muslim.uz

muslim.uz

Масжидул Ҳарам атрофида жойлашган меҳмонхоналар Рамазон ойининг дастлабки ўн кунида тўлиб бўлгани хабар берилмоқда. Макка шаҳрининг марказий қисмида жойлашган меҳмонхоналарнинг 162 минг хоналаридан 155 мингтаси учун олдиндан тўлов қилинган ва банд этилгани айтилмоқда.

Маълумотларга кўра, хоналарни банд қилиш нархларига ифторлик учун таомлар ҳам киритилган. Нарх эса тахминан 1950-2500 риёл атрофида экани қайд этилган.

Макка шаҳридаги 947 та меҳмонхонанинг 95-96 фоиз хоналари Рамазон ойининг дастлабки ўн куни учун банд қилинган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Куни кеча Макка шаҳридаги мусулмонлар учун муқаддас маскан ҳисобланмиш “Ҳарам масжиди” ҳудудида кўнгилсизлик рўй берди. Масжиднинг қайта қуриш ишлари давом эттирилаётган қисмида автокран ағдарилиб кетди. Яхшиямки автокран қурилиш майдонининг ўзига қулади. Саудия Арабистони Ички ишлари вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, мазкур кўнгилсизликда ҳеч ким жабрланмади.

Эслатиб ўтамиз 2015 йил ҳаж мавсумида кучли шамол туфайли “Ҳарам масжиди”даги катта кран ағдарилиши оқибатида юздан ортиқ киши ҳалок бўлиб, яна ўнлаб кишилар жароҳат олган эди. 

 

Интернет маълумотлари асосида

Мақсуд КАРИМОВ

тайёрлади.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, ниҳоят ойларнинг султони, Қуръон ойи бўлмиш муборак Рамазони шариф ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан ташриф буюрди, қувончдан бошимиз кўкларга етди.

Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ойлардан афзал қилди. Уни кўплаб фазилат ва имтиёзлар билан хослади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир”, –дедилар»(Имом Табароний ривояти).

Бу ойда олам шодликка тўлади, фаришталар ер юзига тушади, хайр-барака, фазилат ва баракалар ёғилади. Мўминларнинг қалбида сурур, кўзида қувонч балқийди.Ҳамма бир-бири билан ширинсўз бўлиб, меҳр-муҳаббат ошади, савоб тўплаш илинжи ортади, ибодатга бўлган иштиёқ кучаяди. Қуръони каримнинг тиловати ва хатмигабўлган муҳаббат жилоси ҳар бир қалбда намоён бўлади. Масжидларда таровеҳ намозида ҳамма бир сафда туриб ибодат қилади. Элу юртнинг равнақи, осойишталиги, барқарорлигини сўраб дуога қўл очилади. Рўзадор борки, эзгуликка интилади, ўзини ислоҳ этади, хатоларини тузатади. Гинаю кудурат, зулм, адоват, ғийбат каби разил иллатларга барҳам берилади.

Фазилатда тенги йўқ бу муборак ойда жаннат эшиклари, раҳмат эшиклари очилади. Дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар кишанланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар бериб: “Сизга муборак Рамазон ойи кириб келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинади. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди”, –дердилар»(Аҳмад ривояти).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», –дейилган.

Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишганидан, ҳатто ойлар давомида «Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!» дея Яратганга илтижо қилишган. Унинг ҳар лаҳзасини ғанимат билиб, савоблар тўплашга қизиқишган. Тиловат, зикр, истиғфор ва ибодатда бардавом бўлишган. Бу яхшиликни оила аъзоларига ҳам илинган.

«Саҳиҳ Муслим»да қуйидаги ҳадис келтириб ўтилган: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган катта-ю кичикни уйғотардилар».

Бу ойда бандаларнинг гуноҳи кечирилади. Аллоҳ таоло чин ихлос ила рўза тутганларнинг тоғдек хатоларини ҳам афв этиб юборади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади”, –дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?”– деб сўрашди. У зот: “Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри тўла қилиб берилади”, –дедилар»(Аҳмад ривояти).

Парвардигори олам бу йилги Рамазонда кўплаб хайр-баракаларни ёғдирсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга тўкин-сочинлик ато айласин. Бандаларнинг гуноҳини кечириб, яхшиликда пешқадамлар сафида қилсин.

