muslim.uz
“Эҳҳее, бу орзуларимга қачон етаман-у?!”
“Эҳҳее, бу орзуларимга қачон етаман-у?!” деб, тушкунликка тушма. Биргина саждада қилган дуоинг сабаб бўлиб, барча яхши орзуларингга етишинг мумкин.
*****
Одамларга яқинлашганимиз сари ахлоқ ҳам бошқа ризқлар каби Аллоҳ томонидан бериладиган ризқ эканини англаб етамиз.
*****
Ўзингиз билан бошқалар орасида етарлича масофа сақланг. Қанчадан қанча тўқнашувлар ҳаддан ташқари яқинлашиб кетганимиз сабабли содир бўлади.
*****
Ҳамма туйғулар ҳам севикли ёрга эҳтиёжни англатавермайди. Баъзи туйғулар камситмайдиган улфатга, оғриқ бермайдиган дўстга, сиздан малолланмай, ёнингизда бўладиган инсонга эҳтиёжни англатади.
*****
Муҳаббат кўп, вафо кам.
*****
Бу дунёда ҳамма одам ўзгаради. Дўст ҳам, ёр ҳам, қариндош ҳам, бегона ҳам. Фақат ота-онанинг қалби олдин қандай бўлса, шундайлигича қолади.
*****
Баъзилар сени ўз кўзи билан эмас, балки, сени васф қилиб, сен ҳақингда гапириб берган кишининг кўзи орқали кўради.
*****
Инсонлар бошқаларни танқид қилишни моҳирлик билан бажарадилар. Ўзларининг айбларига келганда эса, “кўр” бўлиб қоладилар.
*****
Шундай кимсалар борки, бугун хурсанд қиладиган кишини топса, кеча хурсанд қилганни унутадилар.
*****
“У менинг ҳолимдан хабар олмаса, нега мен ундан хабар олишим керак?” дейиш инсоний алоқаларни вайрон қиладиган гапдир.
*****
Ортга юрган бўлсанг, умидсизликка тушма. Камондаги ўқ олдинга, узоқроққа отилиши учун орқага тортилишини унутма!
*****
Фейсбукдаги “Ҳаётнинг иккинчи томони” саҳифасидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
01.03.2019 й. Бидъат ва хурофотларга берилмайлик
بسم الله الرحمن الرحيم
اَلْحَمْدُ للهِ الَّذِي أَكْمَلَ لَنَا الدِّينَ وَأَتَمَّ عَلَيْنَا النِّعْمَةَ، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى مُحَمَّدٍ الَّذِي حَذَّرَ أُمَّتَهُ مِنَ الْبِدْعَةِ وَالضَلاَلَةِ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ القِيَامَةِ، اَمَّا بَعْدُ
БИДЪАТ ВА ХУРОФОТЛАРГА БЕРИЛМАЙЛИК
Муҳтарам жамоат! Ислом умматига берилган энг катта неъматлардан бири – Аллоҳ таоло уларга динни комил, аҳкомларини тўкис қилиб берганидир.
الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيْتُ لَكُمُ الْإِسْلاَمَ دِيْنًا
яъни: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят).
Бизга Аллоҳ таолонинг китоби, пайғамбаримизнинг суннатлари батафсил ҳолда етиб келди. Мана шундай мукаммал динимизга бирор кишининг ўзича янгилик киритиши катта разолатдир. Динда йўқ нарсани “бу иш диндан”, “савоб бўлади”, “қилмаса бўлмайди” деб, унга қўшиш ёки бир нарсани олиб ташлаш бидъат амал ҳисобланади.
“Бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақийдаларга киритилган ўринсиз ислоҳ” деган маънони билдиради. Истилоҳда эса:
اَلْبِدْعَةُ فِعْلُ مَا لَمْ يُعْهَدْ فِي عَصْرِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
“Бидъат – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир”.
