www.muslimuz

www.muslimuz

Акмалхон АКМАЛХОНОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти.

Маҳмуд Замахшарий, Абдулқоҳир Журжонийларнинг муносиб издоши Сирожиддин Абу Яқуб Юсуф ибн Бакр ибн Муҳаммад ибн Али Саккокий Хоразмий Ҳанафий ҳисобланади. ХII асрда араб тилшунослииг бўйича буюк из қолдирган олимлардан биридир.

 Юсуф Саккокий ҳақида тарих саҳифаларида кўп маълумотлар ёзилмаган.  Абу Фидо Зайниддин: ”Юсуф Саккокий ҳижрий 555-йил Жумадул-аввал ойининг учинчи куни сешанба куни кечқурун Хоразмнинг Саккок қишлоғида  дунёга келган” [1,317].

Юсуф Саккокий Чингизхон ўғли Чиғатойхон даврида яшаб ижод қилган. Абу Яқуб Қашғар, Бадахшон, Балх ва бошқа диёрларда фозилликлари билан машҳур бўлган. “Равдатул-жаннат” муаллифи Ризо Муҳаммад Боқир: “Юсуф Саккокий 30 ёшидан кейин илм олишни бошлаган, унгача темирчилик билан шуғулланган.” Юсуф Саккокий 30 ёшидан кейин ва ўз даврининг барча илмларини олишга ҳаракат қилди. Хоннинг вазири Саъд Амид фитнаси билан Юсуф Саккокий умрининг охирги уч йилини қамоқда ўтказиб, шу қамоқхонада вафот этади. Мустафо ибн Абдуллоҳ (Ҳожа Ҳалифа таҳаллуси билан машҳур) “Юсуф Саккокий ҳижрий 626-йилда вафот этган” деб ёзади [6:2, 1862].

         Ёқут Ҳамавий Румий Саккокий ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради: “Юсуф ибн абу Бакр Саккокий Хоразм аҳлидан бўлиб, шеър, аруз, баён, адабиёт, маоний илмлари, араб тили наҳви ва сарфи бўйича пешво алломадир. Кўп илмларни ўзлаштирган фақиҳ, илми калом олимларидан ва ўз замонасининг таниқли фозил кишиларидан ҳисобланган” [8:1,518 (1034-рақам)].

         Муҳйиддин абу Муҳаммад ибн абу Вафо Ҳанафий: “Юсуф ибн абу Бакр Хоразмий Сирожиддиннинг устозлари: Садид Хайётий, Маҳмуд ибн Саид Шайҳул Ислом, Ҳарисий ва бошқалар. Саккокий буюк имом, шеър, аруз, баён, маоиний илмлари ва араб тили грамматикасини ўта яхши билувчи олимлардандир. Унинг шогирди Мухтор ибн Маҳмуд Зоҳидийдир,” деган маълумотларни қайд этади [4:3,622].

         Шуҳобиддин абул Фалаҳ Ҳаммалий Димашқий: “Саккокий ҳанафий буюк имом ва машҳур олим бўлган. Юсуф Саккокийдан “Қуня” соҳиби Мухтор ибн Маҳмуд ақида илмини ўрганган” деган маълумотларни келтирган” [3:7,208].

Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий Ҳиндий Юсуф Саккокий ҳақида батафсил тўхталиб, қуйидаги маълумотларни шу асарда келтиради: “Ҳамма илмларда насибаси бўлган Юсуф Саккокий устозлари Садид ибн Муҳаммад, Маҳмуд ибн Убайдуллоҳ ҳисобланади. Бу олимнинг бир неча асарлари бўлиб энг машҳури 12 та илмни қамраб олган “Мифтаҳул-улум”дир. Бу каби асар аввалгиларида ҳам, кейингиларида ҳам бўлмаган. Юсуф Саккокий ҳижрий 555-йилда туғилиб, ражаб ойининг илк кунлари 626-йилда вафот этган [5,231].

