muslim.uz

muslim.uz

Азиз юртдошлар! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими узоқ йиллардан бери халқимизга диний маърифат тарқатиш йўлида имкон қадар хизмат қилиб келмоқда. Маълумки, бугунги кун ахборот алмашинуви ниҳоятда тезлашган даврдир. Дунёнинг у бурчагида рўй берган ҳодиса саноқли сонияларда дунёнинг бошқа бурчагига етиб боради. Мана шундай глобаллашув шароитида ЎМИ Фатво бўлими ватандошларимизга ишончли маълумотлар етказиб бериш, уларнинг турли диний саволларига жавоб бериш, ва жамиятда пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга раддиялар беришга жиддий аҳамият қаратмоқда.

Ҳадиси шарифда фойдали илм ўрганиб уни ўзгаларга ўргатиш ҳақида шундай дейилади:

أفْضلُ الصَّدَقةِ أنْ يَتَعَلَّمَ المَرْءُ المُسلِمُ عِلْمًا ، ثُم يُعَلِّمَهُ أخاهُ المُسلِمَ

رواه الامام ابن ماجه عن ابي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Садақанинг афзали – мусулмон киши илм ўрганиб, сўнгра уни мусулмон биродарига ўргатишидир” (Имом Ибн Можа ривоятлари)

Мазкур вазифаларни бажариш учун Фатво бўлимида қуйидаги йўналишларда фаолият олиб борилмоқда:

  1. Жума тезисини тайёрлаш.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари томонидан тасдиқланган режа асосида Республикамизнинг барча масжидларида якдилликни таъминлаш учун Фатво бўлими мутахассислари томонидан жума мавъизаларининг тезислари тайёрланиб, Дин ишлари бўйича қўмита билан мувофиқлаштирилган ҳолда ЎМИ раҳбарияти томонидан тасдиқланиб, барча имом-хатибларга етказилади.

  1. Фуқаролар билан юзма-юз гаплашиб, саволларига жавоб бериш.

Ҳафта давомида фуқаролар турли масалалар юзасидан Фатво бўлимига ташриф буюриб, саволларига бўлим мутахассислари томонидан батафсил жавоб оладилар.

  1. Фуқароларга хат орқали жавоб бериш.

Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига юборган мурожаатлари ва почта орқали жўнатган хатларига доимий равишда хат орқали жавоб бериб борилади.

  1. Раддиялар тайёрлаш.

Жамиятимизда тарқалган нотўғри тушунчалар, ёд ғоялар, ботил эътиқодларга асосли ва батафсил раддиялар тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилади.

  1. Колл-марказ орқали келаётган саволларга жавоб бериш.

Юртдошларимизнинг диний саволларига қулай тарзда жавоб бериш мақсадида, ЎМИ Фатво бўлими томонидан ибодатга доир шаръий масалаларга телефон орқали жавоб бериш тизими (Колл-марказ) йўлга қўйилди. Колл-марказнинг иш тартиби душанбадан шанбагача, соат 09:00 дан 17:00 гача давом этади (ибодат вақтлари истисно қилинади, дам олиш куни якшанба). Ушбу хизматдан фойдаланиш учун 78-150-33-44 телефон рақамига мурожаат қилиб, фатво бўйича малакали мутахассислардан жавоб олинади.

  1. SavollarMuslimUzBot телеграмм боти орқали келаётган саволларга жавоб ёзиш.

Юртдошларимизда телеграм ижтимоий тармоғи орқали савол йўллаш имконияти ҳам мавжуд бўлиб, бунинг учун саволларни Фатво бўлимининг SavollarMuslimUzBot телеграмм боти орқали йўллашлари мумкин.

  1. “Дин ва ҳаётга оид саволлар” телеграмм каналига долзарб савол-жавобларни қўйиб бориш.

Фатво бўлими мутахассислари томонидан долзарб ва замонавий масалалар юзасидан далилларга асосланган батафсил жавоблар  “Дин ва ҳаётга оид саволлар” телеграмм канали орқали эълон қилиб борилмоқда.

  1. “Сўраган эдингиз” рукни остида видео жавоблар тайёрлаш.

Мазкур рукн остида энг долзарб ва кўп сўраладиган саволларга видео жавоблар тайёрланиб “Муслим тв” га қўйиб борилмоқда.