Демак, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, асри саодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланар экан. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"عَليْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الخُلَفَاءِ الرَّاشِدِيْنَ المَهْدِيِّينَ، عَضُّوا عَلَيْها بالنَّوَاجِذِ، وَإيَّاكُمْ وَمُحْدَثاتِ الأُمُورِ، فإنَّ كُلَّ بِدْعَةٍ ضَلالَةٌ"
(رَوَاهُ الإمام أَبُو دَاوُدَ وَالإمام التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат – залолатдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).
Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани “мен топдим” деган даъво қилишдир. Ваҳоланки, Ислом Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Биз мусулмонларнинг вазифамиз – динимизнинг моҳиятини тўғри англаб етиб, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва турли бидъат-хурофотларни пайдо қилмасликдир.
Уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Бидъати ҳасана – шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровеҳ намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, – дедилар.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.
Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, уни шариатимизда рад этилгандир. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
"مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ"
(رَوَاهُ الإمام البُخَارِيُّ وَالإمام مُسْلِمٌ)
яъни: “Ким бизнинг динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ бундай дейдилар: “Бу – динни сохталаштириб, бузишдан асровчи ҳадислар жумласидан бўлиб, муҳим қоидани ўз ичига олган. Яъни, динга зид ва диннинг далиллари, қоидаларига хилоф бўлган ҳар қандай бидъатни рад қилиш лозим эканлигини ифодалайди. Аммо динга зид бўлмаган, шу билан бирга, унинг асосларига таянган ҳолда кейинчалик динни ҳимоялаш учун жорий қилинган амаллар рад этилмайди”. Бу ҳақда ҳадиси ширифда шундай дейилган:
"مَنْ سَنَّ في الإسْلامِ سُنَّةً حَسَنَةً فَلَهُ أجْرُهَا، وَأجْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا بَعْدَهُ مِنْ غَيرِ أنْ يَنْقُصَ مِنْ أُجُورهمْ شَيءٌ، وَمَنْ سَنَّ في الإسْلامِ سُنَّةً سَيِّئَةً كَانَ عَلَيهِ وِزْرُهَا، وَوِزْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا مِنْ بَعْدِهِ، مِنْ غَيرِ أنْ يَنْقُصَ مِنْ أوْزَارِهمْ شَيءٌ"
(رَوَاهُ الإمام مُسْلِمٌ والإمام التِّرْمِذِىُّ وَالإمام النَّسَائِىُّ وَالإمام ابْنُ مَاجَه)
яъни: “Ким Исломда гўзал одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўша амалнинг ажри ва унга амал қилганларнинг ажри бўлур. Бунда уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмас. Ким Исломда бир ёмон одат пайдо қилса ва ундан кейин ўша одатга амал қилинса, унга ўша одатнинг гуноҳи ва кейинчалик унга амал қилганларнинг гуноҳи бўлур. Бунда уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмас” (Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий ва Имом Ибн Можалар ривоятлари).
Уламоларимиз бидъати ҳасана ва бидъати саййиа ўртасини ажратиб олиш учун асосий мезон бу – шариатимизнинг умумий қоидаларидир, деганлар. Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом даврларида кузатилмаган бирор бир амал ушбу шариат қоидаларига мувофиқ келса, залолатга бошловчи бидъат саналмайди. Аксинча, мақталган, яхши бидъат саналади.
