Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
muslim.uz
Бешта ташаббус бўйича дастурлар ёшлар ва хотин-қизлар манфаатларига хизмат қилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Аввал хабар қилинганидек, 19 март куни бу борада видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, бирламчи вазифалар белгилаб берилган эди. Уларга мувофиқ ҳар бир ташаббус бўйича чора-тадбирлар дастурлари лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Йиғилишда мазкур дастурларга киритилган таклифлар, уларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди.
Хусусан, биринчи ташаббус бўйича ёшларни маданият ва санъат муассасаларига кенг жалб этишга оид дастур лойиҳаси тайёрланган. Унга мувофиқ, 2019-2020 йилларда 14 дан 30 ёшгача бўлган 2 миллион нафар ёшни маданият ва санъат соҳасига жалб этиш бўйича ҳудудий “йўл харита”ларини тасдиқлаш кўзда тутилган. Шунингдек, болалар мусиқа ва санъат мактабларида қўшимча синфлар, маданият марказларида чолғу, хонандалик, тасвирий санъат тўгараклари, ҳаваскорлик театр жамоалари ва болалар ансамблларини ташкил этиш белгиланган. Янгидан қуриладиган, реконструкция ва капитал таъмирланадиган ҳамда жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхати ҳам шакллантирилган.
Давлатимиз раҳбари дастур лойиҳасида тадбирларни амалга ошириш механизмлари етарли эмаслиги, ҳар бир шаҳар ва туманга ижодий маслаҳатчи сифатида бириктирилган соҳа намояндаларининг амалий вазифалари аниқ белгиланмаганини қайд этди. Ҳудудий “йўл харита”лари ижросини тизимли ташкил этиш, тўгарак ва синфларга қамраб олинган болаларни рағбатлантириш, жумладан, турли танловлар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.
Белгиланган қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари, шунингдек, маданият марказлари, мусиқа ва санъат мактабларини зарур чолғу асбоблари билан таъминлаш учун тегишли маблағ ажратиш бўйича топшириқ берилди.
Иккинчи ташаббус юзасидан тайёрланган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, спорт иншоотлари қувватини оширишга қаратилган дастур лойиҳасида яқин 2 йилда ҳар бир туманда енгил конструкцияли, сендвич панелли кичик спорт заллари қуриш белгиланган.
Президентимиз мавжуд ва янги қуриладиган спорт иншоотларига аҳоли ва ёшларни кенг жалб этиш, оммавий спорт тадбирларини ўтказишни янада кўпайтириш кераклигини таъкидлади.
Учинчи ташаббусга мувофиқ аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиш чора-тадбирларига оид дастур лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда 2019-2020 йилларда туман ва шаҳарларда рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этиш ва уларда бепул таълим бериш, 19 мингга яқин ижтимоий соҳа объектини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш кўзда тутилган.
Йиғилишда аҳолининг компьютер саводхонлигини ошириш, ахборот технологияларига қизиққан болаларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва малакали мутахассис даражасига олиб чиқиш, дастурий маҳсулотлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш чора-тадбирлар дастури лойиҳаси тўртинчи ташаббус мақсадларини амалга оширишга қаратилган. Унга кўра, ҳар бир ҳудудга 1 миллион донадан бадиий, тарихий, илмий, оммабоп мавзулардаги китоблар етказиб бериш кўзда тутилган. Шунингдек, ахборот-кутубхона марказларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, тадбиркорлар томонидан халқ кутубхоналари очиш ҳам белгиланган.
Бешинчи ташаббус бўйича ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари дастури лойиҳаси тайёрланган. 2019-2020 йилларда ҳар бир туманда енгил конструкцияли тикув-трикотаж корхоналарини қуриш ва аёллар учун иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.
Йиғилишда ушбу корхоналарни пухта ҳисоб-китоб асосида ташкил этиш, уларда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар бозорини, яъни аниқ харидорини топиш юзасидан таклифлар билдирилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахборотлари эшитилиб, дастурлар лойиҳаларини янада такомиллаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Манба: http://uza.uz
Ҳадис билимдони мусобақаси ғолиблари аниқланди
Ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломаларимизнинг улкан илмий меросини ўрганиш ва ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни талаба-ёшларга етказиш мақсадида шу йилнинг 3 апрель санасида Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида академия талабалари ўртасида “Ҳадиси шариф билимдони” мавзусида интеллектуал мусобақа ташкил этилди.
