muslim.uz

muslim.uz

Иймон соҳиби бўлиш барчамизнинг энг аввалги ниятимиз ва мақсадимиздир. Бу мақсад бизни бевосита динни чуқурроқ ўрганишга, саҳобалар ҳаёти билан танишишга рўбарў қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўстлари, замондошлари диққатимизни тортади. Уларнинг баъзиларининг исми бизга таниш, қайси маънодаки, ҳадис ва ривоятларда уларнинг номларини учратганмиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дўстлари деганда, аввало, ёдга олинадиган зот бу ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳудир. Улар Хотамул анбиёи вал мурсалин бўлмиш пайғамбаримизнинг севимли ва энг вафоли биродарларидир. Бу биродарлик нубувват вазифаси топширилмасдан бир неча йил аввал, жуда самимий ўлчовлар ичида бошланиб, вафо ва севгининг энг гўзал намуналари ила давом этгандир. Бу икки биродарлардан бирининг энг машҳур лақаби “ал-Амин” (ишончли инсон) дир, иккинчисиники эса “ас-Сиддиқ”дир, яъни энг тўғри, ростгўй инсон… Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ишончли эканлиги шу даражадаки, Муҳтарам Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен Аллоҳнинг Пайғамбариман” деганларида ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳеч иккиланмасдан «ишонаман» дея олган. “Агар пайғамбар бўлсанг буни исботла!” дейиш ҳуқуқидан фойдаланмаган икки аҳамиятли зотдан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни энг яхши билган, инсонларга Уни яхши танита олган буюк инсонлар бошида шу шахс туради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни энг яхши таниган, бошқаларга насиб қилмаган кўпгина хотираларга эга бу қимматли инсондан ҳам, афсуски, жуда кам хотирага эгамиз. Тақдир битиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёнларида бўлган, ҳаёти давомида энг яқин дўст бўлиш шарафига эришган инсонни ўзларидан кейин ўринбосар қилиб тайинлаган. Аммо Аллоҳ таолонинг қисмати буюк халифага икки йил уч ой ўн кун ҳаёт инъом қилиб, сўнг Ўз ҳузурига чақирган.

Ислом тарихи ва ҳадис китоблари бу икки йиллик давр ҳақида ҳам, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг шахси ҳақида ҳам бизни қониқтирадиган даражада етарли маълумот бермайди. Бу даврда Мусайлама, Тулайҳа, Сажоҳ… каби пайғамбарлик даъвосини қилган ёлғончиларга қарши жанглар, Бизанс ва Эрон билан бўлган урушлар, Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Мадинада қилган ишлари, инсонларга нисбатан ҳаракатлари ила боғлиқ маълумотлар, афсуски, етарли эмас. Масалан, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг “Аллоҳим, қиёмат куни мени жаҳаннамингга қўй, вужудимни шу даража катталаштирки, токи жаҳаннамда мендан бошқа ҳеч бир кишига жой қолмасин”, деган ривоят келтирилади. Бу сўзлар ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг марҳаматига ишорадир, албатта ва бу орқали инсонлар севгисига далолат қилган бир иймон соҳиби эканлигини таъкидлайди. Бироқ ривоятнинг ҳақиқат эканлигига етарли исбот йўқ. Шундай бўлса-да, айтишим лозимки, азиз биродарим, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бу сўзлари бир мажозий ифодадир. Мақсад ўзининг жаҳаннамга кириши эмас. Инсонларнинг жаҳаннамдан озод қилинишини, кечирилишини тилашдир. Бу эҳсон истаги ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу тарафидан шундай тилга олинган, дейишимиз мумкин. Аллоҳ таолонинг китобидан келтирилган сураларга эса сўзсиз ишонамиз. Жумладан, Бақара сураси 201-оятида шундай дейилган: “Яна шундайлари ҳам борки, улар: Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин, дейдилар”.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Ҳазрат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар кун қилган бу дуосини била туриб ўзини оташга отадиган инсон эмас! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт эканликларида ҳам, вафотларидан сўнг ҳам қилич кўтариб мушриклар билан жангга кирганлар. Пайғамбаримиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам комил иймон соҳиби мўминни англатаркан, “Аллоҳ ризоси учун севган. Аллоҳ ризоси учун нафратланган. Аллоҳ ризоси учун берган, Аллоҳ ризоси учун бермаган” дея таърифлаганлар. Хаёлида, ҳаракатида, инсонларга нисбатан муомаласида доимо Аллоҳ таоло ризолигини ўйлаган инсон англатилади. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати ичида бу хусусиятларни айни тарзда руҳига сингдирган, Яратганнинг ризолиги учун ҳаракат қилган инсондир. Бутун мақсад ва фикри Аллоҳ таоло ризолигига қаратилган, қўлга киритган нарсани Аллоҳ таоло ризолиги учун сарфлаган ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу мадҳ этилганда ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам англатган ҳадис китобларда келтирилган маълумотлар нурида улуғланади. Дарҳақиқат, ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўта марҳаматли бир инсондир. Аммо бу марҳамат туйғуси исломни қабул қилгандан кейин Аллоҳ таолонинг ва Расулининг ризолари билан бўлгандир. Қуръонда ҳақиқий мусулмонлар англатиларкан, “Муҳаммад Аллоҳнинг расулидир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминларга нисбатан) эса раҳм-шафқатлидирлар” – дейилади (Фатҳ сураси, 29-оят). Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бўлганларнинг энг олдидан жой эгаллаганидир. Шу даражадаки, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ундан ҳам яхшироғи йўқдир. Яна бошқа бир оятда Буюк Раббимиз мўминларни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан кимки динидан қайтса, Аллоҳ шундай бир қавмни келтирурки, уларни Аллоҳ севадиган ва улар ҳам Уни севадиган, мўминларга (нисбатан) камтар, кофирлардан эса (ўзларини) юқори тутувчи, Аллоҳнинг (тоати) йўлида жидду жаҳд қилувчи, маломатчининг маломатидан қўрқмайдиган бўлурлар. Бу Аллоҳнинг фазлидирки, уни Ўзи хоҳлаган (бандалари)га берур. Аллоҳ (карами) кенг, доно зотдир”, – дея марҳамат қилинади (Моида сураси, 54-оят).