Мустафо ибн Муҳаммад Биноий “Ҳаваши шарҳи талхис мухтасар” асарида келтиришича, Саккокий нисбаси Нишопурдаги қишлоқ номидан олинган. Яна айтилишича, бу қишлоқ Яманда ёки Ироқда бўлса керак. Бу маълумотни Ҳожа Ҳалифа ўз асарида келтиради [6:2, 1862].

Жалолиддим Суютий: “Саккокий абу Ҳайём” “Иртишоф” асарида “Ибнус-Саккок” тарзида келтиради. Юсуф унинг исми, Саккок эса унинг бобоси бўлиб, дирҳамларни зарб қилувчи уста бўлган” [2, 115].

Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий яна қуйидаги маълумотларни келтиради: “Саккокий ажойиб санъатлар ва камёб илмлар соҳиби бўлган. Шу жумладан, Юсуф Саккокий жинларни сеҳрлаш, юлдузлар, сеҳр ва тилсим илмларини ҳам билган” [2, 231].

Юсуф Саккокий қуйидаги асарларни ёзган:

  1. “Мифтаҳул-улум”. Бу алломанинг биринчи асари ҳисобланади. Аббосий ҳалифалардан Носириддин ҳалифалиги даврида (ҳижрий 595-йиллардан кейин) ёзилган. Асар ўз даврида ва кейинчалик ҳам машҳур бўлиб бир неча марта қайта-қайта нашр қилинган.
  2. “Шарҳул-жумал”. Абдулқоҳир Журжонийнинг “Жумал” асарига шарҳ сифатида ёзилган.
  3. “Аттибян” номли асари. (Ибн Ҳалдун “Муқаддима” асарида қайд этган.)
  4. Форс тилида “Тилсим” асари. Бу китоб ҳақида Мирзо Муҳаммад Бақир айтган.
  5. “Мунозара илми ҳақида рисола”
  6. “Мусъҳафуз-заҳроти” асари. Бу номли асарни Умар Ридо “Муъжамул-маъаллифин” асарида келтиради [7:4,149].

“Мифтаҳул-улум” асар ёзилганидан кейин бир қанча шарҳлар, хошиялар, таълиқотлар ёзилган. Бу ҳақда Ҳожа Халифа шарҳ ёзган олимларни санаб ўтади:

  1. Асарга тўла шарҳ ёзган олим Мавло Ҳисомуддин Хоразмий (ҳижрий 742-йил).

Асарнинг 3-қисмига шарҳ ёзган олимлар кўп бўлиб шулардан учтасини келтирилади:

  1. Қутбуддин Маҳмуд ибн Масъуд Шерозий
  2. Аллома Саъдуддин Тафтазоний
  3. Саййид Шариф Али ибн Муҳаммад Журжоний [6:2,1863].

         Бу асарнинг бизда битта қўлёзма (7843-IВ), тошбосма нусхалари (11657,15182,12369,5858,6991) Шарқшунослик қўлёзмалар фондида сақланмоқда.

         Доктор Абдулҳамид Ҳиндовий Мисрдаги Дорул-кутуб кутубхонсида қуйидаги рақам остидаги қўлёзмаларни келтиради:

64 Балоға, факсимил 13272

65 Балоға, факсимил 15803

66 Балоға, факсимил 15804

276 Балоға, факсимил 175490

         Юсуф Саккокий ушбу асар ҳақида қуйидагиларнин айтади:

         Замонамнинг фозил аҳллари, фазлни камолотга етказган зотлар мендан мухтасар қилиб, уларга тасниф қилиб беришимни қатъийлик билан сўрадилар. Бу каби гапларни эшитгач, бундан улар тўла хурсандчилик билан баҳраманд бўлишлари учун, ҳар бир закий тушушунадиган услубда таснифладум. Бу асарда жуда яхши билиб олиш керак бўлган илмларни жамлаб, “Мифтаҳул-улум” (Илмлар калити) деб номладим.

        Демак, Саккокий қолдирган илмий мероси билан Маҳмуд Замахшарийга муносиб издош ҳисобланади. “Мифтаҳу-л-улум” асари “Муфассал фи санъати-л-эъроб” асаридек араб тили грамматикасининг муҳим манбасидир. 

