muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти "Экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги" қонунни имзолади. Бу ҳақда xs.uz интернет нашри хабар берди.

Унга кўра, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллашга ва унинг ваколатларини ўзлаштириб олишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаcи экстремизм саналади.

Қонуннинг яна бир жиҳати шундаки, Ўзбекистон Республикасида ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш суд тартибида амалга оширилади.

Ташкилот, агар унинг таркибий тузилмаларидан ҳеч бўлмаса биттаси (бўлинмаси, филиали ва ваколатхонаси) экстремистик фаолиятни амалга ошираётган бўлса, экстремистик ташкилот деб топилади.

Ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш тўғрисидаги ариза Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади.

Қайси ташкилотларга нисбатан суднинг уларни экстремистик ташкилот деб топиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уларнинг фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори мавжуд бўлса, ўша ташкилотларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Олий судининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозим.

Бу қоиданинг эътиборли жиҳати шундаки, шу пайтга қадар экстремистик ташкилотлар рўйхатини кўпчилик билмас эди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Бугун, 31 июль куни Фарғона вилояти вакиллигида вилоят масжидлари имом-хатибларининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари иштирок этди.
Йиғилиш танқидий ва таҳлилий руҳда ўтди. Унда масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти ва диний-маърифий йўналишдаги қилинаётган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда ғоявий таҳдидларга қарши курашиш, нохолис хабарларга ўз вақтида, муносиб жавоб қайтариш ва юртимиздаги диний-маърифий ислоҳотларни нотўғри талқин қилишга йўл қўймаслик, уларни тўғри тушунтириш каби йўналишларда муҳим тавсиялар берилди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан замон билан ҳамнафас яшаш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва аҳоли имон-эътиқодини мустаҳкамлаш йўлида имом-домлаларни доимо фаолликка, ташаббус кўрсатишга даъват этилаётганларига алоҳида урғу қаратилди.

Юртимизда кечаётган жараёнлар, ислоҳотлар барча соҳа вакилларидан тезкорликни, меҳнатсеварликни, ўз ишига нисбатан фидокорликни талаб қилмоқда. Жумладан, бугунги ислоҳотлар имом-хатиблардан ҳам тезкор жараёнлардан ортда қолмасликни, замон билан ҳамнафас яшаш ва ишлашни тақозо этмоқда. Имом-домлаларимизнинг фаолият қамрови кенгайганини инобатга олсак, энди улар фақат масжидда ибодатларни адо этиб берувчи пешво ёки маърака-маросимларни ўтказиб берувчи мутасадди эмас, балки халқнинг дарду ташвишидан хабардор, уларни қийнаётган муаммоларни ўрнида ечишга кўмаклашувчи, инсонларни эзгуликка тарғиб қилиб, ёмонликдан қайтарувчи, чин маънода одамларнинг суянчиғи бўлиши лозимлиги ушбу йиғилишда таъкидланди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакили вазифасини бажарувчи Абдуллаев Убайдулло ўз хоҳишига кўра, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида кўп йиллардан буён меҳнат қилаётган Қодиров Салимжон Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимларига тайинланди.
Масжидлар имом-хатиблари янги бош имом-хатиб атрофида жипслашиб, Ислом дини таълимотларини тарғиб қилиш, ислоҳотларни аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ва мамлакатимиз барқарорлиги йўлида бир тану бир жон бўлиб хизмат қилишларини изҳор қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда
қабул қилинган
Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда
маъқулланган


1-боб. Умумий қоидалар 
 
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади 
 
Ушбу Қонуннинг мақсади экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. 
 
2-модда. Экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
 
Экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир. 
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади. 
 
