muslim.uz

muslim.uz

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчиликларидаги мутасаддилар жойлардаги аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан мулоқотлар ўтказиш ва имом-домлалар, масжидлар фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида, Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги хизмат сафарларини давом эттиришмоқда.
Бугун 28 май куни муфтий ҳазратлари Шаҳрихон туманидаги “Жўрабой”, “Якка тут” ва “Муҳаммад Розиқбой” жоме масжидлари фаолияти билан танишиб, намозхонлар билан дилдан суҳбат қилдилар.
“Якка тут” жоме масжиди фаолияти билан танишдилар, масжидда намозхонлар учун яратилган шарт-шароитлар, хусусан, кечки пайт таровиҳ намозига келувчи масжид қавми учун ҳозир қилинган қулайликларни кўриб, хурсанд бўлдилар. Масжид имом-хатибига жоме ҳудудини янада обод қилиш, намозхонлар учун имкон қадар қулайликларни кундан кунга кўпайтириб боравериш кераклигини алоҳида таъкидладилар.
Муфтий ҳазратлари муборак ойнинг мағфират даҳасидаги пешин намозини тумандаги “Муҳаммад Розиқбой” жоме масжидида жамоат билан бирга-бирга адо этдилар. Пешин намози ўқиб бўлингач, намозхонлар билан дилдан суҳбат қурилди. Муфтий ҳазрат томонларидан Рамазон ойи фазилати ҳақида мавъиза қилинди. Шунингдек, бугунги кунда диний соҳада олиб борилаётган ижобий ишлар ҳақида ҳам сўз қилинди. Ўз навбатида муфтий ҳазратлари ҳам бугунги тарихий ўзгаришларни қадрига етиш, шукронасини қилиш кераклигини таъкидлаб, бу кунларга етиб келишда, албатта, ёши улуғ инсонларнинг дуолари сабаб эканини айтдилар. Ташрифдан боши кўкка етган нуроний отахонлар муҳтарам Президентимизни, муфтий ҳазратларини, қолаверса, шу каби ишларга ҳисса қўшаётган барча-барча фидойилар ҳақига узундан узун дуои хайрлар қилишди.

Мулоқотда сўзга чиққан намозхонлар бугунги ўзгаришлардан чексиз мамнун эканликларини изҳор қилиб, Рамазон ойида кишиларга ҳозирланган шароитлар, хатми Қуръон ва таровеҳ намозларини юқори кайфиятда ўтказилиши ҳамда халқимизга берилаётган енгилликлар, айниқса қўшни давлатлардаги қариндош-уруғлар билан борди-келди алоқалари анча осонлашгани туфайли барча фуқароларимиз хонадонларида шукроналар айтилиб, дуолар қилинаётганини билдиришди.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича ташкил этилган «Вақф» хайрия жамоат фондига «Payme» тўлов тизими орқали пул ўтказиш имконияти яратилди. Бу ҳақда фонд матбуот хизмати хабар бермоқда.

 «Вақф» хайрия жамоат фонди халқимизга қулайлик яратиш мақсадида, «Payme» тўлов тизими орқали хайрия қилиш имконини тақдим қилади. Сиз «Payme» орқали хайрия, закот фитр, ушр ёки вақф учун маблағ ўтказишингиз мумкин. Шуни алоҳида қайд этишни истардикки, юқорида зикр қилинган хайрия турларининг ҳар бирига алоҳида-алоҳида ҳисоб рақам очилган бўлиб, келиб тушган маблағлар шариат кўрсатмасида айтилган ўринларга етказилиши таъминланади.

Фондга келиб тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилари, мутахассислари ва ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган шахсларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш каби бир қатор ишлар учун сарфланади.

Келинг, суратлар ёрдамида жамоат фондига пул ўтказиш қандай амалга оширилишини кўриб чиқамиз!

 

«Payme» иловасидан «Хизматга тўлов» тугмасини босинг!

 

 

Энди эса «Хайрия» бўлимидан «Вақф» хайрия жамоат фондини белгиланг!

 

 

Тўлов турларидан бирини танланг!

 

 

Керакли суммани киритинг!

 

 

«Олдинга» тугмасини босиш орқали тўловни тасдиқланг!

