muslim.uz

muslim.uz

The New Zealand Herald нашрининг хабар беришича, “Qatar Airways” авиакомпаниясининг “Boeing 777-200” йўловчи ташувчи самолёти, Доҳа-Окленд (Янги Зелландия)  йўналиши бўйича, ўз фаолияти давомидаги энг узоқ парвозни амалга ошириб, жаҳон рекордини янгилади.

“Boeing 777-200” йўловчи ташувчи самолёти, 6 феврал, душанба куни тонг саҳарда, Окленд аэропортига келиб қўнди.

Маълумот учун, ҳаво лайнерининг учиш масофаси 14 минг 535 километр бўлиб, умумий учиш вақти 16 соату 15 дақиқани ташкил этди.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади.

Жорий йилнинг 5 февраль, якшанба куни Буюк Британиянинг юзлаб масжидларида очиқ эшиклар куни бўлиб ўтди. “Масжидимизга ташриф буюринг” шиори остида ўтказилган тадбирларда, кўп сонли британияликлар ўзлари яшайдиган ҳудудлардаги масжидларга ташриф буюришди.

Ушбу тадбир, турли конфессия аъзолари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ислом маданияти, мусулмонларнинг яшаш турмуш тарзи, диний маросимлар билан яқиндан танишишни истаган британияликларнинг истакларини инобатга олиб, Британия мусулмонлар кенгаши томонидан ташкил этилди.

Очиқ эшиклар кунида, масжидларга ташриф буюрган британияликлар, Ислом ва мусулмонлар ҳақида ўзларини қизиқтирган барча саволларга тўлақонли жавоб олишди.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади.

lundi, 06 février 2017 00:00

Шакарсиз 30 кун

Дубай Соғлиқни сақлаш қўмитаси томонидан мамлакат аҳолиси учун “шакарсиз 30 кун” номли саломатлик ойлиги эълон қилинди. Бунга кўра, фуқаролар 30 кун мобайнида таркибида рафинадланган қанд мавжуд бўлган ширинлик, газли ичимлик ва шу каби маҳсулотларни емай туришлари тавсия қилинган.

Соғлиқни сақлаш қўмитасининг тўғри овқатланиш бўлими раҳбари, доктор Вафа Айеш сўзига кўра, “Инсон саломатлиги учун таркибида табиий шакар мавжуд бўлган маҳсулотлардан истеъмол қилиши лозим. Рафинадланган қанднинг озуқавий қиймати оз бўлиб, у диабет, ортиқча вазнсизлик, юрак-қон томирлари каби касалликларни келтириб чиқаради”. 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Мовароуннаҳр диёрида XV асрнинг иккинчи ярмидаги маданий муҳитнинг ривожланишида буюк бобокалонимиз Ҳазрат Алишер Навоийнинг ўрни беқиёс саналади.

Алишер Навоий яшаб ижод этган даврда меъморчилик, наққошлик, тасвирий санъат (миниатюра), хаттотлик, мусиқа, таълим тизими, илм-фаннинг турли соҳалари (аниқ фанлар – астрономия, математика; табобат, Қуръон илмлари, фиқҳ, фалсафа, тасаввуф, адабиёт ва ҳ.к.) ўз даврига нисбатан юксак даражада ривожланди.

Шунингдек ушбу даврда турли илм-фан соҳалари қаторида Қуръон ва тафсир илмлари ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги бизгача етиб келган маълумотларда ўз аксини топган.

Мовароуннаҳр тафсир илми ривожида айниқса, Алишер Навоийнинг ҳиссаси катта бўлган. Шоир фаннинг турли соҳаларидан яхши хабардор бўлиш билан бир қаторда, ўз асарларида Қуръондан ҳам кенг фойдаланган. Унинг “Хамса”, “Ситтаи зарурия”, “Насойим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” каби асарларида, умуман назм ва насрдаги ёзма меросида Ислом масалалари бўйича кўп ҳолларда Қуръон оятларига асосланган мулоҳазалар баён қилинганини кўриш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Алишер Навоий Қуръон ва тафсир илмидан таълим олишни ёшликдан бошлаган ва унинг “Мажолис ан-нафоис” асарида олти ёшида тарихчи Шарафиддин Али Яздий (ваф. 858/1454) билан бўлган суҳбат чоғида мактабда “Таборак” сурасигача ўқигани қайд этилган.