Қуръонда келтирилган сабр, таваккул, яхшилик, ҳайр – эҳсон каби Яратган томонидан афзал кўрилган сифатларнинг барчасига ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу том маънода эга бўлганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстлари билан руҳан танишиб, уларнинг ҳаққига қилинган дуо, шубҳасиз, ўзимизга ҳам дуо бўлиб қайтади.

 

Заҳрохон ИМОМНАЗАРОВА

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Британия пойтахти Лондондаги “Christie’s” кимошди савдо уйида жорий йилнинг 26 апрель куни сотувга қўйиладиган ашёлар рўйхати эълон қилинди. Бу ҳақда “christies.com” сайтида хабар берилди.

Энг ноёб лот ҳисобланаётган ўнта ашё рўйхатида биринчи бўлиб Қуръони Каримнинг қадимий мусҳафи турибди.

Мусҳаф Усмонли империяси давридаги турк хаттоти Яҳё Ҳилми томонидан кўчирилган бўлиб, яратилган вақти 1886–1877 йиллар экани маълум қилинган. Мусҳаф иллюминациясига Усмон Юмни имзоси чекилган.

Қуръони Карим қўлёзма нусхасининг бошланғич нархи 492 449 АҚШ долларидан 703 499 АҚШ долларигача деб баҳоланган.

Кимошди савдосида Ислом ва ҳинд дунёси санъатига тегишли қўлда тўқилган қадимий шолча ва гиламларни ўз ичига олган санъат намуналари савдога қўйилиши маълум қилинган.

Бундан ташқари, савдога икки дона Қуръон ояти ёзилган пушти рангдаги саҳифалар қўйилгани ва уларнинг 13 асрда Испанияда яратилгани айтиб ўтилган. Уларнинг ҳар бирига 11-16 минг АҚШ доллари миқдорида бошланғич нарх белгилангани қайд этилган.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввалроқ, Миср президентлиги учун ўтган сайловларда икки нафар номзод курашгани, якуний натижаларга кўра, амалдаги Президент Абдул Фаттоҳ ас-Сисий 97 фоиз овоз билан ғалаб қозонгани ҳақида хабар берган эдик.

Бугун, 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Абдулфаттоҳ ас-Сисийни Миср Араб Республикаси Президенти лавозимига қайта сайлангани муносабати билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар қилди.


ЎМИ Матбуот хизмати

Нигериянинг Кадуна штатида яшовчи муслима Рамату ҳожи Тижоний яқинлашиб келаётган Пасха байрами муносабати билан насроний ҳамюртларига қувонч улашди. Бу ҳақда “IslamNews” нашрига таяниб “info.islom.uz” хабар берди.

У 50 та камбағал насроний беваларга товуқ гўшти ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини эҳсон қилган ҳамда бу ишини динлараро уйғунликка ҳисса қўшиш истаги билан амалга оширганини изоҳлаган.

