www.muslimuz

www.muslimuz

Охирги пайтларда аҳли илмларни обрўсизлантиришга ҳар тарафдан турли кўринишдаги уринишлар авж олди. Бу ҳолат бутун дунё бўйлаб кузатилмоқда. Бу ҳолат араб оламида ҳам бор. Афтидан, бу иш атайин, режали қилинаётир. Ахборот уруши ичида бундай режани амалга ошириш анча осон кечмоқда. Кишилар ўзлари билган-билмаган ҳолатда ушбу нохуш ишга аралашиб қолмоқда. Энг хатарлиси – бу ҳаракат кўпинча ҳақиқат ҳимояси даъвоси остида олиб борилаётган бўлса-да, аслида бошқа мақсадларга етаклаб кетмоқда. Бу ҳолат, айниқса, ижтимоий тармоқларда жуда ҳам оммалашди. Шу боис мана шу мавзуда айрим мулоҳазаларни сиз билан баҳам кўргим келди.

«Яна ўша гап экан-да, ўзларини ўзлари ҳимоя қилаверишади, оқлайверишади», «Сарой муллалари шунақа, аллачи», каби гапларни айтишга шошилманг! Бу сатрларни муаллиф кўп мулоҳаза ва кузатувлардан кейин ёзмоқда ва барчасини чин кўнгилдан, самимий қалб ила, яхши мақсадда ёзмоқда. Ножўя ғараз йўқ, буюртма йўқ ва бирор маълум ҳодисага қайдланмаган, умумий ҳолат тақозосида ёзилмоқда.

Кўпчилик одамлар аҳли илмларни, имом-домлаларни танқид қилишда, уларни қоралашда фақат танганинг бир тарафига, юзасига қараб гапирмоқда. Аслида эса танганинг бошқа тарафи ҳам бор. Мен бу ерда танганинг ана ўша, кўпчилик кўрмай қолаётган орқа тарафига эътиборни қаратмоқчиман. Шу боис ҳамма гапириб турган жиҳатларга кўп ҳам тўхталмоқчи эмасман.

Тарихга бир назар

Уламоларни ва домлаларни ёмон кўриш, обрўсизлантириш аслида дин душманларининг ва сўнги асрларда хоссатан даҳрийларнинг бош ғояси бўлган. Саҳобаи киромларнинг халқлар қошидаги обрўлари, етакчиликларига ҳасад қилган мунофиқлар ва уларга эргашган адашган тоифалар саҳобаларнинг обрўсини тўкишга қаттиқ ҳаракат қилишган, ораларида низо чиқаришгача етиб боришган эди. Улар ҳатто Усмон, Ибн Аббос, Зайд ибн Собит, Алий розияллоҳу анҳумдек буюк саҳобаларни ҳам менсишмаган ва бирини тақвосизликда, адолатсизликда, бошқасини илмсизликда айблаб, обрўларини тўкиб, ҳатто жонларига қасд этишгача журъат қилишган.

Даҳрийлик тузуми даврида аввалига аҳли илмларни, уламоларни турли айблар билан ёмонотлиқ қилиб бориб, сўнг бирдан уларни ҳақсиз деб эълон этиб, қатағон қилишди. Омма халқ деярли томошабин бўлди. Худосизлар бу билан ҳам тинчишмади, у ер-бу ерда қолган саноқли аҳли илмларни ҳам тинимсиз таъқиб қилиб боришди, домлаларни мазах қилиш уларнинг энг севимли ишига айланди. Ташвиқот шу даражага етдики, домлаларнинг фарзандлари ўз оталаридан, отинойи оналаридан нафратланадиган, ор қиладиган бўлиб қолди. Энг алам қиладиган жойи – аҳли илмларни таъқиб қилаётганлар ҳам, қатағон қилаётганлар ҳам бегоналар эмас эди, шу юрт фарзандлари эди. Инингнинг орқадан урган пичоғининг зарби танангдан олдин юрагингга етади.

Юртимиз уламолари ана шундай мудҳиш даврларни бошдан ўтказсалар-да, ўз эътиқодларига содиқ яшаб ўтдилар ва қочиб, беркиниб бўлса ҳам, имкон қадар келажак авлодга дин-диёнатдан, ахлоқ-одобдан таълим бердилар, ўзликни асраш учун бор кучлари билан курашдилар. Ниҳоят, кутилган кунлар ҳам келди, халққа эътиқод эркинлиги берилди. Бироқ, бу давр алғов-далғовларга тўла бўлиб, кўп ўтмай илм аҳли бошига яна ҳар турли синовлар туша бошлади.

Очиғини айтганда, дин пешволарига, олимларига нисбатан таъқиб ва тазйиқларнинг, синовларнинг юздан бири бошқа бирор соҳа вакилларининг бошига тушганида ўша соҳа аллақачон таг-туги билан йўқ бўлиб, ер юзидан супурилиб кетган бўлар эди. Аммо Аллоҳ таоло Ўз динини сақлашни ваъда қилгани учун, бу диннинг буюклиги, ҳудудларни эмас, қалбларни забт этгани сабабли ва Парвардигор Ўзи ҳидоят инъом этган мухлис зотларнинг фидокорона хизматлари эвазига Ислом илмлари қайта жонланиб, аҳли илмлар силсиласи узилмай давом этиб келмоқда.

Воқелик

Ўтган сал кам бир асрлик даврни оладиган бўлсак, аҳли илмларга нисбатан қанчалар аёвсиз қатағонлар, туҳматлар бўлмади дейсиз. Бу, албатта, уларнинг руҳиятида ўзига яраша из қолдириши табиий эди. Улардаги айрим доираларга нисбатан ишончсизлик, баъзан ўта эҳтиёткорликнинг асл илдизи ҳам шунга бориб тақалади.

Тан олишимиз керак, биз мазкур синовлар пайтида аҳли илмларни етарлича ҳимоя қила олмадик, уларга тиргак бўлишга ярамадик. Бир-иккита фидокор одамлар кимлар учундир нимадир хизматлар қилган бўлиши мумкин, аммо оммавий равишда олганимизда, биз ўз қаҳрамонларимизни кўпинча ҳимоясиз қолдириб келдик. Жуда ҳиммат қилганимизда, ҳақларига дуо қила олдик, холос. Аксар ҳолатларда эса вафо ўрнига жафо қилдик. Баъзан айбни уларнинг ўзларига тўнкадик, «Эҳтиёткорлик қилмаган-да» деб, ўзимизни сийладик. Баъзан эса «Бир нимаси бордирки, шундай бўлган» деб, турли гумонларга бордик, ҳатто улардан юз ўгирдик. Кечагина бизга пешво бўлиб турган бир аҳли илм ҳақида кимлардир иғво тарқатса, суриштириб ҳам ўтирмай, ўша туҳматни миш-миш қилиб кўтариб юрдик. Бирорта аҳли илм таъқиб қилинаётгани ҳақида гумонга тушсак, ундан ўзимизни олиб қочдик. Кеча у билан қадрдонлигимизни айтиб, ҳар жойда оғиз тўлдириб фахрланаётган бўлсак, бугун унинг ўзини кўрсак ҳам худди танимагандек, ўгирилиб ўтиб кетадиган бўлиб олдик. Фарзандларимизга ниманидир ўргатаман деб уринган устознинг бошига синов келганда кўпинча фақат ўзимизнинг тинчлигимиз, мол-пулимизни асраш ғамига тушиб қолдик, «менга тегишмаса бўлди, бошқаси билан ишим йўқ» қабилида иш тутдик. «Бу йўлни ўзи танлагандан кейин, бошга тушганига чидайди-да», дея беандишалик билан тағофул қилдик. Вақти келса, ўзи бир тарафдан зулм кўриб, ташвишда турган устозга бошқа тарафдан зарба беришга ҳам журъат қилдик. Хуллас, вафо қилганларимиз жуда ҳам кам бўлди.

Бу гапларни мен шунчаки тахмин билан ёзаётганим йўқ, балки бир қанчасини бошдан ўтказган, ўз кўзи билан кўрган тирик гувоҳ сифатида айтмоқдаман. Шу билан бирга, бу билан кимнидир ёки, Аллоҳ асрасин, бутун халқни айбламоқчи ҳам эмасман. Ҳаммамиз ҳам бандамиз, ожизмиз. Фақат айтмоқчиманки, ҳолимиз шундай бўлгач, уламолардан талабни ҳам шунга яраша қилишимиз керак, шуниси инсофдан бўлади. Бошқачароқ қилиб айтганда, ҳамма нарса ўзимизга яраша бўлишини тушунишимиз керак.