3-модда. Асосий тушунчалар
 
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: 
экстремизм –ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллашга ва унинг ваколатларини ўзлаштириб олишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаcи; 
 
экстремистик фаолият –қуйидагиларга: 
Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми асосларини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузишга; 
ҳокимият ваколатларини эгаллашга ёки ўзлаштиришга; 
қонунга хилоф қуролли тузилмалар тузишга ёки уларда иштирок этишга; 
террорчилик фаолиятини амалга оширишга; 
зўрлик ёки зўрлик ишлатишга ошкора даъват қилиш билан боғлиқ ҳолда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга; 
жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишга, шунингдек экстремистик ташкилотларнинг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишга; 
бирор-бир ижтимоий гуруҳга нисбатан сиёсий, мафкуравий, ирқий, миллий, этник ёки диний адоват ёхуд душманлик сабабли оммавий тартибсизликларни амалга оширишга; 
ушбу модданинг тўртинчи – ўнинчи хатбошиларида кўрсатиб ўтилган ҳаракатларни амалга ошириш учун ошкора даъват қилишга қаратилган ҳаракатларни режалаштиришга, ташкил этишга, тайёрлашга 
ёки содир этишга доир фаолият; 
экстремизмни молиялаштириш – экстремистик фаолиятнинг мавжуд бўлишини ва фаолият кўрсатишини, шахсларнинг экстремистик фаолиятда иштирок этиш учун хорижга чиқиб кетишини ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ҳаракатланишини таъминлашга, экстремистик ташкилотларга ёхуд экстремистик фаолиятга кўмаклашаётган ёки бундай фаолиятда иштирок этаётган шахсларга бевосита ёки билвосита ҳар қандай маблағларни, ресурсларни беришга ёхуд йиғишга, бошқа хизматлар кўрсатишга қаратилган фаолият; 
экстремист –экстремистик фаолиятни амалга оширишда иштирок этаётган, шунингдек экстремистик фаолиятда иштирок этиш 
учун хорижга чиқиб кетишни ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали ҳаракатланишни амалга оширган шахс; 
экстремистик гуруҳ – олдиндан тил бириктириб экстремистик фаолиятни амалга ошираётган ёки уни содир этишга суиқасд қилаётган икки ёки ундан ортиқ шахс; 
экстремистик материал – экстремистик фаолиятни амалга оширишга ошкора даъват қиладиган ёхуд шундай фаолиятни амалга ошириш зарурлигини асослаб берадиган ёки ошкора оқлайдиган, тарқатиш учун мўлжалланган ҳужжат ёки ҳар қандай воситадаги бошқа ахборот; 
экстремистик ташкилот – экстремистик фаолиятни амалга оширганлиги туфайли ўзига нисбатан фаолиятини тугатиш ёки тақиқлаш тўғрисида суднинг қонунда назарда тутилган асослар бўйича қонуний кучга кирган қарори қабул қилинган ташкилот. 
 
4-модда. Экстремизмга қарши курашишнинг асосий принциплари
 
Экстремизмга қарши курашишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: 
қонунийлик; 
инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги; 
ошкоралик; 
жавобгарликнинг муқаррарлиги. 
 
5-модда. Экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари
 
Экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат: 
экстремизмнинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладанаҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, шунингдек унинг юзага келишига имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш; 
экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ўз вақтидааниқлаш 
ва уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш, шунингдек жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш; 
экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик. 
 
6-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экстремистик фаолиятни тақиқлаш
 
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидагилар тақиқланади: 
экстремистик фаолиятнинг ҳар қандай кўринишлари; 
юридик шахслар ташкил этилганда уларни экстремистик ташкилотларнинг номи билан адаштириб юбориш даражасида 
бир хил ёки ўхшаш бўлган белгиларни ўз ичига олган номлардан фойдаланиш. 
 
2-боб. Экстремизмга қарши курашиш чора-тадбирлари 
 
7-модда. Экстремизмнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар
 
Экстремизмнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат: 
 
аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш; 
экстремистик фаолиятни амалга оширишга йўл қўймаслик тўғрисида расмий огоҳлантириш чиқариш; 
юридик шахс томонидан экстремистик фаолият амалга оширилишига йўл қўймаслик тўғрисида тақдимнома киритиш; 
экстремистик материалларни олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этишни тақиқлаш; 
экстремизмни молиялаштиришнитақиқлаш; 
юридик шахснинг фаолиятини тўхтатиб туриш; 
ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш. 
Экстремизмнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши мумкин. 
 
