muslim.uz
Бошқа галактикаларда ҳам ҳаёт борми?
“Айтинг: “Осмонлар ва Ердаги нарсаларга (ибрат назари билан) боқингиз!” (Юнус, 101)
Уламолар, инсон зоти учун Аллоҳ таоло томонидан яратилган ҳар бир нарсада ибрат ва тафаккур намунаси мужассамдир, одам боласи уларни кўрганда фикр юритиб “ибрат назари билан боқмоғи” лозим дейишади.
Бизга тортиқ қилинган она заминимиз Ер сайёраси ҳам унча катта бўлмаган юлдуз – Қуёш атрофида айланувчи 8 та сайёрадан бири бўлиб, галактикамиздаги юлдузларнинг тахминий сони эса 200-400 миллиард атрофида деб баҳоланади.
Астроном олимларнинг таъкидлашича бизнинг галактикамиз – Сомон Йўли, спиралсимон галактика типига кирар экан. Ўз навбатида галактикаларнинг ҳам бир нечта типлари мавжуд. Америкалик олим Эдвин Хабблнинг фикрига кўра, коинотда эллиптик, линзасимон, спиралсимон ва нотўғри типдаги галактикалар бор.
Тадқиқотчилар Коинотнинг замонавий астрономик методлар ёрдамида тадқиқ қилиш мумкин бўлган қисмини Метагалактика деб атайди. Унинг ўлчами ва ҳажми кузатув асбобларининг имкониятлари кенгайиши билан ортиб бораверади.
Бугунги кунда Метагалактиканинг ўлчами реликт нурланиш асосида аниқланган ва барча йўналишда 14 миллиард парсек, содда қилиб айтганда 46 миллиард ёруғлик йилига тенг деб қаралади. Айни дамгача олимлар томонидан аниқланган Ердан энг узоқда жойлашган объект (2016 йил аниқланган) ГН-з11 галактикаси ҳисобланади. Унинг қизилга силжиши з=11,1 га тенг ва бу тахминан 13,4 миллиард ёруғлик йилига тенг бўлган масофа демакдир.
Мутахассисларнинг фикрича замонавий телескоплар мавжудлигига қарамасдан галактикаларнинг аниқ сонини аниқлаш мушкул вазифа ҳисобланади, чунки биз Коинотнинг фақатгина бирор бир кичик қисминигина тўғридан-тўғри кузатишимиз мумкин холос. Бази олимларнинг сўнги маълумотларига қараганда Коинотдаги галактикаларнинг сони тахминий 100-200 миллиардга етади.
Германияда суперкомпютер ёрдамида ўтказилган тажрибалар асосида аниқланган қиймат эса янада ката – 500 миллиард! Табиийки, бу рақамлар абсолют аниқ эмас, балки тахминий рақамлардир.
Шу ўринда табиий бир савол туғилади: олимлар галактикалар сонини қандай аниқлашади? Гап шундаки, Хаббл космик телескопи каби кучли телескопларда Коинотнинг маълум бир қисми чуқур ўрганилади. Бунинг учун Хаббл телескопи танланган жойга юзлаб соатлар давомида қаратилиб, Коинотнинг ушбу қисмига “чуқур” кириб боради. Шу йўсинда олинган тасвирлар асосида галактикаларинг умумий сони тахминан аниқланади. Катта эҳтимоллик билан айтиш мумкинки, Коинотдаги галактикаларнинг кўпчилиги карлик (митти) галактикалар ҳисобланди. Масалан, Маҳаллий галактикалар тўдасига кирувчи галактикалардан 3 таси йирик спиральсимонлардир: Андромеда, Сомон Йўли ва Учбурчак. Қолган барчаси карлик ва нотўғри галактикалардир.
Демак, бугунги кунда кузатиладиган галактикаларнинг умумий сони биз қўллаётган замонавий телескопларнинг кучига жудаям боғлиқ бўлиб, агар келажакда кузатув асбоблари янада такомиллашса, Коинотдаги биз кузатишимиз мумкин бўлган объектларнинг ҳам сони янада ошиши аниқ. Шуни инобатга оладиган бўлсак, галактикаларнинг сони ҳам 500 миллиарддан анча кўплигига шубҳа йўқ.
Аслида 500 миллиард галактика ҳам етарли даражадан ортиқ. Масалан, агар сиз уларни санаб чиқаман десангиз “нон-стоп” режимида тахминан 15845 йил (тасаввур қилинг, эрамиздан аввалги сўнги тош давридан бошлаб ҳозиргача) вақт сарфлашингизга тўғри келади! Яъни ўртача 80 йил умр кўрадиган инсон бутун умрини тўлалигича фақатгина галактикаларни санаб чиқишга сарфлаган тақдирда ҳам у бугунги кунда маълум бўлган галактикаларнинг 0,005 фоизини санашга улгурарди, холос.
