www.muslimuz

www.muslimuz

Аллоҳга шукрки, юртимиз аҳлининг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан Умра сафари учун рейсларни ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилиб, яхши натижаларга эришиб келинмоқда.

 Мана шундай ишларнинг узвий давоми сифатида, шу йилнинг 10 февралидан бошлаб, муборак заминга умра ибодати учун рейслар жорий мавсумнинг аввалида белгиланган режага мувофиқ, ҳафтанинг ҳар сешанба ва шанба кунлари 3 марта, қолган 5 кунида 2 тадан рейс йўлга қўйилди. Шунда бир ҳафта давомида жами 16 марта авиапарвоз амалга оширилади.

 Таъкидлаш жоизки, умра сафарига бориб келаётган ҳамюртларимиз муборак зиёратга бориш йўлга қўйилгани, ҳозирланган шароит ва хизмат кўрсатиш сифатининг юқорилигидан жуда ҳам миннатдор бўлишмоқда. Бунинг учун Ҳақ таолога шукроналар айтмоқдалар, Давлатимиз Раҳбари ва бу савобли ишга мутасадди бўлганлар ҳаққига хайрли дуолар қилиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини сўраб илтижолар қилмоқдалар.

Мана шу шукрона ва дуолар шарофати ила юртимизда хурсандчиликлар бардавом бўлмоқда. Аллоҳ таоло неъматларини бундан-да зиёда этсин!

#УМРА2022
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar

Ушбу 3 амалнинг савоби чексизлигидан Қиёмат куни тарозига қўйилмайди:

1. Инсонларни афв этиш.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Ким афв этиб ислоҳ қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасидадир" (Шўро сураси, 40-оят).

2. Сабр.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур" (Зумар сураси, 10-оят).

3. Рўза.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: "Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда бундай деган: "Одам боласининг қилган ҳамма амали ўзига, фақат рўза Менга. Унинг савобини Ўзим бераман" (Имом Бухорий ривояти).

Қиёмат кунида: "Савоби Аллоҳнинг зиммасида қолганлар қанисизлар?", деб жар солинади. Шунда рўза тутганлар, сабр қилганлар ва одамларни афв этганлар савобларини олиш учун келадилар.

Шундай экан, рўза тутинг, сабр қилинг ва одамларни афв этинг.

Аллоҳим барчамизни ушбу нидо билан чақириладиганлардан қилгин.

 

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ

Манба: https://t.me/tuhur

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари Тошкент шаҳри «Олтинтепа» жоме масжидида шу йил 4 февраль куни бўлиб ўтган жума суҳбатида инсонларнинг камчилигини динга боғламаслик ҳақида шундай дедилар.

“Ислом дини Аллоҳ томонидан ҳар бир инсон дунё ва охиратда саодатли бўлиши учун юборилган катта неъмат. Дин бекаму кўст, бенуқсон бўлади. Бирор ким ўйлаб топган ёки ижод қилиб ёзган эмас. Холиқимиз, Роббимиз томонидан бизга инъом қилинган. Бу дин жоҳилият давридан саодат замонига ўтказиш учун юборилгандир.

Агар қаердадир, кимлардир бу борада камчиликка йўл қўяётган бўлса, бу шахсларнинг камчилиги, динники эмас. Хато қилган бўлсак, ноўрин гапириб қўйган бўлсак, янглиш фатво берган бўлсак, Аллоҳ бизни кечирсин. Лекин шу кунларда ижтимоий тармоқларда мусулмон биродарларимиз хатосини кўтариб чиқиб, бутун ислом умматининг хатосига йўйиш ҳолатлари қалбимизга озор бермоқда.