8-модда. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш
 
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади: 
тушунтириш ишларини олиб бориш; 
ҳуқуқий тарбия ва таълимни ташкил этиш; 
экстремизмга қарши курашиш масалалари бўйича ўқув-услубий ва илмий адабиётларни ишлаб чиқиш; 
маданий анъаналарни, маънавий, ахлоқий ва ватанпарварлик руҳидаги тарбияни мустаҳкамлаш; 
илмий-амалий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш; 
экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ҳисобга олган ҳолда таълим дастурларини такомиллаштириш. 
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа йўллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин. 
 
9-модда. Экстремистик фаолиятни амалга оширишга йўл қўймаслик тўғрисидаги расмий огоҳлантириш
 
Экстремистик фаолият белгиларини ўз ичига олган, тайёрланаётган ғайриқонуний ҳаракатлар тўғрисида етарлича ва аввалдан тасдиқланган маълумотлар мавжуд бўлган ҳамда жавобгарликка тортиш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органининг мансабдор шахси экстремизмнинг юзага келишига йўл қўяётган мансабдор шахсларга ва жисмоний шахсларга бундай фаолиятга йўл қўймаслик тўғрисида ёзма шаклда расмий огоҳлантириш чиқаради, огоҳлантиришда уни чиқаришнинг аниқ асослари кўрсатилади.
 
Расмий огоҳлантириш эълон қилинган шахс ундан норози бўлган тақдирда,экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи тегишли давлат органининг юқори турувчи мансабдор шахсига ёки судга ушбу огоҳлантириш устидан шикоят қилишга ҳақли. 
 
10-модда. Юридик шахс томонидан экстремистик фаолият амалга оширилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги тақдимнома
 
Юридик шахс томонидан унинг фаолиятида экстремизм белгилари мавжудлиги тўғрисида далолат берувчи қонун бузилиши содир этилган тақдирда, прокурор ёки экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органинингбошқа мансабдор шахси мазкур юридик шахснинг мансабдор шахсига кўрсатиб ўтилган қонунбузарликларга йўл қўймаслик тўғрисида тақдимнома киритади ва уларни бартараф этиш учун муддат белгилайди. Агар ушбу қонунбузарликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаса, шунингдек тақдимнома киритилган кундан эътиборан бир йил ичида экстремизм белгилари мавжудлиги ҳақида далолат берувчи янги фактлар аниқланса, прокурорнинг ёки экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органи бошқа мансабдор шахсининг тақдимномасига асосан юридик шахснинг фаолияти олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб турилади ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарори билан тақиқланади. 
Экстремистик фаолият амалга оширилишига йўл қўймаслик тўғрисида ўзига тақдимнома киритилган шахс ундан норози бўлган тақдирда, экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юқори турувчи давлат органига, унинг мансабдор шахсига ёки судга ушбу тақдимнома устидан шикоят қилишга ҳақли. 
 
11-модда. Экстремистик материалларни олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этишни тақиқлаш
 
Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига экстремистик материалларни, экстремистик ташкилотларнинг атрибутлари ва рамзий белгиларини олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этиш, шунингдек уларни оммавий ахборот воситаларида ёхуд телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланади. 
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган, тайёрланаётган, сақланаётган, тарқатилаётган ва намойиш этилаётган, шунингдек оммавий ахборот воситаларида ёки телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатилаётган ва намойиш этилаётган материаллар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда экстремистик материаллар деб топилади. 
Экстремистик материаллар, экстремистик ташкилотларнинг атрибутлари ва рамзий белгилари белгиланган тартибда йўқ қилиниши ёки олиб ташланиши керак. Оммавий ахборот воситаларида ёхуд телекоммуникациялар тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган экстремистик материалларни, экстремистик ташкилотларнинг атрибутлари ва рамзий белгиларини йўқ қилиш ёки олиб ташлаш имкони бўлмаганда улардан фойдаланиш чекланади. 
Экстремизмга қарши курашишбўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органининг экстремистик материалларни йўқ қилиш, олиб ташлаш ёки улардан фойдаланишни чеклаш тўғрисидаги талабининг телекоммуникация тармоқларига ва Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш бўйича хизматлар тақдим этувчи шахс томонидан бажарилмаганлиги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади. 
 