Бир бўлган воқеани айтиб берсам. Бир имомга қавмдаги «мард»лардан бири: «Домла, Расулуллоҳ ҳақни баралла айтганлар, ҳеч нарсадан қўрқмаганлар. Нега сиз ҳақни айтмай, қўрқасиз?» дебди. Шунда ҳалиги имом: «Бўтам! Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақни айтганларида ёнларида у зот учун жонини ҳам аямайдиган, ўқ келса кўксини, қилич тушса қўлини қўйиб турадиган саҳобалар бор эди. Майли, мен сен айтгандек бўлай, сен ҳам саҳобалардек ёнимда туриб бера оласанми?» деган экан. Бу жавоб қанчалик ўринли экани бошқа масала, аммо унда жон борлиги аниқ.

Аҳли илмларга нима бўлган?

Бугунги кунда аҳли илмлар ва домлаларга қўйилаётган асосий айб – ҳақни гапирмаслик, қўрқоқликдир. Бу даъво қайсидир маънода тўғри. Улар баъзан биз кутган ҳақ гапни айтмай қолаётган, биз кутган муносабатни қилмаётган бўлишлари мумкин. Бироқ, бу ҳолатни мутлақ равишда қоралаб бўлмайди, чунки аввало бунда вазиятни атрофлича аниқлаш керак, қолаверса, буни баҳолаш ҳамманинг ҳам иши эмас. Шу билан бирга, бу дегани улар Исломга ҳеч қандай хизмат қилмаяпти, динни бузяпти дегани ҳам эмас. Қани энди улар биз кутгандек шижоат ва ғайрат кўрсатишса, деймиз. Бироқ ўзимиз уларнинг ўрнида бўлсак шундай қила олармидик? Буни ҳам холис ўйлаб қўйишимиз керак. Ҳар ким ўзининг шахсий вазиятини ўзи билади. Бировни маломат қилишдан олдин ўз ҳолимизга ҳам боқиб қўйишимиз керак.

Аслида ҳолат биз ўйлагандан бошқача бўлиши эҳтимоли кўпроқ. Аҳли илмлар биз билмаган нарсаларни билиши, биз ҳисобга олмаётган жабҳаларни ҳам инобатга олаётган бўлиши, баъзан кескинлик сувни баттар лойқалатишидан қўрқишлари, вазиятни ўнглаш учун сукутни кўпроқ муносиб кўраётган бўлишлари ва шу каби бошқа ҳолатлар бўлиши мумкин. Улар жамиятнинг барча табақалари билан мулоқотда бўлганлари учун кўпчилик кўрмайдиган, ҳис этмайдиган жиҳатларни англайдилар, улар билан ҳисоблашадилар ва бунга мажбурлар. Айрим диндорларимиз эса фақат ўз атрофини кўради, шундан хулоса чиқаради, бошқа тарафлар билан умуман иши йўқ, ўз қобиғига ўралашиб қолган. Имом-домлалар эса одатда бу маънода кенгроқ тушунчага эга бўладилар ва бу борада уларда анча йиллик тажрибалар ҳам бор..

Бу билан мен уларнинг барча тасарруфларини оқламоқчи эмасман. Балки уларни тушунишимиз, уларга самимий носиҳ – хайрихоҳ насиҳатгўй бўлишимиз, қўлимиздан келса, тиргак бўлишимиз лозим, демоқчиман.

Билишимиз лозим бўлган ҳақиқатлар

Аҳли илмларимиз ҳақида бир қанча ҳақиқатлар борки, уларни эътироф этиш инсофдандир.

* Аҳли илмлар, имом-домлалар аслида динга, илмга муҳаббати бўлганидан шу йўлни танлашган. Бу бор ҳақиқат. Масалан, мен айни пайтда тижорат ёки мансаб илинжида ёхуд динни бузиш учун илм ўрганган одамни билмайман. Чунки мазкур мақсадлар учун бошқа кўплаб тинч, хатарсиз соҳалар бор, ҳар қандай ақлли одам танлов пайтида ўшаларни танлайди. Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, битта-яримта бетайин кишилар бўлиши, ярим йўлда айниб қолиши мумкин, лекин бу билан барча аҳли илмларга баҳо берилмайди, ҳаммани яксар қораланмайди.

* Имом-домлалар одамларга яхшилик ўргатувчи кишилардир. Уларнинг ўз вазифасида фаол бўлмагани ҳам одамларга қайсидир даражада яхшилик ўргатади, эзгуликка чақиради, ҳар ҳолда ёмонликка даъват эмайди. Ҳадиси шарифда «Яхшилик муаллимлари учун сувдаги балиқлар ҳам мағфират сўраб туради», дейилган. Биз бундан ибрат олишимиз керак.

* Аҳли илмларимизнинг барчаси динга хайрихоҳ кишилар, шариатнинг равнақини керак бўлса бошқалардан кўра кўпроқ исташади. Ўзим кузатдим, кўпчиликнинг наздида энг тақвосиз имом бўлиб турган киши ҳам диннинг равнақидан аслида хурсанд бўлмоқда. Юртимиздаги жуда кўп аҳли илмларни танийман, лекин диннинг равнақини хоҳламайдиган ёки мусулмонларга ёмонлик истайдиган бирорта ҳам аҳли илмни шахсан билмайман. Қараш ёки ёндашувлари бошқача бўлиши мумкин, аммо умуман олганда динга хайрихоҳликларига шубҳа қилмаса бўлади. Фақат дунёқарашдаги нуқсонлар, ўта хавфсираш каби иллатлар кўп хатоларга сабаб бўлади. Шунингдек, қалб фиқҳидан ғофил айрим кишиларни шахсий ғаразлар чалғитиши ҳам учраб қолиши мумкин.

* Аслида кўпчилигимизнинг ҳидоятга юришимизга, оилаларимизга дин-диёнат кириб боришига шу аҳли илмлар сабаб бўлган. Шундай эмасми? Ҳозирда ўзини ҳаммадан тақводор деб билаётганларимизнинг аксари ҳам аслида шу домлалардан нимадир насиҳат тинглаб, инсофга келган, ибодатга кирган. Буни унутмаслик керак.

* Домлалар биз кутган айрим ҳақиқатларни баралла айтмаётган бўлса, бу улар бу масалани асло ўйламайди, ҳақиқатни гапирмайди дегани эмас. Балки керакли ўринларда гапиришаётгандир, аммо биз билмаётгандирмиз? Улар ўз йўллари билан бунинг ғамини еяётган бўлишлари мумкин. Аммо буни ҳаммага эълон қилиб, мақтанилмайди.

* Улар динимиздаги айрим ҳукмларни оммага айта олмаётган бўлса, бошқа ўнлаб, юзлаб аҳкомларни етказишмоқда. Агар ҳар биримиз ўзимизнинг динга қилаётган хизматимизни уларнинг фаолиятига таққосласак, уялиб қолишимиз ҳам ҳеч гапмас. Бошқани айблашдан олдин «Дин учун мен ўзим нима қилдим?» деган саволни ўзимизга бериб кўришимиз керак. Зеро, аслида динга хизмат қилиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Буни ҳам инобатга олишимиз керак.

Бир куни «Ҳазрати имом» масжиди олдида турсам, бир нотаниш йигит кўзлари қизарган, юзлари бўзарган ҳолда келиб, сўрашиб‑сўрашмай 9‑синфда ўқийдиган синглисининг мактабга қандай усти‑бошда бориши масаласида ташвишдалигини айтиб, куйиниб гаприб қолди. У ҳам кўпчилик қатори гапни домлаларга таъна қилишдан бошлади: «Фалончи домла ундоқ демади‑да, пистончи имом бундай қилиши керак эди‑да», деб ёзғирди. Мен унга: «Хўп, ўша домлалар сиз кутган гапни гапиришмабди, сиз айтган ишни қилишмабди. Майли, ўзлари билади, ўзлари жавоб беради. Хўш, сиз ўзингиз шу мақсадингиз йўлида амалда нима иш қилдингиз?» дедим. Ҳалиги йигит гапи чайналиб, алжираб қолди. Мен унга: «Укам, кўрдингизми, айблаш осон, аммо амалий ҳаракат қийин. Сиз ўзингизни эҳтиётлайсиз‑у, нега домлани ўйламайсиз? Одам ўз ҳаққини ўзи талаб қилишга ўрганиши керак», дедим.

* Аҳли илмларнинг халқни тўғри йўлга етаклашда, қалбларни динга мойил қилишда кўз илғамас хизматлари ҳам талайгина. Бунинг тафсилотларини айтишга имкон йўқ. Умуман олганда, дин-диёнат масаласида жуда кўп ижобий ўзгаришлардан хурсанд бўламиз, аммо бу ишлар ўз-ўзидан бўлмаслигини, бизнинг ғийбат-шикоятимиз билан битмаганини ҳеч ўйлаб кўрмаймиз.

* Баъзан шундай вазиятлар бўладики, маълум бир мавзуда минбардан туриб гапириш яхшилик келтирмайди, аммо уни пастда туриб гапирса бўлаверади. Бу гапда шахсий манфаат эмас, умумий манфаат назарда тутилаётганини унутмаслик керак. Бинобарин, сиз бозорда айтаётган гапни имом минбарда туриб айтиши шарт эмас.