  1. muslim.uz сайти орқали келаётган саволларга жавоб ёзиш.

Ушбу сайтда ҳам азиз юртдошларимиздан келаётган саволларга жавоб берилмоқда. Яқин кунларда ушбу сайтни такомиллаштириб, янгича кўринишда “fatvo.uz” сайтини ишга тушириш режалаштирилмоқда.  

Юқоридаги хизматлардан ҳар бир киши фойдаланиши мумкин. Шу билан бирга ЎМИ Фатво бўлими фаолияти оммалашиши, халқимиз ислом маърифатидан янада кўпроқ баҳраманд бўлишлари учун бошқа кишиларга ҳам тавсия қилишлари мақсадга мувофиқ. Чунки, мўмин-мусулмонлар ишончли манбалардан динни ўргансалар, саволларига жавоб олсалар айни муддао бўларди. Зеро ҳадиси шарифда: "Яхшиликка далолат қилувчи уни бажарувчи кабидир", – деб марҳамат қилинади. Бу яхши ишда бизга ёрдамчи бўлганингиздан миннатдормиз! Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин! Омин!

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Бухоро шаҳри 2020 йилда "Ислом маданияти пойтахти" деб эълон қилинди. 

Бу мақомни ким беради?

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг  “Фан, таълим ва маданият” (ISESCO) тузилмаси ҳар йили араб мамлакатларидан битта, Осиё давлатларидан битта ва Африкадаги мусулмон давлатлардан битта, жами учта шаҳарга “Ислом маданияти пойтахти” унвонини беради.

Бу сафар Осиёдан Бухоро, араб давлатларидан Қоҳира, Африкадан Бамако (Мали) 2020 йилда Ислом маданияти пойтахти мақомига муносиб топилди.

Пойтахт мақоми мазкур шаҳар маъмуриятлари зиммасига бир йил давомида исломий меросларни ҳамда шаҳарларнинг мусулмон дунёсидаги замонавий ролини намойиш этувчи қатор тадбирларни ўтказиш вазифасини юклайди. Ушбу пойтахтларнинг бирида Ислом ҳамкорлик ташкилоти маданият вазирларининг анжумани бўлиб ўтади.

2007 йилда бу фахрли мақом Тошкент шаҳрига берилганди.

Бухоро Марказий Осиёдаги энг қўҳна ва номдор шаҳарларидан бири бўлиб, Ўзбекистоннинг жануби-ғарбий қисмида жойлашган, унинг ёши 2500 йилдан ошиб кетган. Ислом маданияти пойтахти бўлмиш Бухоро азалдан “Бухорои шариф” деб улуғланиб келинади. Шаҳар марказининг каттагина қисми меъморий ҳудуд саналиб, унинг асосий қисмини мадрасалар ташкил этади. “Унинг “Қуббатул Ислом”, яъни “Ислом гумбази” деб номлангани ҳам бежиз эмас.

 

 

Аслида Бухорои шариф бир неча асрлар давомида Ислом маданияти пойтахти бўлиб келган, десак хато бўлмайди. Зотан, унинг “Қуббатул Ислом” деб номлангани ҳам бежиз эмас. ИҲТ томонидан шаҳарнинг Ислом маданияти пойтахти деб эътироф этилиши асрлар давомида ушбу шаҳар ва унда етишиб чиққан олимларнинг Ислом цивилизациясига ҳисса қўшганини яна бир бор тасдиқлайди.

Нар­шахийнинг ёзишича, Бухоро машҳур фақиҳ Абу Ҳафс Кабир Бухорий (767-832) туфайли милоднинг IХ асри бошларида “Қубба­тул Ислом” – “Ислом динининг гумбази” номига сазовор бўлган.

Шайх Сайфиддин Бо­ҳар­зий (1190-1261) фаолияти туфайли ша­ҳарнинг шуҳрати Ислом оламида янада юксалди. Шу сабабли орадан тўрт аср ўтгач, ХIII аср­дан бошлаб унга янги сифат – “шариф” сў­зи қўшилиб, у Бухорои шариф, яъни ша­рофатли Бухоро номи билан атладиган бўлди.

Дарҳақиқат юртимизга кўз тегмасин, мамлакатимиз янада обод, халқимизни ҳаёти янада фаровон бӯлсин.