Vanguard Nigeria нашри Рамату ҳожининг сўзларини келтириб, “бутун дунёдаги насронийлар шу ҳафта 40 кунлик рўза ва ибодатларини якунлайдилар, шундай кунларда беваларга товуқ гўшти ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан мадад беришга аҳд қилдим, токи улар диний байрамни дунёдаги бошқа насронийлар қатори хуш кайфиятда ўтказсинлар”, деганини маълум қилган.

Сахий Рамату ҳожи насронийларнинг Пасха байрамида савоб қилишни одатга айлантириб олган. Ўтган йили муслима тергов давомида қўлга олинган 10 нафар ёш насроний учун гаров пулини тўлаб, уларнинг байрамни озодликда, ўз оиласи даврасида нишонлашига имкон яратиб берган эди. “Бу тинчлик ва динлараро бағрикенгликка ҳисса қўшишнинг бир усулидир”, дейди у.

ЎМИ Матбуот хизмати

Маълумки, тилини тийган одамнинг хатоси кам, хавф-хатардан холи, сирларининг тизгини эса ўз қўлида  бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида:  “Гапирсанг яхши сўзни гапир, акс ҳолда сукут сақла”, яна бошқа бир ҳадисда эса: “Одам боласининг уч тоифа сўзидан бошқа барча сўзлари унинг зараригадир. Улар яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш ва Аллоҳ таолонинг зикрини эслатадиган сўзлардир”. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Билгинки, ҳар бир мусулмон тилини ҳар кандай фойдасиз гапдан тиймоғи лозим. Агар бир гапни айтиш- айтмасликнинг фойдаси тенг бўлса, уни айтмаслик суннатдир. Зеро, гоҳида мубоҳ гап ҳаром ёки макруҳ гапга айланиб кетади. Одатда бундай ишлар кўп бўлади. Саломатликка нима етсин?!»

Кимнинг тили тўғри бўлса, бошқа аъзолари ҳам шунга қараб тўғри бўлади. Агар тил осийлик қилиб одамларнинг обрўсини тўкиш йўлини тутса, бошқа аъзолар ҳам унга эргашиб, Аллоҳ белгилаб кўйган худуддан чиқади. Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Одам боласи эрталаб ўрнидан турганида унинг ҳамма аъзолари тилга ёлбориб шундай дейдилар: Биз хусусимизда Аллоҳдан тақво қилгин. Зеро, биз сен билан биргамиз. Агар тўғри бўлсанг, тўғри бўламиз, эгри бўлсанг эгри бўламиз»

Тўғри мулоҳаза юритсанг, тил Аллоҳнинг улуғ неъматлари ва ажойиб яратиқларидан биридир.У аслида бир парча этдан иборат, лекин тоати ҳам, гуноҳи ҳам жуда катта. Зеро, тоатнинг манбаи бўлмиш иймон ҳам, гуноҳнинг охирги нуқтаси бўлмиш куфр ҳам шу тилнинг гувоҳлигида амалга ошади. Тилнинг майдони кенг, у эзгулик ва ёвузлик борасида ҳам хоҳлаганича от сура олади. Шуниниг учун тил  тизгинини қўйиб юборган одамни шайтон етаклаб, халокатга олиб боради. Тилни шариат тизгини ила тизгинлаб олган ҳамда бу тизгинни дунё ва охират учун фойдали амалларга бурган одам омондадир.

«... ва айримларингиз айримларни ғийбат килмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг  ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гунохи бундан-да ортикроқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни Кабул килгувчи, Мехрибондир». (Ҳужурот, 12- оят).

«(Эй инсон),ўзинг аник билмаган нарсага эргашма! Чунки кулок, кўз, дил — буларнинг барчаси тўгрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, бу уч аъзоси борасида қиёмат кунида сўроққа тутилади)». (Исро, 36-оят).

«У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса), унинг олдида хозиру нозир бўлган бир кузатувчи (айтилган сўзларни ёзиб олувчи фаришта) бордир». (Қоф, 18-оят)

Абу Мусо розияллоҳу анҳу айтадики: “Мен Пайғамбар алайҳиссалом мусулмонларнинг қандайлари афзал бўлади, деб сўраган эдим, у зот: «Мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир», деб жавоб бердилар.Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Кимки Аллоҳга ва охиратга иймон келтирган бўлса, яхши гап бўлса гапирсин, бўлмаса жим турсин!»

Уқба ибн Омир айтадики: «Эй Расулуллох, нажот нимада», деган эдим. У зот: «Тилингни тий, уйинг сенга кенг бўлсин (яъни ахлинга яхши муомалада бўл) ва гунохларингга йиғла», дедилар.

