muslim.uz
Яҳё домла Абдураҳмонов: Эҳсон баракадир
Мусибатга учрасангиз 8 тавсия
Бирор мусибат ёки қийинчилик етса сабрли бўлинг. Одамларга шикоят қилманг, ҳолингиздан нолиманг!
Ёлғиз Аллоҳга юзланиб: “Мен ғам ва ташвишларимдан ёлғиз Аллоҳгагина шикоят қиламан...” (Юсуф сураси, 86-оят), деб айтинг.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон сураси, 200-оят).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий садақа бериш, бошига тушган қийинчиликлардан одамларга шикоят қилмаслик ва мусибатларини ҳеч ким кимга билдирмаслик жаннат хазиналаридандир”, дедилар.
Аллоҳ таолони янада кўпроқ зикр қилинг. Истиғфор ва ҳамд айтинг.
Мусибат етганида Аллоҳни эслаш, истиғфор сўраш ва Ўзидан умидвор бўлиш мусибатнинг ечимидир. Юнус алайҳиссалом ана шу йўл билан мусибатдан фориғ бўлдилар. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Зуннун (Юнус)нинг (ўз қавмидан) ғазабланган ҳолда (қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унга қарши чиқа олмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғи зулматлар ичра: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим”, деб нидо қилган (пайтини эсланг!) Бас, Биз унинг (дуосини) ижобат қилдик ва уни ғамдан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз» (Анбиё сураси, 87–88-оятлар).
Унутманг! Ҳар бир банда синовга дучор бўлувчидир.
Бу дунё – синов майдони. Ундаги синовлар бири ортидан тўхтамай иккинчиси, учинчиси..... етиб келади. Ҳаёт аслида ана шундай битмас-туганмас имтиҳонлар занжиридир. Аллоҳ таоло бу ҳақда бундай огоҳлантиради: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)!” (Бақара сураси, 155-оят).
Синов тоқатга қараб бўлади.
Чунки “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди” (Бақара сураси, 286-оят).
Пайғамбарлар ҳаммадан кўра кўпроқ азият, озор чекишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонлар ичида мусибати энг оғири пайғамбарлардир. Сўнгра уларга эргашган солиҳлар, ундан сўнг ўшаларга эргашган солиҳларга бўлади”, деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло ризқ миқдорига қараб ёрдамчиларни туширади. Бало даражасига қараб сабрни туширади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ҳар бир синов Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан бўлади.
Ҳар бир яхшилик ва ёмонлик Аллоҳ таолонинг ҳузуридандир. Унга қалб ила таслим ва рози бўлиш лозим. Ҳар қандай синовларни розилик билан қабул қилиш мусибатларни енгишнинг гўзал муолажасидир. Аксинча, синовларга ношукрлик қилиш, жазавага тушиш мусибат устига мусибатдир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Хоҳ ерга ва хоҳ ўзларингизга бирор мусибат етса, Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-маҳфузда битилган) бўлур. Албатта, бу Аллоҳга осондир” (Ҳадид сураси, 22-оят).
Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Имоннинг юксак даражаси Аллоҳнинг ҳукмига сабр қилиш ва тақдирга рози бўлишдир”.
Мусибатларга сабр қилиш улкан ажру мукофотларга ноил этади, гуноҳларни кетказади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотларни, албатта, жаннатда остидан анҳорлар оқиб турадиган кўшкларга жойлаштирурмиз. Улар у ерда мангу қолурлар. (Яхши) амал қилувчиларнинг (қиёмат куни оладиган) мукофоти нақадар яхшидир! Улар сабр қилган ва ёлғиз Парвардигорларигагина таваккул қиладиган зотлардир” (Анкабут сураси, 58-59 – оятлар).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Ёдда тутинг! Ҳар бир қийинчиликдан сўнг албатта енгиллик келади.
Аллоҳ таоло ҳеч бир бандасига бирор синов юбормайдики, унинг ортидан яхшиликлар, муваффақиятлар келмаса. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 5-6 – оятлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кенгчиликда Аллоҳни танигин, У ҳам сени қийинчилик пайтида танийди. Билгинки, сенга етмаган нарса, сенга етадиган эмас эди. Сенга етган нарса, сенга етмайдиган эмас эди. Албатта, нусрат (ғалаба) сабр билан бирга, албатта, шодлик ғам ила бирга, қийинчилик енгиллик билан бирга бўлади”, (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Жалолиддин Румий қуддиса сирруҳу айтади: “Ҳар торлик ортида кенглик, ғамлар ортида шодлик бор. Ғам-ташвишларнинг калити – сабр”.
Ҳар бир синов ортида Аллоҳнинг ҳикмати яширинган.