Шариатимизга зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод эса залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади. Ҳадиси шарифларда, саҳоба ва тобеин разияллоҳу анҳумлардан нақл қилинган ривоятларда қораланган ва мусулмонларни ундан қайтарилган одатлар айнан мана шу бидъати саййиа экани муҳаққиқ уламолар томонидан таъкидланган. Жумладан, ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
"أَنَا فَرَطُكُمْ عَلَى الْحَوْضِ، وَلَيُرْفَعَنَّ رِجَالٌ مِنْكُمْ، ثُمَّ لَيُخْتَلَجُنَّ دُونِي، فَأَقُولُ: يَا رَبِّ أَصْحَابى فَيُقَالُ: إِنَّكَ لاَ تَدْرِي مَا أَحْدَثُوا بَعْدَكَ"
( رَوَاهُ الإمام البُخَارِيُّ والإمام مُسْلِمٌ)
яъни: “Мен (Қиёмат куни) хавзи кавсарга сизлардан биринчи бориб, сизларни кутиб тураман. Ҳузуримда (умматимдан бўлган) кишилар тортиб олинадилар. Мен: “Эй Раббим, булар менинг асҳобларим-ку”, – десам, “Сиздан кейин нималар пайдо қилишганини билмайсиз”, – дейилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Муҳтарам жамоат! Вакт ўтиб, инсонлар дин қонун-қоидаларидан узоқлашган сайин илм сусайиб, жаҳолат ва нодонлик юзага келиши оқибатида турли бидъат-хурофотлар юзага келади. Масалан, ҳозир баъзи жойларда ўтганлар руҳини ёд этиш мақсадида шам-чироқ ёқиш, динда асли йўқ турли маърака-тадбирларни жорий қилиш. Айниқса аёллар ўртасида “Мушкул кушод”, “Биби сешанба” каби тадбирларни ўтказиш ҳам айнан мана шундай бидъатлардан саналади. ушбу хурофотларни динимиздан деб билиниши ва амал қилиниши олди олинмас экан, кун сайин авж олиб бораверади. Машҳур саҳоба Абдуллох ибн Амр ибн Ос разияллоху анху: “Бидъат пайдо бўлса, кун сайин ривожланиб боради. Суннат амалдан чиқарилса, кун сайин узоқлаша бошлайди” – деганлар.
Суфён Саврий рахимаҳуллох: “Бидъат шайтонга гуноҳдан ҳам севиклирокдир. Чунки гуноҳдан тавба қилинади, бидъатчи гуноҳ қилаётганини билмай, унга тавба қилмайди”, – деганлар.
Халқ орасида “иккала ҳайит орасида никоҳланиш жоиз эмас”, “сафар ойида сафар қилиб бўлмайди”, “рўза ойида тухум еб бўлмайди”, “ўлик чиққан хонадонда сумалак, ҳалим пиширилмайди”, “ифторликка ҳамирсиз овқат тайёрлаш лозим”, “мавлид ўқилса, хонадон соҳиблари қатнашмайди”, “балиқ еса, жиғилдони тозаланиб, луқмаси ҳалол бўлади” қабилидаги эътиқодлар ҳам айни қораланган бидъатлар турига мансубдир. Бу каби ирим-сиримларга ишониш, унга “ихлос” билан амал қилиш Аллоҳ таолога яқинлаштирмайди, балки унинг ғазабига олиб боради. Аллоҳ бундан барчамизни асрасин! Шунинг учун ҳам обид зотлардан бири бўлмиш Абу Айюб Сихтиёний рахимахуллох: “Бидъатчи ўз бидъатида канча тиришса, Аллохдан шунча узок бўлади” – деганлар.
Демак, ҳаётимиз давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, турли шаръий асосга эга бўлмаган одат ва хурофотлардан сақланишимиз лозим бўлади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Суннат – Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси кабидир. Унга минган киши нажот топади. Ундан қолиб кетган киши ғарқ бўлади”, – деганлар.
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида жаноза намози ва унга оид баъзи масалалар ҳақида суҳбатлашамиз.
Жаноза намози фарзи кифоя бўлиб, ундан хабардор бўлган кишилардан бир қисми адо этиши билан бошқалардан бу фарз соқит бўлади. Агар ҳеч ким ўқимаса, ҳаммалари гуноҳкор бўладилар. Жаноза намозида иккита фарз бўлиб, бири – тўрт марта такбир айтиш, иккинчиси эса – тик туриб ўқиш. Вожиби – салом беришдир. Сано, салавотлар ва дуо ўқиш эса – суннатдир.