Бухоро атамаси тўғрисида қадимги муаррихлар нима деганлар?

  1. Бухоро – Мовароуннаҳрдаги машҳур шаҳар бўлиб, унинг маъноси "Илм кўп жой" деганидир. Бу шаҳарда уламо ва фузалолар жуда кўп бўлгани учун унга шу ном берилган (Бурҳони қотиъ).
  2. Турондаги шаҳар бўлган Бухоронинг маъноси "Илм"дир. Олимлар ва фозилларнинг кўплиги учун шаҳар шундай номланган (Ғиёсул луғот).
  3. "Ғиёсул луғот" эгаси Бухоронинг "Илм" маъносини англатиши қадимги китобларда жуда кам учрашини айтади. Бухоро қадим замонларда шу қадар катта шаҳар бўлганки, ундан яхшироғи оламда кам топилган (Ҳафт қулзум).
  4. Уни Бухорои шариф дейдилар. Ўн бир дарвозаси, икки юзта кичик мадрасаси, еттита катта жомеъ масжиди, қирқта ҳаммоми, бир юз элликта карвонсаройи бор. Шаҳар аркининг майдони бир фарсах бўлиб, дарвозаси ғарбга қараган. Шаҳар атрофи девор билан ўралган бўлиб унинг узунлиги тахминан ўн тўрт минг уч юз етмиш икки қадамдир. Самарқанд ва Бухоронинг орасидаги масофа ўттиз саккиз фарсах. Бухоронинг кенглиги бир кунлик йўлдир. Самарқанд унга қараганда кичикроқдир. Бухоро Турондаги энг катта шаҳардир (Анжуманоройи Носирий).
  5. Бухоро Туркисонда Зарафшон дарёси бўйида жойлашган қадимги маскан номи.

 

 

...Ривоятларга кўра у ибодатхона маъносини англатувчи "Виҳор" ёки "Баҳор" исмининг мўғулча талаффузидир. Масалан, Навбаҳор  ибодатхонаси каби (Фарҳанги луғоти Шоҳнома).

  1. Бухоро сўзининг келиб чиқиши муғларнинг "Бихор" сўзидан олинган бўлиб, у "Илмлар жам бўлган жой" маъносини англатади (Жувайний).
  2. Бухоро Мовароуннаҳрдаги шаҳар бўлиб, у Машриқ маликларининг қароргоҳидир. У намли, мевалари бисёр ва оқар сувлари бор жой бўлиб, халқи тирандоз ва ғозийпешадирлар. У жойдан гилам, кўрпа-тўшак, жойнамоз, сифатли юнг (қоракўлтери) ва ишқор чиқарилади.

Бухоро ҳудуди ўн икки фарсахлик девор билан ўралган. Барча работлар ва қишлоқлар шу деворнинг ичида жойлашган. Ичидан икки рўд ўтган: бирининг номи Харноб, яна бирининг номи Жайҳун. Унинг чегараси Бадахшонгача етади (Ҳудудул олам).

  1. Бухоронинг номлари: Нимижкат, Бумискат, Мадинатус суфрия, яъни Мис шаҳри, Мадинатут тужжор, яъни савдогарлар шаҳри ва Фохира (Тарихи Бухоро, Наршахий).

Бухоро илм шаҳри

Муқаддас динимизда илмга алоҳида ­эътибор қаратилиб, олимларнинг мавқеи жуда юксак экани таъкидланади. Қуръони ка­римда “илм” сўзи 814 марта зикр этилган. Жумладан, бир ўринда бундай марҳамат қилинади: «Айтинг: “Биладиганлар би­лан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дар­ҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар сураси, 9-оят).

 

 

Ҳадисларда ҳам илмга ташвиқ этилиб, “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз­дир”, дейилган (Имом Ибн Можа ри­воя­ти). .

Бухорога XIX асрда сафар қил­ган Е. Ме­йендорф эса Бухоронинг Ислом оламида тутган ўрнини қуйи­дагича таърифлайди: «Кўплаб мадрасалари, алломалари ҳамда муборак қадам­жолари туфайли мусулмонларнинг зиё­рат­гоҳига айланган. Эҳтимол, шунинг учун у “шариф” но­мига са­зовор бўлгандир».