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Абу ал-Фидо Зайнуддин Қосим Қутлубғо ас-Судуний. Тож ат-Тарожим. – Дамашқ: Дор ал-Қалам, 1992.
  2. Ал-Ҳафиз Жалолиддин Абдураҳман ас-Суютий. Таҳқиқ Маҳаммад Иброҳим. Бағиййату ал-вуат фи табақат ал-луғавиййин ва ан-нуҳат. – Қоҳира: Матбаъа Исо ал-Бобий. 1965.
  3. Абу ал-Фалаҳ Абдулҳай ибн Аҳмад. Шазарат аз-заҳаб фи ахбар мин заҳаб. – Дамашқ: Дор Ибн Касир. 1991.
  4. Муҳйиддин Абу Муҳаммад Абдулқодир. Ал-Жавоҳир ал-мадиййа фи табақот ал-ҳанафиййа. – Жиза: Ҳажар. 1993.
  5. Муҳаммад Абдулҳай ал-Лакнавий. Ал-Фаваид ал-баҳима фи таражим ал-ҳанафиййа. – Қоҳира: Дор ал-китаб ал-исломий. 1990.
  6. Мустафо Ибн Абдулло. Кашф аз-зунун ан асмаъи ал-кутуб ва ал-фунун. – Байрут: Дор иҳя ат-турос. 1991.
  7. Умар Ридо Куҳала. Муъжам ал-муаллифин. – Байрут: Муассаса ар-рисала. 1993.
  8. Ёқут ал-Ҳамавий ар-Румий. Муъжам ал-удаба иршад ал-ариб ила маърифати ал-адиб. – Байрут: Дор ал-ғарб ал-исломий.1993.

“Аҳли сунна вал жамоъа Абул Ҳасан Ашъарий,
Абу Мансур Мотурудий эътиқодидан бошқа йўналишлар
фосид ва адашган тоифалардир”
Ибн Ҳажар Асқалоний[1]:

Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик йўналишлардан бири бўлмиш Мотуридия асосчиларидан ҳисобланади. Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Ҳанафий Мотуридий Самарқандий дунёга келган аниқ санаси тарихий манбаларда учрамайди. Аммо, баъзи тарихчилар 233-247 ҳ. йиллар оралиғида халифа Мутаваккил даврида дунёга келган дейди. Тахминий ҳисобга кўра устози 268 ҳ. Нусайр ибн Яҳё Балхийдан 20 ёшларида илм олган бўлса демак, 248 ҳ (870 м.) йилда дунёга келганлар. Мотуридий Самарқандда 333 ҳ. (945) йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга кўмилган. Бобоси Абу Айюб Ансорий р.а. ҳисобланади[2]. Буюк олим асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан (ҳозирги Жонбой раёнида жойлашган) бўлниб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир. Дунёдаги мусулмонларнинг салкам 50% Мотуридийлик йўналишидадир[3].

Абу Мансур Мотуридий дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган, баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги ал-Аёзий мадрасасида таълимни давом эттиради. Мотуридий яшаган вақт Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. Самарқанд дастлаб бу давлатнинг бошқарув жойи бўлиб, сўнгра IХ асрнинг охиридан бошлаб пойтахт Бухорога кўчирилди. Бироқ ўша вақтда ҳам Самарқанд Бухоро билан бир қаторда Мовароуннаҳрнинг иқтисодий-маданий маркази бўлиб қолаверади. Демак, Имом шарқнинг илмий марказида таълим ишларини олиб борган ва ҳар хил ақийдавий фирқалар ўзаро тортишиб турган бир пайтда яшаб, илм-маърифат тарқатган.

Профессор Муҳаммад “Моликий ва Шофеъийларнинг имоми Абу Мусо Ашъарий авлодларидан бўлган Абул Ҳасан Ашъарий ҳисобланади. Ҳанафийлар имоми Имом Мотуридий ҳисобланади. Мотуридий ва Ашъарий ҳақ йўлдаги имомлар. Ҳанбалийлар ҳам шу эътиқод негизидадир ”[4].

Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, Ҳанафия мазҳаби олимларидан дарс олиш билан ўз билимини оширади. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар қилган. Эътибор бериладиган бўлса, имом Абу Мансур Мотуридий устозлар силсиласи орқали имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадга етиб борадилар. Мисол учун

Ушбу машҳур олимлар ўз шогирдларига асосан имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг китобларидан дарс берар, “Фиқҳул акбар”, “Рисола” ва бошқа китобларни чуқур ўргатишар эди.

Бутун умри давомида шу соҳага оид асарлар ёзиб қолдиргандир. Маҳмуд ибн Сулаймон Кафавийнинг (вафоти 1582 йил) “Катоиб ул-аълом ал-ахёр фи табоқот ва машаойих мазаҳаб Нуъмон” (“Нўмон мазҳабига мансуб бўлган таниқли аллома фақиҳлар ва шайхлар ҳақидаги китоб”) номли китобида Мотуридий ва унинг асарлари ҳақида айрим маълумотлар берилади. Масалан, қуйидаги асарлари номлари келтирилган: “Китаб Тавҳид” (“Алломани яккалашлар китоби”), “Китаб Мақомат”, “Китаб рад авомил лил адила лил кабий” (“Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”), “Китаб баён ва ҳум ул-муътазила” (“Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”), “Китаб Таъвилот ал-Қуръон” (“Куръон таъвили китоби”). Лекин Ҳожи Халифанинг (1609—1659) “Кашф аз-зунун ан-асомил кутуб ва-л-фунун” (“Китоб ва фанлар номлари ҳақидаги шубҳаларни бартараф этиш китоби”) китобида эътироф этилишича, яна Абу Мансур Мотуридийнинг “Маъхази аш-шариъа” (“Шариат асослари сараси”), “Китаб ал-жадал” (“Диалектика ҳақида китоб”)ни таълиф қилганларидан кейин шуҳратлари яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳлининг эътиқодий мазҳаб соҳибига айландилар.

Булардан ташқари Мотуридийнинг “Китаб ал-усул” (“Диний-таълимот усули китоби”) асари ҳам маълум. Абу Мансур Мотуридийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган, етиб келганлари ҳам асосан хорижий мамлакатлар кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади. Ал-Мотуридий ислом оламида жуда нозик ҳисобланган “Тавҳид китаби” — асари бизнинг давримизга етиб келган ва у 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулиф томонидан Байрутда нашр этилган. У ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиб, фиқҳга ва каломга оид асар ёзади. Бу ал-Мотуридийнинг “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланади. Мотуридий бу асарида сунний ақидага (таъвилда) зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Абу Ханифанинг қарашларига суянган холда иш кўради. Бу асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланади. “Таъвилот”нинг биринчи жилди Қоҳирада 1971 йилда Иброҳим Авадайн ва ас-Саид Авадайнлар томонидан нашр этилган. Мотуридийнинг бу биргина асари тарих жараёнида кўп алломалар асарларига асос солган, улар ижодига туртки бўлган.

Шогирдлари ўз устозларининг таълимотини давом эттиришганлиги туфайли Ҳанафия мазҳабидагилар ичида Мотуридия йўналиши вужудга келган.

Мотуридий мактаби давомчилари Абу Юср Аздавий, Абул Муин Насафий Нажмиддин Умар Насафий, Саъдиддин Тафтазоний, Камол Ибн Ҳумом, Камолиддин Аҳмад Байзовий, Муҳаммад Зоҳид Кавсарий ҳисобланади. Шулардан бири Аловуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Самарқандийнинг шарҳидир. У “Шарҳ таъвилот аҳли ас-сунна” деб номланган.

