muslim.uz

muslim.uz

Татаристон Республикаси мусулмонлари идорасининг Ҳаж ишлари бўйича директор ўринбосари Илдус Собитов Нижнекамскка ташриф буюриб, мусулмонларга Маккага сафар қилиш тафсилотларини сўзлаб берди, дея хабар бермоқда Нижнекамск вилояти матбуот хизмати.

Илдус Собитов айтишича ҳаж сафари ёз фаслига тўғри келади, унгача ҳали ярим йил бор. Лекин мусулмонлар шу йил ҳажга бориш учун ҳозирдан қарор қабул қилишлари керак.

«Бу улуғ амални тўғри бажариш учун илм олиш жуда муҳим» деган у.

Ўтган йили Татаристон Республикаси мусулмонлар идорасидан 1700 киши ҳаж сафарига юборилган.

Ҳар йили Маккага Нижнекамскдан юздан ортиқ одам ташриф буюради. Мусулмонлар идораси жорий йилда ҳам муқаддас сафарга шунча кишини жўнатишни ният қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бирлашган Араб Амирликлари давлатида 20-миллий Қуръон мусобақаси 15 кишидан иборат иштирокчиларнинг ўзаро рақобати билан бошланди. Бу ҳақда el-Beyan газетаси хабар тарқатди.

Ушбу мусобақа Халқаро Дубай мукофоти Қуръони карим институти ташаббуси билан Дубай ҳокими Шайх Муҳаммад ибн Рашид Мактум ва БАА давлати раҳбари ўринбосари ҳомийлигида ўтказилмоқда.

Мусобақада саккиз нафар аёл ва етти нафар эркак қатнашади. Эркаклар мусобақаси Халқаро Дубай мукофоти Қуръони карим институти марказида, аёлларники эса Дубай ал-Наҳза аёллар уюшмаси марказида бўлиб ўтмоқда. Натижалар тез кунда маълум бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2019 йилда «Ислом раҳмат ва тинчлик хабарчиси» номли халқаро конференция Чеченистон Мусулмонлари идораси ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Бу ҳақда el-Ahram нашри хабар берди.

Анжуман жорий йилнинг 28-30 март кунлари Россия Федерациясининг икки шаҳри – Москва ва Грознийда бўлиб ўтади. Халқаро анжуман Россия Президенти Владимир Путиннинг ҳомийлигида ва Жаҳон мусулмонлар лигаси, Россия Президенти ҳузуридаги Маданият, исломий билимлар ва таълимни ҳимоя қилиш жамғармаси, Москвадаги Россия шарқшунослик институти, Чеченистондаги «Аҳмад Ҳожи Қодиров» жамғармаси ҳамкорлигида ўтказилади.

Хабарда айтилишича, дунёдаги барча мамлакатларга таклифномалар юборилган бўлиб, конференцияда қатнашишни хоҳловчилар ўз юртларидаги диний бошқармаларга мурожаат этишлари мумкин.

Анжуманда “Исломда бирдамлик тамойиллари”, “Мусулмонлар ва тинчлик жамияти” “Терроризм ва экстремизим”, “Ислом ва цивилизациянинг ўзаро таъсири” ва бошқа муҳим мавзуларда маърузалар қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган. 

*****

Агар муваффақиятсиз бўлишни истасанг, ҳамма инсонларни рози қилишга урин!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ҳамма билан камтарлик ила муомала қилавер. Чунки инсон табиати мағрур ва ўзини катта олувчиларни ёқтирмайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Камситилган, ранжиган халқнинг ахлоқи ёмонлашади.

Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ

*****

Йўқлигингда сени ҳимоя қиладиган нарсаларнинг афзали – хулқларингдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Шундай шахслар борки, сендан оладиган фойдалари тугаса, хабарлари ҳам, дўстликлари ҳам тугайди.

“Фикр дурдоналари”

*****

Икки нарса сенинг ҳақиқатингни белгилайди:

  • Ҳеч нарсага эга бўлмаган пайтингдаги сабринг;
  • Ҳамма нарсага эга бўлган пайтингдаги тасарруфинг.

“Фикр дурдоналари”

*****

Бола отасидан сўрабди: “Отажон, “эркак” нима дегани?” “Эркак дегани кучли, фарзандлари олдидаги масъулиятни ҳис қиладиган, уларнинг ишларига эътибор берадиган ҳамда уларнинг роҳатда яшаши учун ўзи бедор бўладиган инсондир” деб жавоб берибди отаси. Шунда болакай: “У ҳолда мен ҳам онамга ўхшаган “эркак” бўлишни орзу қиламан” дебди.  

“Фикр дурдоналари”

*****

Икки киши сенинг ҳар бир ишларингга кўпроқ эътибор беришади:

  • Сени қаттиқ севадиган;
  • Сенга қаттиқ ҳасад қиладиган.

“Фикр дурдоналари”

*****

Қувват – оғриқларингни оёғинг остига ташлаб, сенинг йиқилишингни пойлаб турганлар олдидан табассум билан ўтиб кетишингдир.

“Фикр дурдоналари”

*****

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

 

Бугун, 15 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жума намозини адо этиш учун Тошкент шаҳридаги “Чимир ота” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Ушбу кўркам жомеда муборак кун ибодатини адо этиш учун минглаб намозхонлар жам бўлдилар.
Муфтий ҳазратлари жума мавъзисида бугунги кунда мўмин-мусулмонларга муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта имкониятлар берилаётгани ҳақида гапириб, юртимизда янги масжидларни қуриш, мавжудларини замонавий кўринишда қайта барпо қилиш ишлари жадал давом этаётганини сўзлаб бердилар. Ушбу ҳафтада Тошкент шаҳридаги “Оқ уй” ва Тошкент вилоятидаги “Хўжа” жоме масжидлари пойдеворига тамал тоши қўйилгани ҳамда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги “Нодирхон қори” ва “Эрбўта қози” жоме масжидларининг қурилиши изчил давом этаётгани билан яқиндан танишилганини баён қилдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, ўтган куни Сирдарё вилояти Ховос туманида жойлашган “Умар ибн Хаттоб” ва “Саъду Саид” масжидларига бориб, ушбу жомеларда намозхонлар учун яратилган шарт-шароитлар, масжидлардаги қулайликлар, имом-хатиблар фаолияти билан яқиндан танишилгани ва масжид қавми ила дилдан суҳбат қилингани ҳақида баён қилиб бердилар. Шунингдек, Сирдарё вилояти Бахт шаҳридаги “Бахт” жоме масжиди йўловчилар ва мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун қулайлик яратиш мақсадида, “Бахт” жоме масжиди манзил-мақомини катта йўл бўйига кўчирилаётганини муфтий ҳазратлари алоҳида қайд қилдилар.
Муфтий ҳазратлари мавъиза якунида, намозхонларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, ижроотлар ва бундай неъматларга ҳар бир киши туну кун Парвардигорга шукрона қилиши лозимлигини айтиб, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, мазмунидаги ҳадиси шарифларини изоҳлаб бердилар.
Жума намози адо этилгач, муфтий ҳазратлари 2018 йилги қорилар мусобақасида жисмоний имконияти чекланганлар орасида фахрли ўринли эгаллаган Султонмурод қори (халқ орасида Сиёвуш қори) билан самимий суҳбат қилдилар. Муфтий ҳазратлари Султонмурод қорининг бир муаммосини тинглаб, уни жойида ҳал этиш билан қорининг кўнглиги шод қилдилар. Сиёвуш қори ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.
Жисмоний имконияти чекланган бундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига хурсандчилик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан эканига шубҳа йўқ.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top