muslim.uz

muslim.uz

Бугун 31 – май муборак Рамазон ойининг 26 – куни Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Доруломон” жоме масжидига, Хоразм вилояти “Фахриддин ар-Розий” ислом билим юрти мударриси Абдулҳамид домла Жуманов имом-хатиб вазифасига тайинланди.

Тошкент шаҳар бош имом – хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов, Тошкент шаҳар вакили ўринбосари С. Сатимов ҳамда Мирзо Улуғбек туман бош имом-хатиби А. Маматов “Доруломон” жоме масжидига ташриф буюриб, масжид қавмига янги тайинланган имом-хатибни таништирдилар.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

 Бугун 31-май, Рамазоннинг ғанимат ўтиб бораётган 26-кунларидир. Бу кеча Рамазоннинг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечаларидандир. Саҳиҳ ҳадис билан Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлиги тоқ кунларидан изланлар”, дея марҳамат қилганлар. Тошкент шаҳридаги бир неча жоме масжидларда бу кеча Қуръони Карим хатмонаси яъни, Каломуллоҳнинг сўнгги суралари ўқилиб, чин ихлос ила дуолар қилинади.

Бугун 31.05.2019 санасида Тошкент шаҳридаги қуйидаги масжидларда Қуръони Карим хатмонаси якунига етади:

 

  1. “Аҳмад Яссавий” жоме масжиди. (Яшнобод тумани, Ахмад Яссавий маҳалласи, Ховос 1-тор кўчаси 49-уй. Телефон: +998 71 283-59-50, +93 565-12-05)

Имом-хатиб: Хушвақтов Алимардон

Қори: Саидакбаров Саидасқар, Аброров Абдулазиз

 

  1. “Усмон ибн Мазъун” жоме масжиди.  (“Қушбеги” маҳалласи кичик халқа йўли, Х.Умаров кўчаси №41 уй. Тел.: +71 250-27-39, +93 777-77-45, +94 208-80-70)

Имом-хатиб: Бегматов Исҳоқжон

Қорилар: Махкамов Рахмонжон, Султонмаҳмудов Абдулмажид, Мадаминжонов Азимжон

 

  1. “Фотимаи Заҳро” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Чўпон ота маҳалласи, Шокир Алимов кўчаси 47-уй. Тел.: +71 273-59-33, +94 635-22-01)

Имом-хатиб: Жабборов Музаффар

Қорилар: Хусниддинов Зуҳриддин, Қодиров Абдулазиз, Ҳасанов Муҳаммадвали

 

  1. “Ҳувайдо” жоме масжиди. (Шайхонтоҳур тумани, Хувайдо 2-тор кўча 49а-уй. Тел.: +998 71 249 96 17, +93 509-17-27)

Имом-хатиб: Алимов Аброр

Қорилар: Алимов Аброр, Абдураҳмонов Муҳаммадюсуф, Муҳаммадсолиев Сайфуллохон

 

  1. “Мирза Юсуф” жоме масжиди. (Юнусобод тумани, Боғишамол кўчаси 98-уй. Тел. :+71 234-17-28, +94 666-25-80)

Имом-хатиб: Сайфуддинов Раҳматуллоҳ

Қори: Ҳусанов Қодиржон, Ҳамидов Садриддин

 

  1. “Азиз ота” жоме масжиди.  (Учтепа тумани, “Бирлик” маҳалласи, Учтепа кўчаси 54-уй.  Тел.:+71 247-76-16, +93 506-47-02)

Имом-хатиб: Болбеков Ботир

Қорилар: Атауллаев Хайруллохон, Саламов Абдулборий, Саламов Абдулбоқий

 

  1. “Мулла Қосим” жоме масжиди. (Мирзо Улуғбек  тумани, Буюк Ипак йўли кўчаси 31 уй. Мўлжал: “Саёҳат” меҳмонхонаси орқа тарфи. Тел.: +71 268-81-72, +97 411-48-20, +98 117-24-42 )

Имом-хатиб: Алимжонов Азимжон

Қорилар: Низомов Мухаммадроуф, Садиков Рахматулла

 

Хатми Қуръондан кейинги дуолар мустажобдир. Рамазоннинг энг баракотли онларини қўлдан бой берманг, азизлар!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Танловга!

Рамазон ҳайити – ийдул фитр дейилади. У кун мусулмонлар учун хурсандчилик, шодлик, кенгчилик ва байрам кунидир.  У кун ўзгача шукуҳ ва фазилатга эга. Мусулмонларнинг икки муборак байрамларидан биридир.

Ҳайит намози Моликий ва Шофеъийларга кўра, суннати муаккада, Ҳанафийларда вожиб, Ҳанбалийларда эса фарзи кифоядир.

Ҳайит кунида мустаҳаб бўлган амаллар:

  1. Ҳайит кечаларини бедор ўтказиш

Ким ҳайит кечаларини ихлос ва савобидан умидвор ҳолда зикр, тасбеҳ, Қуръон тиловати ила бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда қалби омонда бўлади. Ҳайит кунига етказгани учун кўплаб шукр ва ҳамд айтиш керак.

  1. Ғусл қилиш.
  2. Хушбўйланиш ва зийнатланиш
  3. Соч олдириш
  4. Мисвок қилиш
  5. Кийимнинг энг яхшисини кийиш

Набий саллоллоҳу алйҳи васаллам икки ҳайит учун ҳамиша ғусл қилар эдилар. Чунки, бу икки намозда улкан жамоат тўпланади, тиқилинч юзага келади. Шу боис, ёмон ҳидлардан сақланиш керак. Таҳоратнинг ўзи билан чекланса ҳам жоиздир.

Бундан ташқари, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам “Ҳибаро” деган чопонларидан бирини алоҳида ҳайит учун кияр эдилар.