Шуни билиш муҳимки, қаерлардадир камчилик бўлса, бу диннинг камчилиги эмас. Динимиз бенуқсон, бехатодир. Фақат буни ўрганиб, таълимотини тушуниб, тўғри талқин қилишимиз керак, холос”, – дедилар муфтий ҳазратлари.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

muslim.uz

Аллоҳ таоло инсон наслини улуғлади, унга беҳисоб неъматлар, яхшиликлар ато этди. Пайғамбарларнинг илоҳий кўрсатмалар билан юборилишидан мақсад инсонларни ҳидоят йўлига бошлаб, жамиятда адолатни барпо этишдир. Инсонларнинг ўзаро бир-бирларидаги ҳақ-ҳуқуқ ва мажбуриятларини астойдил адо этиб, жорий бўлган маълум қонун-қоидаларга риоя қилиб яшашлари ижтимоий адолатнинг қарор топишида муҳим ўрин тутади. Қуръони каримда мусулмон эркак ва муслима аёл турмуш қуришига эътибор берилади. Зеро, никоҳ асосида оила барпо бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оилада боланинг тарбияси туғилишдан олдин ва ўз турмуш ўртоғини танлаш ва уйланиш  пайтидан бошланишини таъкидлаганлар. Эр-хотин  оиланинг асосий устуни ҳисобланади. Шунинг учун агар ота-она фикрий ва руҳий нуқтаи назардан соғлом, тақводор ва тарбия кўрган инсонлар бўлсалар, бола  учун тарбиянинг муҳим қисмига кафолат берилган. Ислом динида болаларнинг таълим ва тарбиясига туғилишдан олдинги шароит ва ҳатто боланинг она қорнида вужудга келган пайтида махсус эътибор қаратилади.

Динимизда кичик болалар ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида кўплаб кўрсатмалар мавжуд. Бола ҳуқуқларига илк бора эътибор қаратган ва уларни ҳимоя қилишга буюрган дин айнан Исломдир. «Бола ҳуқуқи» тушунчасини ҳам биринчи бўлиб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қўллаганлар. Ислом таълимотида солиҳ фарзанд туғилиб, вояга етиши учун эр-хотинга тўйдан аввал тайёргарлик кўрилиб, бу борада махсус дастуриламаллар кўрсатилган. Динимизда фарзандлар ҳуқуқига қатъий риоя қилиниб, бу уларнинг ота-онаси ёки яқин қариндошлари ва жамият зиммасига юклатилган. 

Шу ўринда, болаларга бир қанча ҳуқуқни берувчи жуда кўплаб Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар борки, уларнинг баъзиларини қуйида келтириб ўтсак:

Тенглик ҳуқуқи. Шўро сураси 49-оятда ўғил болалар қизлардан устун эмаслиги ҳақида  марҳамат қилинади: «Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсасини яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур». Ўғил боланинг ҳам, қизнинг ҳам туғилишига хурсанд бўлиб, ақиқа қилиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.

Яшаш ҳуқуқи. Болаларни ўлдириш мумкин эмаслиги баён қилинган жуда кўп оятлар бор. Масалан: “(Эй, инсонлар!) Болаларингизни қашшоқликдан қўрқиб ўлдирмангиз – уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ризқ берурмиз. Уларни ўлдириш, шубҳасиз, катта хатодир» (Исро сураси 31-оят);

Таъминот олиш ҳуқуқи. Фарзандларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъмин этиш отанинг муқаддас бурчидир. Динимизда бу таъминот ҳалол-пок бўлиши талаб этилади.

Ёш болаларнинг нафақаси отасининг зиммасида эканлиги Каломуллоҳда шундай марҳамат қилинади: «Оналар болаларини тўла икки йил эмизадилар. (Бу муддат) эмизишни камолига етказишни истовчилар учундир. Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир…” (Бақара сураси 233-оят). 

Фарзанднинг онасига нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига ҳам нафақа бериш вожибдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:

Ҳинд бинти Утба: «Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга етадиган нарса бермайди. Фақат унга билдирмай олсам бўладими», деди. «Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам. (Икки Шайх ривоят қилишган).
Таълим-тарбия олиш ҳуқуқи. Ислом фарзандларга чиройли тарбия бериш, уларга дин арконларини ўргатиш лозимлигини уқтиради. Ҳар бир ота-онага солиҳ фарзанд тарбия қилгани учун юксак мартабаю ажр-савоблар ваъда қилинган. Хусусан, ҳадиси шарифда: «Кимнинг учта (бошқа бир ривоятда: иккита) қизи бўлиб, уларни тарбиялаб катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса, жаннатга кириши муқаррардир,
дейилади.  (Бухорий ривояти).

Ибн Умар (р.а)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Қуръони каримда яхши бандаларни «аброр» деб мақтади, чунки улар оталарига яхшилик қилганларидек, болаларига ҳам яхшилик қилган эдилар. Сенинг бўйнингда отангнинг ҳаққи бўлганидек, болангнинг ҳам ҳаққи бор», дедилар. (Имом Бухорий ривояти).

Муслим Атаев томонидан таржима қилиниб нашрга тайёрланган «Исломда болалар ҳуқуқи» номли мазкур китобда жиззахлик аллома Маждуддин Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асаридан бугунги ҳаётимизга янги мазмун ва чирой олиб кирадиган, асосий асардан саралаб олинган, айни биз яшаётган давр болалари ҳаётида учрайдиган ва кўпчилик ота-оналарни қизиқтирадиган кўпгина фатволар ўзбек тилига ўгирилган. Кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган ушбу асар юртдошларимиз учун бир туҳфа бўлиб, фиқҳ ва фатво соҳалари бўйича кўпчиликка қизиқарли манба экани шубҳасиздир. Шунингдек, асарда фақиҳ ватандошимизнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳам маълумот берилган.  

Китобда асардаги ҳанафий мазҳаби бўйича болалар ҳуқуқига тааллуқли фиқҳга оид 1289 та фатводан танлаб олинган 377 таси ўзбек тилида китобхон ҳукмига ҳавола этилган. Маълумотларга кўра, Уструшанийнинг «Жомеъ аҳком ас-сиғор» асари болалар ҳуқуқига бағишланган дунё тарихидаги биринчи ёзма ҳуқуқий манба ҳисобланади. Унда фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолдаги болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғилиб, тизимлаштирилган ва муайян тартибда тадқиқ этилган. Ўз асарини ёзишда муаллиф ўзидан олдин яшаган 120 дан ортиқ ҳанафий фақиҳлар фикрларини ўрганиб, чуқур таҳлил қилган. Ислом ҳуқуқшунослигига оид ушбу нодир асарда болалар ҳуқуқи бўйича келиб чиқадиган муаммолар адолатли ҳал қилиниб, болаларнинг жамиятдаги хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқларининг дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб масалалар кўриб чиқилган. 

Шу нуқтаи назардан қаралганда, бизнинг мамлакатимизда болалар ҳуқуқига бағишланган асарлар қадим-қадимдан мавжуд бўлганини, болалар ҳуқуқларига саккиз юз йил аввал Мовароуннаҳрда ҳам катта эътибор берилганлигини Маждуддин ал-Уструшанийнинг 1228 йилда ёзган «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари тасдиқлаб турибди. «Ушбу асар болалар ҳуқуқи муҳофазаси ҳақидаги алоҳида ёзилган илк ҳуқуқий манба бўлиб, ундан кейин ҳам болалар ҳақ-ҳуқуқларига дахлдор алоҳида асар яратилмаган», деб таъкидлайди Муслим Атаев. 

Ислом дини болалар ҳуқуқларини улар туғилмасиданоқ муҳофаза қилади. Бунга ажрашган ёки эри вафот этган аёлларга идда сақлаш шарт қилинганини мисол қилиб келтириш мумкин. Бундан кўзланган мақсад, ҳомиладор аёл қорнидаги боланинг насабини аниқ билишдир. Эри вафот қилган аёлнинг иддаси тўрт ой-ю ўн кун бўлса, талоқ қилинган аёлнинг иддаси эса уч ойдир. Боланинг насаби аниқ бўлиши унинг энг биринчи ҳақидир. Шу билан бирга, туғилмаган болада ҳам мерос олиш ҳуқуқи бор. Бу ислом шариатида туғилмаган бола ҳам ижтимоий таъминланганига яна бир яққол мисолдир. 

«Жомеъ аҳком ас-сиғор»даги шаръий ҳукм ва фатволар узоқ асрлар синовидан ўтган бўлиб, у ота-она ва болаларга ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда вазифаларини танитишда ажойиб дурдона асар сифатида қадрлидир. 

Ислом ҳуқуқшунослиги асосида битилган ушбу асарда болалар ҳуқуқлари бўйича келиб чиқадиган муаммолар одилона ҳал қилиниб, ижтимоий ҳаётда болаларнинг хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқлари дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб муаммолар ўз ечимини топган. Унда ушбу соҳада ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари учун жуда кўп аниқ далил ва кўрсатмалар берилган. Асар ислом ҳуқуқининг энг муҳим ва мукаммал тизимларини ўзида мужассам этиб, салкам саккиз асрдан бери ўзининг ҳаётийлигини исботлаб келяпти. Шунинг учун ҳам у бугунги исломшунослар ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба ҳисобланади. Ғарб олимлари мазкур асарни «Мовароуннаҳрда яратилган болалар конвенцияси», «Болалар ҳуқуқлари бўйича Бил» деб атаганларининг ўзиёқ бизга ғурур ва фахр бағишлайди.

Болалар ҳуқуқларига бағишланган «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари жаҳон тамаддуни тарихида биринчи ва ягона изоҳли ҳуқуқий қўлланма сифатида мусулмон мамлакатларида кенг тарқалган ва бугунгача истеъмолда. Зеро, мусулмон оламида Имом Уструшанийдан олдин ҳам, кейин ҳам болалар ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли фиқҳий асар ёзилмади. 

Хулоса қилиб айтганда, «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида ҳаётнинг асосий манбаи бўлган оила, унинг ширин меваси бўлмиш фарзандлар тарбияси, уларнинг оиладаги, жамиятдаги ҳақ-ҳуқуқлари аниқ ва тўлиқ баён этилган. Энг муҳими, Ислом динининг болалар ҳуқуқлари хусусидаги қарашлари бу соҳадаги замонавий қарашлар билан ҳамоҳангдир.

Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Бухородаги «Жўйбори Калон» мадрасаси директори

“Ражаб” сўзи қандай маънони англатади?
– Араб тилидаги “ражаб” сўзи ўзбекчада “улуғлаш”, “ҳурматлаш” маъноларини ифода этади.

?Ражаб ойи қандай ой?
– Ражаб ойи – Аллоҳ таоло уруш қилишни ҳаром қилган (зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб) ойлардан биридир.

?Ражаб ойида қандай тарихий воқеалар юз берган?
– Ер юзини сув босган тўфонда Нуҳ алайҳиссалом кемага ражаб ойининг биринчи куни минганлар;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;
– Машҳур қавлга кўра, Исро ва Меърож воқеаси ражаб ойида содир бўлган.

?Ражаб ойининг қандай фазилатлари бор?
– Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўплаб ажру савоблар берилади. Ибодатлар ва дуолар ижобат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Беш кеча борки, унда дуолар рад этилмайди: ражаб ойининг аввалги кечаси; шаъбон ойининг ярмидаги кеча; жума кечаси; фитр куни кечаси ва қурбонлик кечаси” (Ибн Асокир ривояти).

?Ражаб ойини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказганлар?
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида рўза тутганлар. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саъид ибн Жубайрдан ражаб ойида турганимизда ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.

?– Ражаб ойи кирганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма барик лана фи ражабин ва шаъбана ва баллиғна рамазона” (Аллоҳим, ражаб ва шаъбон ойларида бизларга барака ато қилгин ва бизларни рамазон ойига етказгин!”) деб дуо қилганлар (Имом Байҳақий ва Имом Тобароний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Уламолардан бири: “Ражаб шамолга, шаъбон булутга, рамазон ёмғирга ўхшайди. Кимки ражаб ойида экин экмаса, шаъбон ойида уни суғормаса, рамазон ойида қандай ҳосил олади?” деган.
Шундай экан, рамазонда олажак ҳосилимиз мўл бўлмоғи учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олган ҳолда ражаб ойида кўпроқ солиҳ амаллар билан бирга астойдил дуолар қилишни ҳам унутмайлик!
Ғафлатда қолмайлик, азизлар, вақт ғанимат, умр бевафо!

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.
@muslimuzportal Muslim.uz

Мақолалар

Top