Муоз ибн Жабал ривоят қилган ҳадисда келадики, Пайғамбар алайҳиссалом унга ишнинг боши, устунлари ва чўққисини уқтириб, кейин шундай дедилар: ″Буларнинг ҳаммасининг асоси нимада эканини айтиб берайми?″. Муоз ҳа, эй Расулуллох, дедим. Шунда у зот тилларини ушлаб: ″Буни тийгин″, дедилар. Мен эй Расулуллох, гапирган гапларимизга ҳам жавоб берамизми, деган эдим, у зот: ″Шуни ҳам билмайсанми, ахир одамларни дўзахга юз тубан қилиб туширувчи шу тиллари билан ўриб олган ҳосиллари-ку!″, дедилар.

Анас розияллаху анху айтади: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга хутба қилиб, рибо (судхўрлик) хусусида сўзладилар ва унинг на қадар катта гунох эканлигига урғу бериб шундай дедилар:

«Кишининг рибодан топган дирҳамининг гуноҳи Аллоҳнинг наздида ўттиз олти марта зино қилишидан ҳам каттароқдир. Мусулмоннинг обрўсини тўкиш риболарнинг рибосидир».

Энди ғийбатчини дунёю охиратда жазоланишига бир назар ташлайлик.

Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Эй тили билан мўъмин бўлиб дилига иймон кирмаган кимсалар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар, уларнинг айбларини кузатиб юрманглар. Зеро, кимки мусулмон биродарининг айбини кузатиб юрса, Аллоҳ унинг айбини кузатиб юрур. Энди Аллоҳ кимнинг айбини кузатиб юрган бўлса, гарчи уйининг ичида бўлса ҳам шармандасини чиқарур».

Жобир ибн Абдуллоҳ айтадики: «Биз Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга эдик. Бирдан сассик хид таралди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Бу ниманинг хиди эканини биласизларми? Бу мўъминларни ғийбат қиладиган кишиларнинг хидидир», дедилар.

Анас ибн Молик айтадики: Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар:

«Мени меърожга олиб чиқилганида бир кавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, юзларини ва кўкракларини тирнар эдилар.″Эй Жаброил, булар кимлар?″, деб сўраган эдим. У зот: ″Одамларни гўштларини ейдиган ва обрўларини тўкадиган кимсалар″, деб жавоб бердилар».

Ғийбат харомдир. Имом Қуртубий мусулмон уламолари бир овозданғ ғийбат гунохи кабирадир деб айтишган. Ғийбат  қилган одамнинг Аллоҳга тавба қилмоги вожибди, деган.

Ғийбатнинг  таърифи. Ғийбат биродарингизнинг ўзи эшитиб колса, ёқтирмайдиган ″айб″ини айтишдан иборат. Бу ″айб″ унинг хоҳ баданию насабида, хоҳ хулқию динида, хоҳ феълию сўзида ва хоҳ кийимбошида бўлсин фарқи йўқдир. Бадандаги ″айб″га кўрлик, ғилайлик, новчалик, паканалик, қоралик, сариқлик, каллик ва бошқа ёқимсиз сифатлар киради. Насабдаги ″айб″га унинг отасини зоти паст, ё у ҳинди, ё фосиқ, ё хасис, ё ахлат ташувчи  ва шу каби одамлар хуш кўрмайдиган сифатларини айтиш киради. Хулқдаги ″айб″га бадхулқ, бахил, мутакаббир, жанжалкаш, аразчи, қўрқоқ ва тегманозик каби сифатлар киради. Динга алоқадор феъллардаги ″айб″га ўғри, каззоб, ароқхўр, хоин, золим, намозга бепарво, закотга эътиборсиз, рукуъни тўғри қилмайди, саждани яхши бажармайди, нажосатдан сақланмайди, ота-онасига яхшилик қилмайди, қасамхўр, рўза тутгани нимаю ғийбату фисқи-фасоди нима, дейиш киради. Дунёга алоқадор феъллардаги айбларга одобсиз, манман, ўз хаддини билмайдиган, маҳмадана, уйқучи, бошқалар устидаги ўз хаққини кўриб, ўзи устидаги бошқалар хаққини кўрмайдиган ва бошқа сифатлар киради. Кийимдаги айбларга енги кенг, пойчаси калта, устибоши кир кабилар киради. Пайғамбар алайҳиссалом ғийбатнинг таърифини сўраб дедилар: «Ғийбат нима ўзи? Биласизларми?”Саҳобалар Аллоҳ ва унинг расули билувчироқ, дейишди. (Ғийбат бу) биродарингизнинг ўзи ёмон кўрадиган бир ″айб″ини айтмогингиздир”, дедилар. Агар биродаримда мен айтган ″айб″ (хақиқатда ҳам) бор бўлса-чи, деб сўрашди. “Агар биродарингда сен айтган ″айб″ бор бўлса, уни ғийбат қилибсан, агар бор бўлмаса бўхтон қилибсан», дедилар.

