muslim.uz

muslim.uz

jeudi, 22 novembre 2018 00:00

Тавозелик фазилати

Одаб – аҳлоқ ҳақида сўз юритганимизда машҳур уламолар, “Тавозе” сўзини мулойимлик, камтарлик ва ғурурдан узоқда бўлиш деб баён қилишган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Раҳмоннинг суюкли бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин”, деб жавоб қиладиган кишилардир”. (Фурқон сураси, 63-оят).

Тавозелик хорлик билан мутакабирлик ўртасидадир, у кибру-ҳаво ва манманликнинг зиддидир.

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ таоло менга тавозеликда бўлинглар, ҳатто бир киши бошқаси устидан фаҳрга бормасин ва бир киши иккинчи кишига зулм қилмасин”, деб ваҳий юборди. (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда мутакабирларни шундай маломат қилиб айтди: “Мутакаббирларнинг жойлари нақадар ёмон”. (Наҳл сураси, 29-оят).

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Қалбида заррага кибри бор инсон жаннатга кирмайди”. (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Шайбонинг қуйидаги сўзини, Рисолатул Қушайрия соҳиби нақл қилган: “Шараф – тавозеда, иззат-икром – тақвода ва ҳуррият қаноатдадир”.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Ойбек Маърупов

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Ҳазрати Шайх Сузук ота таълимоти ва маърифатлари” мавзуида тадбир ташкил этилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, шоир-ёзувчилар ҳамда ёшлар иштирок этди.

Мамлакатимизда халқимизнинг бой тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш, азиз авлиё ва алломаларимиз номини абадийлаштириш, улар мангу қўним топган масканларни обод қилишга алоҳида эътибор берилаётгани таъкидланди.

ЎзАнинг хабар беришича, Давлатимиз раҳбари бир неча бор пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Сузук ота» мажмуасида бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича тавсиялар берган эди. Ушбу ҳудудда зиёратчилар ва ҳунармандлар учун қулай шароит яратилмоқда.

Тадбирда Асқар Обидовнинг “Хожа Аҳмад Яссавий ва Сузук ота” номли китоби тақдимоти ҳам ўтказилди. Китобда Хожа Аҳмад Яссавий ва унинг шажараси, Сузук ота (Мустафоқул) ҳамда Сузук ота маҳалласи ҳунармандлари, “Сузук ота” мажмуаси ҳақида батафсил маълумотлар, ривоятлар келтирилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мазкур масжиднинг қурилиши 2013 йилда бошланган эди, – дейди Истанбул масжидлари жамияти раиси Урғин Куланк. – 2013 йилда Ражаб Тоййиб Эрдуғон Бош вазирлиги пайтида жоме пойдевориниг илк ғишт қўйилган.

Маълум бўлишича, "Чомлижа" (Қолмық) жоме масжиди шу пайтгача Туркияда мавжуд бўлган масжидларнинг энг каттаси бўлади. Очилишига қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилаётган, бутунлай замонавий янгича услубда қурилган ушбу жоме масжиднинг умумий майдони 11 минг квадрат метр бўлиб, бир вақтнинг ўзида 60 минг намозхонни сиғдира олади. Шунингдек, унга олтита баланд минора кўрк ва салобат бахш этиб туради.

Islom интернет нашрининг маълумотига кўра, масжиднинг ичидан эса исломий китоблар музейи ҳамда 3,5 минг метр квадрат майдонли фан кўргазмаси жой олади. Масжид ёнида эса бир вақтнинг ўзида 3,5 мингта автомобил учун тураржой ҳам ҳозирланмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Аллоҳ кимларни яхши кўради?

“Бас, Аллоҳ тақводорларни  хуш кўради”. (Оли Имрон,76)

“Албатта Аллоҳ тақводорларни севадир”. (Тавба,7)

Аллоҳ кимлар билан биргадир?

“Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир” (Бақара, 194)

“Ва билингки, албатта Аллоҳ тақводорлар биландир”. (Тавба-36, 123))

“Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар биландир”. (Наҳл-128)

Аллоҳ кимлардан қабул қилади?

“Албатта Аллоҳ тақводорлардангина қабул қилади”. (Моида,27)

Аллоҳ кимларни яхши танийди?

“Аллоҳ тақводорларни яхши билувчи Зотдир”. (Оли Имрон-115,  Тавба-44))

Аллоҳ кимларнинг дўстидир?

