muslim.uz

muslim.uz

Бағрида Аллоҳнинг раҳмат ва мағфиратини, биз ожиз бандалар жисмига дўзах оловидан нажот лутф-иноятини жойлаган соғинчли ой, марҳабо! Эй моҳи Рамазон! Сенда раҳмат ва ҳидоят манбаи – Қуръони карим нозил бўлган. Тунларинг орасига яширинган бир кеча минг ойдан афзал, қадрли. Хотамул анбиё – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га келган буюк ваҳий – “Ўқи!” амрига ёлғиз гувоҳ бўлган Қуръон ойи Марҳабо!

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар умматим Рамазон ойида улар учун қанча фазилатлар борлигини билганларида эди, йилнинг ҳаммаси Рамазон бўлишини хоҳлар эдилар” деган муборак ўгитлари ҳикматини туйиш ила сени соғиндик, моҳи Рамазон!

“Ойларнинг энг афзали Рамазон” (Имом Табароний ривояти) сени соғинч ила йил бўйи интиқ кутдик! Аллоҳнинг каломи нозил қилинган муборак ой, бағрингда нафсимизнинг қутқуларидан, занжирбанд этилган шайтони лаъин васвасаларидан халос бўламиз. Минг ойдан хайрли бўлган кечанг – Қадрда, ибодат қилиб, улкан савоблар қозониб, келгуси йил учун тушириладиган тақдиримиз учун дуои хайрлар қиламиз. Марҳамати қаҳридан устун бўлган Оламлар Раббисининг бандаларига берган баракотли моҳи, шу сабаб сенга муштоқмиз.

Йил бўйи Сени ўзгача соғинч, иштиёқ, умид билан кутамиз. Ташрифинг-ла мўминлар боши узра раҳмат, мағфират ёғилади. Сенда жаннат эшиклари очилади, дўзах қопқалари беркитилади.

Илк даҳангда беҳисоб раҳматдан дилларимиз ёришади. Ахир, банда учун Аллоҳ раҳматидан ҳам ортиқ не бор?! Зотан, Парвардигор раҳмати тушган макон ҳамиша обод, тинч-тотув, меҳр-муҳаббат, садоқат, омонлик... фақат эзгулик ҳукмида бўлади. Хатолар кечирилади, астойдил қилинган тавбалар қабул қилинади, қалблар покланади. Гуноҳларимиздан фориғ этувчи мағфират борки, эзгу ниятлар ила хайрли ишларга шошиламиз. Зеро, Яратганнинг раҳматига эришган, гуноҳлари афв этилган инсон, албатта, буюк хурсандчиликда бўлади. Сўнггида жисмни оловдан сақлаш инояти қалбимизга таскинлик бахш этади.

Чунки сарвари олам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза ҳимоя қилувчи қалқон ва жаҳаннам ўтидан сақловчи мустаҳкам қўрғондир” деганлар (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривояти).

Ана шу муждалар ила қалбларимиз таърифга сиғмас шоду хуррамликка тўла. Инсонлар қалбида бир-бирларига очиқ кўнгиллилик, меҳр-муҳаббатнинг пайдо бўлиши, айниқса, хушфеъллик, тавозе, олижаноблик ва саховат сингари фазилатларнинг юксалиши сенинг ташрифинг шарофатидандир.

Савобли ишларни адо этиб, савобга эришмоқ истагида чин ихлос ила, қалбдаги имон гавҳари билан сенга интиламиз, қадри улуғ азиз ой! Сенга соғинчим боиси, ҳадиси қудсийда айтилган (Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади): “Одам боласининг ҳар бир амали унинг учундир. Фақат рўза мен учундир. Унга ўзим мукофот бераман!” (Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти) деган Аллоҳнинг марҳаматидир.

Ажиб бир саодатки, икки дунё яхшиликларига элтувчи хайрли амаллар мужассам қилинган эй моҳи Муборак! Ташрифинг қутлуғ бўлсин!

Маҳмуд ҚАҲҲОРОВ,

Китоб туманидаги  55-мактаб ўқитувчиси

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг Оли Имрон сураси, 32-оятида “Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг” деб марҳамат қилган.

Ушбу оятга кўра, банда Аллоҳ таолонинг буйруқларига амал қилиб, қайтарганларидан қайтиши керак. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларига амал қилиб, қайтарганларидан қайтиши лозим.