Тил билан ғийбат қилишнинг харомлигига сабаб унда бошқа бир биродарини камситиш мавжуд. Ғийбат фақат тил билан бўлмайди. Киноя билан айтиш очиқ айтишдан фарқ қилмайди. Имо ва ишора, мазах қилиш ва эрмаклаш, ёзув ва ҳаракат, хуллас бошқа бировни камситувчи ҳар қандай иш ғийбатга киради. Оиша онамиз айтади: «Бизникига бир аёл кирди. Қайтиб чиқиб кетаётганида, қўлим билан унинг паканалигига ишора қилдим. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом уни ғийбат қилдинг, дедилар».

Бировнинг хатти-ҳаракатига ўхшатиб, ишора билан  эрмаклаш энг хунук ғийбатдир. Пайғамбар алайҳиссалом Оиша онамизни бир аёлга ўхшатиб қилиқ қилаётганини кўриб шундай дедилар: «Ўзимда фалон-фалан (айблар) бўла туриб, бошқа бир одамни эрмаклашни мен ўзимга эп кўрмайман».

Ёзув билан ғийбат қилиш ҳам харом ҳисобланади. Зеро, қалам икки тилнинг биридир.

Юқоридагилардан бирини қилган одам гарчи рост сўзлаётган, бор ишни қилаётган бўлсада, у ғийбатчидир, гунохкордир, биродарининг гўштини егувчидир. Агар ёлгон сўзлаётган бўлса, у ҳам ғийбатчи ва ҳам ёлғончи-бўҳтончидир. Ҳасан айтади: «Бошқаларнинг айбини айтиш уч хил бўлади. Учаласи ҳам Аллоҳнинг китобида бор. Биринчи ғийбат (унда бор нарсани айтиш ), иккинчи бўҳтон (унда йўқ нарсани айтиш), учинчи ёлғончилик (эшитганини айтавериш)». Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: «Мусулмоннинг мусулмонга ҳамма нарсаси ҳаром: Қони ҳам, моли ҳам, обрўси ҳам». Ғийбат обрўга алоқадор бўлгани учун уни мол ва қон қаторига қўйилди.

Ғийбатнинг турлари. Ғийбат турли хил кўриниш ва шаклларда бўлади. Энг ёмони бир вақтнинг ўзида ҳам ғийбат, ҳам риё қилишдир. Чунончи, бир одам олдида бошқа бир одамнинг подшох саройига борганлиги  айтилса, у ″Аллоҳга шукурки, подшоҳларнинг олдига кириш, “суяк” илинжида уларга ялтоқланиш балоси бизга юқмади″, деб риё ва ғийбат қилади. Яна бир мисол шуки, бошқаларни камситиш ва ўзини улуғлаш мақсадида Аллоҳ бизни хаёсизликдан асрасин, дейди. Гоҳида бир одамни мақтаб кейин ёмонлашга ўтади.

Айтадики: ″Қандай яхши одам эди-я! Ибодатларни тўла-тўкис адо этар эди. Шундай одам мана шу аҳволга тушиб қолса-я. У ҳам ҳаммамизга ўхшаб сабрсизлик қилди-я″. Бу гапларидан мақсади бировни ёмонлаш орқали ўзини мақташ бўлади. Бу иш билан у ҳам ғийбатчи, ҳам риёкор ва ҳам мақтанчоққа айланади. 