Жаноза намози қуйидагича ўқилади:
Имом маййитнинг кўкраги тўғрисида туриб, бош бармоғини қулоғи юмшоғига теккизиб “Аллоҳу акбар” дейди. Иқтидо қилганлар ҳам шундай қиладилар. Сўнг сано ўқилади:
سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ وَتَبَارَكَ اسْمُكَ وَتَعَالَى جَدُّكَ وَلَا إِلَهَ غَيْرُكَ
яъни: “Эй Аллоҳ, Сени пок деб, ҳамд айтиб ёд қиламан, исминг – муборак, мартабанг – улуғдир, Сендан ўзга илоҳ йўқ”.
Санодан сўнг иккинчи такбир айтилади ва бунда, мазҳабимизга кўра, қўл кўтарилмайди. Қўл фақат биринчи такбирда кўтарилади холос. Иккинчи такбирдан сўнг салавот ўқилади:
اَللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. اَللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاِهِيمَ وَعَلَى آلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ
яъни: “Эй Аллоҳ, Иброҳим ва унинг оиласига салавот юборганинг каби, Муҳаммад ва у зотнинг оиласига ҳам юборгин. Сен мақтовга лойиқ, буюк Зотсан! Эй Аллоҳ, Иброҳим ва унинг оиласига барака нозил қилганинг каби, Муҳаммад ва у зотнинг оиласига ҳам барака нозил қилгин. Сен мақтовга лойиқ, буюк Зотсан!”.
Салавотдан сўнг учинчи такбир айтилади, ортидан маййитнинг ҳаққига дуо қилинади:
اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِـحَيِّنَا، وَمَيِّتِنَا، وشَاهِدِنَا، وَغَائِــبِنَا، وَصَغِيْرِنَا، وَكَبِيرِنَا، وَذَكَرِنَا، وَأُنْثَانَا، اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الْإِسْلَامِ، وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوفَّهُ عَلَى الْإِيْمَانِ
яъни: “Эй Аллоҳ, тирикларимизни ҳам, ўтганларимизни ҳам, бу ерда борларимизни ҳам, йўқларимизни ҳам, каттаю кичигимизни ҳам, эркагу аёлларимизни ҳам мағфират қилгин! Эй Аллоҳ, биздан кимни яшатсанг, Исломда яшат, кимни вафот эттирсанг, имонда вафот эттиргин!”.
Маййит балоғатга етмаган ёш бола бўлса, юқоридаги дуонинг ўрнига қуйидаги дуо ўқилади:
اللَّهُمَّ اجْعَلْهُ لَنَا فَرَطًا وَاجْعَلْهُ لَنَا أَجْرًا وَذُخْرًا وَاجْعَلْهُ لَنَا شَافِعًا وَمُشَفَّعًا
яъни: “Эй Аллоҳ, уни охиратда бизни кутиб оладиган хушхабарчи қил, уни бизга савоб ва захира қил, уни бизга шафоат қилувчи ва шафоати қабул бўлувчи қилгин!”.
Кейин тўртинчи такбир айтилади ва салом берилади.
Жаноза намозига кеч қолган одам ният қилиб, имомнинг такбир айтиши билан намозга қўшилади. Имом салом берганидан кейин нечта такбирга кеч қолган бўлса, такбирларнинг ўзини айтиб қўяди. Бошқа нарсаларни ўқимайди.
Жаноза ўқиш учун албатта таҳорат бўлиши шартдир. Таҳорат қилиб келгунча намозга улгурмайдиган бўлса, жаноза эгасидан бошқалар таяммум қилиб, намоз ўқишлари мумкин бўлади. Жаноза намози асносида имом такбир айтса, иқтидо қилганлар бошини осмон сари кўтармайди, намоз ичида бошни осмон сари кўтариш бидъат ҳисобланади.