Мазкур мусобақада “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув раиси Искандар Халилов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази раҳбари Убайдулла Уватов ва бошқалар иштирок этди.
Мусобақада талабалар 4 шарт асосида ўз билимларини синадилар. Биринчи шартда талабалар “Тарихи Муҳаммадий” асаридан саволларга жавоб бердилар. Талабалар блитц савол-жавоб шартида 10 та саволга тез ва қисқа жавоб беришлари талаб этилди. Учинчи шартда ҳар бир гуруҳ вакили Имом Нававийнинг “40 ҳадис” китобидан берилган билетдаги ҳадисларни давом эттириб, таржимасини айтиб бердилар. Сўнгги шартда ҳар бир жамоадан танланган вакиллар “ҳадислар занжири”ни узвий давом эттиришлари талаб этилди.
Шартларнинг умумий натижасига кўра, “Хадис билимдонлари” жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Қолган жамоалар эса баллар нисбатига кўра 2- ва 3-ўринларга лойиқ кўрилди. Ғолибларга “Вақф” хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари ва қимматбаҳо мукофотлар топширилди. Ғолибларни тақдирлаш чоғида Фонд раҳбари Искандар Халилов ҳадис мусобақаси сабаб Ислом академиясига ўзгача файз киргани ҳамда талаба-ёшларнинг юз-кўзларидан нур ёғилиб турганини билдирди.
"Вақф" фонди ғолибларни тақдирлади
2-3 апрель кунлари пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида имконияти чекланган инсонлар учун маърифий мулоқот тадбири ташкил этилди. Унда кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланган шахслар иштирок этди.
Тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, "Вақф" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон кар-соқовлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти вакиллари қатнашди.
Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканини кўрсатиш мақсадида, хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, буни муҳтарам Президентимиз томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзолангани, ушбу Фармонда “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” иборасининг қўлланилиши юртимизда инсон омилига бўлган юксак эътиборнинг натижаси экани алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, мазкур тадбирда имконияти чекланганларга давлатимиз Раҳбари томонларидан барча соҳаларда бўлгани каби, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Сўзга чиққан нотиқлар имконияти чекланган юртдошларимизнинг талаб ва истакларига мувофиқ бир қатор марказий масжидларда жума маърузалари сурдо таржимон ёрдамида ташкил этилаётгани, “Ўзбекистон” телеканалининг “Имом Бухорий сабоқлари” кўрсатуви сурдо таржимаси билан эфирга узатилаётгани, яқин кунларда “Ҳидоят сари” студияси ва “Зиё” медиа маркази томонидан тайёрланаётган кўрсатувлар ҳам сурдо таржимаси билан намойиш этилиши режалаштирилаётгани, уларга бўлган юксак эътиборнинг намунаси эканини қайд этди.
Кўзи ожиз шахслар орасида Аллоҳ таборака ва таолонинг исм ва сифатларини билиш юзасидан мусобақа ҳам ўтказилди. Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг дипломлари ҳамда "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбир якунида имконияти чекланган юртдошларимизни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди. Мазкур маърифий суҳбат ва самимий мулоқот уларга олам-олам қувонч бағишлади.
"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати
Ўзингизга боқмайсизми?
Инсондаги бу гўзал хилқат, ажиб юз, хушбичим қомат, кўркам қош-кўзлар, мутаносиб қўл-оёқлар, бир нафас ҳам ором олмай, тўхтовсиз ва беминнат ишлайдиган ички аъзолар ўзича пайдо бўлиб қолмаган. Минглаб мўйқалам усталари ўхшатиб чизолмаган, минглаб шоирлар таърифини келтиролмаган инсон аъзоларининг Яратувчиси, Мусаввири – Аллоҳ таолонинг Ўзидир! Инсоният илм-фанда қанчалик илгарилаб кетмасин, неча-неча кашфиёт ва ихтиролар қилмасин, Аллоҳнинг ҳикмати, мўъжизаси олдида буларнинг ҳаммаси жозибаси, қиммати, аҳамиятини йўқотиб қўяверади.
Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва санъатини қарангки, инсон вужудига юз триллион дона ҳужайрани жойлаб қўйибди. Энг ҳайратланарлиси, ана шу ҳужайраларнинг ҳар бирига алоҳида вазифа белгилаб берилган, уларнинг ядросига ДНК молекулалари жойлаб қўйилган. Яна бир ҳайратга солувчи далилга эътибор беринг: ана шу молекулаларнинг ҳар бири бир миллион саҳифага сиғадиган ахборотни ўзига жойлаган. Улар инсон танасидаги модда алмашинуви ва бошқа ҳаётий жараёнларнинг амалга ошуви учун масъулдир.