Динимизда аёлларнинг зийнати ҳақида батафсил ҳукмлар келган. Аёлларнинг номаҳрам эркакларга зийнатларини кўрсатишни шариат қатъий ман этган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Нур сурасида шундай деган:

“Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар” (31-оят).

Бу оятда Аллоҳ таоло мўмина аёлларни ўз зийнатларини бегона эркакларга кўрсатмасликка буюрган. Мўмина аёллар қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини кўрсатиб юриши мутлақо мумкин эмас.

Аммо афсуски, шариатимизнинг кўрсатмасига амал қилмай, қасддан зийнатларни кўрсатувчилар, беркитиши лозим бўлган жойларни очиб юрувчилар, номаҳрамларга янада жозибалироқ кўринишга уринувчилар кўпайиб боряпти. Товонини ҳам номаҳрамларга кўрсатмаган момоларнинг авлодлари бугун бошқаларга ёқишнинг барча усулини қўллаб, ечинишнинг турфа хилини амалга оширмоқдалар.

Улар нега шундай ққилишади?

Нега шариатга тескари иш қилинади?

Бундан нима фойда? Ахир аёл киши ҳар қанча ёпиқ, иффатли, ҳаёли бўлса, шунча қадрли бўлади-ку! Нега улар ўзларининг қадрларини туширишади?

Шариатимиз:

“Юлма, терма” деган ҳукмига амал қилмай, қошни тердириб;

“Қирқма, кесма” деган ҳукмига амал қилмай, сочни қирқитиб;

“Улама!” деган ҳукмига амал қилмай, киприкни улатиб;

“Олиб, қисқартириб тур” деган ҳукмига амал қилмай, тирноқларини олмай, ўстириб, устига яна сунъий тирноқ қоплатиб;

“Аллоҳнинг яратганини ўзгартирма!” деган ҳукмга амал қилмай, укол қилдириб лабни шишириб, ўзининг табиий ҳажмидан катталаштирувчилар кўпайяпти.

Абдуллоҳ  розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчиларни лаънатласин”, деди. Бу гап Қуръон қироат қиладиган Бану Асадлик Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб бу ҳақда сўради. Шунда Абдуллоҳ: “Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман. Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг китобида бор”, деди. “Батаҳқиқ, Мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Буни топмадим”, деди аёл. “Агар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: “Расул сизга нимани берса олингиз ва у сизни нимадан қайтарса, қайтингиз”, деган”, деди у. “Шу нарсадан баъзиси сенинг хотинингда бор деб ўйлайман”, деди аёл. “Бориб, назар сол”, деди у. Аёл унинг хотини олдига кириб, ҳеч нарса кўрмади ва қайтиб келиб: “Бирор нарса кўрмадим”, деди. “Аммо ўша нарса бўлганида, у билан жамъ бўлмас эдик”, деди Абдуллоҳ”. (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ривоят қилишган).

“Вашм” – ясама хол қўйиш бўлиб, жоҳилият давридаги араб аёллари орасида кенг тарқалган эди. Бугунги кунда замонавий услублар билан баданга расм чиздириш (татиуровка) ҳам вашмнинг айнан ўзидир.  

“Мўйчинак билан териш” дегани махсус асбоб билан қош, киприк ва юздаги баъзи тукларни териш тушунилади.

“Тиш орасини очиш” деганда эса соғ тишларини эговлаб орасини очиш англанади.

Ҳадисга мувофиқ, хол қўювчи ҳам, қўйдирувчи ҳам, чизувчи ҳам, чиздирувчи ҳам, қош терувчи ҳам, тердирувчи ҳам, тиш орасини очувчилар ҳам лаънатланган.

Мазкур ишларнинг ҳаммасини ривоятда айтилганидек “ҳусн учун” қилинса, лаънатга қолинади. Чунки бу ишларни “ҳусн учун” қилувчилар “Аллоҳнинг яратганини ўзгартувчилар”дир.

Аллоҳ таоло барчамизга инсоф берсин! Унинг “Қил!” деганларини қилиб, “Қилма!” деганларини қилмайдиган бандаларидан айласин!

 

Интернет маълумотлари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

"Лаа илаҳа иллаллоҳ" жаннат калитидир. Ҳар бир калитнинг тишлари бўлганидек, тавҳид калимаси – "Лаа илаҳа иллаллоҳ"нинг ҳам тишлари мавжуд. Улар қуйидагилардир.

