muslim.uz

muslim.uz

"Ҳазрати Али" жоме масжиди имом-хатиби

Салоҳиддин домла Шарипов

Бугун, 4 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳридаги Ҳастимом даҳасида жойлашган "Ҳазрати Имом" жомесига жума намозига келган минг-минглаб мўмин-мусулмонларга “Ҳалол савдо – барака омили” мавзусида мавъиза қилиб бердилар.

 

Муфтий ҳазратлари динимизда савдо-сотиқда ҳалол бўлишга тарғиб қилиниб, ростгўй ва ҳалол савдогарларга юксак мартабалар ваъда қилингани ҳақида сўзлаб, жумладан бундай дедилар: 

 

– Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўй савдогар Қиёмат кунида аршнинг соясидадир” (Имом Дайламий ривоятлари), деганлар. Яна бир машҳур ҳадисда бундай марҳамат қилганлар: “Ростгўй, омонатдор тижоратчи одам набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир” (Имом Термизий ривоятлари). Савдогар киши мана шундай улуғ мақомга эришиши учун ушбу касбнинг шаръий қоидаларига амал қилиши билан биргаликда ростгўйликни ўзига дастури амал қилиб олиши лозим. 

 

Гўзал ва манфаатли мавъиза якунида хайрли дуолар қилинди. 

 

Ташриф ва жума мавъизаси ижтимоий тармоқларимиз орқали онлайн узатилди. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Иймон луғатда тасдиқдан иборат эканига Абу Ҳанифа ва асҳобларининг далиллари қуйидагилардир:

Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг акалари тилидан:

"Агар ростгўй бўлсак ҳам, сен бизга ишонмассан", деган (Юсуф сураси, 17-оят).

"Аллоҳни очиқ-равшан кўрмагунимизча сенга иймон келтирмаймиз", деган (Бақара сураси, 55-оят).

Яъни сенга ишонмаймиз, сени тасдиқламаймиз, дегани.

Аллоҳ бошқа оятда:

"Бас, унга Лут иймон келтирди", деган (Анкабут сураси, 26-оят).

Яъни Лут Иброҳимни тасдиқлади, дегани. Чунки Лут аслида бундан олдин ҳам пайғамбар ва мўмин бўлган.

Аллоҳ таоло шунингдек:

"...қалби иймон ила ором топа туриб, зўрланганлар бундан мустасно...", деган (Наҳл сураси, 106-оят).

"Қалби, тили ва аъзолари иймон-ла ором топа туриб", демади.

Бошқа бир оятда эса:

"Ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ", деган (Ҳужурот сураси, 14-оят).

Аллоҳ таоло:

"Албатта, иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган" (Бақара сураси, 277-оят) каби кўплаб оятларда иймон билан амални алоҳида-алоҳида зикр қилган. Ўтган баҳслардан маълум бўладики, агар амал иймоннинг ҳақиқий жузъи бўлса, амал йўқ бўлганда, иймон ҳам йўқ бўлиши лозим бўлади. Чунки бир нарсанинг бир жузъи йўқ бўлиши унинг ҳаммасининг йўқ бўлишидир.

 

"Ақийдатут-Таҳовия" шарҳининг талхийси, китобидан

Бухорода ўтказилаётган “Халқаро зиёрат туризми ҳафталиги” доирасида араб тили ва ислом хаттотлик санъатидан сабоқ берадиган “Aл-манар” марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Форум иштирокчилари марказ билан яқиндан танишиб, “Ислом хаттотлиги” кўргазмасини томоша қилишди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар қилган.
Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ҳам иштирок этди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Умавийлар, кейинроқ аббосийлар даврида саҳоба ва тобеинларнинг даъвати натижасида Андалус, Марокаш ва Шимолий Африкадан кўплаб араб тили ва қироат билимдонлари етишиб чиқди. Андалусий, Тамимий, Шотибий, Мағрибий, Қуртубий каби уламолар орасида мағриблик қорилар устози Абулқосим Ҳузалий ҳам бор. Ҳузалий раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 395 йили Марокашнинг Баскар шаҳарчасида туғилди.


Ҳофиз Имом Заҳабий “Маърифатул қурро…” асарида у ҳақда маълумот беради: “Абулқосим Ҳузалий буюк устоз, сайёҳ, қори, юрт кезувчи, қироатлар талабида дунёни айланиб чиққан олимлардан биридир. Асл исми Юсуф ибн Али Жубора Мағрибий Баскарий. Олим олис Мағрибдан Узоқ Шарқдаги турк юртларигача сафар қилди. Унинг саёҳатлари ҳижрий 425 йилда бошланди. У илк қироат устозлари Зайдий, Аҳвазий, Исмоил Ҳаддод, Маҳдий ибн Тарора, Абул Аъло Воситий, Коразиний каби Миср ва Шом диёри қориларидан ижоза олди”.


Ўн хил қироатни илмий асослаб берган олим Ибн Жазарий бундай дейди: “Абулқосим Ҳузалий қироатларни ўрганиш учун юртлар кезди. Мен бу уммат орасида қироат олимларини излаб, у каби сафар қилган, унингдек кўп шайхлар ҳузурига борган бирор кишини билмайман”. Ҳузалий ўзининг қироат илмига оид “Ал-Комил” китобида бундай дейди: “Бу илм (қироат илми) борасида ҳузурига борган шайхларим сони уч юз олтмиш беш нафардир. Уларнинг олдига бориш учун Мағрибнинг энг узоқ жойларидан то Шарқнинг Фарғона шаҳарларигача бўлган ҳудудларни босиб ўтдим. Ислом диёрларида қироат илмида мендан устун бирор кишини эшитсам, тезда унинг олдига борардим”.


Ҳузалий раҳимаҳуллоҳ қироат билан бирга наҳв ва сарф илмини ҳам яхши ўзлаштирган эди. Умрининг сўнгги даврида Нишопурдаги “Низомулмулк” мадрасасида талабаларга сабоқ берди. Ҳузалий эътироф этишича, узоқ сафарлари давомида у Мовароуннаҳр ўлкаларида ҳам бўлган. Диёрларимизнинг етук қироат устозларидан таълим ва ижоза олган. Жумладан, Самарқандда: Самъон Қубодий, Аҳмад Саккок, Наср ибн Наср Ҳаддод; Журжонда: Ҳассон ибн Маккийя; Бухорода: Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Нужобозий кабилардан дарс олган.
Олимнинг бу каби эътирофларидан маълум бўладики, милодий XI аср бошларида юртимизнинг Бухоро, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида қорилар, қироат илми олимлари кўп ва машҳур бўлган. Ҳатто узоқ ғарб юртларидан ҳам толиби илмлар улардан ўрганишга интилишган.

Ҳасанхон СЎФИХОНОВ,
Шайхонтоҳур тумани “Султон Ҳожи” масжиди имом ноиби

“Ислом нури” газетасидан

Мақолалар

Top