12-модда. Экстремизмни молиялаштиришни тақиқлаш
 
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экстремизмни молиялаштириш тақиқланади. 
Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар экстремизмни молиялаштиришга йўл қўймаслик мақсадида пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операциялар назоратини, ички назоратни амалга оширади ҳамда тегишли тарзда текшириш чораларини кўради. 
Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар зудлик билан ва олдиндан хабардор қилмаган ҳолда экстремистик фаолиятга алоқадор шахсларнинг операциясини, бундан юридик ёки жисмоний шахснинг ҳисоб рақамига келиб тушган пул маблағларини ўтказишга доир операциялар мустасно, тўхтатиб туриши ва (ёки) пул маблағларини ёхуд бошқа мол-мулкини музлатиб қўйиши шарт. 
 
Экстремистик фаолиятга алоқадор шахсларнинг операцияларини тўхтатиб туриш, пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини музлатиб қўйиш,шахсларнинг операцияларини тиклаш, музлатиб қўйилган пул маблағларидан ёки бошқамол-мулкидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан келишган ҳолда белгиланади. 
 
13-модда. Юридик шахснинг фаолиятини тўхтатиб туриш
 
Юридик шахс экстремистик фаолиятга алоқадор бўлган тақдирда, унинг фаолияти экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органининг аризасига кўра суднинг қарори билан тўхтатиб турилади. 
Суднинг юридик шахс фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин. 
Сиёсий партиялар фаолиятини тўхтатиб туриш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. 
Экстремистик фаолиятга алоқадорлиги муносабати билан фаолияти тўхтатиб турилган юридик шахсларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Олий судининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади. 
 
14-модда. Ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш
 
Ўзбекистон Республикасида ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш суд тартибида амалга оширилади. 
Ташкилот, агар унинг таркибий тузилмаларидан ҳеч бўлмаса биттаси (бўлинмаси, филиали ва ваколатхонаси) экстремистик фаолиятни амалга ошираётган бўлса, экстремистик ташкилот деб топилади. 
Ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш тўғрисидаги ариза Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига берилади. 
Қайси ташкилотларга нисбатан суднинг уларни экстремистик ташкилот деб топиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уларнинг фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори мавжуд бўлса, ўша ташкилотларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Олий судининг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши лозим. 
 
3-боб. Экстремизмга қарши курашиш субъектлари
 
15-модда. Экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари 
 
Экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати; 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси; 
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги; 
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги; 
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси; 
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти. 
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи давлат органлари ҳамда бошқа субъектлар фаолиятини мувофиқлаштиради. 
Ушбу моддада кўрсатилган давлат органлари экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонун ҳужжатларида берилган ўз ваколатлари доирасида амалга оширади. 
 
16-модда. Экстремизмга қарши курашишга доир тадбирларда бошқа давлат органларининг, ўзга субъектларнинг иштирок этиши 
 
Ушбу Қонуннинг 15-моддасида кўрсатилмаган давлат органлари, бошқа ташкилотлар ва фуқаролар экстремизмга қарши курашишга доир тадбирларда ўз ваколатлари доирасида ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иштирок этади. 
 
4-боб. Экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлик 
 
17-модда. Жисмоний шахсларнинг экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлиги
 
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.
 
