www.muslimuz

www.muslimuz

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 
 

 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 май куни Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги қарорни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Ахборот 24» дастурида эълон қилинди.

 

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 5 июнь чоршанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарори инобатга олиниб, шу кун Рамазон ҳайити сифатида кенг нишонланади.

 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда қабул қилинган Президент Фармонига мувофиқ, 1 июнь – шанба 6 июнь – пайшанбага кўчирилган эди.

 

Шунга кўра, 2019 йил 5 ва 6 июнь кунлари дам олиш кунлари ҳисобланади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Давлатимиз томонидан муборак Рамазон ойида яна бир хайрли, улкан аҳамиятга эга “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга оширилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилди. Улар 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди.

Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари, таълим ва ижтимоий дастурларда иштирок этишлари учун зарур шароит яратилади, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Жорий йилнинг 19–26 май кунлари Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан бирга АҚШда хизмат сафарида бўлди.
Ўзбекистон делегацияси АҚШ Давлат департаменти, АҚШ инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссияси, АҚШ Тинчлик институтида музокаралар ўтказди. Делегация аъзолари диний эркинликлар соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчи С.Браунбэк, АҚШ Хельсинки комиссияси бошқаруви раҳбари А.Жонсон, АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши жанубий ва шарқий Осиё бошқармаси директори Л.Кёртис, АҚШ вице-президентининг махсус маслаҳатчиси М.Катрон, сенаторлар ва АҚШ Конгресси аъзолари билан учрашди. АҚШ Тинчлик институтида ташкил этилган давра суҳбати ва ифтор тадбирларида иштирок этдилар.

Сафар давомида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров “Муҳаммад” номли Вашингтон марказий масжиди имоми Толиб Шариф, Даллас мусулмонлари жамоаси маркази раиси Имом Мажид жаноблари билан учрашдилар.

Учрашув ва давра суҳбатлари жараёнида АҚШ томонига Ўзбекистонда халқаро инсон ҳуқуқлари нормаларига амал қилиш, диндорлар, жумладан диний озчиликларнинг виждон эркинликларини тўла таъминлаш бўйича Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида аниқ мисолларга асосланган маълумотлар баён қилинди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолиятлари тақдимоти ўтказилди.

АҚШ ташқи сиёсатининг шаклланишида муҳим ўрин тутувчи доиралар вакиллари, сенаторлар Блаумбэрг ва Келли, Конгресс аъзолари, АҚШ Тинчлик институти директори ҳамда диний ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан сўнгги икки ярим йил ичида диний эркинликларни таъминлаш бўйича амалга оширилган ижобий ишлар юқори баҳоланди.

АҚШ мусулмонлари вакиллари ва уларнинг етакчилари Имом Толиб Шариф, Имом Муҳаммад билан учрашувлар самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтказилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тақдимоти Америка мусулмонларида катта қизиқиш уйғотди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида ушбу мамлакат мусулмонларидан дастлабки гуруҳи Ўзбекистонга зиёрат сафарини уюштириши тўғрисида келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказилаётган “Ойлар султони – Рамазон!” танловига шу кунга қадар 50 дан зиёд мақола келиб тушди. Ушбу танлов Рамазон ойининг фазилатларини мўмин-мусулмонларга янада батафсилроқ етказиш ва Ислом маърифатини кенг улашиш мақсадида, Muslim.uz порталида ташкил этилди.

Шу кунга қадар бир нечта қалами ўткир журналистлар, эркин ижодкорлар, диний соҳа ходимлари ва талабалар томонидан ўзларининг ижод маҳсулларини ушбу танловда иштирок этиш учун йўллашди. Танлов ҳайъати томонидан белгиланган шартларга жавоб берган мақолалар, muslim.uz сайтида эълон қилинди.

Сиз ҳам ўз имкониятларингизни синаб кўринг, мусобақа 2019 йил 5 июнгача давом этади. Танлов шартлари ва ғолибларга бериладиган мукофотлар билан қуйидаги линкда танишишингиз мумкин.

http://muslim.uz/index.php/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/14306

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top