“Аллоҳ тақводорларнинг дўстидир”. (Жосия-19)

Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматли кишилар ким?

“Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир”. (Ҳужурот-13)

Аллоҳ кимларга баракот ёғдиради?

“Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик”. (Аъроф-96)

Аллоҳнинг Каломидаги хушхабар, насиҳат ва эслатмалардан ким ибрат олади?

“Бас, албатта, тақводорларга хушхабар беришинг ва у билан саркаш қавмларни огоҳлантиришинг учун  у (Қуръон)ни тилингга осон қилдик”. (Марям-97)

“Батаҳқиқ, Биз Мусо ва Ҳорунга Фурқонни тақводорлар учун зиё ва эслатма қилиб бердик”. (Анбиё-48)

“Батаҳқиқ, Биз сизларга очиқ-ойдин оятларни, сиздан олдин ўтганлардан мисолни ва тақводорлар учун ваъзни нозил қилдик”. (Нур-34)

“Ва албатта, у (Қуръон) тақводорлар учун эслатмадир”. (Ал-Ҳаққа-48) 

Хайрли оқибатлар ким учун?

“Ва оқибат тақводорларникидир”. (Аъроф-128, Қасос-83)

“Бас, сабр қил, албатта оқибат тақводорларникидир”. (Ҳуд-49)

“Охират эса, Роббинг наздида тақводорлар учундир”. (Зухруф-35)

Жаннат кимлар учун яқиндир?

“Ва жаннат тақводорларга яқинлаштирилди”. (Шуаро-90)

“Ва жаннат тақводорларга узоқ бўлмаган жойга яқинлаштирилди”. (Қоф-31)

Хақиқий дўстлар кимлар?

“Ўша кунда тақводорлардан бошқа дўстлар бир-бирларига душмандир”. (Зухруф-67)

Тақводорларнинг мукофоти ҳамма каби бўладими?

“Йўқ! Биз тақводорларни фожирлар каби қилармидик?!” (Сод-28)

Тақводорларнинг сифатлари қандай?

“Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир. Улар ғайбга иймон келтирурлар, намоз ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар”. (Бақара-2-3)

 “Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир. Роббилари берган нарсани олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир .Улар кечалари оз ухлар эдилар. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Ва мол мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳақи бордир”. (Зорият-15-19)

Уларнинг мукофоти қандай?

“Албатта, тақводорлар жаннатлар ва чашмалардадир”. (Ҳижр-46)

“Ва тақво қилганларга: “Роббингиз нимани нозил қилди?” дейилди. Улар: “Яхшиликни”, дедилар. Чиройли амаллар қилганлар учун  бу дунёда чиройли (мукофот) бордир. Албатта, охират диёри яхшироқдир. Роббиларининг диёри нақадар яхшидир. У адн жаннатидир. Унга кирганларида остидан анҳорлар оқиб турар, улар учун у ерда истаган нарсалари бор. Аллоҳ тақводорларни ана шундай мукофотлар”. (Наҳл-30,31)

 “Бу эслатмадир. Албатта, тақводорлар учун гўзал оқибат. Улар учун эшиклари очиқ адн жаннатлари бордир. У ерда ёнбошлаган ҳолларида ундаги кўплаб мевалар ва шароблардан чақирарлар. Уларнинг ҳузурида кўзларини (номаҳрамдан) тийган тенгдош (ҳур)лар бор. Бу сизга ҳисоб куни учун ваъда этилган нарсалардир.”. (Сод-49,50,51,52,53)

 “Албатта, тақводорлар омонлик жойида, боғу роғлар ва булоқларда бўлурлар. Улар шойи ипак киюрлар, бир-бирларига юзма-юз ҳолда (ўлтирурлар). Ана шундай! Ва Биз уларни ҳури ийнларга уйлантирдик. Улар у ерда омонлик ҳолларида турли меваларни чақирурлар. Улар у ерда биринчи ўлимдан  бошқа ўлимни тотмаслар. У зот уларни жаҳийм азобидан сақлар. Бу Роббингдан бўлган фазлдир. Ана шу улкан ютуқдир”. (Духон-51-57)

“Албатта, тақводорлар жаннатлар ва нозу неъматлар ичидадирлар. Роббилари уларга берган нарсалардан лаззатдадирлар. Роббилари уларни жаҳаннам азобидан сақлар”. (Тур-17-18)