Тоза ва ораста кийиниш, зийнатланиш, хушбўйланишга имом ҳам эътибор беради. Кўпчиликнинг нигоҳи унда бўлгани учун ўзига аҳамият қаратади.

Кийимларнинг энг яхшиси бу оқ кийимдир.

Орасталаниш, ғусл қилиш, хушбўйланиш хоҳ масжидга борувчи учун бўлсин, хоҳ уйда қолувчи учун бўлсин, бир хилдир.

Аммо, аёллар бу борада эркаклардан фарқланадилар. Ҳайит куни кўчага чиқсалар одатий ва тоза кийимда, хушбўйланмасдан, ясан-тусан қилмасдан, фитнага сабаб бўлмасдан чиқишлари лозим. Ҳайит куни кўчаларда одам кўп бўлгани учун эркакларга аралашиб юрмасликлари шарт. Ўзларига хос ва ярашадиган жойларга борсалар майли. Бугунги кунда назар солсак, аёл-қизларимиз ҳайит кунлари зийнатларга, атир-упаларга, ялтир-юлтир кийимларга бурканиб, “ким ўзар”га кийиниб чиқадилар. Кўчага чиқиш қоидаси аёллар учун ҳайит куни ўзгариб, истисно бўлиб қолмайди. Уларнинг кўнгилхушлик қилишлари, хурсандчилик қилишлари шариатда ман қилинмаган. Фақат шариат талабида бўлса, бунинг зарари йўқ.

Ёш болалар хоҳ ўғил, хоҳ қиз – уларга зийнатланиш, чиройли кийимлар кийиш, тиллолар тақиш мумкин. Ҳайит – зийнат кунидир. Болажонлар шу ила ҳайитнинг қадри ва шукуҳини ҳис қилишлари, яна келишини интиқ кутишлари мумкин. Ҳайитдан бошқа пайтда тилло тақиб ва зийнатли кийим кийишлари тавсия қилинмайди.

  1. Ҳайит билан табриклаш. Фуқаҳолар ҳайит билан табриклаш жоизлигига иттифоқ қилганлар. Буни турли усуллар билан амалга оширса бўлади.
  2. Зиёратга бориш.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам намоздан қайтганларида, у зотни алоҳида зиёрат қилиш учун ҳужраларига келганлар.

Бундан ташқари, ҳайит куни ёши улуғлар, кексалар, беморлар, муҳтожлар, мусофир ва қариндошлардан хабар олинади, уларни зиёрат қилинади, дуо олинади. Имкон бўлса, моддий кўмак берилади.

  1. Қўшиқ, ўйин ва кўнгилхушлик қилиш

Бу ҳақида Оиша онамиз ҳайит куни ҳабашийлар ўйинини томоша қилганлари ва ҳужраларида икки жория “Буос куни” қўшиғини куйлаётганлари, Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтармаганлари ривоят қилинган. Лекин ривоятга эътибор берилса, ўйин ва куй-қўшиқ беҳаё ва эркак-аёл аралаш ҳолда бўлмаган. Содда кўринишда айтилган. Бу ҳадисдан далилланиб, шариат ман қилган ҳолатларга ўтиш мумкин эмас.

10. Аёлларга алоҳида насиҳат қилиш

Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ийд намозидан сўнг аёлларга алоҳида ваъз-насиҳат қилганлар. Билол розияллоҳу анҳу кийимларини ёйиб турганлар. Улар садақаларини ўша кийимга ташлаганлар. Бундан билинадики, имом агар фитнадан омонда бўлиш шарти ила аёлларга алоҳида фитр ва қурбонлик ҳайити, ҳукмлари ва одобларини баён қилиши ёки оила бошлиқлари намоздан қайтгач, ўзлари эшитган нарсаларни ўз аҳлларига сўзлаб беришлари мумкин.

11. Ихтиёрий садақалар қилиш

Садақа алоҳида тиланчига эмас, бирор муҳтож қўшни, қариндош, илм толибига қилинса, мақсадга мувофиқ бўлиб, пул, буюм, тақинчоқ, егулик, кийим-кечак ҳаммаси садақа – яхшилик турига киради.  

Барчамизга яқинлашиб келаётган Ийдул Фитр муборак бўлсин! Аллоҳнинг илоҳий раҳматлари юртимиз узра бардавом бўлсин, амин!

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар билим юрти

ўқитувчиси Саййидазиз қизи Нилуфар

 

 

Рамазон ойининг фазилатлари бисёр. Шулардан учтасини келтирсак: 

  1. Рамазон ойи хатоларга каффорот бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Беш вақт намоз, бу жумъа кейинги жумъагача, бу Рамазон кейинги Рамазонгача – агар катта гуноҳлардан четда бўлинган бўлса – ўрталаридаги нарса (хато)ларга каффорот бўладилар” дедилар”. Имом Муслим ривояти. 

  1. Рамазон ойи гуноҳларнинг кечирилишига сабабдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон ойининг рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади” дедилар”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазон ойи кирганда, ундан гуноҳлари кечирилмасдан чиққан кишининг бурни ерга ишқалсин” дедилар”. Имом Аҳмад, Термизий, Бухорий, Ибн Ҳиббон ривоят қилишган. 

  1. Рамазон ойи банданинг Жаннатга киришига сабабдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Албатта, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй Расулуллоҳ, агар фарз намозларни ўқисам, Рамазон (рўзасини) тутсам, ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром десам ва буларга ҳеч нарсани зиёда қилмасам, жаннатга кираманми?” деб сўради. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳа” дедилар. Имом Муслим ривояти.

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни кечирсин ва жаннатига меҳмон қилсин, омин!

 

Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси

Мақолалар

Top