Инсон тана аъзоларини, умуман, одам фаолиятини бошқариб турадиган муштдеккина миямизни олиб кўрайлик. Ана шу бир парча «лиқиллаган модда» минглаб энг «ақлли» техника бажаришга қодир бўлмаган амалларни бир зумда уддалай олади. Ана шу кичкина жисмдаги асаб толалари ер юзидаги телефон симларидан ҳам кўп экан. Мия иссиқликни сезадиган икки юз минг тирик ҳужайра, оғриқни сезадиган 3,5 миллион ҳужайра ва ҳоказолардан иборат. Бундан ташқари инсон миясининг ҳар куб сантиметрида 225.000.000 ҳужайра бор. Ваҳоланки, ҳозирги ўта «ақлли» электрон машиналарнинг бир куб см. қисмида 2250 элемент мавжуд. Демак, ҳар қандай электрон «мия» инсон миясидан юз минг марта оддийроқ экан.
Бугунга қадар миядаги ўн тўрт миллиард асаб толасининг атиги беш фоизи, шунда ҳам ҳид, таъм билиш, оғриқ сезиш, очиқиш каби шартли кўникмаларда иштирок этадиган қисмигина ўрганилган. «Инсон ўз фаолияти давомида миясининг 0,5-1,0 фоизини, хотирасининг беш фоизини ишлатишини инобатга олсак, у ҳали очилмаган бир мўъжиза, коинот каби сирли ва мураккаб хилқат эканига ишонамиз» (Морис Бокай, «Қуръон, Таврот, Инжил ва ҳозирги замон», Париж, 1988)
Ёки бу ёруғ оламни илғаш, унга нигоҳ ташлаш воситаси бўлган кўзларимизни олиб кўрайлик. Шундай кичкина аъзоимизнинг тузилишини, унинг ишлашини текширган ҳар бир киши Аллоҳ таолонинг санъатига, ҳикматига тасанно айтмай иложи йўқ! Кўз ўзидан суюқлик (ёш) чиқариб, ўзини намлаб, ювиб, поклаб, ҳатто бегона жисмларни эритиб туради. Кўз қорасидаги бениҳоя кичик пайлар кўз қорасининг ўртасидан чиқиб, четига тўғри чўзилиб кетган, баъзиси эса халқасимон. Ёруғ оз бўлса, тўғри пайлар йиғилади, натижада кўз қорачиғи кенгайиб, кўзга кўпроқ ёруғлик тушади. Ёруғ кўпайиб кетса, энди халқасимон пайлар йиғилади. Оқибатда, кўз қорачиғи торайиб, ёруғ кам тушади. Кўриш учун ёруғлик кўзга тушиб, ички қаватдаги кўриш пайларига тушиши лозим. Мазкур пайлар ёруғлик таъсирини бир неча ҳисса ошириб беради ва инсон мўлжаллаган нарсасини кўра олади.
Кичкинагина кўздаги аъзолар фаолиятини, жойлашув низомини, ўта нозик ва мураккаб томирча ва пардаларни онанинг қорнига ким жойлаб қўя олади? Албатта, Буюк Холиқимиз Аллоҳ таолонинг илоҳий қудрати бу нозик ишнинг удасидан чиқади.
Бошқа тана аъзоларимизга ҳам бир назар солинг-чи: Ер юзидаги энг турфа ҳидларни бир-бирига аралаштириб юбормай, ажратиб илғай оладиган, ўпкамизга соф ҳавони ҳайдаб берадиган бир парча гўшт – буруннинг хизматини қайси машина ёки асбоб бажаришга қодир? Сон-саноқсиз товуш ва шовқинлардан фақат кераклисини топиб эшитадиган ва бу ҳақда шу заҳотиёқ адашмай хабар берадиган оддийгина қулоқнинг вазифасини яна бошқа нима уддалай олиши мумкин? Ҳеч нарса! Ҳатто ихтирочилар ясаган энг мукаммал эшитиш асбоблари ҳам қулоқ ўрнини босолмайди.
