muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 31 март куни АҚШдаги Замонавий санъат музейида Миссуридаги Америка-Ислом муносабатлари кенгаши (The Council on American-Islam Relations in Missouri –CAIR-MO) томонидан ҳар йили ўтказиладиган Бадиий кўргазма очилди. Тадбирнинг асосий ташкилотчилари – опа-сингил Садия ва Юсро Али бўлиб, бу йилги кўргазма «Ижодкорлик ва ўзликни англаш: Америка мусулмонлари бадиий кўргазмаси - 2018» деб номланди.

Миссуридаги CAIR кенгашининг мақсади 2000 йилнинг октябрь ойида Шарқий Миссури ва Жанубий Иллинойс штатларида яшовчи мусулмонларга ўз ҳуқуқларини яхшироқ англаш ва Америка маданий ҳаётининг фаол иштирокчилари бўлишларида ёрдам бериш экани айтиб ўтилган. Шу тариқа, CAIR-MO кенгаши мусулмонлар ва мусулмон бўлмаган аҳоли ўртасида кўприк яратишга ҳамда америка халқига Ислом динини асл ҳолатида тушунтириб беришга ҳаракат қилмоқда.

Опа-сингил Алилар 2017 йилдан бадий кўргазма ташкил этишни бошлашган ва уларнинг фикрича, АҚШдаги мусулмон жамоатчилиги жамият ҳаётидаги энг муҳим жиҳат – санъатни унутиб қўймоқда. Уларнинг фикрича, бу соҳа хавф-хатар билан алоқадор бўлмаган соҳа, шунинг учун санъат аҳли ҳеч қандай тўсқинликсиз ва ишонч билан ўз ижодларини тақдим қилишлари мумкин.

2017 йилда CAIR-MO Америка жамоатчилиги орасида «портлаш»ни юзага келтириб, жуда машҳур ҳодисага айланганини таъкидлаб ўтиш жоиз. Қатнашчилар «анъанавий ислом санъати» тақдимотини кутишганди, аммо уларнинг эътиборига тасвирий санъат, шеърият ва амалий декоратив ишларининг ранг-баранг шакллари тақдим этилди. Бу йил ҳам опа-сингил Алилар ўз маҳоратларини яна бир бор кўрсатишга қарор қилишди.

Шунингдек, у кўргазма қатнашчилари турли этник гуруҳларидан ташкил топган бўлиб, бу ҳолат уларга ўз ҳаётий тажрибаларини турли хил усулда намоён қилишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди. Кўргазма доирасида тасвирий санъатдан ташқари, кичик либослар намойиши, адабий асарлар ва тўқимачилик маҳсулотлари ҳам тақдим этилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Миср марказий сайлов комиссияси раиси Лошин Иброҳим мамлакатнинг амалдаги давлат раҳбари Абдул Фаттоҳ Ас-Сисий президентлик сайловларида 97 фоиз овозга эга бўлганини маълум қилди. "Reuters" агентлиги шу ҳақда хабар берди.

Манбага кўра, Миср президенти сайловларида иштирок этганлар сони мамлакат аҳолисининг 41,05 фоизини ташкил қилган.

Ас-Сисийнинг сайловлардаги рақиби унча таниқли бўлмаган сиёсатчи Мусо Мустафо Мусо Муҳаммад бўлди. У атиги 2,92 фоиз овоз тўплаган.

Абдул Фаттоҳ Ас-Сисий 2018 йилнинг июнь ойи бошида Палата вакиллари олдида қасамёд қилади ва шу тариқа унинг иккинчи президентлик муддати бошланади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Самарқанд алломалари”, “Самарқанд ёдгорликлари” ва “ИШИДнинг ботил ғоялари ва уларга раддиялар” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази нашриёти томонидан чоп этилган мазкур китоблар марказ ташкил топган кундан бошлаб, бир йил мобайнида бажарилган илмий-тадқиқот фаолиятининг ўзига хос ҳисоботи бўлди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати билдиришича, тақдимотда академик-олимлар, профессор-ўқитувчилар, мутахассислар, тадқиқотчилар, талабалар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда бугунги глобаллашув жараёнида юртимизда ислом динининг асл мазмун-моҳиятини, буюк алломаларимизнинг илмий ва маънавий меросини, панду-ўгитларини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.

Мазкур китоблар умумтаълим, ўрта махсус таълим ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабаларининг тарихий билимларга асосланган ҳуқуқий, диний билимини бойитишга кўмаклашиш билан бирга, илмий тадқиқотчилар, тарихчи ва манбашунослар учун манбавий асос бўлиб хизмат қилади.

“Самарқанд алломалари” ва “Самарқанд ёдгорликлари” китобларида Самарқанд вилоятининг бой тарихи, улуғ алломалари, маданий объектлари, зиёратгоҳлар, маданий меросга оид иншоотлар тарихий ҳамда замонавий суратлар билан безатилиб, улар ҳақида батафсил маълумот берилган. Китобнинг тайёрланиш жараёнида Самарқанддан етишиб чиққан алломалар тарихи ва улар томонидан қолдирилган илмий-маънавий мерос кенг ўрганилиб, муҳим маълумотлар келтирилган. Тадқиқот натижасида ҳали кенг илмий жамоатчиликка маълум бўлмаган бир қанча буюк шахслар, аллома ва мутафаккирлар тарихи ҳам ўрганилиб, илмий муомалага киритилган.