“Албатта, тақводорлар жаннату анҳорларда. Сидқ ўриндиқда, қудратли Подшоҳ ҳузуридадирлар”. (Қамар-54-55)

“Албатта тақводорлар учун Роббилари ҳузурида наъийм жаннатлари бордир”. (Қалам-34)

 “Албатта, тақводорлар соялар ва булоқлардадир. Ва ўзлари хоҳлаган мевалардадир. Енглар ва ичинглар, ош бўлсин. Қилган амалларингиз сабабидандир. Албатта, Биз муҳсинларни шундай мукофотлармиз”.  (Мурсалат-41-44)

“Албатта, тақводорларга ютуқ бордир: боғ-роғлар, узумзорлар бордир. Ва янги бўйи етган бир хил ёшдаги  қизлар бордир. Ва тўлдирилган қадаҳлар бордир. У ерда бекорчи гапларни ҳам, ёлғон гапларни ҳам эшитмаслар. Роббингдан мукофот, совға ҳисобидандир”. (Набаъ-31,32,33,34,35,36)

Тақво қилганларга яна қандай мукофотлар бор?

“Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр. Ва ўзи  ўйламаган тарафдан ризқ берур”. (Талоқ-2-3)

“Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг ишида осонлик қилиб берадир”. (Талоқ-4)

“Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг гуноҳларини кечирур ва ажрини кўпайтириб берур”. (Талоқ-5)

 

Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби: Исломов Ёрбек

Тўлиқ исмлари Убай ибн Каъб ибн Қайс ибн Убайд ибн Муовия ибн Амр ибн Моликдир. Мадинайи Мунавварада яшаган Хазраж ва Авс қабиласидан бўлган Ансорийлардан бўлганлар. Оналари Суҳайла бинти Нажжор бўлган. У кишининг иккита куняси бор: Абулмунзир – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу куня билан у кишини номлаганлар, Абу Туфайл – бу куняни эса Умар розияллоҳу анҳу берганлар.

Ташқи кўринишлари:

У киши катта ҳам эмас, кичкина ҳам эмас, ўрта бўйли эдилар. У киши оқ юзли ва оқ соқолли деб ном қозонганлар.

Исломга киришлари:

У киши Исломга эрта кирганлардан ҳисобланадилар. Иккинчи Ақаба байъатида қатнашганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин у кишини доим лозим тутганлар. У киши Хандақ, Уҳуд ва Бадр каби бир қанча ғазотларда иштирок этганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор жойга чиқасалар у кишини қавмга имом қилиб тайинлар эдилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини халққа Қуръон таълимини беришга масъул шахлардан этиб тайинлаганлар. “Қуръонни тўрт кишидан таълим олинглар: Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим, Муоз ибн Жабал ва Убай ибн Каъб” (Имом Бухорий ривояти).

Убай ибн Каъб ва Қуръон қироати:

У киши Қуръони каримни чиройли тиловат қилишда жуда машҳур бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Умматнинг қориси” деб гувоҳлик берганлар. Умар розияллоҳу анҳу у кишини энг Афзал саҳобалардан деб санаб, одамларни Рамазон ойи қилинадиган хатми Қуръонга у кишининг ортларига жам қилиб қўядилар. У киши яна чиройли ёзишда ҳам машҳур бўлганлар. Шу сабабдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини ваҳйни ёзиб оладиган кишилардан қилиб танлаб олганлар.

Сифатлари:

У киши хулқ-атвор жиҳатидан ҳам саҳобаларнинг энг афзалларидандир. Чунки, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўл остиларида тарбия топдилар. Тақво ва иймонлари, ибодат ва ижобатлари билан машҳурдирлар. У киши одамларга Қуръони каримни таълим берганларидек, усулуд-диндан ҳам таълим берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини ҳам халққа етказганлар.

Вафотлари:

У киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида вафот этганлар. Аммо, ҳозиргача аниқ вафот этган саналари мавжуд эмас. Бир ривоятда 19-20- ҳижрий йилда деган таҳминлар учрайди.

Аллоҳ барча соҳобалардан, шу қатори бизлардан ҳам рози бўлсин!

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси Абдуссами Эргашев

Манбалар асосида тайёрлади

Мақолалар

Top