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фонди Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, фондга ҳозирги кунда «Новза» масжидининг имом-хатиби Жалолиддин Ҳамрқоқулов раҳбарлик қилади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Бугун, 28 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги “Жўрабой” масжидини таъмирлаш ишлари якунига етгани муносабати билан у ерга ташриф буюрдилар.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диёримизда кўплаб масжид-мадрасалар тубдан қайта барпо этилаётгани, уларнинг атрофларини ободонлаштириб, намозхонлар учун сўлим масканларга айлантирилаётгани борасида ушбу масжид қавмига сўзлаб бердилар. Шунингдек, ушбу масжидга жоме мақоми берилгани билан муборакбод этдилар.
Ҳақиқатан ҳам, ўтган давр мобайнида диёримизнинг барча ҳудудларида, хусусан, Қорақалпоғистонда “Имом Эшон Муҳаммад”, Хоразмда “Охун бобо”, Сурхондарёда "Имом Термизий", Тошкентда “Сузук ота”, “Имом ат-Термизий” каби масжидлар қайтадан бунёд этилиб, мўмин-мусулмонлар учун фойдаланишга топширилди. Айни кунларда эса азим пойтахтимизда “Шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф” жоме масжидини қуриш ишлари жадал давом этмоқда.
Мазкур “Жўрабой” масжиди тубдан қайта қурилиб, гўзал масканга айлантирилгани туман аҳолисига катта туҳфа бўлди. Одамларнинг шоду хуррамлиги чексиз. Жумладан, ушбу масжид қавмидан бўлган Бурҳонов Равшан ота ҳозирги кунда ҳар бир масала ёки муаммо вақтида ҳал этилаётгани, ишбилармонларга қулай шарт-шароитлар ташкил этилаётгани, кўп имтиёзлар берилаётгани, шунингдек, диний соҳада жуда катта ўзгаришлар бўлаётгани, маҳалла масжидлари жомеларга айлантирилаётгани, масжидларда хатми Қуръон ва таровеҳ намозлари юқори кайфиятда адо этилаётгани, мана шулар сабаб диёримиз қут-баракаларга бурканаётгани, нуфузи эса юксалаётганини билдирди.
Муфтий ҳазратлари билан дилдан мулоқот қилган мўмин-мусулмонлар давлатимиз Раҳбарининг олиб бораётган жамики ислоҳотларидан минг-минг рози эканларини изҳор қилиб, ушбу миннатдорликларини муҳтарам Президентимизга етказиб қўйишни илтимос қилишди.

 

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Рамазон ойининг мағфират даҳаси ҳам бошланди. Бу муборак иккинчи ўн кунликда мамлакатимизда бўлиб ўтаётган мингдан зиёд хатм Қуръонлар бирин-кетин ўз якунига етади. Бу даҳа мана шу жиҳати билан янада файзли бўлади.
Эртага, 29 май санасидан бошлаб, юртимиз масжидларида Қуръон хатмоналари бошланади. Пойтахтимиздаги биринчи хатм – Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги “Ҳасанбой” жоме масжидида бўлиб ўтади. Бу кечани янада тароватли ўтказиш мақсадида, ушбу масжид имом-хатиби Абдуманнон домла Усмонов томонидан алоҳида тайёргарлик ишлари кўрилмоқда, хатмонага таниқли уламолари, дин пешволари таклиф қилинган.
Бу мунаввар кечанинг фазилатидан баҳраманд бўлиш, Каломуллоҳ хотимаси ҳамда унга ташриф буюрган мўътабар устозлар суҳбатларидан баҳраманд бўлиш учун Қуръон мухлисларини “Ҳасанбой” жоме масжидига таклиф қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, “Ҳасанбой” жоме масжидида хушнафас ҳофизлар Абдурауф қори Муқимжон ўғли ва Муҳаммаджон қори Эгамберди ўғли хатм Қуръонга ўтмоқдалар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сон Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ҳамда илмий мактабларда 2018 йилнинг 10 июнидан бошлаб “Қуръони карим ва тажвид” бўйича пуллик ўқув курслари ўз фаолиятини бошлайди.

Ўқув курсларига 2018 йилнинг 1-3 июнь кунлари соат 09:00 дан 17:00 гача ҳужжатлар қабул қилинади.

Ўқув курсларига Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунига мувофиқ ўрта мактабни битирганлиги тўғрисидаги шаҳодатнома (аттестат 11-синф), академик лицей ёки ўрта махсус таълим муассасаси дипломига эга бўлган ҳамда 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари суҳбат асосида қабул қилинади.

Тингловчилар диний таълим муассасасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

- таълим муассасаси раҳбари номига ариза;

- соғлиғи ҳақида тиббий маълумотнома (086-У-шакл);

- паспорт нусхаси (асли кўрсатилади);

- 4 дона фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);

- яшаш жойидан маълумотнома;

 

Ўқув курслар қуйидаги муассасаларда ташкил этилади:

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Тошкент ш., (0371) 227-42-37;

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент ш., (0371) 244-48-27;

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти, Тошкент ш., (0371) 299-24-11

“Мир Араб” олий мадрасаси, Бухоро вилояти, Когон тумани (+99895) 604-45-97;

“Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти, Бухоро ш., (0365) 224-10-11;

“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти, Бухоро ш., 221-77-44;

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти, Китоб шаҳри (0375) 54-27-425;

“Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти, Андижон ш., (+99895) 201-68-70, (0374) 228-00-91;

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти, Наманган шаҳри (0369) 226-60-60;

“Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юрти, Урганч ш., (+99895) 606-92-55, (+99895) 602-92-57;

“Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом билим юрти, Нукус ш., (0361) 229-03-26, 229-03-20;

“Ҳадис илми мактаби” Самарқанд вилояти, Хўжа Исмоил шаҳарчаси (0366) 673-31-51, (94) 186-19-94;

“Калом илми мактаби” Самарқанд вилояти, Хўжа Исмоил шаҳарчаси (0366) 673-31-51, (94) 186-19-94;

“Ақида илми мактаби” Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳри (0375) 225-56-32;

“Тасаввуф илми мактаби” Бухоро вилояти, Когон тумани (+99895) 604-45-97;

“Фиқҳ илми мактаби” Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри (0373) 226-72-31.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top