muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 19 октябрь куни эрта тонгда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Миср сафарини якунлаб, Боку сафарини бошладилар.  

Ҳайдар Алиев номидаги Боку халқаро аэропортида Ўзбекистон делегацияси аъзоларини Кавказ мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Салмон Мусаев, Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчиси Баҳром Ашрафхонов ва бошқалар кутиб олишди. 

Ташриф доирасида Муфтий ҳазратлари Туркий давлатлар ташкилоти Муфтийлар кенгашининг III-йиғилишида нутқ қиладилар ва туркий халқлар мўмин-мусулмонлари учун муҳим бўлган қатор масалаларни муҳокама этиш режа қилинган.

Шунингдек, Озарбайжоннинг муборак қадамжоларини зиёрат қилиш, Диний пешволарнинг икки томонлама учрашувлари, мамлакатнинг тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишиш ҳам ташриф дастуридан ўрин олган.  

Сафар жараёнлари, йиғилишда муҳокама этилган мавзулар ҳақидаги сўнгги маълумотлар сайт ва ижтимоий тармоқларимиз орқали ёритиб борилади.

Аллоҳ таоло муфтий ҳазратларининг ушбу сафарларини хайрли, мамлакатимиз ва бутун мусулмон уммати учун манфаатли бўлишини насиб этсин!  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Шу йил 17-18 октябрь кунлари Қоҳирада ўтказилган халқаро анжуман доирасида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Миср Араб Республикаси муфтийси Шавқий Иброҳим Аллом жаноблари билан учрашув ўтказдилар. Унда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев, Миср Араб Республикаси муфтийлиги вакиллари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Самимий мулоқот чоғида Шавқий Аллом ҳазратлари Муфтий Нуриддин домла ҳазратларига нуфузли анжумандаги фаол иштироклари учун миннатдорчилик билдириб, у киши томонидан халқаро анжуманда билдирилган муҳим масала ва таклифлар эътирофга лойиқ эканини изҳор қилди.

Ўз навбатида Муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ҳам Миср муфтийси Шавқий Аллом жанобларига халқаро анжуманга таклиф этганлари ва унинг юқори даражада ташкил қилгани учун ташаккур айтдилар.

Сермазмун учрашув чоғида икки давлат муфтийлари Миср ва Ўзбекистон қадимдан Ислом дини марказлари бўлгани, бу диёрлардан етишиб чиққан алломалар, хусусан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Косоний ва «Соҳиби Ҳидоя» Бурҳониддин Марғиноний каби мутафаккирларнинг бутун дунёда Исломнинг ёйилиши ва ривожига муносиб ҳисса қўшганлари, бу қадим анъана бугунги кунда ҳам давом этаётганини таъкидладилар.

Хусусан, Ўзбекистон ва Миср давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари, диний-маърифий соҳага қаратаётган алоҳида эътиборлари натижасида икки давлат диний идоралари бутун дунё Ислом олами мамлакатлари учун бугунги куннинг долзарб мавзуларига бағишланган мана шундай халқаро анжуманлар ўтказаётганларини қайд этдилар.

Учрашувда Мисрдаги Дорул Ифто ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, хусусан, мутахассислар касб-маҳоратини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликда анжуманлар ўтказиш ҳамда долзарб мавзуларда замонавий фатволар ишлаб чиқиш каби муҳим масалаларга алоҳида диққат қилинди.

Учрашув дўстон ва самимий руҳда ўтди.

  Сизларга маълумки шу йилнинг 12 октябрида ал-Кувайт шаҳрида XI халқаро Қуръони карим мусобақаси бошланди. Мазкур мусобақада 70 мамлакат вакилларидан иборат 130 дан ортиқ қорилар рақобатлашмоқда. Мусобақа 19 октябрь куни якунига етади ва у қуйидаги йўналишларда ўтказилмоқда:

  • Қуръони каримни ўн хил қироатда мукаммал ёддан ўқиб бериш.
  • Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида тўлиқ ёддан ўқиш.
  • Қуръони каримни машҳур қорилар услубида чиройли тиловат қилиб бериш.
  • Ёш қорилар ўртасида Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида тўлиқ ёддан ўқиш.
  • Қуръони каримни ўргатишга хизмат қилишга энг яхши техник лойиҳани тақдим этиш.