  1. Илм. Аллоҳ таоло бундай буюради: "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг" (Муҳаммад сураси, 19-оят).

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигини билиб вафот этса, жаннатга киради", дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

  1. Шубҳадан ҳоли бўлган тўлиқ ишонч. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва унинг пайғамбарига имон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлардир. Айнан ўшаларгина (имонларида) содиқдирлар" (Ҳужурот сураси, 15-оят).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг охирги сўзи "Лаа илаҳа иллаллоҳ" бўлса, жаннатга киради», дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Ҳоким ривояти).

 

  1. Кибрдан йироқ бўлиш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Чунки уларга: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», дейилганда, кибрланган эдилар" (Соффот сураси, 35-оят).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Ким "Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг Расулидир деб гувоҳлик берса", Аллоҳ унга дўзахни харом қилади», деганлар (Имом Муслим ривояти). 

 

  1. Итоат этиш ва буйсуниш. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Раббингизга қайтингиз ва Унга бўйин сунингиз!" (Зумар сураси, 54-оят).

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким "Ашҳаду ан лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва расулуҳу…", деб гувоҳлик берса ҳамда жаннат ва дўзахни ҳақ деб билса, Аллоҳ таоло жаннатдаги саккиз эшикнинг хоҳлаганидан киргизади», дедилар.

 

  1. 5. Чин ихлос. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, Унинг учун динни (ширкдан) холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни баркамол адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир" (Баййина сураси, 5-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида қиёмат куни шафоатингиз билан энг саодатманд бўладиган киши ким?" дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, аниқки, шу гапни сендан олдин ҳеч ким сўрамаслигини билар эдим, чунки ҳадисга ўта ҳарислигингни кўрганман. Одамлар ичида қиёмат куни шафоатим билан энг саодатманд бўладиган киши "Лаа илаҳа иллаллоҳ"ни қалбидан ихлос билан айтган кишидир», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Аллоҳга муҳаббат. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Одамлар орасида Аллоҳдан ўзга нарсаларни (сохта маъбудаларни) Унга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиган кимсалар ҳам бордир. Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир" (Бақара сураси, 165-оят).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Учта (хислат) борки улар кимда бўлса, у имон таъмини ҳис қилади. Кимгаки Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан севимли бўлса, яхши кўрган кишисини Аллоҳ учун яхши кўрса, куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса", дедилар (Имом Термизий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

ЎМИ Матбуот хизмати

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. 

Эй Роббим! Бизни дунё озорларидан, нафснинг саросимага тушишидан, маҳзунликдан, қалбнинг аламдан йиғлашидан, виждоннинг ўлишидан ва ёмон хотимадан асрагин!

“Сукутдаги садолар”

*****

Ғазаб пайтида гапиришдан тийил! Эҳтимол гапинг тўғри бўлиши мумкин, лекин услубинг аниқ хато бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ўз бахтинг калитини бошқа шахснинг ҳамёнига солишдан эҳтиёт бўл!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ушбу уч нарсани эҳтиёт қил:

  • Оилангни;
  • Қалбингни;
  • Қадрингни.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Баъзи одамлар билан ихтилофга борсанг, уларга айтган сирларинг тижорат рекламаларига айланади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Қарсак чалиш – нотиқнинг ғазабини келтирмай, унинг сўзини тўхтатишнинг ягона йўлидир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

 *****

Ким бир инсоннинг бахтли бўлишига сабаб бўлса, Аллоҳнинг марҳамати билан, ўзи ҳам бахтли бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Эркак ёшроқ пайтида қизларидан кўра ўғил фарзандлари борлигидан кўпроқ қувонади. Лекин вақт ўтиб, кексайганида, қизларининг қадрини тушуниб етади.

 “Сукутдаги садолар”

*****

Шундай жойлар борки, унинг ёнидан ўтаётганингда ўтмишингнинг бўйини ҳис қиласан. Худди ўша замон яна қайтгандек бўлади. 

“Сукутдаги садолар”

*****

Қайта-қайта танбеҳу тушунтиришлар фойда бермайдиган ўринда билмаганга олиш роҳатдир.

“Сукутдаги садолар”

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Мақолалар

Top