Ушбу мақолани ўқиш жараёнида ҳаёлингиздан беихтиёр шунча юлдузлар, осмон жисмлари ва галактикалар қандай қилиб ҳеч қандай воситасиз коинотда муаллақ, бир-бирига урилмасдан турибди ва чексиз ададдаги бу жисмларни ким яратган деган саволлар келиши мумкин. Бу савол соҳа олимларини ҳам чуқур ўйuа толдирмоқда. Таъкидлаш жоизки, юқоридаги маълумотлар дунёнинг энг ривожланган давлатларидаги энг замонавий тадқиқот марказларида олиб борилган изланишлар хулосасидир. Аммо, бундан қарийб бир ярим минг йил аввал ҳеч қандай телескоп ва компютер бўлмаган даврда Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган Китоб – Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Осмонлар ва Ердаги нарсалар Унинг мулкидир. Ҳамма(си) Унга бўйсунувчидир. (У) Еру осмонларнинг Яратувчисидир. Бирор ишни қиладиган бўлса, (фақатгина унга) «Бўл!» деса, бас, у бўлади. (Бақара, 116, 117)
Яна:
“(Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаган миқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир”. (Бақара, 255)
“Осмонлар, Ер ва улар ўртасидаги борлиқ устидан ҳукмронлик фақатгина Аллоҳга тегишлидир. Хоҳлаган нарсани яратади, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.” (Моида, 17)
“Ерда, хоҳ осмонда бирор зарра миқдорида ёхуд ундан кичикроқ нарса ҳам Раббингиздан четда қолмайди, балки (у) аниқ битик (Лавҳул-маҳфуз)да бордир.” (Юнус, 61)
Энди Оли Имрон сурасининг қуйидаги икки оятига эътибор беринг:
“Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир.” (Оли Имрон, 190)
“Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) «Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни бе-ҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан”. (Оли Имрон, 191)
Мазкур оятларда Аллоҳ таоло Осмонлар ва Ернинг нима сабабдан яратилгани ва улар нима вазифани бажаришини очиқ-ойдин баён этмоқда.
Миллиардлаган галактика, ундан ҳам кўп юлдузлар ва ҳатто она заминимиз ҳам биз бандаларнинг ақл юритиб, тафаккур қилиб ва натижада Аллоҳ таолога итоат этмоғимиз учун яратилгандир!
Мақолани интернет манбалар асосида
Саидаброр умаров тайёрлади
Остонада совуқда қолганлар манзилига бепул етказилади
Қўшни Қозоғистоннинг пойтахтида “Остона – меҳр-шафқат шаҳри” акцияси ўтказилди. Бу ҳақда Muslim.kz сайти хабар берди.
Мазкур тадбир ташаббускори Қозоғистон мусулмон идораси раисининг ўринбосари, Остонадаги “Ҳазрат Султон” масжидининг имоми Наврузбай Тағанули бўлиб, акция мақсади инсонларга кўмак кўрсатиш экани айтиб ўтилган.
Акция доирасида қишнинг совуқ кунларида автобус бекатларида транспортни кутаётганлар ва йўлларда совқатганлар ўз манзилларига бепул етказиб қўйилади.
Ушбу акцияда “Ҳазрат Султон” масжиди жамоати ўзларининг автомобиллари билан фаол қатнашаётганлари айтиб ўтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Доғистонлик болакай тўплаган пулларини масжид қурилишига берди
Доғистон Республикасининг Шамил туманидаги Ассаб қишлоғида яшовчи болакай Исо алайҳиссалом номидаги диний марказ қурилиши учун ўзи тўплаб келган маблағни тақдим этди. Махачқалъа ва Каспий оралиғида қурилаётган марказ учун бола 11 минг рубль миқдоридаги маблағни эҳсон қилган.
Болакай ушбу маблағни ўзи учун тезюрар велосипед сотиб олиш орзусида тўплаган. Пулларнинг катта қисми 10 рубллик тангалардан иборат экани қайд этилган.
Маълумот учун, Марказ қурилиши ишлари уч йилдан буён давом этаётгани, унинг қурилиши учун доғистонликлар катта миқдорда хайрия маблағи тўплагани айтилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Нишонга урилган гаплар: “Дўстлик баланд тоғ бўлиб, унга фақат вафодорларгина тирмашиб чиқадилар”
Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.
*****
Агар ёмонликка ёмонлик билан жавоб бериладиган бўлса, у ҳолда ёмонлик қачон тугайди?
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Дўстлик баланд тоғ бўлиб, унга фақат вафодорларгина тирмашиб чиқадилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Сув ҳамма нарсани ювади. Аммо заҳарли тилни эмас.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ҳақиқий сустлик берк ақлларда бўлади.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ватан уч нафар одамнинг устида туради:
- Таом берадиган деҳқоннинг;
- Қўриқлайдиган аскарнинг;
- Тарбия қиладиган муаллимнинг.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Агар чиройли аёл гавҳар бўлса, фазилатли аёл (гавҳарларга тўла) кондир.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Қамоқхонанинг ҳидини ҳидламасдан (яъни қамоққа тушмасдан) ўғрилик қилиб юрадиганлар нақадар кўп!