Туғилган чақалоқ овоз чиқариб ёки қимирлаб, сўнгра ўлган бўлса, унга исм қўйилади, ювилиб кафанланади ва жаноза ўқиб кўмилади. Ўлик ҳолда туғилган чақалоққа исм қўйилмайди, жаноза ўқилмайди, ювиб, бир матога ўраб кўмилади. Чақалоқнинг тирик туғилгани тўғрисида туққан она ёки туғдирган доянинг гувоҳлиги қабул қилинади. (Фатовои Ҳиндийя ва Бадоиус-саноиъ китобларидан).
Аллоҳ таоло барчамизга динимизнинг кўрсатмаларини мукаммал ўрганиб, унга Ўзи рози бўладиган тарзда амал қилиш бахтини насиб этсин!
ИЛОВА: “Вақф” хайрия жамоат фондининг охирги ҳафтада амалга оширган ишлари ҳақида
- “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан Самарқанд вилояти, Нуробод туманида жойлашган “Ҳазрати Довуд” зиёратгоҳига олиб борувчи йўлнинг бир километри текисланиб, жами 12 500 000 (ўн икки миллион беш юз минг) сўмлик таъмирлаш ва шағал ётқизиш ишлари амалга оширилди.
- Сирдарё вилоятидаги 150 нафар гапиришида ва эшитишида имконияти чекланган шахсларга ва Самарқанд шаҳридаги Афросиёб маҳалласида яшовчи кам таъминланган оилага жами 3 000 000 (уч миллион) сўмлик хайрия қилинди.
- Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидаги Боғи Обод, Себзор ва Эҳтиром маҳаллаларида истиқомат қилаётган 8 минг нафарга яқин аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган жами 70 000 000 (етмиш миллион) сўмлик бир километр ичимлик суви тармоғининг қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, мазкур ҳудудларга сув етиб келди ва аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.
- Жарроҳлик амалиётини ўташ, мавсумий даволаниш, дори-дармон сўраб мурожаат қилган фуқароларга жами 37 000 000 (ўттиз етти миллион) сўмлик хайрия қилинди.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашувчи, бидъат хурофотлардан сақланувчи, имони мустаҳкам мўминлардан бўлишимизни насиб этсин. Қиёматда Расули акрам алайҳиссаломнинг хавзлари олдида ёруғ юз билан бирга бўлишимизни муяссар айласин! Омин!
Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “ДИНИМИЗДА АЁЛ ҚАДРИ” ҳақида бўлади. Жамоатга эълон қилишингизни сўраймиз.
Муҳтарам имом-домла! Бидъат ва унинг моҳиятига оид тўлиқ маълумот олиш учун “Кувайт фиқҳ энциклопедияси” (8-жуз, 21-41-бетлар), Аллома Абдулҳай Лакнавийнинг “Иқоматул ҳужжа” китоби (16-58-бетлар), Аллома Иззиддин ибн Абдуссаломнинг “Қавоидул аҳком” китоби (2-жуз, 208-201-бетлар) ва ундан бошқа мўътабар манбалар билан танишиб чиқишингиз тавсия этилади.
Нуриддин домла Холиқназаров – Эрнинг мажбуриятлари
Ҳар қандай оғир касалликнинг ҳам давоси бор, аммо...
Уламолар “Илм иккига бўлинади: дин илми ва тиб илми” дейишган. Дин илми инсоннинг руҳиятидаги мувозанатни сақлаш ҳамда уни тарбиялашга хизмат қилса, тиб илми инсон танаси ва унда кечадиган жараёнларни ўрганади. Шунинг учун қадимдан динни мукаммал билган инсонлар тиббиётдан ҳам хабардор бўлишган. Зеро, машойихлар “Ким ўзини таниса, Роббисини танийди” дейишган. Яъни ким ўз танаси ҳақида тафаккур қилса, Аллоҳ таолонинг қудратига шак-шубҳа қилмайди.