Ғийбатнинг сабаблари. 1. Аллоҳдан қўрқиш ва ҳаромдан эхтиёт бўлишнинг етарли даражада бўлмаслиги. Чунки Аллоҳнинг улуғлигини ва ҳар бир ишдан воқифлигини ҳис қилган одам дарҳол у Зотни ғазаблантирадиган ишлардан ўзини четга олади. 2. Бирор иш туфайли ёмон кўриб қолган одамини ғийбат қилиш билан аламидан чиқиш. 3. Гоҳида одам дўстлари билан алоқа узилиб  қолмаслиги учун ҳам уларнинг ғийбатларига қўшилади. Уларнинг гапларига эътироз билдирсам, оғир олиб қолмасинлар, деб шундай қилади. 4. Бошқаларни камситиш орқали ўзини улуғлаш. Масалан, фалончи нодон, дунёқараши тор, дейди. Бу билан ўзини илғор бир инсон қилиб кўрсатмокчи бўлади. 5. Ҳасад.  Ҳасадчи, одамлар бошқа бировни яхши кўриб, ҳурмат қилаётганларини кўрадида, у одамга ҳасад қилганлигидан ғийбат қилишга ўтади. 6. Ҳазил. Одамларни кулдириш учун бировларга сўзи ва ҳаракатида тақлид қилиб, эрмак қилади. Айримлар бу ишни ўзларига ҳатто касб қилиб ҳам олганлар. 7. Ўзини ҳамма нарсадан хабардор, кўп маълумотга эга киши қилиб кўрсатиш. Ғийбатнинг бундан бошқа сабаблари ҳам бор.

Мубох (рухсат этилган) ғийбат. Ғийбатсиз эришиб бўлмайдиган бир шаръий мақсад учун ғийбат қилиш мубоҳ ҳисобланади. Бунинг сабаблари олтита: 1. Султон ёки қозига арзини айтаётган пайтида. Масалан, фалончи менга зулм қилди, дейиш мумкин. 2. Бирон мункар ишни ўзгартиришга ёрдам сўраш мақсадида. Масалан, фалончи фалон ишни қилиб юрибди, уни тийиб қўйгин, дейиш мумкин (буни ҳам шу иш қўлидан келадиган одамга айтилади). 3. Фатво сўраш. Масалан, муфтига бориб, фалончи менга бундай зулм қилди. Ундан халос бўлиш учун нима қилишим керак, дейиш мумкин. Аммо яқин кишилари хақида сўрамоқчи бўлса, масалан, бир одамга отаси ёки эри зулм қилса, нима қилишим керак қабилида гапирса ғийбат бўлмайди. 4. Мусулмонларни ёмонликдан огоҳлантириш. Масалан, ровий (ҳадисни ривоят қилувчи) ёки гувохнинг айбини билса айтиб қўйиш. Бу иш жоизгина эмас, балки вожибдир. Қудачилик ёки шерикчилик ишларда ҳам айбни яширмасдан айтиш. 5. Бир одам фисқу-фужур ишларни хеч кимдан яширмасдан очиқчасига қилаётган бўлса уни гапириш мумкин. 6. Аниқлик киритиш. Масалан, биров кўр, кар ёки соқов лақаби билан танилган бўлса, уни (таништириш пайтида зарур бўлса) айтиш мумкин. Унинг бошқа бир хурматли сифати айтилиб, аниқлик киритилса яхшироқ бўлади. 

Ғийбатнинг каффорати. Ғийбат ҳаром ва гуноҳи кабирадир, унинг каффорати хусусида олимлар ихтилоф қилган бўлсалар ҳам, тавба қилиш вожиблиги хусусида иттифоқ қилганлар. Тавба қабул бўлишининг  учта шарти бор: биринчиси, қилинган гуноҳдан тийилиш. Иккинчиси, қилган ишдан пушаймон бўлиш. Учинчиси, қайтиб қилмасликка катъий қарор қилиш. Тўртинчиси, агар гуноҳ бошқалар ҳақига тааллуқли бўлса, уни адо этиш ва рози қилиш.

Ғийбатдан тавба қилишнинг тўрт шарти ҳам бор. Чунки ғийбатчи иккита жиноят килади. Биринчидан, у ҳаром ишни қилиб Аллоҳнинг ҳаққига жиноят килади. Унинг каффорати тавба ва пушаймонлик. Иккинчидан, у банданинг ҳаққига жиноят қилган бўлади. Бунда агар айтган гапи ўша одамнинг қулоғига етиб борган бўлса, ундан кечирим сўраб қилган ишидан пушаймонлигини изҳор килади, агар ғийбати унинг қулоғига етиб бормаган бўлса, гапириб ўтирмасдан ғойибона унинг ҳаққига истиғфор айтади. 

Ғийбатнинг давоси. Ийсо алайхиссалом ҳаворийлардан: «Шамол авратининг бир четини очиб ташлаган холда ётган бир одамнинг олдига келиб қолсангизлар, уни ёпиб қўярмидингизлар?», деб сўрадилар. Ҳа, дедилар. “ Бекор айтибсизлар. Қолганини ҳам очиб ташлардингизлар”, дедилар Ийсо алайҳиссалом. Субҳаналлоҳ, қандай қилиб қолганини ҳам очиб ташлаймиз?!, деб ҳайрон бўлишди асҳоблари.“ Олдингизда биродарларингиздан бирининг айби айтилса, унинг қолган барча ёмон ишлари ҳақида сўзлашмайсизларми? Шу ишларингиз унинг қолган авратини очиб ташлашингиз эмасми?”, дедилар.   

