muslim.uz

muslim.uz

Иллинойс штати (АҚШ) 17 январь куни турли диндаги америкаликлар томонидан қўшилган ҳиссани тан олувчи янги қонунчилик доирасида биринчи марта Муҳаммад Али куни нишонланди.

Ушбу тадбирни нишонлаш учун Иллинойс мусулмон жамоат бирлашмаси юқори мартабали фаоллар, жумладан, муҳтарам Жесси Жексон, лейтенант губернатор Жулиана Стрэттон, Чикаго Тарих музейи президенти Дональд Лассер, Алининг қизи – Мариам Али ва бошқа машҳур шахслар иштирокида давра суҳбати ўтказмоқда.

Islam.ru портали хабарига кўра, тарихдаги биринчи Муҳаммад Али куни ҳақидаги ахборотни тарқатиш учун ташкилотчилар 10 000 та плакатларни буюртма қилишди. Ҳар бир истаган одам мусулмон ташкилотининг веб-сайтида топилган Google шаклидан фойдаланган ҳолда бепул плакатни сўраб олиши, уйда, ишда, синфда ёки идорада осиб қўйиши мумкин.

Плакатлар билан бир қаторда, ҳар бир киши афсонавий спортчининг биографиясини айтиб берадиган бепул ва оддий дарсликлар тўпламига эга бўлиши мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Аксарият мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни фақат савоб ва ажр умидида ўқишади. Аслида, Қуръони каримнинг фойдали жиҳатлари, манфаатли томонлари жуда кўп.

Ҳар ким ҳар гал Қуръони каримни эзгу ният билан ўқиса, улуғ фазилат ва савобларга эришади. Зеро, ҳадиси шарифда: “Амаллар ниятларга кўрадир. Ҳар ким ниятига яраша олади...” дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Қуръони карим ҳаётимиз дастури, умримиз мазмуни, охиратимиз учун савоблар манбаидир. Шу нуқтаи назардан Қуръон ўқиш арафасида эзгу ният қилиш худди тижоратдаги каби мўл фойда гаровидир.

Қуръон ўқимоқчи бўлган киши қуйидагиларни ният қилиши керак:

1) Қуръонни илм ва амал ниятида ўқинг;

2) Қуръонни Аллоҳдан ўзингизни, зурриётингизни ва аҳли байтингизни ҳидоят этишини ният қилиб ўқинг;

3) Қуръонни Аллоҳ таолога муножот ниятида ўқинг;

4) Қуръонни зоҳирий ва ботиний касалликларга шифо ниятида ўқинг;

5) Қуръонни Аллоҳ таоло зулматдан нурга чиқаришини ният қилган ҳолда ўқинг;

6) Қуръонни қотган қалбларни юмшатувчи кўнгилларга ором берувчи, васвасаларга қўрғон бўлувчи илоҳий калом эканлигини ният қилиб ўқинг;

7) Қуръонни ўзингиз ва оила аъзоларингиздан ҳасадни бартараф этиш, назар-нафасдан паноҳ тилаш мақсадида ўқинг;

8) Қуръонни ғофиллардан эмас, зокирлардан бўлиш ниятида ўқинг;

9) Қуръонни имоннинг зиёда бўлиши ва Аллоҳга яқин бўлиш мақсадида ўқинг;

10) Қуръонни Аллоҳнинг амрларига қатъий риоя қилиш ва бу борада барчага ўрнак бўлиш мақсадида ўқинг;

11) Қуръонни савоб олиш мақсадида ўқинг. Ҳатто ҳар бир ҳарфга 10 савоб ёзилсин. Чунки Аллоҳ хоҳлаган бандасига ажрларини кўпайтириб беради;

12) Қуръонни қиёмат куни Каломуллоҳ шафоатига ноил бўлишни умид қилиб ўқинг;

13) Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг васиятларига риоя қиляпман, деган ниятда ўқинг. Чунки у зот алайҳиссалом: “Қуръон ўқинглар”, деб марҳамат қилганлар;

14) Қуръонни Аллоҳ даража ва мартабамни кўтаради, менга манфаат беради, деган ниятда ўқинг;

15) Қуръонни жаннатда даражаларим кўтарилади, деган ниятда ўқинг. Чунки ҳадиси шарифда: «Қиёмат куни Қуръон соҳибига: “Ўқи ва кўтарил. Дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Охирги оятни ўқиган жойинг (жаннатдаги) манзилинг бўлади”, дейилади» (Имом Абу Довуд ривояти);

16) Қуръонни қиёмат куни иззат тожини кийиш мақсадида ўқинг;

17) Қуръонни Аллоҳнинг зикри ва у Зот билан бирга бўлиш, оламлар Раббига яқинлашиш мақсадида ўқинг. Ҳадиси қудсийда: “...бандам мени зикр қилганда, Мен у билан биргаман...” (Имом Муслим ривояти), дейилган;

18) Қуръонни Аллоҳнинг аҳли бўлиш ва у Зотнинг хос бандалари қаторидан жой олиш мақсадида ўқинг;

19) Қуръонни дўзахдан ва Аллоҳнинг азобидан нажот топиш ниятида ўқинг;

20) Қуръонни ўзингиз ва оила аъзоларингизни сеҳр-жодудан, шайтон ва жинларнинг ёмонликлридан паноҳ тилаш ниятида ўқинг;

21) Қуръонни Мусҳафга қараб ўқиш ибодат эканлиги учун ўқинг;

22) Қуръонни Аллоҳ ҳузурида фазл ва яхшиликларга эришиш ниятида тиловат қилинг;

23) Қуръонни овозингизни гўзал, ҳидингизни хушбўй қилиш ниятида ўқинг;

24) Қуръон ўқинг. Чунки Қуръон қироати билан Аллоҳ таоло  маҳзунликларни кетказади, ғам-андуҳлардан асрайди;

25) Қуръонни Аллоҳ таоло ҳожатларимни раво қилади, дуоларимни ижобат этади, деган ниятда ўқинг.

