muslim.uz

muslim.uz

Юртимизда ҳеч бир инсон меҳр ва эътибордан четда эмас. Барча фуқаролар давлатимиз ва ҳукуматимиз ғамхўрлигида умргузаронлик қилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 8 сентябрь куни Зангиота тумани “Зангиота” мажмуаси масжидида “Сиз бизга кераксиз!” шиори остида “Миссионерликдан огоҳ бўлинг!” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Учрашувни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов кириш сўзи билан очиб берди.

Тадбирни Тошкент вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Зокир Ҳидоятов юртимизда имконияти чекланган фуқаролар учун кўрсатилаётган ғамхўрликлар борасидаги маълумотлар билан давом эттирди.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакированинг кўргазмали ҳамда Зангиота тумани бош имом-хатиби Илёс Шокировнинг “Миссионерликдан огоҳ бўлинг!” мавзусидага маърузалари йиғилганларга манзур бўлди.

Учрашув жуда мароқли ва қизғин кечди. Жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг қизиқтирган саволларига мутахассислар атрофлича жавоб қайтаришди. Тадбир кўтаринки руҳда, байрамона кайфиятда ўтди.

Йиғилиш якунида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан учрашув ичтирокчилари учун эҳсон дастурхони ёзилиб, ош тарқатилди.

 

Тошкент вилоят вакиллиги Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 январь куни Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил этишга оид берилган топшириқ ва таклифларда мактаб ўқув жараёнларига хориждаги нуфузли таълим муассасаларининг ижобий ютуқ ва тажрибаларини татбиқ қилиш ҳамда хорижий малакали мутахассисларни дарс машғулотларига жалб этиш орқали ўзаро тажриба алмашиш масаласи алоҳида таъкидланган эди.

Шу мақсадда, мактаб ўқув жараёнларига ўтган ўқув йилларида Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетидан ҳадис илми фанлари доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон ҳамда балоғат ва мунозара фанлари доктори, профессор Али Саад Али Саад жалб этилди.

Янги 2021-2022 ўқув йилидан Ал-Азҳар университетининг Ҳанафий мазҳаби асосида фиқҳ ва усулул фиқҳ фанларини ўқитишдаги ўзига хос жиҳатларини ўрганиш мақсадида мактаб ўқув жараёнларига мазкур мутахассислик фанлари бўйича Ал-Азҳар университетидан Ҳанафий мазҳабининг етук олими Шайх Муҳаммад Жамолуддин Ҳошим дарс машғулотларига жалб қилинди.

Бугун, 2021 йилнинг 9 сентябр куни Шайх Муҳаммад Жамолуддин Ҳошим Ҳадис илми мактабига ташриф буюрди. Ташриф аввалида мактаб ўқитувчи ва талабалари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда мактаб ректори Олимхон домла Юсупов муҳтарам шайхга мактабни ташкил этишдан кўзда тутилган мақсад ва келажакда ундан кутилаётган натижалар, мутахассислик ўқув режасидаги фанларнинг таркиби ва ўқитишдаги ўзига хос хусусиятлар тўғрисида маълумот берди.

Давра суҳбатида Шайх Жамолуддин  Ҳошим ислом динида илм ўрганишнинг шарафи ва талабаларнинг вазифалари тўғрисида ўз тавсияларини берди.

Жумладан, муҳтарам шайх ўз маърузасида: “Мен сиз азизларни кўриб турганимдан жуда хурсандман. Зеро, сиз толиби илмлар бутун Ўзбекистон диёридан саралаб олинган иқтидорли талабасизлар. Сиз бу диёрда таълим соҳасини ривожлантирсангиз, миллатни тирилтирасиз. Сизлар илм қибласи бўлишингиз керак. Бизга қадар етиб келган илмий меросни чуқур ўзлаштирган ҳолда уни тўлалигича кейинги авлодга етказишингиз лозим”, – деб таъкидлади.