Ғийбат аталмиш машъум иллатдан қутилиш учун билиш ва қилиш керак бўлган айрим ишларни ўқувчилар ҳукмига ҳавола этамиз:

  • Ғийбатчи Аллоҳнинг ғазаби ва азобига гирифтор бўлади.
  • Яхши амалларининг савоблари ўзи ғийбат қилган одамга ўтиб кетади. Яхшилиги бўлмаса, ғийбат қилинувчининг гунохлари унинг устига юкланади. Ким ушбуларни ёдида тутса, тилини ғийбатдан бутунлай тияди.
  • Ғийбатчи ўзининг айбларини ўйлаб, уларни ўнглашга ҳаракат қилсин. Ўзи айбли бўлатуриб, бошқани айблашдан уялсин.
  • Ўзида ундай айб бўлмаса Аллоҳга ҳамд айтиб шукур қилсин. Нафсини энг катта айб (яъни ғийбат айби) билан кир қилмасин.
  • Мусулмон биродарини ғийбат қилиш унинг ўлик ҳолида гўштини ейиш билан баробардир. Ғийбатчи ўз биродарини гўштини еяётганини ҳис килсин.
  • Ғийбатчини ўз холига ташлаб қўймасдан, дархол тўхтатмоқ лозим. Бир мусулмоннинг обрўсини ўзи йўқ бўлса ҳам ҳимоя қилиш вожиб.
  • Ғийбат ва тилни ғийбатдан сақлаш хусусида келган ҳадисларни эслаш лозим.

Пайғамбар алайҳиссалом: «Биласизларми? Хонавайрон, қарздор-муфлис ким?, деб сўрадилар.Саҳобалар: “Биз пули ҳам, нарсаси ҳам йўқ одамни хонавайрон муфлис одам деймиз, дейишди. Пайғамбар алайҳиссалом: Умматимнинг хонавайрон муфлиси шундай кимсадирки, у қиёмат кунига намози, рўзаси, закоти билан келади. Айни пайтда бир одамни хақорат қилган, бировнинг молини еган, яна бировни нохақ қонини тўккан, яна бировни эса урган бўлади. Бу кимсаларга унинг яхши амалларининг савобидан берилади. Қарзини тўлаб бўлмай туриб, яхшиликларининг савоби тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб унинг устига юкланади. Кейин ўзи дўзахга ташланади”, дедилар». (Имом Муслим ривояти). 

Ғийбатдан ман қилишнинг фазилати. Ғийбатнинг шоҳиди бўлган мусулмон уни дархол тўхтатиб, биродарининг обрўсини сақлаб қолмоги лозим. Бу иш нафл эмас, балки вожибдир. Агар тўхтатилмаса, эртами-кеч жазосини тортади. Бу вазифани адо этишнинг фазилати хусусида аниқ далиллар келган. Асмоъ бинт Язиднинг ривоят қилишича, Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Кимки дўстининг обрўсини ўзи йўқлигида химоя қилса, уни дўзахдан озод қилиш Аллоҳнинг устидаги хақ бўлиб қолади”. Яна Пайғамбар алайҳисалом шундай дейдилар:“Кимки биродарининг обрўсини сақласа, Аллоҳ таъоло қиёмат куни уни дўзахдан сақлайди” (Термизий ривояти).

Ҳадиси шарифлардан биламизки, ғийбатга қулоқ солган одам ғийбатчининг гуноҳига шерикдир. Иложи бўлса тили, бўлмаса дили билан қайтариш лозим. Қодир бўла туриб қайтармаса, гуноҳкор бўлади. Тили билан жим бўл, дейишию, ичида ўзи хоҳлаб туриши мунофиқликдир. Тўхташликка ишора қилишнинг ўзи кифоя қилмайди. Очиқчасига қайтармоқ лозим.Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Кимнинг олдида бир мўъмин хорланса ва у ёрдам беришга қодир бўла туриб ёрдам бермаса, уни Аллоҳ қиёмат кунида ҳамма халойиқ қошида хорлайди». 