Навоийнинг Қуръон тафсирига бўлган эътибори унинг бир нечта тафсирлар ёздирганида ҳам кузатилади. Масалан, ўша давр муфассирларидан бири бўлган Мовароннаҳрлик Ҳусайн Воиз Кошифийнинг илмий фаолиятига назар соладиган бўлсак, унинг қаламига мансуб “Жавоҳир ат-тафсир” ва “Мавоҳиби Алийя” асарлари бевосита Алишер Навоийнинг таклифи ва ҳомийлиги остида ёзилган.

Мовароуннаҳр маданий-маънавий муҳитида Алишер Навоий Қуръон илмлари, жумладан тафсир илмини ривожлантириш мақсадида мазкур соҳага ўз даврининг етук олим ва муфассирларини жалб қилган ҳамда уларга ҳомийлик килган.

Алишер Навоий Қуръон илмларини чуқур ўрганиш мақсадида ўз илмий фаолиятини Самарқандда Хожа Хурд ва Мавлоно Муҳаммад Олим каби мовароуннаҳрлик илм аҳллари билан бирга давом эттиради ва уларнинг тафсир илми борасидаги мазмунли суҳбатларидан баҳраманд бўлади. Ана шундай кенг билим доирасига эга бўлиш орқали Алишер Навоий кейинчалик Қуръон билан боғлиқ мавзуларни ўз асарларида эркин ифодалай олади. Жумладан, “Насоим aл-муҳаббат”нинг хожа Баҳоуддин Нақшбандга бағишланган мақоласида зикр ҳақида сўз борганда “Нур” сурасининг қуйидаги 37-оятини тафсир қилганини кўришимиз мумкин:

“Уларни на тижорат ва на савдо (ишлари) Аллоҳ зикридан чалғита олмас” – ояти далил қилиб берилган.

Алишер Навоийнинг Қуръон ва ҳадисдан унумли фойдалангани унинг бошқа асарларида ҳам кузатилади. Шоир ижодида Қуръон илмлари қай даражада ифодаланганлиги ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилиш учун унинг “Назм ал-жавоҳир”, “Мажолис ан-нафоис”, “Ҳайрат ал-аброр”, “Ситтаи зарурия”, “Насоим ал-муҳаббат”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Сирож ал-муслимин” ва “Хамсат ал-мутаҳаййирин” каби асарларига эътибор қаратадиган бўлсак, унда мавзуга дахлдор бўлган маълумотлар батафсил баён этилганига амин бўламиз. Мазкур асарларда ҳам Қуръони каримга катта эътибор берилгани маълум бўлади.

Масалан, шоир ўзининг “Назм ал-жавоҳир” асарида Қуръон ўқишнинг фойдаси ҳақида қуйидагиларни ёзади:

 Олам эли ичра гар гадо, гар шоҳ эрур,

Не дардки ул кўнгли аро ҳамроҳ эрур,

Қуръонни тиловат этсун, гар огоҳ эрур,

Эл дардига чун даъво Каломуллоҳ эрур.

Бошқа бир байтда эса Алишер Навоий Қуръон тиловати ҳақида қуйидаги мисраларни айтади:

“Қуръон”ки эрур муждаи жоний ўқумоқ,

Йўқ, йўқки, ҳаёти жовидоний ўқумоқ,

Бил кўнгулга истасанг шифони ўқумоқ,

Ким келди кўнгул шифоси они ўқумоқ.

Шоир мазкур сатрларни келтирганда Исро сурасининг Қуръон мўминлар учун шифо эканлиги тўғрисидаги 82-ояти:  “(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз” – деган мазмунга таянганини кўрамиз.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Алишер Навоий даврида  мамлакатда ўрнатилган сиёсий барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш маънавий ҳаётнинг юксалишига олиб келди.

Ушбу даврда Ҳазрат Навоий давлат миқёсидаги катта ҳуқуқларга эга бўлиб, бутун куч-ғайратини эл-юрт хизматига, халқ фаровонлиги ва осойишталигига қаратди.

XV асрнинг иккинчи ярмида эса Мовароуннаҳр ва Хуросонда Қуръон тафсири, ҳадис илми, фалсафа, адабиёт, тарих, мусиқа, рассомлик ва хаттотлик илмлари энг аввало  ғазал мулкининг султони бўлган Алишер Навоийнинг ғамхўрлиги остида ривожланди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ўз ҳаёти мобайнида нафақат туркий тилга асос солди, балки  Моваруннаҳрда Қуръон ва тафсир илмларининг ривожланишига ҳам ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшди десак  асло муболаға бўлмайди.

 АброрАЛИМОВ,

Тошкент шаҳар

“Қатортол”масжиди имом-хатиби

Мақолалар

Top