Т.НИЗОМ тайёрлади.

 

Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси Отабек Акбаров, Франциядаги элчиси - Сардор Рустамбоев ва Исроилдаги элчиси - Феруза Маҳмудова Тошкентда қурилаётган Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) га ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.

Марказ ислом меъморчилигининг ҳақиқий дурдонаси ва Ўзбекистоннинг Учинчи уйғониш даври тимсолига айланиши кутилмоқда. Ушбу ғояни ҳақиқатга айлантириш учун Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида дунёга машҳур архитектура ва қурилиш компаниялари жалб этилган.

Хусусан, ушбу ансамблни лойиҳалаштириш ва дизайни билан шуғулланаётган машҳур француз «Wilmotte & Associés» компанияси бош директор Борин Андриу бошчилигидаги делегация шу кунларда Ўзбекистонда бўлиб, республиканинг тегишли вазирлик ва идоралари билан учрашувлар ўтказмоқда.

ИЦМга ташриф чоғида дипломатлар қурилиш вазири Ботир Зокиров ва Франция компанияси вакиллари билан учрашди.

Меъморий ансамбл қурилиши ишларининг бориши билан танишиш, шунингдек, бутун ислом дунёсида ўхшаши бўлмаган ушбу улкан лойиҳани сифатли амалга ошириш бўйича келгуси тадбирлар бўлиб ўтди. Марказнинг гумбазини безашда нуфузли "Trend" италия компанияси иштирок этди. Ушбу компания аввал Макка шаҳрида (Саудия Арабистони) бош масжид яқинидаги марказий бинода ярим ой билан гумбазни тайёрлади ва ўрнатди. Комплекс биносининг ташқи қисмини қоплаш Грециянинг "FHL Kiriakidis Group" компаниясидан олинган ноёб табиий мармар ва гранит ёрдамида амалга оширилади. Қайд этилишича, ҳозирда Италиянинг етакчи компаниялари гумбаз остидаги марказий қандил, биллур павильон ва ИЦМ биносининг бошқа муҳим элементларини ишлаб чиқариш ва ўрнатишда иштирок этиши режалаштирилган.

Учрашув давомида офис биноларини лойиҳалаш ва қуриш, комплекснинг алоҳида қисмларини ички интерьери ва дизайни учун хорижий компаниялар, шу жумладан итальян ва француз компанияларини жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Замонавий шаҳарсозлик ва шаҳар инфратузилмаси шароитида меъморий ёдгорликларни сақлаб қолиш бўйича Исроил тажрибасини ўрганиш имконияти ҳам кўриб чиқилади.

Дипломатик миссиялар раҳбарлари музей, Ислом академияси, ахборот-ресурс маркази, кутубхона, конференция зали, хизмат хоналари ва бошқа иншоотлардан иборат ИЦМ қурилишининг бориши билан танишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Дубайда минглаб энг буюк араб ақллари – математиклар ва олимлар қидируви бошланди. БАА вице-Президенти, бош вазири ва Дубай ҳукмдори Шайх Муаммад бин Рашид ол Мактум ҳазратлари араб дунёси илм-фанининг кўзга кўринган вакиллари ғояларини молиялаштирадиган махсус жамғарма ташкил этди.

«Энг буюк араб ақллари» жамғармасининг бюджети 100 млн дирҳам (27,3 млн АҚШ доллари) ни ташкил қилади. Маблағ математика, физика, компьютер дастурлаш ва катта маълумотларни қайта ишлаш соҳасида инновацион ғояларни қидириш ва амалга ошириш учун ишлатилади.

Islam.ru портали хабарига кўра, Дубай келажак музейи дастур учун база сифатида фойдаланилади ва 4 вазир бир вақтнинг ўзида унинг кураторларига айланади. "Бугун биз физика ва математика, дастурий таъминот ва маълумотлар тўғрисидаги фан, иқтисодиёт, олий таълим ва тадқиқот соҳаларида 1000 нафар буюк араб ақлларини топиш учун янги лойиҳани бошлаймиз", - деди Шайх Муҳаммад.

Унинг фикрига кўра, буюк ақллар яхши дунёни қуриш учун ҳар қандай имкониятга эга бўлган араб цивилизациясини яратди. "Биз энг яхши илмий ғояларни ишлаб чиқиш учун Амирликларнинг араб ва жаҳон инкубатори сифатидаги ролини кучайтирамиз. Олимлар, мутафаккирлар ва инноваторлар учун глобал марказ сифатида қурилган Келажак музейи минтақамиздаги энг яхши ақл салоҳиятини ривожлантирадиган пойдевор учун идеал марказ бўлади", - деди Дубай ҳукмдори.

Жамғармага Келажак музейи Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси ишлари бўйича вазир Муҳаммад Ал Гергави, илғор фанлар бўйича давлат вазири ва БАА космик агентлиги раиси Сара Ал Амирий, рақамли иқтисодиёт, сунъий ақл ва масофадан туриб ишлаш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича давлат вазири Омар Ал Олама, ёшлар ишлари бўйича давлат вазири Шамма Ал Мазруи раҳбарлик қилади, хабар бермоқда The National.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Page 93 sur 1862

Мақолалар

Top