ҒИЙБАТ ҚИЛИШГА УНДАЙДИГАН

САБАБЛАР

  • Ғийбатчи ўз мартабасини кўтариш, ўзгаларга нисбатан қалбидаги адоват ва кўролмаслик иллатини даволаш мақсадида ғийбатга берилади, уларга тухмат этади ёки улар тўғрисида чақимчилик қилиб гап ташийди.
  • Ўзгаларга ҳасад қилиб, уларни ёмон кўриш. Ғийбатчи ўзи ёмон кўрган кишининг камчилик ва айбларини сўзлайди, ёмон кўрган кишисига нисбатан қалбидаги хасад алангасини сўндириш учун орқасидан гапириб, ғийбат қилиб, ўзига тасалли беради. Бундай қабиҳлик иймонли комил мўминларнинг одатидан эмас. Бундайлардан бўлишдан Аллоҳнинг ўзи паноҳ берсин.
  • Ўз қадрини кўтариб, ўзгаларни пастга уриш. Масалан, ғийбатчи айтадики: "Фалончи жоҳил, нодон ёки фаҳми заиф, онги паст, сўзга нўноқ, деб аста- секин одамлар эътиборини ўзига жалб этади ва ўзини у камчиликлардан холи қилиб кўрсатади. Шу билан ғийбат қилаётган одамига нисбатан ўзини афзал ва ортиқ қилиб кўрсатишга интилади.
  • Замондошлари, биродарлари ва ёру дўстларининг кабих ва ботил ишларига мувофиқ иш қилиб, уларнинг розилигини топиш мақсадида қабохатга шерик бўлиш, гарчи бу қилмиши билан Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлишини билса ҳам. Иймони заифлиги ва Аллоҳ доимо кузатиб туришга бепарво бўлиши оқибатида шундай йўл тутади.
  • Гуноҳ ишлар қилиб юрадиган одамларнинг қилмишларидан хайратланиб, таажжубини изҳор этиш. Масалан, бир киши: "Фалон жуда кизиқ одам экан-а, ўзи аклли, ёши улуғ (ёки олим, ёки обрўли) бўлишига қарамай, қандай қилиб хатоликка йўл қўйди экан-а", деб бир одамнинг аниқ номини айтади. Вахоланки, бирон одамнинг аниқ номини зикр қилиб, унинг айбини ва хатосини айтмаслиги керак эди.
  • Ўзгаларни масҳаралаб, устидан кулиш ва уларни таҳқирлаш.
  • Бировнинг ношариъий, мункар ишларини кўриб, ўзини Аллоҳ учун улардан норози ҳолатда кўрсатиш ва уларнинг номларини атаб, қилмишларидан ўзини ғазабланаётгандек намойиш этиш(обрўсига путур етказиш)
  • Ҳасадгўйлик. Одамлар мақтаб, иззат-икром қилаётган кишига нисбатан ақл-фаросати паст, дин-диёнати суст бўлган ғийбатчи қалбида ҳасади туғён уради. Улуғ одамни шу мартабадан маҳрум этиш пайига тушади ва одамлар ҳурмат-эътиборига сазовор қишини бундай эҳтиром неъматларидан маҳрум қилиб, обрўйига путур етказиб, одамлар тасаввурида унинг шаънини пасайтиришга уринади. Бу йўлда ғийбат ва туҳматдан ўзга чора топа олмайди-да, обрўли одамнинг орқасидан турли иғво-бўҳтонлар тарқатишдек қабиҳ одатга ўтади. Бундай кишилар энг нопок, ярамас ва пасткаш одамлардир. Аллоҳ ўзи бундай ярамаслардан бўлиб қолишдан асрасин.
  • Ўзгаларга ўзини меҳрибон ва раҳмдилдек кўрсатиш. Масалан, одамларга айтади: "Фалончи бечора-я, унинг бундайин маъсиятда юриши мени ачинтиряпти-да", деб ўзини унга меҳрибондек қилиб кўрсатади.
  • Ҳазил-мутойиба қилиш ва бировнинг устидан кулиш.
  • Ғийбатчиларга ўзи қилаётган қабиҳ ишлар баён этилса, дарҳол ўзини оқлашга ўтиб: "Бу ишни мен эмас, фалончи қилган эди", деб тезда айбини бошқа кимсаларга ағдаради-да, ўзини барча айблардан пок қилиб кўрсатади. 12.Ғийбатчи кимдир уни бирон улуғ одамга ёки бирон яқин дўстига ва ё бирон амалдорга қилаётган қабиҳ амалини айтмоқчи ва ўзининг обрўйини тўкмоқчи эканини сезиши билан ундан олдинроқ бориб, ўша адолатпарвар, мурувватли, солиҳ кишини ғийбат қилиб, шаънига доғ туширишга ҳаракат этади.

 

Муҳаммадсиддиқ УСМОНОВ

 тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар

Top