Шахс экстремистик фаолиятда иштирок этишни ўз ихтиёри билан рад этган, бу ҳақда тегишли давлат органларига хабар берган ҳамда оғир оқибатлар юзага келишининг ва экстремистларнинг мақсадлари амалга оширилишининг олдини олишга фаол кўмаклашган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликдан озод этилади. 
 
18-модда. Ташкилотларнинг экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлиги
 
Ташкилотлар экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун тугатилади, уларнинг фаолияти эса тақиқланади. 
Ташкилотни тугатиш суднинг қарори асосидаамалга оширилади. 
Экстремистик ташкилот деб топилган ташкилот тугатилганда унга тегишли мол-мулк мусодара қилинади ҳамда давлат мулкига ўтказилади. 
 
19-модда. Минтақавий, халқаро ёки хорижий ташкилотларнинг экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлиги 
 
Ўзбекистон Республикасидан ташқарида рўйхатга олинган минтақавий, халқаро ёки хорижий ташкилот (унинг бўлинмаси, филиали, ваколатхонаси) Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан экстремистик ташкилот деб топилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мазкур ташкилотнинг (унинг бўлинмаси, филиали, ваколатхонасининг) фаолияти тақиқланади ҳамда бу ташкилот (унинг бўлинмаси, филиали, ваколатхонаси) тугатилади, унга (унинг бўлинмасига, филиалига, ваколатхонасига) тегишли бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган мол-мулк эса мусодара қилинади ҳамда давлат мулкига ўтказилади. 
Минтақавий, халқаро ёки хорижий ташкилотнинг (унинг бўлинмаси, филиали, ваколатхонасининг) фаолиятини тақиқлаш: 
белгиланган тартибда аккредитацияни бекор қилишга; 
чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мазкур ташкилот вакиллари сифатида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлишини тақиқлашга; 
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳар қандай молия-хўжалик фаолиятини ёки бошқа фаолиятни юритишни тақиқлашга; 
оммавий ахборот воситаларида ушбу ташкилот номидан ҳар қандай материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эълон қилишни тақиқлашга; 
тақиқланган ташкилотнинг материалларини, шунингдек унинг материалларини ўз ичига олган ахборот маҳсулотини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатишни тақиқлашга; 
оммавий тадбирлар ўтказишни, шунингдек уларда тақиқланган ташкилот вакилларининг иштирок этишини тақиқлашга сабаб бўлади. 
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий судининг минтақавий, халқаро ёки хорижий ташкилотни (унинг бўлинмаси, филиали, ваколатхонасини) экстремистик ташкилот деб топиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида унинг фаолиятини тақиқлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган бундай ташкилотнинг бўлинмаси, филиали, ваколатхонаси фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қарори кўчирма нусхасини олган кундан эътиборан тегишли чет давлатни бу ҳақда тақиқ сабаблари ва тақиқ билан боғлиқ оқибатларни кўрсатган ҳолда дипломатик каналлар орқали белгиланган тартибда хабардор қилади. 
 
5-боб. Якунловчи қоидалар
 
20-модда. Ўзбекистон Республикасининг экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги
 
Экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади. 
Экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари чет давлатларнинг ваколатли органларига белгиланган тартибда зарур ахборотни тақдим этиш тўғрисида сўровлар юбориш ва уларнинг сўровларига жавоб бериш, шунингдек бошқа ҳамкорликни амалга ошириш ҳуқуқига эга. 
 
21-модда. Экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик 
 
Экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади. 
 
22-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
 
Экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин. 
 
23-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси: 
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин; 
Давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
 
24-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
 
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. 

Ўзбекистон Республикасининг
         Президенти                                                                      Ш. Мирзиёев

Жорий йилнинг 29 июль кунидан бошлаб "Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси “Ҳаж-2018” мавсуми муносабати билан рейсларни йўлга қўйди.

Зиёратчилар жорий йилда бўладиган “Ҳаж-2018” амалларини бажариш учун Саудия Арабистонига Boeing-767 самолётларини бориб келишлари айтилди.