Давра суҳбати якунида Шайх Жамолуддин  Ҳошим мактабдаги устоз ва талабалар ҳақига ҳамда диёримиздан ўтган уламолар, азиз авлиёларни хотирлаб дуо қилди.

Манфаатли ва кўтаринки руҳда ўтган давра суҳбатидан сўнг муҳтарам шайх мактабдаги дастлабки дарс машғулотларини бошлади.

Қуйида Шайх Муҳаммад Жамолуддин Ҳошим ҳақида қисқача маълумотни тақдим этамиз:

Шайх Муҳаммад Жамолуддин Ҳошим 1961 йилда Миср Араб Республикасининг Усют шаҳридаги зиёли оилада таваллуд топган. 1966-1972 йилларда Ал-Азҳар университетининг бошланғич мактабида ўқиган. Сўнг 1975 йилда Ал-Азҳар университетининг иъдодия, 1979 йилда санавия босқичини тугатган.

Шайх Жамолуддин 1979-1984 йилларда Ал-Азҳар университетининг Шариат ва Қонун таълим йўналиши бўйича бакалавриат, 1984-1987 йилларда мазкур мутахассислик бўйича магистрлик босқичида таҳсил олган.

Шайх Муҳаммад Жамолиддин Ҳошим Ал-Азҳар университетида шаръий илмлар, хусусан, ҳанафий фиқҳи бўйича узоқ йиллар таълим берган. Бундан ташқари, Шайх Жамолуддин 13 йил давомида Ливандаги Тороблис университетининг Таълим ва тарбия факультетида, Дорул фатво қошидаги Ливан Азҳарида, Тороблис университетидаги Шариат ва исломий илмлар факультетида фиқҳ, замонавий фиқҳий масалалар, ҳукм оятлари тафсири ва Ислом ақидаси фанларидан дарс берган.

Шайх Ливан давлатидан Мисрга қайтиб, Усютдаги Ал-Азҳар университетининг санавия босқичида дарс беришни давом эттирган. Сўнг Қоҳирада Азҳари шарифда ҳам ҳанафий фиқҳидан дарс берган. Шайх Жамолуддиннинг дарслари Миср фатво ҳайъати ва Азҳар шайхлари уюшмаси томонидан ёзиб олинган.

Шайх Муҳаммад Жамолуддин Ҳошим узоқ йиллар давомида ҳанафий фиқҳидан Ҳидоя, Ихтиёр литаълилил мухтор, Нурул ийзоҳ, Мароқил фалоҳ, Сабилул фалоҳ, Фатҳу бобил иъноя, Мухтасари Қудурий, Лубоб шарҳул китоб, Лубоб фий жамъис суннати вал китоб, Туҳфатул мулук, Ибн Ражаб Ҳанбалийнинг “Тўрт мазҳабдан бошқасига эргашувчиларга раддия” рисоласи, Абдулваҳҳоб Ҳаллофнинг “Усулул фиқҳ” китоби, Усулуш Шоший, Насаматул асҳор, Қосим Қутлубғонинг “Хулосатул афкор шарҳу мухтасарил манор” ва бошқа китоблардан дарс берган.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 Ҳадис илми мактаби

Матбуот хизмати

Бухоро вилоятига сафар давомида Тошкент шаҳар “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” масжиди имом-хатиби Исмоил домла Муҳаммад Содиқ Вобкент туманидаги “Сариосиё” жоме масжидига ташриф буюриб, жамоат билан пешин намозини адо этди. Сўнг йиғилганларга маърифий суҳбат қилиб бердилар.

Маърифий учрашув давомида Исмоил домла йиғилганларга амалларнинг ниятга боғлиқлиги, илм – саодат калити, илмсизлик – жаҳолат экани, юртимизда истиқлол йилларида диний-маърифий соҳада эришилган ютуқлар ҳақида мавъиза қилиб берди.

Жамоат аҳли устознинг фазилатли илмларидан баҳраманд бўлишди, якунда юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.