 

Эркин ҚУДРАТОВ,

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти

Ҳадиси шариф фани мударриси

 

  1. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларидаги ифторлик. “Масжид ан-Набавий”да 25 мингдан ортиқ рўзадор ифтор учун тўпланган. Ифторлик дастурхони сув, ҳурмо ва мевалар билан безатилган. 

  1. Эроннинг Масхад шаҳрида жойлашган Имом Розий мақбарасидаги ифторлик. Ифторлик учун 12 минг рўзадор қатнашган. 

  1. Бирлашган Араб Амирлигининг Абу Даби шаҳридаги Шайх Зайд номли жоме масжидидаги ифторлик. 22 мингдан 25 минггача рўзадор ифторлик қилган. 

  1. Дунёдаги энг йирик ифторлик Маккадаги “Масжид ал-Харам”да ўтказилган. Ифторлик учун ёзилган дастурхоннинг узунлиги 12 минг метрни ташкил этган. 

  1. Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳрида жойлашган мамлакатнинг энг катта “Жамаъ” номли жоме масжидида ўтказилган ифторлик. Ҳозирда Ҳиндистонда 140 млндан ортиқ мусулмон истиқомат қилмоқда.

 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Кабир Ибн Кабир Дизақий Самарқандий XIV асрда яшаган фақиҳ. Бу олимнинг исми ҳақида гап кетганда, Кабир оти унинг отаси ва бобосидан ўтиб келиши, унинг бой табақадан келиб чиққанидан далолат беришини айтилади. Эҳтимол, бу Мовароуннаҳрнинг мўғуллар истилосигача бўлган бирорта ҳукмроннинг лақабидир, – деб ёзади айрим тарихчилар.

Улуғбек ва мазкур олимнинг кўрсатишича, Кабир ибн Кабирнинг фаолияти Амир Темурнинг тахтга чиқиши (771/1370-807/1404)дан олдинги даврга тўғри келади.

Олим Мовароуннаҳр ҳукмдори Туғлуқ Темур (748/1348-764/1362) ва унинг ўғли Илёсхўжа ибн Туғлуқ Темур (764/1362-791/1389) замонида ёки Темур ҳукмронлигининг илк даврларида яшаган бўлиши ҳам мумкин.

Кабир ибн Кабир Жиззахда туғилиб ўсган ва кейинчалик Самарқандда илмий фаолиятини давом эттирган. Кабирнинг ЎзР ФА ШИда сақланаётган қўлёзмасининг биринчи варағида унинг исми Кабируддин деб кўрсатилган. Аллома асарларидан бизгача унинг “Фатовоул Кабирий” (“Кабирийнинг фатволари”) номли китоби етиб келган.

Асар форс тилида ёзилган бўлиб, унда жуда кўп арабча парчалар, турли китоблардан олинган мисоллар келтирилган. Бу фиқҳ илмига оид масалалар тўплами ҳисобланади. Асар сўз бошидан бошланиб, 30 та китоб (боб)га бўлинади. Биринчиси “Китобут таҳорат” (“Таҳорат китоби”), охиргиси “Китобул васоё” (“Васиятлар китоби”).

Асарнинг иккита котиб томонидан 795/1393 ва 1125/1713 йил кўчирилган нусхаси (инв. № 3185/III), 1055/1596 йили номаълум котиб томонидан кўчирилган нусхаси (инв. № 2574/III), Муҳаммад Котиб томонидан 1046/1636 йили кўчирилган нусхаси (инв. № 3132/II) ва тахминан XVII асрда кўчирилган нусхаси (инв. № 1544/II)лар Беруний номидаги шарқшунослик институтида сақланмоқда. Бу асарнинг бизга маълум бўлган бошқа кутубхоналарда мавжудлиги аниқ эмас.

Шунингдек, алломанинг “Масоил насир” (“Ёрдам берувчи масалалар”) номли асари Санкт-Петербург Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Бу китоб ҳам ислом дини ҳуқуқшунослигининг бир қанча масалаларига бағишланган бўлиб, 35 та китоб (бўлим)дан иборат. Асар Самарқандда ёзилган. Эҳтимол, бу “Фатовоу-л-Кабирий”нинг ўзга ном билан аталган нусхасидир.

САМАРҚАНД АЛЛОМАЛАРИ” китобидан

 

Мақолалар

Top