Ўзбекистонлик 7200 нафар зиёратчиларнинг Ҳаж амалларини бажаришлари учун пойтахт Тошкент шаҳри, Наманган, Самарқанд, Қарши ва Бухоро аэропортларидан 32 маротаба қатновлар амалга оширилади. Бу ҳақда МАК Матбуот хизмати хабар берди.

Зиёратчиларни 27 августдан 14 сентябрга қадар муддатда Жидда шаҳридан амалга ошириладиган авиақатновлар орқали юртимизга олиб келиш режалаштирилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Дунёдаги энг чуқур ва чучук сувли кўл — Байкал кўлидир. Бу кўл Россиянинг Шарқий Сибир минтақасида, Бурятия Республикаси билан Иркутск вилояти орасида жойлашган бўлиб, харитадан Россия ҳудудидаги ойсимон тизилган Байкални қийналмай топа оламиз.

Байкал дунёдаги энг чуқур кўл бўлиб, унинг чуқурлиги 1642 метрга етади.

Кўлнинг майдони 31,5 минг кв км, узунлиги 636 км.га чўзилган. Байкалнинг ўзи сувга ва балиққа бой. У ўзининг чуқурлиги, сувининг кўплиги, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг хилма-хиллиги билан машҳур. Кўл сувининг хажми 23 минг кубкилометр бўлиб, Орол денгизиникидан 23 марта, Азов денгизиникидан 92 марта кўпдир. Кўлга Селенга, Юқори Ангара, Баргузин, Турка, Снежная, Кичера, Бугулдейка каби жами 336 дарё қуйилади ва фақат бир дарё – Ангара оқиб чиқади, холос.

Байкал кўлининг машҳур текширувчиси Г.Ю. Верешчагиннинг ҳисоблашича, агар кўлга ҳеч қандай дарё қуйилмай турган тақдирда ҳам Ангара Байкалнинг сувини қуритиш учун 400 йил оқиши керак экан.

Байкал сувининг таъми жуда мазали. Бунинг сабаби сув тозалиги билан бир қаторда таркибида минераллар ҳам кам.

Кўлда ўсимликларнинг 850, ҳайвонларнинг эса 1400 тури мавжуд. У ердаги ўсимликларнинг 133 тури, ҳайвонларнинг эса 848 тури дунёнинг бошқа жойларида учрамайди. Баъзи тирик организмлар дунёнинг бошқа ҳеч бир кўлида йўқ. Байкал кўҳна мавжудотларнинг табиат музейи деб аталиши ҳам бежиз эмас. Бу ерга туб ҳайвонлар – эндемикалар келганига беш миллион йилдан ошган.

Ер шаридаги жами чучук сув захирасининг 22 фоизини шу кўл суви ташкил этади. Шунча миқдордаги ичишга яроқли сувнинг бир жойга тўпланиши Аллоҳнинг улкан неъматларидандир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاء الَّذِي تَشْرَبُونَ أَأَنتُمْ أَنزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنزِلُونَ لَوْ نَشَاء جَعَلْنَاهُ أُجَاجاً فَلَوْلَا تَشْكُرُونَ

“Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! Уни булутлардан сиз туширасизми ёки Биз тушурувчимизми? Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи!” (Воқеа сураси, 68-70-оятлар).

Ҳа, азизлар! Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилсак ва улардан оқилона фойдалансак, Роббимиз бу неъматларни яна ҳам зиёда қилади.

Қиш фаслида, аниқроғи, январдан майгача Байкал тўла музлайди. Фақат Ангара дарёсига яқин 15-20 км атрофидаги жойи музламайди.

Қишнинг охирларига бориб, музнинг қалинлиги кўл ўрталарида 1 метр, қўлтиқларда 1 ярим ва 2 метргача етади. Кўлнинг музи феруза рангда товланади.

 

Интернет  маълумотлари асосида

Нозимжон ИМИНЖОНОВ

 тайёрлади

Мақолалар

Top