Ёхуд бир «тишламгина гўшт»дан иборат тилингизни олиб кўринг: агар шу тил бўлмаганида турфа ноз-неъматларнинг мазаси ва таъмини била олармидик? Овоз чиқара ёки гапира олармидик? Оғиз бўшлиғи қуриб қолмаслиги учун томоғимизни ҳўллай олармидик? Томоқдан ўтаётган овқатни саралаб, ютиб, ҳазм қилиб олиш учун тилдан ўзга бирор нарса топа олармидик? Йўқ!
Энди бир тасаввур қилиб кўринг: ана шу кўзлар бўлмаса, биз бу ёруғ оламнинг гўзалликларию турфа рангларини, махлуқотлар қиёфасини, борлиқ-табиатда барқ уриб яшнаётган минглаб хил гул-чечакларнинг жозибасини кўра олармидик? Тун ва кунни фарқлай олармидик? Одамларни ажрата олармидик? Ёки бурун ишламай қолса, автомобил ўтхонасидан чиққан бадбўй ис билан мушк-анбарнинг хушбўй ҳидини фарқлай олармидик? Еяётган таомимизнинг ҳидини ҳидлагачгина унинг нечоғли мазали эканини билишга ақлимиз етармиди? Бурундаги қайси нозик «асбоблар» фаранг атири билан сассиқ алафнинг ҳидини аралаштирмай ажратиб беради?
Инсоннинг дам олмай, чарчашдан «нолимай», ўз вазифасини сабот ва содиқлик билан бажарадиган ички аъзоларининг ишлашига не дейсиз? Кечаю-кундуз тўхтамай, бутун тана аъзоларига тинмай иссиқ қон ҳайдаб, ҳаёт бағишлаб турувчи юракни ким тўхтовсиз ишлатиб қўйган? Еган овқатларимизнинг керакли, фойдали қисмини танага сингдириб, ортиқчасини чиқариб ташлайдиган ошқозон-ичакларимизни ким бошқариб туради? Ўрнини ҳеч нарса босолмайдиган ўпка, жигар, буйрак каби тана аъзоларимиз қайси қонунларга буйсуниб, бу қадар итоаткорлик билан фаолият кўрсатади?
Иннайкейин, инсон дегани фақат моддий тана аъзоларидан иборат эмас-ку! Ундаги руҳ ва ақлнинг сир-синоатини инсоният ҳали англаб етгани йўқ ва бунга қодир ҳам эмас! Инсондаги руҳий олам, ҳис-туйғулар, фикрлаш, хаёл суриш, туш кўриш имконияти наҳотки ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган бўлса ёки тарбия жараёнида ўргатилган бўлса? Бу оний, ноёб хислатлар Аллоҳнинг ғайбидан, мўъжизасидан бошқа нарса эмас!
Ўзининг бутун турган-битгани – тана аъзоларию ҳис-туйғуларигача, аъзоларининг бекаму-кўст ишлашию жараёнларнинг илоҳий бир низом асосида бир маромда, бузилмай давом этишигача гувоҳ бўлган инсоннинг шундан кейин қудрати улуғ Холиққа, тенги ва ўхшаши йўқ Мусаввирга, улуғ Яратгувчига тасанно ва ҳамд-сано айтмасдан ўзга иложи қолмайди.«Батаҳқиқ биз инсонни энг яхши суратда яратдик» ("Тийн" сураси, 4-оят).
Аҳмад МУҲАММАД
Манба: https://azon.uz
Аллоҳнинг Каломи Аллоҳнинг борлигига далилдир!
Агар биз Қуръони Каримни яхшилаб ўргансак, ҳар бир оятда, ҳар бир калимада Ислом дини ҳақида шубҳа қилувчи кимсага Аллоҳ таолонинг борлиги, бирлигини кўрсатадиган мўъжиза бордир!
Аллоҳ азза ва жалла Қуръондаги ҳар бир оятни “оят” деб атади. “Оят” сўзи бирорта инсон унга ўхшаганини келтира олмайдиган ғайриоддий нарса, мўъжиза маъноларини ифода этади.
Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди! Кўплаб кимсалар бир минг тўрт юз йилдан бери Қуръонга ўхшаш ёки унинг ўнта сурасига ёки бўлмаса битта сурасига ўхшаш сура тўқишга уринмоқдалар, аммо эплай олмаяптилар ва эплай олмайдилар ҳам.
Бир куни даҳрийлардан бири мендан “Аллоҳнинг борлигига илмий далил нима?” деб сўради. Мен унинг бу саволига жавобан: “Аллоҳнинг борлигига илмий далил Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Каломидир!” дедим.