     Ушбу нуфузли мусобақада вакилларимиз Тошкент шаҳридаги “Эшон Бобохон” жоме масжиди имом ноиби Муҳаммадий қори Абдураҳимов тажвид асосида машҳур қорилар услубида тиловат қилиш ва  “Кўкалдош” ислом билим юрти талабаси Абдулқодир қори Аҳмедов Қуръони каримни тажвид қоидаси асосидан тўлиқ ёддан ўқиб бериш бўйича қатнашиб, саралаш босқичидаги навбатига кўра ҳакамлар томонидан берилган саволларга жавоб беришди.

     Яратган парвардигордан иккала қоримизга ушба нуфузли халқаро мусобақада муваффақиятлар ва зафарлар ато этишини сўраб қоламиз.

 

Халқаро алоқалар бўлими ходими  

Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.

samedi, 15 octobre 2022 00:00

Боғийлар кимлар?

Шариатда раҳбар ва ишбошига қарши чиққанлар “боғийлар” дейилади. Бу сўз араб тилидан таржима қилинса, зулм қилувчи, душманлик қилувчи, тажовузкор маъноларини англатади. Шаръий маъносини уламолар: “Боғий - бирор таъвил (сўз ёки феълдан кўзланган махфий мақсадни ўз фикри билан изоҳлаб бериш)га кўра, мусулмонлар орасида адолатли бошлиққа қарши чиқувчи қуролли тоифадир”, дея таърифлайди. 

Ислом динида боғийлик қилиш қаттиқ қораланган. Мўмин киши уларга қарши курашда ўз бошлиқларига ёрдам бериши лозим. Боғийларга қарши курашда ўлдирилган мусулмон шаҳид ҳисобланади. Боғийларга эса жаноза ўқилмайди. Бу ҳақда Бурҳониддин Марғиноний бундай дейди: “Ҳукуматга қарши боғийлик ва йўлтўсар (қароқчи)лик қилганлар ўлдирилса, уларга жаноза ўқилмайди. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) боғийларга жаноза ўқимаган эдилар”.

Агар боғийлар тавба қилишса, кечирилади. Уларга қарши курашишдан олдин ҳукумат сабабларини сўраб, ёмон йўлларидан қайтиб, итоатли бўлишни таклиф қилади. Улар талаб қилишаётган иш жамият манфаатига зид бўлмаса, кўриб чиқилади.

Аллоҳ таоло урушаётган икки томоннинг ўртасини ислоҳ қилишга буюрди:

“Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, уларнинг ўрталарини ислоҳ қилинг.. ”(Ҳужурот, 9).

Боғийларга қарши курашишдан мақсад, аввало, уларни итоатли бўлишга чақириш ва тўғри йўлга бошлашдир. Шунинг учун раҳбар уларга қарши уруш очишдан олдин ҳақ йўл­га чақиради.

Боғийларга ёрдам бериш, уларга қурол-яроғ сотиш ҳам мумкин эмас. Уламолар боғий ва фитначиларга қурол-аслаҳа сотиш харом дейишган. Чунки улар қуроллар билан одил ҳукуматга қарши исён кўтаради. Имом Аҳмад: “Расулуллох, (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фитна вақтида қурол сотишдан қайтарганлар”, дейди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!”(Моида, 2).

Тарихдан маълум, подшоҳ ё бошлиққа қарши чиққан кишиларнинг ҳаракати натижасида зарарлар, фитна-фасотлар кўпайган. Масалан, хаворижлар фиркасининг хатти-ҳаракатлари оқибатида мусулмонларга катта зиён етди.