* Бугунги кунда аҳли илмларга энг кўп таъна келтираётган мавзу рўмол масаласи десак хато бўлмайди. Зоҳиран олиб қараганда, улар бунга бепарводек кўринади. Аммо аслида эса ундай эмас. Мен ўзим аҳли-аёли рўмол ўрамайдиган, вояга етган қизлари сатри авратда юрмайдиган бирорта ҳам тайинли аҳли илмни билмайман. Қайсидир чекка қишлоқда агар иккита рўмолли аёл бўлса, биттаси ўша ердаги имом-домланинг хотини бўлади. Энди ўйлаб кўринг, ўз аҳли-оиласини сатри авратда ушлаб турган қайси домла уларнинг бошидан рўмоли тортиб олинишини истайди? Қандай қилиб улар ўз оилаларида жорий қилган ушбу ўзликни асрашни хоҳламасликлари мумкин?

* «Домла рўмолнинг фарзлигини билиб туриб айтмаяпти», деймиз. Аслида сатри аврат масаласини ҳам кўпчилигимизга шу аҳли илмлар уқтирган. Улар бу борада яхшигина хизмат қилишган, шахсий намуна кўрсатишган. Бугун агар бу ҳукмни баралла айтишмаётган бўлса, бунинг сабабини мулоҳаза қилишимиз керак, ўрни келганда, маъзур тута билишимиз керак. Қолаверса, ҳукмни билиб туриб, ҳадеб улардан бу ҳақда фатво сўрайвериш ҳам ўринсиз.

* Устозимиз шайх ҳазратларидан бирор масала сўраб, «Шу ҳақда фикрингиз қандай?» дейишса, «Менинг фикримни нима қиласиз? Шариатда бунинг ҳукми қандай деб сўранг, шу тўғри бўлади», дер эдилар. Худди шу каби, шариатда фарзлиги Қуръону Суннат билан собит бўлган амал ҳақида домла одам нима дейиши мумкин? Сатри аврат фарзлигида ихтилоф йўқ, бўлиши мумкин ҳам эмас. Буни ҳамма билади. Буёғига ҳар ким ўзи билиб амал қилиши керак, ҳаракат қилиши керак.

* Аҳли илмлар, имом-домлалар кўринишдаёқ кишиларга Исломни эслатгани учун ҳам улар хусусида сўз айтишда эҳтиёт бўлиш даркор. Чунки уларга ана ўша вазиятда таъна етказиш динга қаратилган тажовуз бўлиб қолиши, Исломга зарар бериши мумкин. Бу эса оғир гуноҳ, ҳатто иймонга хатарли ҳолатдир. Зотан, бу Ислом шиорларини беҳурмат қилиш остига кириб қолади.

* Домлалар ҳам бизга ўхшаган одам, ўзимизнинг ака-укаларимиз, фарзандларимиз, қўни-қўшни, ёру оғайниларимиз. Шунинг учун уларни қандайдир бир алоҳида тоифа деб фаҳмлаб олмаслик керак. Бундай қараш даҳрийликнинг сарқитидир.

Баъзан ана ўша мафкуранинг таъсирида айрим кишилар ижтимоий тармоқларда жамиятдаги қандайдир муаммо ҳақида гапирган домланинг оғзини ёпишга уринишади, гўё аҳли илмлар бу жамиятнинг вакиллари эмасдек. Бу ҳам хато тушунча.

* Аҳли илм, имом-домлалар ҳам инсон, одам боласи, улар ҳам сизу бизга ўхшаб хато қилади, тойилади, баъзан бирор ишни қилишдан ожиз бўлиб қолади. Бинобарин, уларда айрим камчиликларни кўрганда бунинг узрини топишга ҳаракат қилишимиз, имкон қадар яхши гумонда бўлишимиз мақсадга мувофиқдир.

* Аҳли илмлар, имомлар ҳам мусулмон, уларнинг ҳам обрўси, шаънига тажовуз қилиш худди уларнинг жонига тажовуз қилиш каби ҳаромдир. Уларни ғийбат қилиш, уларга туҳмат қилиш ҳам оғир гуноҳ саналади. Шунингдек, баъзи фосиқларнинг улар ҳақида айтган хабарларига дарров ишониб кетавермаслик керак.

* Имом-домлаларнинг кўпчилиги ҳурматга, эҳтиромга лойиқ инсонлар, чунки улар қайсидир даражада динга, халққа хизмат қилмоқда. Дин ғами даъвосида уларни беҳурмат қилишдан кўра қасддан динга қарши иш қилаётганларни тартибга чақиришимиз ўринли бўлади. Аммо кучи етганни қопиб, кучимиз етмаганнинг олдида дум қисиш мусулмон одамга ярашмайди.

* Аҳли илмлар, имом-домлалар кўпчилигимизга устоз. Ҳар биримиз ҳам улардан нимадир ўрганганмиз, ортларида туриб намоз ўқиймиз, яхши-ёмон кунимизда кўпчилигимизга асқотишади. Шундай экан, мунофиқнинг ишини қилмайлик!

* Аҳли илмлардек жамиятнинг барча қатламларига таъсир ўтказадиган, беминнат хизмат қиладиган бошқа бирор соҳа вакили йўқ бўлса керак. Аҳли илмларчалик халққа холис хизмат кўрсатадиган бошқа бирор тоифа ҳам йўқ бўлса керак. Аҳли илмларчалик ўзбек халқининг ўзлигини асрашга интилаётган бирор қатлам йўқ.

* Бир-иккита қаттиқроқ гапни гапириб қўйган одам ҳақгўй бўлиб, тўғри йўлдаги, дин ғамидаги киши бўлиб қолавермайди. Худди шунингдек, айрим ҳақ гапларни баралла айтишдан ожиз бўлган одам буткул адашган, фосиқ ҳисобланавермайди. Бунинг учун воқеликни атрофлича англаш, фиқҳий тааммулга суяниш лозим. Қолаверса, баъзан ҳақни айтиш динга зарар бўлиши ёки фойдасидан зарари кўп бўлиши ҳам мумкин.

* Дунёнинг бир бурчагида туриб олиб, бошқа бир жойдаги сиёсатни танқид қилган билан киши мард, жасур бўлиб қолмайди. Эътибор берилса, ана шундай оғзи полвонлар ўзлари яшаб турган юртдаги сиёсатни ҳеч танқид қила олмайди, аксинча, уларни тўғри тушунишга ҳаракат қилади. «Иштони йўқ тиззаси йиртиққа кулибди», қабилида иш қилиш ўзини билган одам учун шармандаликдир. Қолаверса, ватанни обод қилишни, халқни ислоҳ қилишн ўйлаган одам улар билан бирга бўлади, қозонда бирга қайнайди.

* Аҳли илмларни ёмонотлиқ қилишга уриниш даҳрийларнинг, дин душманларининг энг севимли ишларидан ҳисобланади. Мўмин киши уларга кўмак бериб қўймаслиги керак. Одамларни диндан совутиш, илмдан қайтариш, уларни бебош қилиш, турли бузуқ мафкураларга илинтириш учун энг аввал қилинадиган ишлардан бири – аҳли илмларни обрўсизлантиришдир. Ўтган асрнинг биринчи ярмида ҳам худди шу йўл билан одамлар динсизлаштирилган, комунистик ғояга эргаштирилган. Бугун ҳам ўзларининг турли бузғунчи ғояларига одамларни эргаштирмоқчи бўлаётганлар айнан аҳли илмларнинг обрўсини тўкишни ўзларига касб қилиб олишган. Мусулмон одам бундай қабиҳ ўйинларга алданиб қолмаслиги лозим.

Нима қилишимиз керак?

Юқоридаги сатрлар айтмоқчи бўлган гапларимизга гўё кириш, асос эди. Энди мақсадга ўтсак.

Мўмин киши ҳар бир ишида Аллоҳнинг кўрсатмаларига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиши керак. Мусулмоннинг устунлиги ҳам шунда. У ғазабланганда ҳам, хурсанд бўлганда ҳам, кенгликда ҳам, тангликда ҳам, ҳатто душман билан жанг қилганда ҳам, динининг душманига рўпара келганда ҳам Аллоҳ ва Расулининг кўрсатмасига кўра адолат ила иш тутади. Бинобарин, мусулмон шахс аҳли илмлар билан муомалада ҳам ўз диди, хоҳиши билан эмас, кўнглига келган фикрлар билан эмас, балки Аллоҳнинг шариатига мувофиқ иш тутиши даркор. Ана шунда Аллоҳ ундан рози бўлади ва у ўзи учун ҳам, дини учун ҳам, бошқа инсонлар учун ҳам манфаатли иш қилган бўлади. Ана шундагина у чин маънода, нафси ҳавосидан холи ҳолда диннинг ташвиши учун ҳаракатланган бўлади ва қилган амали дунёю охиратда самара беради, Парвардигоримизнинг ҳузурида хижолат бўлиб қолмайди. Зотан, шариат фақат адолат ва инсофга чорлайди.

Хўш, шариат кўрсатмаларига кўра биз бугунги кунда аҳли илмларга, имом хатибларга нисбатан қандай муносабатда бўлишимиз керак? Бу борада нима қилишимиз даркор? Қуйида ушбу саволларга қўлдан келганча ва қисқача жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

– Аввало, ҳар бир инсон ҳақида, ҳар бир ҳодиса ҳақида фақат яхши гумон қилишга ўрганишимиз керак. Хусусан, аҳли илмлар ҳақида, ўзимиз орқасида намоз ўқиб турган имом хусусида имкон қадар яхши гумонда бўлсак, кейин надомат қилмаймиз. Афсуски, бизда ҳолат аксинча. Бир мусулмон ҳақида аввал минг хил ёмон гумонларни қиламиз-да, кейин тахминларимиз ўзини оқламагач, ноилож яхши гумон қилишга ўтамиз.

Салафи солиҳлардан бири айтади: «Агар бир мўмин дўстим тоққа чиқиб олиб, «Мен олий Роббингизман!» деса, мен уни Нозиъот сурасидан тиловат қиляпти деб гумон қиламан» (Нозиъот сурасида Фиръавннинг ушбу сўзи келтирилган.)

– Бирорта аҳли илмда қандайдир камчилик кўрсангиз, аввало ўша ишнинг шариатдаги баҳосини аниқ билиб, кейин хулоса чиқариш керак. Бир имомнинг дидингизга ёқмаган, шахсан сизга кариҳ кўринган иши аслида шариатда гуноҳ бўлмаслиги ҳам мумкин. Мисол учун, бир домла: «Давлат раҳбарига шукр келтириш керак», деди. Айрим одамлар уни шоша-пиша ширкда, куфрда айблади. Бирортаси ўйламайдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга шукр келтирмаса, Аллоҳга шукр келтирмабди», деганлар.

– Бир домлада ростдан ҳам бир камчиликни кўриб, уни тузатишга ақлингиз етса, уни холи жойга чақириб, шахсан ўзига ётиғи билан, одоб билан, самимий насиҳат қилинг. Одамлар олдида овоза қилиб, иғво тарқатиб юрманг.

Имом Шофеъий айтадилар: «Агар менинга айбимни ўзимни холи қилиб айтсанг, демак менга насиҳат қилмоқчи экансан. Аммо уни одамлар олдида айтадиган бўлсанг, унда мени шарманда қилмоқчи бўлибсан».

Одамлар олдида бировнинг айбини ошкора айтиш шунчалик номақбул иш экан, энди ўша айбдорнинг йўғида унинг ортидан ғийбат қилиш қанчалик ёмон эканини ўзингиз билаверинг. Бир мўминнинг айбини бир-иккита одам олдида ғийбат қилиш қанчалар гуноҳ эканини биласиз, энди уни минглаб одамларга намойиш қилишнинг гуноҳини ўзингиз ўйлаб кўринг.

– Аҳли илмларга, имомларга самимий хайрихоҳ бўлинг. Зеро, Исломнинг моҳияти шундай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни ўз ҳадисларида таъкидлаганлар.

Тамим ибн Авс Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз: «Дин самимий хайрихоҳликдир», дедилар. Биз: «Ким учун?» дедик. У зот: «Аллоҳ учун, Унинг Китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг имом-раҳбарлари ва ҳаммалари учун», дедилар».

Имом Муслим ривояти.

Хайрихоҳлик – панд-насиҳат қилиш, тойилса турғизиш, адашса шафқат ила йўл кўрсатиш, бошига иш тушганда далда бўлиш, тўғри юрганида ёнига кириш, қўллаб-қувватлаш каби ишлар билан рўёбга чиқади.

– Аҳли илм одам журъат қилиб, ҳақни айтса, сиз унга далда бўлинг, ҳимоя қилишга урининг, унга кўмаклашинг. Аслида дин хизматига фақат домлалар масъул эмас, балки ҳар бир мусулмон ўз имкониятига қараб, динга хизмат қилиши лозим.

– Уларнинг ҳаққига чин дилдан дуода бўлинг, Аллоҳдан уларга ҳидоят ва сабот сўранг. Инсоф билан ўйланг, сиз бирорта аҳли илмнинг ҳаққига сабот сўраб, намозлар ортидан чин дилдан дуо қилганмисиз? Кўпчилигимиз ғийбатни дўндирамиз, баъзан мўмин биродарларимизнинг тойилишидан хурсанд ҳам бўламиз. Бу аҳволда унинг ҳаққига қандай қилиб чин қалбдан дуо қиламиз?

Дуода иш кўп, айниқса, бу ўринда дуо ўта холис бўлади, ижобати яқин бўлади. Ана ўша дуолардан биттаси қабул бўлиб қолса, жуда кўп яхшиликларга сабаб бўласиз. Шу билан бирга, устингизда бир фаришта «Сенга ҳам шундай бўлсин!» деб туради. Бинобарин, дуонинг фойдаси ҳаммадан ҳам кўра сизга кўпроқ бўлади.

– Уларга нисбатан самимий бўлинг. Мусулмон одам барчага самимий бўлиши керак. Хусусан, дин пешволарига нисбатан самимийлик ўта зарур. Ўзини кўрганда етти букилиб, таъзим қилиб, осмонга олиб чиқиб мақтаб, бениҳоя ихлосу тавозе кўрсатиб, орқасидан ҳар бало деб юриш мусулмоннинг сийрати эмас. Очиғини айтганда, бу мунофиқликдир. Мана шундай носамимийлик ҳам айрим домлаларнинг тўғри йўлдан тойилишига сабаб бўлиши мумкин.

Аҳли илмларнинг обрў-мансаби, мол-пули борига, фойдаси тегадиганига бошқа муомала, ночорига, сизга моддий манфаати йўғига бошқа муомалада бўлиш пасткашликдир, худбинликдир.

– Аҳли илмни илми учун, имом-домлани дини учун ҳурмат қилиш савобли амал эканини унутманг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сиз ушбу эҳтиром учун ниятга яраша савоб олаверасиз. Аммо ҳурматсизлик қилишда ҳеч қандай манфаат бўлмайди.

Баъзилар аҳли илмларга қилган беодобликларини дин ғамидаги ташаббус дея оқлашга уринади. Ваҳоланки динга ўша имомдан минг чандон қаттиқ зарар бераётган минглаб бошқа тоифа инсонлар бор, аммо улар билан умуман ишимиз йўқ. Аксинча, уларнинг ичидаги қўлида қуввати борлари олдида ғинг дея олмай қоламиз. Бу ҳам мазкур даъвонинг қанчалар пучлигини кўрсатади.

– Айрим кимсалар обрўли кишиларни беҳурмат қилиш орқали обрў орттиришга уринади. Бу ҳам нафсдаги касаллик бўлиб, кўпинча ҳасаддан ҳам келиб чиқади. Имомларга қаратилган танқидда ана ўша шайтоний қутқу туртки бўлиши ҳам кўп учрайди. Мўмин банда бунга ҳушёр бўлиши керак.

– Нима учун кўпчилик айнан имомларнинг кичик бир хатосини топиб олиб, айюҳаннос солади-ю, бошқа одамларнинг катта-катта гуноҳлари ҳақида индамайди? Бунинг бир қанча сабаблари бор. Аввало, бўтана сувда тезак оқиб келаётган бўлса ҳам кўринмаслиги мумкин, аммо бир челак сутга бир дона қил тушса ҳам яққол кўринади. Яъни динсиз, илмсиз, ибодатсиз одамнинг катта-катта гуноҳлари ҳеч кимнинг кўзига кўринмайди, аммо имом-домланинг салгина хатоси ҳам дарров овоза бўлиб кетади. Бу эса диндор бўлишнинг, имом бўлишнинг масъулияти нақадар катта эканини кўрсатади. Начора, одамларга Аллоҳ таолонинг динини етказиш масъулиятини зиммага олишнинг ўзи бўлмайди. Бу улуғ вазифа – пайғамбарларнинг,  улардан кейин эса уларнинг ворислари бўлмиш аҳли илмларнинг вазифасидир. Бундай зотларнинг ҳар бир иши, ҳар бир сўзи одамларнинг доимий назари остида бўлади, шунинг учун уларнинг кичик инсоний хатоси ҳам одамларнинг кўзига катта нарса бўлиб кўринади. Бироқ, шу ўринда ўта нозик, аммо муҳим нуқта бор – имом-домладан комил (идеал) инсон бўлишни, сал қолса фариштадек бегуноҳ бўлишни талаб қилаётганлар имом ана шундай бўлиши кераклигини билишар экан, унда нима учун қолган мусулмонлар ҳам шундай бўлиши кераклигини тан олишмайди? Аллоҳ таоло шариатнинг буйруқларини фақат имом-домлаларга юкламаган‑ку! Ёки қолганлар нима қилса қилиб юравериши керакми? Сиз имомдан талаб қилаётган идеал феъл-атвор аслида ҳар бир мусулмонда бўлиши керак, жумладан сизда ҳам. Аллоҳ таоло Қуръонда «Эй иймон келтирганлар, нима учун ўзингиз қилмаётган ишларни гапирасиз?» деб танбеҳ беради. Эътибор берайлик, оятда «эй имомлар, эй аҳли илмлар» эмас, «эй иймон келтирганлар» деб ўзини мўмин санайдиган ҳар бир инсонга мурожаат қилинмоқда. Агар сиз ўзингизни иймонли санасангиз, имомдан талаб қилаётган феъл-атворни ўзингиз ҳам қойиллатиб қўйинг. Ўзингизда ҳам нуқсон борми, бошқаларни ҳам тушунишга ўрганинг. Ҳар қалай, намозни бошлаганида кирилл ёзувида ёзиб олиб, остин‑устин қилиб ёдлаб олган ўнта сураси шунча йилдан бери ўн битта бўлмаган, ҳалигача биргина жаноза намозидаги дуоларни ёдлай олмаган одам Қуръоннинг ҳаммасини ёки бир қисмини ёд олган, бағрини захга бериб илм таҳсил қилган имомни хатокорликда айблашдан олдин ўз ҳолига бир қараб қўйиши керак.

– Бировларнинг айбини пойлаб ўтирувчи бўлманг. Ҳозирги кунда шундай табиатдаги кишилар кўпайиб қолган. Бундайлар домлаларнинг бирор айб иш қилишини кутиб туради. Билиб қўйиш керакки, Аллоҳ бандаларининг айбини титикилаган кишининг ўзини шарманда қилиб қўяди.

– Дин душманларига кўмак берманг. Аҳли илмларга адоват қилиш, уларни ёмон кўриш доимо даҳрийларнинг, мунофиқларнинг иши бўлиб келган. Кимнингдир битта айбидан ғазабланиб, барча мусулмонларга, дин аҳлига, уламоларга зарар келтириб қўйиш мумкин.

– Баъзи аҳли илмларнинг қадди букилишига, жасорати синишига моддий етишмовчилик ҳам сабаб бўлади. Баъзан илм олиш, халқ корига яраш билан банд бўлиб, оила учун етарли таъминот қила олмаган бўлади. Бу эса унинг бутун ҳаётига таъсир қилади. Қўлингиздан келса, ана шундай мухлис толиби илмларга, олимларга моддий кўмак бериб боринг ва бунда холис бўлинг, миннат қилманг, хўжайин чиқманг. Мана шуниси иснофдан бўлади.

– Қўлингиздан келганича олимларни ҳимоя қилаверинг, кам бўлмайсиз. Айниқса, жамиятдаги етакчи кишилар, катта ёшдагилар бунда бош бўлиши керак.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир йиғинда бир ёши каттароқ одам шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳга шикоятомуз оҳангда: «Тақсир, бу домлаларга бир насиҳат қилиб, уларни тартибга чақириб қўйсангиз бўлар экан», деб қолди. Шунда ҳазрат у одамга ўта қаттиқ оҳангда, жуда ҳам жиддий нигоҳ ила, кескин жавоб бердилар: «Сиз кимсиз? Сиз чизиб берсангиз, домлалар ўшанга қараб юриши керакми? Йўқ, домлалар чизиб беради, сиз ўшанга қараб юрасиз. Аҳли илмлар сиздан яхши билади нима қилишни». Ҳалиги одам ҳазратнинг жавобидан музлаб, қотиб қолган эди ўшанда. Ана шу танбеҳ билан кўпгина фитна гапларнинг олди олинган эди.

Шайх ҳазратлари ўз ўрнида аҳли илмларга насиҳат қилардилар, уларга танбеҳ берардилар, аммо буни ҳаммага кўрсатиб, эшиттириб қилмасдилар.

Хулоса

Хулоса қилиб айтганда, аҳли илмни, дин пешволарини ҳурмат қилиш аввало ўзимизга фойда. Бу билан жамиятнинг, хусусан, ёшларнинг илмга рағбати ошади, келажакка ишончи ортади. Тажрибалардан маълумки, аҳли илмларга муҳаббатли кишиларнинг зурриётларидан олимлар чиқади.

Илм нисбийдир. Аллоҳ таоло: «Ҳар бир илмли кишидан кўра билимдонроқ киши бордир», дейди. Илмга ҳурмат аввало ўзидан илмлироқ кишига ҳурмат бажо келтириш билан рўёбга чиқади. Шу билан бирга, ҳаёти илмга боғлиқ инсонни ҳурмат қилиш ҳам илмга нисбатан эҳтиром бўлади.

Айрим мутасаддилар раҳбарлик курсисидан келиб чиқиб, аҳли илмларни беҳурмат қилишга ўрганиб қолади. Бу аслида маданиятсизликдир. Европа президентлари Рим папасининг қўлини ўпиб, таъзим бажо келтиришади. Русларда ҳам давлат арбоблари нафақат насроний дини пешволарига, балки Ислом уламоларига ҳам ўта одоб билан, ҳурмат билан муносабатда бўлишади. Умуман олганда, замонавий дунёда барча халқлар ўзининг диний арбобларини, олимларини ҳурмат қилиш билан ўзликларига бўлган эҳтиромни намойиш этишади. Бу билан масъулларнинг ҳурмати тушиб қолмайди, аксинча, кўтарилади. Фақат биз мусулмонлар бу борада ҳам бошқалардан ортда қолганмиз.

Баъзан масжидга расмий идоралардан келган масъуллар ичида айрим «амалдорча»лар учраб қолади. Ўзи қайсидир ташкилотнинг оддий бир ишчиси, қўпол қилиб айтганда, югирдаги. Ўзини мансабдор фаҳмлаб, масжид ходимларига, ҳатто, имомларга ҳам паст назар билан қараб, буйруқбозлик қилади, саломга алик олгиси келмайди. «Ҳай барака топгур, амални қўй, ўткинчи нарса, инсон бўлгин», дегинг келади.

Аҳли илмларнинг обрўсини тўкиш яхшиликка олиб келмайди. Бунинг диний жиҳатдан ташқари ижтимоий-сиёсий зарари ҳам жуда кўп. Муаммоларга бошқачароқ йўл билан чора кўриш лозим.

Олим ва имомларни ҳурмат қилишда аҳли илмлар ва имом домлалар ўзлари барчага намуна бўлишлари керак. Улар бирга бўлганларида ҳам, орқаваротдан ҳам ўзаро ишонч ва эҳтиромда бўлишлари даркор. Уларнинг ўзаро муомалаларини кўриб бошқалар ибрат олсин. Халқ орасида нуфузли кишиларнинг ўртасида энг кўп ёйилган ва энг хатарли иллат ҳасаддир. Аҳли илмлар бундан ҳазир бўлишлари, қалбни турли гина‑кудуратдан соф тутишлари, бир‑бирларига самимиятда, хайрихоҳ бўлишлари лозим. Фазл эгасининг фазлини эътироф этишдан қочмаслик, ҳар бир инсоннинг яхши хислатини эслаш ўзаро муҳаббат ва эҳтиромнинг пойдеворидир. Кимдир фиқҳда, кимдир ҳадисда устун. Сиз воизликда илғор бўлсангиз, бошқаси қироатда пешқадам. Буни тан олиш инсофдир.

Бу битикларни ўқиганда кимдир: «Аҳли илмлар, домлалар ҳам ўз мақомига яраша бўлиши керак-да. Ҳадеб оммага насиҳат қилавермай, имомларингизга ҳам гапиринг», дейиши мумкин. Жуда тўғри гап. Аммо мен ўзимни аҳли илмларга насиҳат қиладиган даражадаги одам деб билмайман. Устозлардан насиҳат кутиб қоламиз. Шундай бўлса-да, шу мавзуда аввало ўзимга, қолаверса, бошқаларга ҳам фойдали дил сўзларни хатга тушириш нияти йўқ эмас. Аллоҳ Ўзи тавфиқ ва илҳом берса, ажаб эмас.

Аллоҳ таолодан ҳаммаларимиз учун тавфиқу ҳидоят сўраб қоламан.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

“Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта у сизларга аниқ душмандир”. (Қуръони каримдаги "Бақара" сурасининг 208-ояти маъноси)

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Ер юзида тинчликни ва хавфсизликни таъминлаш, давлатларнинг ва миллатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида, 1945 йил 24 октябрда фашизм устидан ғалаба қозонган мустақил давлатларнинг ихтиёрий бирлашиш асосида тузилган энг йирик халқаро ташкилот.

БМТ Уставида кўрсатилгандек, у халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, халқларнинг тенгҳуқуқлили бўлиши ва ўз тақдирини ўзи белгилаши қоидасига амал қилиб, миллатлар ўртасида дўстлик муносабатларини ривожлантиришни, иқтисодий, ижтимоий, маданий муаммоларни ҳал этишда халқлар ўртасида хамкорлик бўлишини таъминлашни кўзда тутиб, шу умумий мақсадларга эришишда миллатлар ҳаракатини уйғунлаштириб турадиган маркази ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топиши билан инсон ва шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилишни халқаро ҳуқуқий тартибга солишни замонавий босқичига асос яратилди ва БМТ Уставида таъкидланганидек: “Биз, Бирлашган миллатлар халқлари, инсоннинг асосий ҳуқуқларига, инсон шахсининг қадр қимматига, эркак ва аёлларнинг тенг ҳуқуқларига ва катта кичик миллатлар ҳуқуқларининг тенглигига ишончини қайта қарор топтиришга қатъий аҳд қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Уставини қабул қилишга ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотини таъсис қилишга розилик бердик!

Айни маҳалда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар “Барча давлатлар ўртасида дўстона муносабатларни ривожлантириш учун таъминлаш учун зарур бўлган тинчлик, адоват ва фаровонликнинг муҳим аҳамияти ҳисобланадиган инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг ҳурмат қилиниши ва уларнинг ялпи аҳамиятини тан олиш” мажбуриятини ўз зиммаларига олдилар.

БМТ Устави барча давлатлар риоя этилиши шарт бўлган ягона халқаро ҳужжатдир.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиликка эришгандан сўнг ўтмиш – 1992 йилнинг 2 мартида БМТга аъзо бўлди. Бугунги кунда ер юзида 270 дан ортиқ мамлакат мавжуд бўлиб, улардан 193 таси БМТга аъзо бўлган. Дунёдаги энг нуфузли ташкилот бўлмиш БМТнинг Бош Ассамблеяси биноси олдида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи шу куни 2 март 1992 йилдан бери йуқорига самога кўтарилган. 1993 йилнинг 24 августида БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси очилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ва Бирлашган Миллатлар Ташкилот тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига биноан Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (Нью-Йорк шаҳри)даги доимий вакили фаолият юритадилар.

Ўзбекистон Республикаси БМТнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида бу энг нуфузли халқаро ташкилотнинг мақсад ва қоидаларига қатъий амал қилиб келмоқда.

Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси Ўзбекистон Республикаси Мустақилликка эришгандан сўнг қўшилган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлди ва у туфайли Ўзбекистон БМТнинг тегишли конвенциявий органларига ўзининг даврий миллий маърузаларини мунтазам равишда тақдим этиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни изчиллик билан ва қатъий равишда бажариб келмоқда. Уларнинг тавсияларини бажаришда муҳтарам Президентимизни раҳнамоликларида давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароликнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва бевосита фуқароларнинг ўзлари ҳам иштирок этмоқдалар. Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясининг қоидалари Ўзбекистон Республикаси, инсоннинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қилишни таъминлайдиган миллий қонунчилик меъёрларида ўз ифодасини топган.

1948 йил 10 декабрда Бош Ассамблеяси Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларациясини эълон қилди ва қабул қилди. “Ҳар бир одам учун инсоннинг умумий ҳуқуқлари илк бор ўз ифодасини топган ушбу ҳужжат бугунги кунда 360 дан ортиқ тилда чоп этилган ва жаҳондаги энг кўп таржима қилинадиган ҳужжат ҳисобланади. Бу унинг универсал хусусиятга эга эканлиги ва кенг тарқалишидан далолатдир. Мазкур ҳужжат кўплаб янги, мустақил давлатлар конституциялари ва янги демократиялар учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда, онгимизда эзгулик ва ёвузлик хақида фикр юритиш имконини берадиган мезонга айланди,” – деб тарифлади БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мун.

Ушбу декларация мустақил Ўзбекистон Республикаси имзолаган энг биринчи халқаро хужжатдир. 1991 йил 30 сентябрь. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб аталган икки бўлими мазкур декларация талабларига тўла мос бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси барча фуқаролари тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқесидан қатий назар, қонун олдида тенглиги таъминланган. Республикамизда инсон ҳуқуқларига оид юздан ортиқ қонунлар қабул қилинган ва улар халқаро меъёрлар ва андозаларга мувофиқлаштирилган.

БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти  томонларидан минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларини ҳал этиш йўл-йўриғи дунё миқёсидаги муаммолар билан бирга қўшиб очиб берилди. Ўзбекистоннинг кенг кўламли ҳамкорликка оид ҳамма таклифларида уни БМТ фаолияти ва бу ташкилотнинг ихтисослашган муассасалари орқали амалга ошириш тамойиллари илова қилинди.

Ҳаммамизнинг хабаримиз бор, муҳтарам Президентимиз ўз нутқларида муборак Ислом динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бутун жаҳон жамоатчилигига етказиш олдимизда турган муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этдилар.

Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72­-сессиясида жаҳоннинг энг юқори минбаридан туриб, мустақил Ўзбекистон ташқи сиёсатининг маънавий йўналиши инсонпарварлик, инсонийлик, ошкоралик, ҳуррият, ўз имкониятларига таяниш ва инсониятнинг ягона оиласида ўз тараққиёт йўлига эга бўлишлигини таъкидлаб, баён қилдилар.

Шунингдек,  давлатимиз Раҳбари аслида Ислом дини эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларга риоя этишга даъват этишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Жумладан, Муҳтарам Президентимиз шундай дедилар: «Биз бутун жаҳон жамоатчилигига Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамлигининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – тинчликни ва халқаро хавфсизликни қўллаб қувватлаш, давлатлараро хамкорликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган универсал ташкилотдир.

БМТ ҳар бир инсонни ҳуқуқларини қўллаб қувватлаш, кенгайтириш ва ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олган дунёдаги ягона ташкилот сифатида дунёнинг “умужаҳон парламенти” сифатида календарнинг маълум бир кунини инсоният учун, халқ учун, умумжамият учун зарур бўлган масалаларга бағишлаб қўйган.

“Динлараро бағрикенглик ҳафтаси”, “Саратон билан курашиш халқаро куни”, “Халқаро ижтимоий адолат куни”, “Халқаро она тили куни” февраль ойида. Март ойида “Камситишга ноль куни”, “Халқаро ёввойи табиат”, “Халқаро ирқий камситилишни бартараф этиш куни”, “Ирқчилик ва ирқий камситилишларга қарши курашаётган халқлар билан бирдамлик ҳафтаси”, “Халқаро сил касаллигига қарши курашиш куни”, “Халқаро инсон ҳуқуқлари поймол бўлишида хақиқатни ўрнатиш куни”. Апрель ойида “халқаро спорт, тинчлик ва тараққиёт йўлида куни”, “Йўл харакатларида содир этилган ҳодисаларда ҳалок бўлганларни хотиралаш куни”, июнь ойида “Халқаро атроф муҳитни муҳофаза қилиш куни”, “Халқаро қочоқлар куни”, “Гиёҳвандликка қарши курашиш куни”, “Халқаро мурувват куни”, сентябрь ойида “Халқаро тинчлик куни” бўлиб деярли 365 кун инсонларнинг турли муаммоларини енгиллаштиришда, баъзи муаммоларни ечилишида ўз самарасини бермоқда.

БМТ ўз тараққиёт дастурини амалга оширишда дунёнинг турли чеккаларида ва ер юзининг барча минтақаларида БМТнинг кўплаб ихтисослашган ташкилотлари ва муассасалари орқали ҳам тинчликни сақлашда, инсонлар ҳаётидаги муаммоларни бартараф этишда салмоқли хисса қўшиб келмоқда. Зеро Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг XIX та бобларидаги 111 та моддаларининг барчаси ҳам ер юзида халқлараро тинчлик ва хавфсизликни барпо этиш билан йўғирилган.

БМТ Уставида таъкидланган халқаро тинчлик ва хавфсизликни барпо этишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси беқиёс ва бетакрор. Жаннатмакон юртимизни тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи доно халқимиз фаровонлиги учун муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳнамоликларида ҳукуматимиз, Диний идорамиз раҳбарияти томонларидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман раҳбарларининг бошчиликларида истиқлолимиз шарофати билан меҳнаткаш халқимиз кўп ишларни амалга оширди ва шу олижаноб ислоҳотлар ҳали ҳамон бажарилиб келинмоқда. Бунга дунё тан бермоқда...

 

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

23-24 октябрь кунлари Россия Федерациясида 12 давлатдан 90 нафарга яқин меҳмон иштирокчилар, россиялик 350 нафардан ортиқ имомлар ва 150 нафар исломий билим юртлари талабалари иштирокида халқаро анжуман ўтказилди. Нуфузли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад-Акмалхон Шакиров иштирок этди.

«XXI асрда таълим соҳасида исломий қадриятлар ва идеаллар» мавзусида ташкил этилган XII халқаро илмий-амалий анжуман Россия мусулмонлари идораси ҳузурида ташкил этилган биринчи мусулмонлар мадрасасининг 30 йиллик тантаналарига бағишланди.

Анжуман Қуръони карим тиловати ва дуолар билан бошланиб, дастлаб мадраса битирувчиларига диплом топшириш маросими ўтказилди.

Анжуман тафсилотларини сайтимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

jeudi, 24 octobre 2019 00:00

ДУО ҚИЛАЙЛИК!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вас солату вассаламу ала Росулиҳи Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмайин. Аммо баъд.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Азиз ва муҳтарам мухлислар, қадрли ўқувчилар! Хабарингиз бор, бир неча кун олдин сайтимизда “Дуо қилайлик!” номли янги лойиҳани йўлга қўйгандик. Қисқа муддат ичида жуда кўп инсонлардан янги лойиҳа учун ташаккур ҳамда турли мазмундаги дуолар етиб келди ва келишда давом этмоқда. Берган ваъдамизга мувофиқ дуоларингизни умумлаштирган ҳолда қуйида тақдим этамиз.

Дуоларни ўқир эканмиз, “Омин” дейишни унутмайлик! Зеро, “Омин” деган кишига бир фаришта “Сенга ҳам шундай бўлсин” дея қайтариб туради. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларидан бирида: “Мусулмон кишининг ўз биродарига қилган ғоибона дуоси мустажоб дуодир. Унинг бош томонида муваккал бир фаришта бўлади, биродарининг ҳаққига ҳар дуо қилганида: “Амин! Ва лака бимисл” деб туради”, деганлар. Имом Муслим ривояти.

- Сарварбек ва яна бир мухлисимиз ота оналарини Аллоҳ мағфират этишини сўраганлар. Аллоҳ таоло барчамизнинг гуноҳларимизни мағфират этсин!
- Аллоҳ таоло барчамизнинг ғам-ташвишларимизни аритсин! Қалбимизда фақат Дин ва охират ғами бўлишини насиб этсин!
- Аллоҳ таоло жигар кўчириб ўтказиш бўйича жарроҳлик амалиётига кетган Авазбек, Ойдинахон, Умидахон, Илёсжон ва кетишга тайёргарлик кўраётган Умидахон, Насибахон, Шуҳратжон ва Дилдмуроджонларнинг, Абдували амакининг набираларига, 5 ёшли бемор фарзандга, Достонбекнинг яқинларига, васвасага учраганларга, Ферузанинг дардига, Гулноза исмли мухлисамизнинг барча яқинлари Нуруллоҳхон дўстимизнинг сингиллари ҳамда бир мухлисимизнинг аёллари дардига комил шифо берсин. Шунингдек, Аллоҳ таоло барча дуо сўраган беморларга комил шифо ато этиб, тортган оғриқларини гуноҳларига каффорот айласин!
- 14 ёшида вафот этган Мунисабонуни, бир опамизнинг 22 ёшда вафот этган фарзандларини, Исломбекнинг ота-оналарини, шунингдек, барча вафот этганларни Аллоҳ таоло раҳматига олиб, қабрларини мунаввар айлаб, охиратларини обод қилсин!
- Аллоҳ таоло Шерзоджон, Шаҳнозахонниг ҳамда бир мухлисимизнинг 12 нафар танишларининг қарзларига нажот берсин! Шунингдек, Аллоҳ таоло барча қарздорларга нажот бериб, қарзларини тез фурсатда адо этиб олишларини насиб айласин!
- Аллоҳ таоло янги иш бошлаётганларнинг юзларини ёруғ айлаб, шариатга мувофиқ, ҳалол касб билан шуғулланишларини насиб этсин!
- Аллоҳ таоло барча ҳалол касб қилиб пул топаётган топганларига барака берсин! Ўзи рози бўладиган ўринларга сарф этишларини насиб айласин!
- Аллоҳ таоло хайрли мақсадда сафарга чиқаётган барча азизларимизнинг сафарларини бехатар айласин!
- Аллоҳ таоло сафарда юрган барча мусофирларнинг сафарларини бехатар айлаб, ибодатда бардавом бўлишларини насиб этсин!
- Аллоҳ таоло бир опамизнинг оилалари ислоҳ бўлишини, фарзандлари ота меҳрига зор бўлмаслигини, қайноналари келинларини тушуниб, ёшларнинг бахтли яшашига хайрихоҳ бўлишларини насиб этсин!
- Аллоҳ таоло Дилнавоз исмли мухлисамизнинг яқинлари бахтиёр оила қуришларини, Бобомурод солиҳ жуфт билан оила қуришини, моддий имкониятида етишмовчилик сабабли оила қура олмаётганларга саодатли оила қуришларини насиб этсин!
- Аллоҳ таоло илм талабида юрганларнинг, жумладан, Маҳмуджоннинг, Миср диёрида илм таҳсил қилаётганлар ўқишларига, ишларига ривож бериб, бахтиёр оила қуришларини насиб этсин!

- Аллоҳ таоло барча фарзанд талабида юрганларга, шунингдек, Нигора, Зуҳра исмли мухлисаларимизга солиҳ-солиҳа фарзандлар ато этсин!
- Аллоҳ таоло барча фарзанд тарбия қилаётганларни, жумладан, Нуруллоҳхон, Ҳумоюншоҳ ва бир мухлисимиз тарбия қилаётган фарзандлари бахтли-саодатли, Ўзининг йўлида юрадиган бўлишларини насиб этсин!
- Аллоҳ таоло турли фирибгарлар тузоғига тушиб қолганларга ёрдам берсин! Бировнинг ҳаққидан қўрқмаётганларга Ўзи инсоф берсин!
- Аллоҳ таоло бошига турли мушкулотлар тушганларга, шунингдек, Шукрона опа сингиллари эрига енгиллик ва кушойиш берсин!
- Аллоҳ таоло барчамизнинг умримизга, ризқимизга, топадиган ҳалол пулларимизга, фарзандларимизга барака берсин!
- Аллоҳ таоло Диний соҳада, юртимиз тинчлиги, осойишталиги йўлида хизмат қилаётганларни ҳамда юртбошимизни Ўз паноҳида асрасин! Шу мазмунда дуо қилган Абдували, Собиржон акаларнинг дуоларини ижобат айласин!
- Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олаётганларни, жумладан, Анасхоннинг зеҳнини ўткир қилсин! Абдуллоҳ, Жамшид акаларнинг аҳли оилалари ҳам Қуръон ҳофизлари бўлишларини осон қилсин!
- Аллоҳ таоло барчамизга қариндошларимиз билан алоқаларимизни мустаҳкамлаб, бир мухлисимизнинг оталари ва акаларининг ўртасидаги совуқлик кетишини, Иброҳимжон ака, Ҳасан ака, Жаҳонгир ака ва Охунжонов зурриёдларидан солиҳ инсонлар чиқишини, яқинларини жаннат аҳлидан бўлишини, ўзларининг ва ота-оналарининг гуноҳлари кечирилишини насиб этсин!
- Достонбек, Илҳомжон, Элшодбек, Баҳром ака исмли мухлислар юртимиз тинчлиги, барчанинг ҳаққига умумий дуо қилганлар

Аллоҳ таоло қалбимиздаги, тилимизга чиқаролмаган дуоларимизни ҳам билиб, ҳисоб-китобини қилиб турибди. Бизнинг қандай эҳтиёжларимиз борлигидан Ўзи хабардор. У Зот барчамизнинг дуоларимизни ижобат айлаб, сўраганларимиздан ва сўрамоқчи бўлганимиздан афзалини ато этсин!

Албатта, Динимизда ҳар бир нарсанинг одоби бўлганидек, дуо ижобат бўлишининг ҳам ўзига яраша шартлари ва одоблари бор. Қуйидаги линк орқали ўша шартлар ва одоблари билан танишасиз.
http://muslim.uz/index.php/maqolalar/item/17230

Азизлар, ҳаққимизга ғоибона дуо қилувчилар янада кўпайишлари учун ушбу дуолар, мақолаларни яқинларингиз, танишларингиз, дўстларингизга ҳам улашинг! Зеро, дуога омин деювчилар қанчалик кўп бўлса, дуонинг ижобат бўлиши тезроқ бўлади деб умид қиламиз.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди” (Ғофир, 60) деб марҳамат қилган. Бошқа бир оятда эса “...Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман...” (Бақара, 186) деган.

 

Ушбу оятларга назар солсак, Аллоҳ таоло дуо қилувчининг дуосини ижобат қилишини ваъда қилаётганига гувоҳ бўламиз. Хўш, унда нега дуоларимиз қабул бўлмаяпти? Ахир Аллоҳ азза ва жалла ваъдасига хилоф қилмайдиган зотку! Албатта, ҳамма нарсанинг ўз қонун-қоидаси бўлганидек, дуо қилишнинг ҳам ўзига яраша қоида ва шартлари мавжуд. Ўша шартларга амал қилинсагина дуолар қабул бўлади. Дуо қабул бўлишининг баъзи шартларини келтириб ўтамиз.  

1. Ихлос. 

Дуонинг ибодат эканлиги ҳадисларда айтилган. Инсон дуо қилар экан, ушбу ибодатни ҳам чин ихлос билан, Аллоҳ таолога бутун қалб қўри билан юзланиб, Унинг дуоларни қабул қилувчи Зот эканига ич-ичидан ишониб, ижобатни ҳам ёлғиз Унинг Ўзидан кутса, албатта, дуолари қабул бўлади. 

2. Аллоҳга муҳтожликни ҳис этиш. 

Дуо қилаётган киши ўзини Аллоҳга муҳтож деб билмоғи, мусибатлардан қутқарувчи Унинг Ўзи эканлигига қалбидан ишониши керак. Ўзини Аллоҳдан беҳожат ҳисоблаб, шунчаки тил учида, наридан бери дуо қиладиганларнинг дуоси ҳеч қачон ижобат бўлмайди. 

3. Ҳаром луқмадан сақланиш. 

Дуо қилувчи, аввало, ҳаром луқмадан узоқ бўлиши лозим. Чунки, ҳаром луқма дуо қилаётган шахс билан ижобатнинг ўртасида тўсиқ бўлиб қолади. Қолаверса, луқманинг ҳалол бўлиши бошқа ибодатларнинг қабул бўлишида ҳам энг зарур омиллардан ҳисобланади. 

Зеро, ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Албатта, Аллоҳ покдир. У зот фақат пок нарсани қабул қилади. Пайғамбарларини нима нарсага буюрган бўлса, мўминларни ҳам шу нарсаларга буюргандир” дедиларда, қуйидаги оятларни ўқидилар: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”, “(Пайғамбарларимизга шундай дедик:) “Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз!”. Кейин Пайғамбар алайҳиссалом узоқ сафарга чиқиб, сочлари тўзиб, уст-боши чанг бўлиб кетган бир одамни зикр қилдилар. “У одам қўлларини самога кўтариб: “Эй Роббим, эй Роббим” деб дуо қилади. Ваҳоланки унинг ейиши ҳаром, кийиши ҳаром, ўзи ҳам ҳаром билан озуқаланиб ўсган. Унинг дуоси қаердан ижобат бўлсин” дедилар. 

Ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом ундай одамнинг дуоси қабул бўлмаслигини билдиряптилар. Нега унинг дуоси ижобат бўлмайди? Ахир у зоҳирий сабабларни бажардику! Яъни, икки қўлини самога кўтарди. Чунки, Аллоҳ самодаги аршдан олий бўлган зотдир. Қўлларни юқорига кўтариш ижобат сабабларидан биридир. Кейин Аллоҳга Робб исми билан дуо қилди. Зеро, Қуръонда ҳам дуолар асосан Робб исми билан бошланади. 

“Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин! 

Эй, Раббимиз! Кимни Сен дўзахга киргизсанг, албатта, уни хор қилган бўласан. Золимларга эса ёрдамчилар йўқдир. 

Эй, Раббимиз! Биз “Раббингизга имон келтиринг!” деб, имонга чорлаган жарчини (Муҳаммадни) эшитдик ва дарҳол унга имон келтирдик. 

Эй, Раббимиз! Бизнинг гуноҳларимизни кечир, хатоларимизни ўчир ва бизларни солиҳ кишилар қаторида вафот эттир! 

Эй, Раббимиз! Яна бизларга (барча ўтган) пайғамбарларингга (уларнинг воситаси ила умматларига) ваъда қилган нарсаларингни (савоб ва ёрдамингни) ато эт ва бизларни қиёмат кунида шармисор қилмагин! Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмагайсан”. 

Бас, Парвардигорлари уларни (дуоларини) ижобат этиб, (деди:) “Албатта, Мен сизлардан амал қилувчининг – хоҳ эркак бўлсин ва хоҳ аёл бўлсин – амалини зое қилмасман” (Оли Имрон, 191-195).

Демак, Аллоҳнинг Робб исми васила қилинса, дуонинг ижобатига тезроқ эришилар экан. 

Ҳадисдаги одам ҳам Аллоҳнинг ўша Робб исмини васила қилган эди. Қолаверса, у одам мусофир эди. Сафар ҳам ижобатнинг сабабларидан биридир. Зеро, сафардаги инсон ўзининг Аллоҳга муҳтожлигини муқим ҳолатидагидан кўра кўпроқ ҳис этади. Бундан ташқари у сочлари тўзиб, уст-бошлари чангга беланган ҳолатда эди. Бундай ҳолат ҳам дуонинг қабул бўлиш омилларидан саналади. Шунча сабабларни қилса ҳам нега унинг дуосини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабул бўлмайди деяптилар? Чунки, унинг таоми ҳаром эди! Киядиган кийимларини ҳаромдан топган эди! Ёшлигидан ҳаром луқма еб улғайган эди! Шунинг учун Набий алайҳиссалом: “Унинг дуоси қаердан ижобат бўлсин” демоқдалар. Агар ўша одам дуо қилишнинг ҳамма шартларини адо этиш билан бир қаторда луқмаси ҳам ҳалол бўлганида эди, албатта, дуоси ижобат бўлган бўларди. 

Баъзида барча шартлар топилса ҳам дуо қабул бўлмаслиги мумкин. Албатта, Роббимиз ўзи биладиган ҳикматга кўра шундай бўлади. Эҳтимол, ўша дуо ижобат бўлишдан кўра бирорта каттароқ гуноҳга каффорат бўлар. Ёки бирор ёмонлик етишининг олдини олар. Ёхуд Аллоҳ таоло унинг ижобатини қиёмат кунига захира қилиб олиб қўяр. Чунки, дуо қилиб, дуоси қабул бўлмаган кишига Аллоҳ таоло икки ҳисса ажр беради-да! Бири дуо қилгани учун, иккинчиси ижобат бўлмаганига сабр қилгани учун. 

4. Дуонинг ижобатига шошилмаслик. 

Инсон дуо қилар экан, дуойим қабул бўлмаяпти деб шошқалоқлик қилмаслиги керак. Бу ҳам дуонинг қабул бўлмаслигига сабаб бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Дуонинг ижобатида шошқалоқлик қилмасангиз, албатта, у ижобат бўлади”. Шунда саҳобалар: “Шошқалоқлик қандай бўлади, эй Аллоҳнинг Расули?” дейишди. У зот: “Дуо қилувчининг “Дуо қилдим, дуо қилдим, дуо қилдим, қабул бўлмади” дейишидир” дедилар. 

Дуонинг тез ижобат бўлишини кутиш бора-бора инсонни дуо қилишдан тўхтатиб қўйиши мумкин. Ваҳоланки, дуо қабул бўлмаган тақдирда ҳам у ибодат, Аллоҳга яқинлашиш, ажрнинг кўпайиши ҳисобланади. Шунинг учун инсон дуосининг қабул бўлишини Аллоҳдан сўраши, мабодо қабул бўлмаса ҳам дуонинг ибодат, ажрнинг кўпайиши, гуноҳнинг тўкилиши ва энг асосийси Аллоҳга яқинлашиш воситаси эканини ёдда тутиб доимо дуога ҳарис бўлиши керак.    

5. Қалб ҳозир бўлиши. 

Инсон дуо қилаётганда айтаётган сўзларини қалбидан ўтказиб, ҳушёр ҳолатда туриши ва ўша дуосининг қабул бўлишига ишониши лозим. Чунки, Аллоҳ таоло бепарво, ижобатига ишонмайдиган, ғафлат ҳолатидаги қалб соҳибининг дуоларини қабул қилмайди.  

6. Қиблага юзланиш. 

Модомики, дуо ибодат экан, демак, у қиблага қараб адо этилмоғи лозим. Бу ҳам дуо қабул бўлишининг энг зурур омилларидан ҳисобланади. 

7. Таҳоратли ҳолда бўлиш.

Модомики, дуо ибодат экан, демак, у таҳоратли ҳолда бажарилсагина кўзланган мақсадга эришилади. 

Аллоҳ барчамизни дуолари қабул бўладиган бандаларидан қилсин. Омин! 

 

 

Нозимжон Ҳошимжон

 

Мақолалар

Top