Абу Мансур умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқатда бўлган ва мунозарлар олиб борган. У ислом дини Ҳанафия мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга камчиликсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди. Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади. Мотуридийни улуғлаб “Имом ҳуда” ва “Имом мутакаллимин” (Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми) каби номлар билан ҳам атаганлар. Мовароуннаҳр — Марказий Осиё халқлари турли фалсафий, табиий, аниқ фанлар, адабиёт, санъат соҳаларида дунёга машҳур сиймолар, алломалар билан бирга ислом назарияси, диний илмлар бўйича ҳам Мотуридийдек бутун мусулмон оламида ном қозонган олимларни ҳам етиштириб чиқарди.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи Аҳли сунна вал жамоа фуқаҳолари ва муҳаддисларидан биридирлар. Улар у Имомдан ақоид, фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмларни ўрганган.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг “Таъвийлоту аҳлис-сунна” номли тафсирларида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилганлар ва ҳаммаларига раддия берганлар. У киши Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган.

“Кашфуз-зунуни ан асомийил кутуби вал фунун” китобининг соҳиби Ҳожи Халифа “Таъвийлоту аҳлис-сунна” тафсири ҳақида қуйидагиларни ёзади:

“У бирор китоб тенг кела олмайдиган китобдир. Балки бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди”[5].

 “Таъвийлоту аҳлис-сунна” тафсирининг ярми мисрлик олимлар томонидан чоп этилган ва кўпчилик фақат шуни билади. Кейинчалик бу китобни доктор Маждий Босалум таҳқиқ қилди ва 2005 йилда Ливанда “Дорул кутубил илмийя” нашрёти томонидан ўн жилдда ва 6230 бетда чоп қилинди.

 Тавҳид китаби” асари-ноёб хазина

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг бош асарларидан бири “Тавҳид китаби” дир. Бу китобнинг номи унинг мазмунига далолат қилиб турибди. Имом Мотуридий ўзларининг бу асарларида мутакаллимлар услуби ила Аҳли сунна ва жамоанинг эътиқодини баён қилганлар.

  1. Муаллиф ўз китобини ақийдада тақлид қилиш ботил эканини баён қилиш билан бошлайди. Сўнгра маърифат ва уни ҳосил қилиш воситалари ҳақида баҳс юритади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашларича, Мотуридийгача мутакаллимлардан ҳеч ким маърифат назариясига аҳамият бермаган. У кишидан ўрганиб, кейин келган ҳаммалари бу борада сўз юритганлар.

  1. Имом Мотуридий ўз китобларида жисмларнинг кейин пайдо бўлганига нақлий, ақлий ва ҳиссий далиллар келтирганлар. У киши худди шу далилларни Аллоҳ таолонинг борлигига ҳам далил қилиб келтирадилар.
  2. Имом Мотуридий Аллоҳ таолонинг борлигига бошқа файласуф ва мутакаллимлардан айрича, фарқли бир далил келтирадилар. Бу далил дунёда ёмонлик борлигидир: агар оламнинг яратувчиси бўлмаса, унда ёмонлик бўлмас эди.
  3. Имом Мотуридийнинг айтишларича, Аллоҳ таоло азалдан Ўзини Ўзи сифатлаган сифатларга эга бўлган. Бунда зотий-ўзига ва феълий-яратганга оид сифатларнинг фарқи йўқ. Аллоҳ таолонинг исмлари фақат шариат манбаларида келганидек бўлиши лозим. У Зотни бошқа исмлар билан номлаб бўлмайди.
  4. Имом Мотуридий Аллоҳ таолони кўриш кайфиятсиз бўлишини таъкидлайди. Мазкур кўриш мўминлар учун охиратда бўлиши ва бу дунёда бўлмаслигига Қуръони Каримдан оятларни далил қилиб келтиради.
  5. Роҳманнинг Аршга истивоси ҳақида имом Мотуридий қуйидагиларни ёзадилар: У Зот ўзгаришдан, заволдан, ботилликдан устундир…
  6. Инсон аслида ихтиёри ўзида бўлган иш бажарувчидир. Аллоҳ таоло инсонга амал ва ихтиёр ҳаққини берган.
  7. Имом Мотуридий “Тавҳид китаби” да қазо ва қадар масаласига ҳам бошқа масалалар қатори, батафсил тўхталган.
  8. Мўмин киши гуноҳи кабира қилгани учун Исломдан чиқмайди. Иймон ва куфрнинг орасида – икки манзила орасида манзила йўқ.
  9. Имом Мотуридий китобда бир неча фаслларни мажусийлар, зиндиқлар, даҳрийлар, суфустоийлар ва бошқаларнинг эътиқодлари ботил эканини баён қилишга бағишлаган.