 “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай ва саллам)нинг муборак васиятлари”

китобидан Зайниддин Эшонқулов тайёрлади.

Иордания фатво ташкилоти  (Доиратул-ифто ал-урдунийя) томонидан Wi-Fi тармоғидан эгасининг рухсатисиз фойдаланишга оид саволга ойдинлик киритилди. Унда таъкидланишича, мазкур фатво ташкилотига қуйидагича савол келиб тушган: 

Савол: Симсиз интернет (Wi-Fi) тармоғидан эгасининг рухсатисиз фойдаланишнинг ҳукми нима? Ушбу тармоқдан юклаб олинган файллардан фойдаланиш ҳаром ҳисобланиб, уни ўчириб юборилиши керакми?

Ушбу саволга Иордания фатво ҳайъати уламолари шундай жавоб беришган:

Жавоб: Aллоҳга ҳамдлар бўлсин, Пайғамбаримизга солавот ва саломлар бўлсин!

Интернет тармоғига ҳақ эвазига обуна бўлиб, ундан фойдаланиш фақат абонентнинг ҳуқуқи бўлиб, абонентнинг рухсатисиз унга бошқаларнинг уланиб олиши жоиз эмас. Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганар:

"إِنَّ دِمَاءَكُمْ، وَأَمْوَالَكُمْ، وَأَعْرَاضَكُمْ، بَيْنَكُمْ حَرَامٌ"

(متفق عليه)

“Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз бир-бирларингизга ҳаромдир!” (Муттафақун алайҳ).

Бошқа ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

"اسْمَعُوا مِنِّي تَعِيشُوا، أَلَا لَا تَظْلِمُوا، أَلَا لَا تَظْلِمُوا، أَلَا لَا تَظْلِمُوا، إِنَّهُ لَا يَحِلُّ مَالُ امْرِئٍ إِلَّا بِطِيبِ نَفْسٍ مِنْهُ"

(رواه الإمام أحمد في مسنده)

“Мендан (қуйидагиларни) эшитиб олинг, шунда (бахтли) ҳаёт кечирасиз! Огоҳ бўлинг, зулм қилманг! Огоҳ бўлинг, зулм қилманг! Огоҳ бўлинг, зулм қилманг! Зеро, бировнинг мол-мулки ўз розилиги билангина ҳалол бўлади” (Имом Аҳмад ривояти).

Шунинг учун (Wi-Fi) абонентининг интернет обунасидан фойдаланишдан олдин гарчи бу фойдаланиш унга таъсир қилмаса ҳам, унинг рухсатини олиш лозим. Интернетнинг махфий парол билан блокланмаганлиги ҳамма ҳам ундан фойдаланиши мумкин дегани эмас. Чунки бу бепарволик, хато ёки унутганлик туфайли ҳам бўлиши мумкин. Ҳақиқий мусулмон киши ҳар қандай шубҳадан ўзини тийиши даркор.

Эгасининг рухсатисиз (Wi-Fi) тармоғидан илгари юклаб олинган нарсаларга келсак, уни ўчириб юбориш шарт эмас. Чунки ўша файлларни ўчириш (Wi-Fi) эгасига ҳақларини қайтармайди. Бунинг ўрнига агар имкони бўлса, (Wi-Fi) тармоғи эгасига товон тўлаш ёки ундан кечирим сўраш мақсадга мувофиқ. Шу билан Қиёматдаги жавобгарликдан озод бўлиш мумкин.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтамизки, жамоат жойларида ўрнатилган умумий (Wi-Fi) тармоқларидан фойдаланиш, улардан нарса юклаб олишда ҳеч қандай монеълик йўқ. Чунки одатда мазкур тармоқлардан омма фойдаланиши учун рухсат этилган бўлади. Валлоҳу аълам”.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази бош мутахассиси,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Абдулатиф Турсунов

тайёрлади

 

Page 30 sur 1862

Мақолалар

Top