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Ўзи хато қилиб, яна ундан узр сўрашларини кутадиган кимсалар мени жуда ҳам безовта қилади.
Бернард Шоу
*****
Ўзингни оқлаб ўтирма. Дўстларинг ўзингни оқлашингга муҳтож эмаслар. Душманларинг эса бу гапларингга ишонмайдилар.
“Тарих муҳрлаган сўзлар”
*****
Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи
Нозимжон Иминжонов
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, У зот ювилган сув қаерга кетган?”
Бугун улуғ олим, шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий ҳақидаги ибратли бир қиссани эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Кунлардан бир куни дин шайхлари ва уламоларидан бири бошчилигида бир ҳафталик исломий анжуман уюштирилди.
Бу конференцияга шайх Шаъровий ҳам таклиф қилиндилар. Шайх Шаъровий таклифга биноан анжуманга ташриф буюриб, унинг биринчи мажлисига ҳозир бўлдилар. Анжуман бошланди. Шайх Шаъровий мажлис ҳайъатидан жой олдилар. Анжуманга раислик қилаётган киши ўзини илму маърифатда барчадан устун даражада дея мағрурланар ва бу билан ҳузурланар эди.
Мажлис асносида бунга гувоҳ бўлган имом Шаъровий изн сўраб, минбарга чиқдилар ва «Сизларга бир савол бераман:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида У зот ювилган сув қаерга кетган?» дедилар.
Мажлис аҳли кутилмаган саволдан ҳангу манг бўлиб қолди. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Барча жим, ҳеч ким гапирмайди.
Анжуман раиси ҳижолат ва саросимада қолди. «Наҳотки мен бу саволнинг жавобини билмайман?» ўйларди у. Ниҳоят, раис шайх Шаъровийга: «Бизга фурсат беринг, инша Аллоҳ, эртанги мажлисгача саволингизга жавоб топармиз» деб, бу ҳолатдан чиқди.
Мажлисга раислик қилган киши тўғри уйига борди-ю, кутубхонасига кириб, бу мушкул саволга жавоб қидира кетди. Бироқ, ҳарчанд қидирмасин, китоб титмасин, ҳеч нарса топа олмади. Ҳамма китобларини бирма-бир варақлаб чиқди, лекин бу саволга жавоб топа олмади. Ниҳоят чарчаб, варақлаб ўтирган китобининг устида ухлаб қолди.
Бир пайт тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келдилар. У зотнинг ёнларида фонус кўтарган бир киши бор эди.
Раис дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз ювилган сув қаерга кетган?» деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида фонус кўтариб турган кишига ишора қилдилар. Фонус кўтарган киши шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ювилган сув буғланиб, осмонга кўтарилган. Сўнг ёмғир бўлиб ерга ёққан. Бу ёмғирнинг ҳар бир қатраси ўрнида масжид бино қилинган». Маълум бўлишича, ер юзининг қаерида бўлмасин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ювилган сувнинг ҳар бир қатраси тушган жойда бир масжид бино қилинган экан.
Анжуман раиси уйқусидан бахтиёр ҳолда уйғонди. Энди у анжуманга ёруғ юз билан бора оладиган жавобни топган эди. У шоша-пиша анжуманга етиб бориб, шайх Шаъровийнинг оғзига термулиб, кечаги саволнинг жавобини сўрашларини кутди.
Лекин шайх ҳеч нарса бўлмагандек, мажлис ҳайъатида виқор билан ўтирардилар. Раиснинг ичи пишиб, бир амаллаб мажлиснинг охиригача чидади. Ниҳоят, тоқати тоқ бўлиб, имомга деди:
– Кеча бир савол сўраган эдингиз, жавобиини айтайми?
– Жавобини билдингми? – сўрадилар имом Шаъровий.
– Ҳа, – деди раис.
– Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ювилган сув қаерга кетган экан?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ювилган сув буғланиб, осмонга кўтарилган экан. Сўнг ерга ёмғир бўлиб ёққан экан. Ўша ёмғирнинг ҳар қатраси ўрнида бир масжид бино бўлган экан, – деди раис.
– Жавобни қандай қилиб билдинг? – сўрадилар имом.
– Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга келдилар, У зотдан сўрадим.
– Лекин жавобни сенга фонус кўтарган киши айтди-ку? – дедилар кулимсираб имом Шаъровий.
Раис саросима ва ҳайратдан бир зум ҳайкалдек қотиб қолди. Сўнг ўзига келиб, беихтиёр «Буни қандай билдингиз?» деди. Шунда Шаъровий ҳаммани чексиз ҳайратда қолдириб, «Фонус кўтарган мен эдим!» дедилар…
Бу қиссани ўша анжуман раисининг ўзи ҳикоя қилиб берган.
Роббим, гуноҳларим ҳар қанча улуғ бўлса ҳам, афвинг улуғроқ эканлигини билдим.
Одинахон Муҳаммад Содиқ
Манба: https://azon.uz