 

 

Маъумот учун, барча замонавий шароитларга эга бўлган “Сариосиё” жоме масжиди 2019 йилда қурилиши бошланиб, ҳашар йўли билан қуриб битказилганди. Ҳозирда 500 намозхон масжидда бемалол ибодатларини тўла адо этиш имконияти мавжуд.

Аллоҳ таоло юртимиздаги барча хайрли ишлар баракотини зиёда айласин, янги барпо этилган масжид элимизга узоқ йиллар хизмат қилсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бухоро сафари давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири Алижон қори Ҳайдаров етти пир силсиласининг иккичи буюк устози замини Шофиркон туманидаги Хўжа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳу қадамжолари яқинидаги жоме масжидга ташриф буюрди. Масжид аҳли билан пешин намозини адо этиб, илмий-маърифий мавъиза қилиб берди.

Мавъиза давомида Бухоро заминидан етишиб чиққан буюк алломалар, Бухоро заминининг Ислом цивилизацияси ривожидаги тутган ўрни, фарзанларимиз тарбиясига буюк илмий меросимизнинг аҳамияти хусусидада илмий суҳбат ўтказилди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илм излашни, илм ўрганишни барча мусулмон бандаларига буюрган. Қуръони Каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”, деб марҳамат қилади (Мужодала сураси, 11-оят).

Бундан ташқари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан илм ва илм аҳлларининг фазилати ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят этилади. У зот айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бири обид ва бири олим бўлган икки киши зикр этилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олим кишининг обидга нисбатан фазли менинг ораларингиздаги энг қуйи табақа вакилига нисбатан фазлим кабидир”, – деб марҳамат этдилар. Сўнг яна у зот алайҳиссалом: “Дарҳақиқат, Аллоҳ, Унинг малоикалари, осмон ва ер аҳллари, ҳатто инидаги чумоли ва ниҳоят денгиздаги балиқлар ҳам одамларга яхшилик ўргатувчи олимларга мағфират сўраб дуо қилишади”, – дедилар. Бу ҳадисни ҳамюртимиз Имом Термизий ҳам ривоят этганлар.

Бугунги кун ёшлари динимиз аҳкомлари ва уламоларимизнинг илмий меросларини ўрганиш билан бирга, уни ҳаётга татбиқ қилсалар, ўйлаймизки келажак ёш авлоддан буюк алломалар етишиб чиқса ажабмас.

Суҳбат давомида устоз масжид аҳлидан тушган саволларга жавоб берди. Маъруза сўнггида Аллоҳдан юртимизнинг тинчлиги, барқарорлигини ва ўтганларимиз ҳақига дуои-хайрлар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Тошкент шаҳридаги “Убай ибн Каъб” масжиди имом-хатиби Абдулҳаким домла Матқулов Ромитан туманида жойлашган “Амир Ҳамза” жоме масжидига ташриф буюриб, масжид аҳлини гўзал суҳбатлари билан хушнуд этди.
Маърузада "Тинчлик қадри", "Силаи раҳм", "Илмнинг фазилатлари" тўғрисида суҳбат юритилди.

Дарҳақиқат, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган мақол бор. Халқимизнинг орзуси, мақсади битта – жаҳондаги барча мамлакатларда, элларда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар бахтли ва фаровон ҳаёт кечирсин. Шунинг учун ҳам халқимиз Юртбошимиз бошчилигида доимо қўшни юртларда тинчлик бўлишини истаб келади. Бу айни динимизнинг ҳам ғоясидир. Аллоҳ таоло инсонни ер юзини обод қилиш учун яратди ва Ўзига ердаги ўринбосар қилди. Ерни куфру исён билан, бузғунчилик билан вайрон қилиш, мавжудотларнинг насл-уруғини қуритишдан қаттиқ қайтарди.

Қуръони каримда бундай дейилади: “Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйгандан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз! Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир” (Аъроф сураси 56-оят).

Якунда юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top