Олимларнинг таъкидлашича, бугунги ривожланган замонавий тиббиёт одам танасини ҳали тўлиғича ўргана олмаган. Шу сабабдан шифокорлар баъзи бир хасталиклар ва физиологик жараёнларнинг ҳолатини изоҳлаб бера олишмаяпти.
Баъзан ён атрофимизда оғир дардга чалинган беморларга мутахассислар томонидан: “Сизнинг касаллигингизга даво йўқ” каби жуда қўпол ва лоқайдлик билан айтилган жавобларни ҳам эшитиб қоламиз.
Хўш, аслида шифокорларнинг касалликка нисбатан бундай муносабатда бўлиши тўғрими?
Бундан бир неча минг йил аввал одамлар оддийгина шамоллаш туфайли оммавий тарзда ҳалок бўлишган. Тиб илмининг отаси, Шайхур раис Абу Али ибн Сино давригача сувчечак ва қизамиқ энг хавфли касалликлар сирасига кирган. Бизнинг давримизда бу каби касалликларга оддий кўз билан қараймиз. Сабаби ўз даври учун хавфли бўлган бу каби дардларнинг бугунга келиб давоси топилган. Демак, тиббиёт учун номаълум бўлган бирор бир паталогик ҳолатни кўрганда, “Бунинг давоси йўқ” демасдан, балки, “Бу касалликнинг давоси ҳали тиббиётда аниқланмаган, аммо изланишлар кетяпти” дейиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ўлимдан бошқа барча дардларнинг давосини туширгани ҳақида хабар берганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қайси бир дардни нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир», дедилар». Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Имом Муслимнинг лафзида бундай дейилган: «Ҳар бир дарднинг давоси бордир. Қачон даво дардни топса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни ила тузаладир».
Инсондан (шифокорлар, тадқиқотчилар, олимлар ва бошқа соҳа вакилларидан) эса, Аллоҳ ато этган шифони излаш ва илмий тадқиқ этишга интилиш талаб қилинади.
Зеро, Аллоҳ таоло Ўз Каломи – Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
وَإِذَا مَرِضْتُ فَهُوَ يَشْفِينِ
“Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи” (Шуаро сураси, 80-оят).
Аллоҳ таоло барча беморларнинг дардларига шифо бериб, тиб илми мутахассисларининг илмини зиёда қилсин, омин!
Нозимжон Иминжонов ва
Саидаброр Умаров тайёрлади
Андижонда жума маърузаси сурдо тилида намойиш этилди
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ногиронлиги бўлган фуқаролар, жумладан, эшитиш-сўзлаш ва кўриш қобилиятида нуқсони бўлган фуқаролар билан тизимли равишда учрашувлар, хайрия тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
“Surdo-online Uzbekistan” лойиҳаси доирасида Андижон шаҳридаги “Имоми Аъзам” жоме масжидида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан эшитиш ва сўзлашда нуқсони бор фуқаролар учун жума маърузаларини сурдо таржимон ёрдамида намойиш этиш доимий равишда йўлга қўйилди. Бугун ҳам Андижондаги ушбу масжидда ногиронлиги бўлган юзлаб инсонлар йиғилдилар ва яратилган имкониятдан фойдаланган ҳолда мавъизаларни томоша қилишди.
Жума намозига қарийб 130 нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган фуқаролар ташриф буюриб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тайёрланган “Ижтимоий ҳимояга муҳтожларга ғамхўрлик” мавзусидаги тезис ва унинг “Вақф хайрия жамоат фондининг охирги ҳафтада амалга оширган ишлари” тўғрисидаги иловаси ҳақидаги маъруза surdo-online шаклида етказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан яратилган ушбу хайрли ишлардан барчалари бирдай хурсанд бўлмоқдалар. Шунингдек, ҳар ҳафтанинг якшанба кунлари эса ушбу масжидда эшитиш ва сўзлашишда нуқсони бор фуқаролар учун маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилиб келинмоқда.
“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати