўзларини тўхтатиб, “Аллоҳ таоло Қуръонда “...Ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд меҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг...” деган бўлсаю, сиз қандай қилиб кўп маҳр беришдан одамларни қайтарасиз?” деди. Бу гапни эшитган Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу кўп маҳр беришга яна рухсат бериб, “Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди” дедилар. Бу ишлари билан Аллоҳнинг шариати олдида ҳеч ким катталик қилмаслиги кераклигини билдирдилар.

Демак, Ҳажарул асвадни ўпиш, маҳрни кўп миқдорда бериш каби масалаларнинг асл илдизи, асл манбаси бор. Одамлар биздан динимиздаги баъзи ишлар ҳақида сўраганда, уларга юқоридагидек асл илдизини баён қилиб беришимиз керак.

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Саҳобалар ва солиҳлар қиссаси” китоби асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

Оила аъзоларимиз, дўстларимиз билан овқатлангани ошхоналарга бориб турамиз. Борганимизда бизга ўша ерда хизмат қилувчи йигит “Хуш келибсизлар” дея пешвоз чиқади. Кейин бўш столни кўрсатади. Ўша ерга ўтирганимиздан сўнг олдимизга таомлар менюсини қўяди-да, “Нима буюрасизлар?” деб сўрайди. Кейин биз ўзаро маслаҳатлашиб, нимадир таом буюртма қиламиз. Таомланиб бўлганимиздан сўнг, официант йигит биздан иккинчисига нима ейишимизни сўрайди. Баъзиларимиз иккинчи таомга нима ейишимизни айтамиз ёки “Бизга ташқаридаги музқаймоқдан олиб келинг” деймиз. Ана шу тарзда таомланиб бўлганимиздан сўнг ўрнимиздан туриб, кассага пулни тўлаб, тарқаламиз.

— Балиқ егани фалон ошхонага борамиз. Нариги ошхонада балиқни яхши пиширолмайди;

— Биринчисига қанақа овқатларингиз бор?;

— Қовурилган товуқ эмас, грилл табака егим келяпти;

— Менга шоколадли ёки мевали музқаймоқ беринг.

Шу каби гаплар билан таомларни танлаб-танлаб тановул қилаётган пайтимизда, қорни очганда, егани нарса тополмай қийналадиганлар борлигини унутиб қўймайлик!

Эсимиздан чиқмасин, Аллоҳ таоло бизга ато этган ва этаётган барча неъматлари ҳақида қиёмат куни сўрайди. Бошқаларга ҳам таом улашдикми-йўқми, еган овқатимизнинг кучини ибодатга сарф қилдикми-йўқми, ҳаммаси ҳақида сўрайди. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

ثُمَّ لَتُسْأَلُنَّ يَوْمَئِذٍ عَنِ النَّعِيمِ

“Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласизлар”. (Яъни, қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандоқ сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми - сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз, ҳалолгами ҳаромга, Аллоҳни рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз.)

Аллоҳ таолонинг неъматларига кўпроқ шукр қилайлик! У Зот бизни шокирлардан қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

jeudi, 14 novembre 2019 00:00

Фосса – ноёб ҳайвон

Ўзида уч хил ҳайвоннинг сифатларини жамлаган бир жонзот бор. Бу – фосса. Танасининг тузилишидан мушукка ўхшаб кетади. Аммо мушукдан каттароқ ва узунроқ. Тезкорлик билан сакрашидан маймунга ўхшаб кетади. Шунингдек, у ласки номли ондатрасимон ҳайвонга ҳам ўхшайди.

Фосса – дунёда фақат Мадагаскар оролида яшайди. Оролдаги энг йирик йиртқич сут эмизувчидир. Танасининг узунлиги 70-80 сантиметр, думининг узунлиги 70 сантиметр, вазни 10-11 килограм атрофида. Терисининг ранги тўқ қўнғир-жигаррнг тусда. Фоссанинг эшитиш, кўриш ва ҳид билиш сезгиси жуда ривожланган. Эркаги урғочисидан каттароқ бўлади. Дарахтларга чиқиб-тушишга, дарахтдан дарахтга сакрашга керак бўладиган тирноқлари бор. Унинг узун думи сакрашда ас қотади.

Дунё бўйича тахминан 3000 та атрофида қолган. Шу боис ун “Қизил китоб”га киритилган. Тадқиқотларнинг хулосасига кўра, фосса мангустлар оиласига мансублиги маълум бўлди. Фосса кўпроқ лемур, маймун, кемирувчилар, калтакесаклар ва қушлар билан озиқланади. Урғочиси билан қўшилиш жараёни одатда дарахтда содир бўлади. Боласи онасини 4-5 ой эмади. Бир йилдан сўнг мустақил ов қила бошлайди. Фоссалар 3-4 ёшда вояга етиб, ўртача 20 йил яшайди.

Ер юзидаги барча нарсани, жумладан, жонзотларни ҳам Аллоҳ таоло яратган. У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَاللَّهُ خَلَقَ كُلَّ دَابَّةٍ مِن مَّاء فَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى بَطْنِهِ وَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى رِجْلَيْنِ وَمِنْهُم مَّن يَمْشِي عَلَى أَرْبَعٍ يَخْلُقُ اللَّهُ مَا يَشَاءُ إِنَّ اللَّهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

“Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир” (Нур сураси, 45-оят).

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни гўзал қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

14 ноябрь куни Боку шаҳрида Иккинчи Боку дунё диний етакчилари саммити Қуръони карим оятлари тиловати билан бошланди. Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳам иштирок этмоқда.
Мазкур нуфузли тадбирда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ўз маърузаси билан нутқ сўзлади.
Саммитда дунёнинг 85 дан зиёд мамлакатидан 350 нафардан ортиқ сиёсатчилар, жамоат ва дин арбоблари, олимлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, диний конфессиялар ва ҳаракатлар раҳбарлари қатнашмоқда.
Икки кунлик саммит давомида Озарбайжон давлатининг бағрикенглик ва динлараро ҳамжиҳатликни тарғиб қилишдаги ўзига хос жиҳатлари ҳамда Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозоданинг дин ва жамоат арбоби сифатидаги фаолияти мавзуларида суҳбатлар ҳам бўлиб ўтади.
Саммит якунида Боку декларацияси қабул қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

13 ноябрь куни Озарбайжон Республикасида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси Озарбайжон Республикаси диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича Давлат қўмитаси раиси Мубариз Гурбанли ва Озарбайжон Илоҳиёт институти ректор Сайхун Мамедов билан билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистонннинг Озарбайжондаги элчиси Шерзод Файзиев иштирок этди.
Мулоқотда Ислом дини қадриятлари ва инсонпарварлик ғояларини тарғиб этиш, малакали диний кадрларни тайёрлаш, турли хатарларга қарши ҳамкорликда курашишга оид масалалар муҳокама қилинди.
Озарбайжон Илоҳиёт институти Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг 2018 йил 9 февраль кунги фармойиши асосида ташкил этилган. Ушбу институтни ташкил қилишдан асосий мақсад, диний соҳада фаолият юритадиган юқори малакали кадрларни тайёрлашдан иборатдир.
Бугун 14 ноябрь куни Боку шаҳрида Иккинчи Боку дунё диний етакчиларининг саммити бошланади. Тадбирларда дунёнинг турли мамлакатларидан келган таниқли уламолар, машҳур муфтийлар, профессор-олимлар, етук экспертлар, давлат ва дин арбоблари ҳамда турли конфессия етакчилари иштирок этади.
Мазкур халқаро нуфузли тадбирда муҳокама қилинган масалалар сайтимиз орқали ёритиб борилади.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top