“ИШИДнинг ботил ғоялари ва уларга раддиялар” китобида бугунги кунда ўзларининг ботил ғояларини илгари суриб, “такфир", "жиҳод", "ҳижрат", "байъат", "тоғут", "халифалик” сингари чақириқлар билан дунё афкор оммасини ташвишга солаётган барча ёт диний оқимларга нисбатан “жаҳолатга қарши маърифат” услубида раддиялар берилган. Китоб диний мутахассислар, профилактика ишлари билан шуғулланувчи соҳа хизматчилари, диний-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчилар ҳамда маърифий ишлар билан машғул бўлган юртдошларимизга мўлжалланган.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

"Muslim traveler" ижодкорлари пойтахтимиз билан танишгач, сафарнинг 3-куни эрта тонгдан Самарқандга йўл олишди. Йўл давомида юртимизнинг ажиб табиатини кўздан кечиришаркан, Жиззах вилояти ҳудудига кираверишда лайлакларни кўриб, тўхтаб тасвирга олишди. Индонезияда минглаб қуш турлари бўлсада, мавсумий қуш бўлган лайлакларни илк бор кўриб туришлари эди. Самарқандга етиб келгандан сўнг ижодий гуруҳ Регистон бўйлаб сайрга чиқишди. Кечки Регистоннинг гўзал манзараси ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги аниқ.
Шунингдек, меҳмонларда Имом Ал Бухорий мажмуаси ҳам катта таассурот қолдирди. Мақбарани зиёрат қилиш билан бир қаторда, ҳазрат Имом ал Бухорий ва зиёратгоҳ ҳақида мазкур мадраса бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов билан мазмунли суҳбат қуришди.

 


«Зиёрат туризмининг ривожланишида бу сингари мажмуаларнинг аҳамияти катта. "Muslim traveler" кўрсатуви олдида буюк муҳаддиснинг мақбаралари Самарқандда жойлашгани, Имом Ал Бухорий мақбарасининг замонавий кўркам қиёфаси ҳамда бошқа зиёратгоҳлар ҳақида миллионлаб индонез халқига маълумот беришдек бурчни адо этиш ётибди», дейди дастур муаллифи Диан Кенcана Деви.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Матбуот хизмати билдиришича, ижодкорларни Хавфсиз туризм бошқармаси мутахассислари юртимизда сайёҳларга яратилаётган имкониятлар билан яқиндан таништиришди. Ундан сўнг эса, маданий ҳордиқ чиқазиш ва ўзбек миллий либослари билан яқиндан танишиш мақсадида «Эл мероси» театрининг саҳналаштирилган либослар намойишига ташриф буюришди. Юртимиз ҳудудида турли даврларда мавжуд бўлган тарихий либослар қуршовида қолган "Muslim traveler" кўрсатуви бошловчиси Шаза Белладонна ўзи учун Темурийлар даври либосини танлади. У «Ўзимни гўёки ўтмишдаги маликадек ҳис қилдим» дейди.
Театрлаштирилган дастур ва либослар намойиши индонезиялик ижодкорларга жуда жуда манзур бўлди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Тошкент Жанубий вокзали Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ замонавий архитектура талаблари асосида тубдан реконструкция қилинди. Вокзалнинг умумий майдони 9,2 гектар бўлиб, 650 метрлик 3 та перронга эга. У ҳақда ЎзА маълумот келтирди.

Вокзал ҳудудида диаметри 14 метрлик иккита замонавий фаввора қурилган. Бу ёз кунлари ҳудуддаги иқлим мусаффолигини таъминлаб, йўловчиларга кўтаринки кайфият бағишлайди.
Вокзал бир вақтнинг ўзида 500 йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлиб, бир кеча кундузда 20 000 нафар йўловчилар 19 поездларда кутиб олинади ва кузатилади.
Йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вокзал ҳудуди замонавий девор билан ўралган. Вокзал биноси, касса зали ва вокзал ҳудуди 170 та видеокузатув камералари билан таъминланган.
Йўловчиларнинг йўл ҳужжати, паспорти, багажи ва қўл юклари вокзал ҳудудига кириш жойининг ўзида текширилади. Вокзал биносида йўловчилар учун жаҳон стандартларига мос шароитлар яратилган. Бинода кутиш, VIP заллари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, меҳмонхона, дам олиш хоналари, буфет, кўчма савдо нуқталари, газета ва журналлар, Wi-Fi интернет хизмати, электрон кутубхона, планшет хизмати, ширинликлар ва миллий совғалар сотиш шахобчаси, мобил қурилмалар учун қувватлантириш манбаи, электрон маълумотлар маркази ва таблоси, сайёҳлар зали ва замонавий лифт мавжуд.
Кутиш зали кўргазма ва телевизион ахборот воситалари билан жиҳозланган.
Йўловчиларга бир суткада 100 нафарга яқин ишчи хизматчи хизмат кўрсатади.
Кутиш зали ҳаво ҳарорати меъёрини таъминловчи совутгичларга эга. Чипталар вокзал ҳудудида жойлашган бўлиб, бир кеча кундузда 5000 та чипта сотилади, шу жумладан электрон чипталар рўйхатдан ўтказилади.
Тошкент Жанубий вокзалидан қуйидаги йўналишлар бўйича поездлар жўнатилади ва кутиб олинади:
Тошкент – Урганч
Тошкент – Бухоро
Тошкент – Андижон
Тошкент – Қўнғирот
Тошкент – Термиз
Тошкент – Сариосиё
Андижон – Бухоро
Андижон – Урганч
Андижон – Термиз
Тошкент – Бухоро (шарқ)
Тошкент – Термиз (Насаф)
Тошкент – Андижон (Ўзбекистон)
Шаҳарлараро қатновчи йўловчи поездлар:
Тошкент – Ҳожикент
Тошкент – Ховос
Тошкент – Бекобод
Тошкент – Сирдарё
Тошкент – Гулистон
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ маълум қилишларича, Тошкент Жанубий вокзали ўз ишини жорий йилнинг 4 апрелидан бошлайди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top