Суннийлик эътиқодини қуйидагича тизимга солган:

Шундай қилиб, худди фиқҳ илмида бўлгани каби ақийда илмида ҳам уламоларимиз керакли қоида ва низомларни жорий қилиб, Қуръони Карим ва Суннатда келган ақийда бобидаги ҳукмларни оддий халққа тушунтириб бериш йўлларини ва услубларини, қонун ва қоидаларни ишлаб чиқдилар ва уларни ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатдилар.

Ана шундай қилиб, ақийда бўйича ҳам мусулмон умматининг бирлиги таъминланди. Мусулмонларнинг асосий оммаси Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ақийдасида бирлашдилар. Мазкур мазҳабнинг ақийдаси уларнинг бу борадаги метин қўрғонига айланди ва уларни турли ақийдавий адашувлардан, хуружлардан ҳимоялаб келиш воситасидир.

 

ЎзХИА магистранти Мадаипов Аҳрорбек

[1] Муаллифлар жамоъаси. Ал-Мавсуаътул фиқҳия Кувйтия. 1- октябрь 2016.
[2]  Камолиддин Баёзий. Ишоратул маром. Дор Кутуб илмия. 2007. –Б. 245. “Имом Мотурудий”. Иттиҳод газетаси.7 август. 2016 й.
[3] Профессор Бакр Тўбол ўғли. Китабут Тавҳид Абу Мансур Монсур Мотуридий. Байрут. Дор Содир 1989.-Б.5. Истанбул.
[4] Профессор Муҳаммад ибн Дарвеш Ҳут Байрутий. Аҳли Сунна вал жамоъа баёни рисоласи. Дор улум. Қоҳира. 1986.-Б.77.
[5] Доктор Али Абдул Фаттоҳ Мағрибий. Ал-Фарқ ал-каламия ал-исламия мадхал ва дироса. Мактаба ваҳбия.–Байрут. 1986. -Б 330. Китоб 488 бет.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедрасида илмий семинарлар ўз фаолиятини бошлади. Дастлабки машғулотни Туркиянинг Анқара университети профессори, таниқли мотуридийшунос олим Сонмез Кутлу ўтказди, дея хабар бермоқда Академия матбуот хизмати.

Хорижлик олимларнинг илмий тажрибаларини ўрганиш, ўзаро фикр алмашиш ва илмий алоқаларни кенг йўлга қўйиш мақсадида 15 февраль куни олим Сонмез Кутлу академия ўқитувчи ва докторантлари, мустақил тадқиқотчилари учун “Тадқиқотни тўғри йўлга қўйиш ва амалга ошириш” мавзусида илмий семинар олиб борди. Олим ҳозирда Академияда ўз педагогик фаолиятини бошлаган “Moтуридия таълимоти манбалари таҳлили”, “Kaлом илми ва ақида мактабалари тарихи”, “Moтуридия таълимоти тарихи” каби фанлардан талабаларга сабоқ бериб келмоқда.

Семинарда илмий тадқиқот мавзусини танлаш, маълумотларни тўплаш ва таҳрир қилиш, адабиётлардан ҳамда манбалардан фойдаланиш, Америка ва Туркия тажрибаси, таълим тизимидаги ўзига хосликлар ва бошқалар хусусида атрофлича маълумотлар берилди.  

Тингловчилар томонидан берилган саволларга мутахассис кенг ва батафсил маълумот бериб ўтди.