Буюк Холиқни биз кўра олмаймиз. Аллоҳ таолонинг махлуқларидан кичкинаси бўлмиш Қуёшга тик қарай олмаймиз. Коинотдаги кичик махлуққа бевосита қарай олмаяпмиз-у, Буюк Холиқни қандай кўрамиз?! Бизга маълумки, коинотда миллиардлаб галактикалар, ҳар бир галактикада эса юз миллиардлаб Қуёш каби юлдузлар бор. Шу қуёшлар, галактикалар коинотнинг бир қисмини ташкил этади. Чунки инсон ҳали коинотни тўла ўрганганича йўқ. Ана шундай улкан коинот ичидаги нуқтадек жисм бўлмиш Қуёшга қарай олмайдиган заиф инсон ушбу коинотнинг Буюк Яратувчисини қандай кўради?!
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:
وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضَ
“Унинг курсиси осмонлару ерни қамраган” (Бақара сураси, 255-оят).
Унинг Курсиси шундай бўлгач, Арши қандай экан?!
Биз Уни кўра олмаймиз, аммо Унинг Каломини эшитиб, ўқий оламиз. Қуръон – Унинг Каломидир! Аллоҳнинг борлигига энг кучли илмий далил – Қуръондир!
Агар Қуръонни очиб, ундаги оятларни яхшилаб тафаккур қилсак, ундаги ҳар бир сура, ҳар бир оят, ҳар бир калима бу китобни Аллоҳ таоло нозил этганига гувоҳлик беради.
Қуръондаги мингдан ортиқ оятлар коинот, борлиқ, учувчи юлдуз, қора туйнуклар, Қуёш, Ой, юлдузлар, уларнинг ҳаракати, денгизлар орасидаги тўсиқлар, улардаги оқимлар, тўлқинлар ва ҳоказолар ҳақида сўз юритади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фалакиёт олими эдиларми?
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам денгизлар, уларнинг қаъридаги оқимлар, тўлқинлар ҳақида билимга эгамидилар?
Ахир инсоният бу нарсаларни яқин йиллар ичида, аниқроғи ўтган асрда кашф этди-ку!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари давомида бирор марта денгизга чиқмаган, кемага минмаган эдилар. Шундай зот денгизларнинг, улардаги мавжу тўлқинлар ҳамда оқимларнинг ҳаракатини қаердан билиб айтдилар экан?!
Шунингдек, Қуръони Каримда инсоннинг яратилиши, ҳомиланинг босқичлари ҳақида сўз юритилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тарихда илк бор ҳомиланинг қачон инсон шаклига ўтишининг аниқ кунларини белгилаб бердилар. У зот алайҳиссалом муборак ҳадисларидан бирида ҳомила онанинг қорнида 42 кечалик бўлганда инсон суратини ва шаклини олиши ҳақида хабар берганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: “Агар нутфа қирқ икки кунлик бўлса, Аллоҳ унга (нутфага) бир фариштани юборади. Бас, Аллоҳ ўша нутфага шакл беради, қулоғи, кўзи, териси, гўшти ва суякларини яратади...” деганлар. Имом Муслим ривоят қилган.
Эътибор берайлик, севикли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда ҳомиланинг инсон шаклини олиш кунини аниқ рақамлар билан баён қиляптилар.
Бундан ўн тўрт аср олдин бу каби аниқ рақамни ким айта оларди?! Қаердан билиб айта оларди?!
Маълумки, хамр, қон, тўнғиз, қимор инсониятга зарарли бўлгани учун ҳаром қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хамрнинг, тўнғизнинг, қиморнинг, қоннинг зарарли нарса эканини ким айтди?!
Маълумки, Қуръонда асалнинг шифо экани айтилган. Ҳозирги тиббиёт ҳам инсонларга асални истеъмол қилишни, унда кўп шифо борлигини таъкидлаяпти.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга асалнинг шифо эканини ким айтди экан?!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тоғларнинг қозиқ каби ерга кириб туришини, булутларнинг ҳолати ва ёмғир ёғиш жараёнини ким ўргатди экан?!
Бу маълумотлар, бу ҳақиқатларнинг барчасини у зот алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг Ўзи билдирган, Ўзи ваҳий қилгандир! Зеро, Қуръон нозил бўлган пайтда юқоридаги маълумотларни, агар Аллоҳ таоло билдирмаса, инсон томонидан айтилиши мумкин эмасдир!
Абдуддоим Каҳелнинг кўрсатувини
Нозимжон Иминжонов таржима қилди