Албатта, Аллоҳ таоло бандаларига ўта меҳрибон ва раҳмлидир. Аллоҳ бандаларига бирор ёмонликни раво кўрмайди. Синовлар орқали Аллоҳ ўз бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларни мағфират этади. Муваффақиятларга эришиш учун машаққат талаб қилинганидек, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун ҳам синовларга сабр қилиш лозим.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, Аллоҳ ўша бандага бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”, деганлар.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам сабрли бўлинг! Иншааллоҳ барча яхшиликларга эришасиз. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзидан ўзгага муҳтож қилмасин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Юнонистондаги қадимий масжидни тиклашга 1,2 млн евро сарфланади
Грециянинг Лесбос оролида жойлашган ва айни пайтда вайрона ҳолатида бўлган қадимий масжид қайта тикланади. Бу ҳақда Greek Reporter нашрига таяниб Азон интернет нашри хабар берди.
“Волида” масжиди 1615 йилда усмонийлар томонидан барпо этилган. Греция маданият вазирлиги 1981 йилда масжидни тарихий обида сифатида эътироф этиб, муҳофаза остига олинганини билдирган бўлсада, шу пайтгача бу ерда реставрация ишлари амалга оширилмаган.
“Волида” масжиди Европа Иттифоқи ажратган 1,2 миллион евролик грант доирасида қайта тикланади ва музейга айлантирилади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати
Малайзия Ислом университети Ўзбекистон ОТМлари билан ҳамкорлик қилади
Ташқи ишлар вазирлиги хабар беришича 2019 йилнинг 4 март куни Малайзия Ислом илмий университети (USIM) раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари билан Ўзбекистон делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтган.
Ушбу таълим муассасасига 1998 йилда асос солинган бўлиб, Малайзия Ислом илмий университетида 32 йўналишда таълим берилади. Бугунги кунда бу даргоҳда 15 минг талаба таҳсил олади.
Учрашув чоғида USIM ва мамлакатимиз таълим муассасалари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда бу каби ҳамкорликнинг самарадорлиги алоҳида таъкидланди. Сўнгги ярим йил ичида USIM билан Урганч давлат университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўртасида тадқиқотларни биргаликда ўтказиш соҳасида, мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, талабаларни алмашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шерикчилик битимлари имзоланди. Шунингдек, Малайзия университети Ўзбекистон миллий университети ва Бухоро давлат университети билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.
Натижада жорий йилнинг январь ойидан Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Урганч давлат университетида Ислом илмий университети етакчи профессорларининг Ислом ҳуқуқи ва банкинг, туризм, менежмент, АКТ ва бошқа йўналишлар бўйича лекциялари ташкил этилди.
Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва “visiting professors” шаклидаги амалиётни давом эттириш мақсадида университетнинг инженерия ва қурилиш факультети деканини Тошкент архитектура-қурилиш институтида мустаҳкам архитектура мавзусида лекциялар курсини ўтказиши учун 2019 йил 27 мартдан 11 апрелгача Ўзбекистонга юбориш тўғрисида келишувга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати
Али Тантовий: “Агар она қизини солиҳа этиб тарбия қилмоқчи бўлса, аввало ўзи солиҳа бўлсин!”
Кўплаб либослар сенинг наздингда эскирган бўлиши мумкин. Аммо уни ўзингдан бошқага ҳадя қилсанг, у одам мазкур либосни “Ҳайит куни киядиган либос” деб қабул қилади.
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
*****
Эй мусулмон ёшлар! Ислом ахлоқи билан хулқланиб, уни одамлар орасида ёйинглар ҳамда оламни шу хулқлар воситасида қутқаринглар!
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
*****
Эй қиз боқаётганлар! Агар қизингизга солиҳ йигитдан совчи келса, уни турли талаб ва шартлар билан қийин аҳволга солманглар!
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
*****
Агар она қизини солиҳа этиб тарбия қилмоқчи бўлса, аввало ўзи солиҳа бўлсин!
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
*****
Эй бу дунёдан кейин охират борлигини, бу ҳаётдан кейин ўлим борлигини биладиганлар! Охиратда ҳисоб, сирот устидан юриш бордир! Шунинг учун ҳозирдан тавба қилишни бошланглар! Тавбани асло эртанги кунга қолдирманглар!
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
*****
Ислом одобини ўзлаштиринглар! Чунки, яхшилик, адолат, ҳақиқат, ёрдам ва улуғлик Исломдадир.
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
*****
Сидқнинг хушбўй ифори бор. Уни бурунлар билан эмас, қалблар билан ҳис қилинади.
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
*****
Уламоларни “Дин кишилари” деб, уларнинг зиммаларига диннинг барча вожиботларини юклаб қўйманглар! Дин кишилари барча мусулмонлардир.
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
*****
Ҳар бир нарса Аллоҳнинг қадари билан бўлади. Аллоҳ таоло бандаси учун бахтини, бахтсизлигини, ризқини, умрини тақсимлаб қўйгандир. “Сен учун” деб ёзилган нарса заиф бўлишингга қарамай сенга етиб келади. “Бошқа учун” деб ёзилган нарсага куч-қувватинг билан ҳам етолмайсан.
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
*****
Аёл ва шоирнинг қалбидан ёшлик ҳеч ажрамайди.
Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ
*****
Интернет маълумотларидан Нозимжон Иминжонов таржимаси