Ўтказилган семинар халқаро тажриба алмашиш борасида илмий-амалий аҳамиятга эгалиги ҳамда илмий салоҳиятни ошириш борасида муҳимлиги билан қимматлидир. Таъкидлаш лозимки, бу каби илмий семинарлар мунтазам равишда ўтказилади ва академия илмий соҳа мутахассислари учун фойдали ва самарали бўлиши кўзда тутилган.

Шунингдек, кафедра томонидан ҳар ойда икки маротаба магистрантларга илмий семинарлар ўтказилиб келинмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Жорий йилнинг 14 февраль куни «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида «Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномаси: ҳаракатлар Стратегиясининг 3 йиллик самараси ва 2020 йилга белгиланган устувор вазифалар» мавзусида халқаро форум ташкил этилди.

Халқаро форумда давлат бошқаруви органлари, ННТлар, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар элчихоналари вакиллари, ёшлар, экспертлар, мутахассислар, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Форумда ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги устувор йўналишлар ҳақида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов сўзга чиқиб, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, юртимизда диний бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатлар ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумот берди.

Шунингдек, у ўз сўзида 2018 йил 12 декабрь куни Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг махсус “Маърифат ва диний бaғpикeнглик” резолюцияси қабул қилингани, мазкур резолюция нафақат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватлангани, балки Шимолий Америка ва Лотин Америкаси, Осиё, Африка ва бошқа қитъаларнинг 50 дан зиёд мамлакати билан ҳаммуаллифликда қабул қилинганини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида, анжуманда бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида 16 диний конфессияга мансуб 2276 диний ташкилот мавжудлиги, уларнинг 2093 таси исломий, 183 таси ноисломий, хусусан 166 та христиан, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва Будда ибодатхонаси, Библия жамияти фаолият юритаётгани, ушбу диний ташкилотларнинг эмин-эркин ўз ибодатлари, маросимларини бажаришлари учун қулай шароитлар яратилаётгани – юртимизда ҳукм сураётган диний бағрикенгликнинг амалий ифодаси экани таъкидланди.

Халқаро форумда ўтган 2019 йилнинг ўзида республика бўйича 10 та масжид ва 8 та черков очилгани ҳам фуқароларнинг эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқларини таъминлашга ёрқин мисол экани, ислом илм-фани ва маданиятининг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида охирги уч йида Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, форумда республикамизда турли динларга эътиқод қилувчилар диний байрамлари, хусусан, мусулмонларнинг икки Ҳайит, насронийларнинг Пасха ва Рождество, яҳудийларнинг Пейсах, Пурим ва Ханука байрамлари кенг нишонланаётгани, турли конфессия етакчиларининг диний байрам кунлари бир-бирларини табриклаб, тадбирларда иштирок этишлари анъанага айлангани бағрикенгликнинг ёрқин ифодаси экани алоҳида қайд этилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

 

Словения пойтахти Люблянада илк масжид очилди. Ҳудуддаги мусулмонлар ушбу маcжидни молиявий қийинчилик ва бюрократик тўсиқларга қарамасдан эллик йил давомида қуриб битказдилар. Словения Ислом ҳамжамияти раҳбари, муфтий Недзад Грабус масжид очилишини ҳудуд мусулмонлари ҳаётидаги энг катта бурилиш, деб атади. Қурилишнинг умумий қиймати 34 миллион евро бўлиб, шундан 28 миллиони хайрия маблағлари ташкил этади .

Ислам.ру сайтининг хабар беришича, 1400 намозхонни сиғдириш имконига эга бўлган масжид олти бинодан иборат. Ушбу мажмуада ўқув маркази, кутубхона, ресторан, баскетбол майдони, имомлар учун уй-жой ва баландлиги 40 метр бўлган минора мавжуд. Масжид биноси оқ бетондан замонавий услубда пўлат, шиша ва ёғоч билан ишланган.

“Мақсадимиз ислом меъморчилигининг анъанавий қадриятларини замонавий архитектура билан уйғунлаштиш эди, – дейди архитектор Матеи Бевк. – Марказнинг Шиша безаклар марказнинг шаффофлиги ва очиқлигини намойиш этиш учун яратилган”.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top