Муаззам  мадрасалар макони

Юртимизда азалдан диний таълим ривожланиб келган. Нуфузли мадрасалар кўплиги ва ундаги таълим-тарбия ишлари таҳсинга лойиқ бўлган. Мадрасалар нафақат диний, балки дунёвий илмларни ўрганиш ва ўргатишда мактаб вазифасини бажарган. Шу туфайли илм-маърифат билан жаҳон тамаддунига муносиб ҳисса қўшган буюк алломалар айнан ушбу заминдан етишиб чиққани барчага аён. Уларнинг номи ва қолдирган илмий мерослари неча асрлардан бери катта обрў-эътибор қозониб келмоқда.

Кўҳна Бухоро ҳам ўзининг кўп сонли мадрасалари билан ном таратган. У турли ерлардан илм таҳсили учун талабалар ташриф буюрадиган муаззам шаҳар ҳисобланган. Бу анъана кейинги асрларда ҳам давом этган.

Аштархонийлар даври муаррихи Маҳмуд ибн Вали (XVII аср) Бухоронинг илмий марказ сифатидаги хизматини шундай баҳолайди: «Олимларнинг кўплигидан, у шаҳарни “олимлар ва илм-фан” булоғи деб атайдилар».

  

Рус сайёҳи Н.Ханыков ўз эсдаликларида Бухорони йирик илм-фан ва маърифат, диний билимлар маркази сифатида таърифлаб: «Бухоро илм тарқатувчи марказ ҳисобланган ва ҳисобланади», дейди.

Наршахийнинг фикрича, 937 йилги ёнғиндан зарар кўрган Бухородаги «Форжак» мадрасаси Марказий Осиёдаги дастлабки мадрасалардандир.

Ўрта асрларда Бухоро мадрасалари илм маскани сифатида нафақат  Марказий Осиёда, балки мусулмон Шарқида ҳам ғоят машҳур эди.

Амир Темур ва темурийлар даврида мадрасалар олий маълумот берувчи марказ вазифасини ўтаган. Ҳатто Бухоро амири Амир Ҳайдарнинг (1800-1826 йй.) «Амир» ёки «Олий» номли мадраса қурдиргани тўғрисида маълумотлар мавжуд.  

Амир Ҳайдар ҳукмронлик қилган даврда илм олиш мақсадида Бухорога дунёнинг турли жойларидан талабалар келган, илм-фан тараққий этиб, катта ютуқлар қўлга киритилган. 

У ерда сакинат, ихлос, тақво ва илм мужассам мадраса бор

Бухоро шаҳридаги энг кўҳна ёдгорликлардан бири Мир Араб мадрасасидир. Ушбу мадраса Марказий Осиёда узоқ вақт зиё тарқатиш билан машғул бўлган илм даргоҳидир. Мир Араб мадрасаси шонли тарихининг янги давридан ҳозирги кунгача мингдан ортиқ малакали диний ходимлар, жуда кўплаб муфтийлар, уламолар ва бугунги кунда фаолият юритаётган имом-хатиблар таълим олганлар. Бу илм масканидан қўшни республикаларнинг Ислом дини ривожига ҳам сезиларли ҳисса қўшган кўплаб машҳур уламолар етишиб чиққан. 

Мир Араб мадрасасини бутун оламга машҳур қилган нарса ҳеч муболағасиз айтишимиз мумкинки, мадрасадан етишиб чиққан забардаст алламолар ва улар мерос қолдирган буюк асарлардир. Бу мадрасада турли даврларда олимлар, мударрислар таьлим бериб келдилар. Масалан, яқин асрларда бу мадрасада Аҳмад Дониш, Садриддин Айний, муфтий Эшон Бобохоннинг устозлари Миён Бузрук ҳам шу ерда таҳсил олиб, кейин мударрислик қилганлар.

 

 

Бу мадрасанинг асрлар давомида илм маскани булиб, зиё таратиб келаётганига яна бир сабаб бу мадрасага асос солган улуғ зот нақшбандия тариқатининг улуғ пири Мир Араб саййид Абдуллоҳ Яманийнинг шарофати ва баракотларидан десак, ҳеч муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, ривоятларда айтилишича, шайх Мир Араб ҳазратлари, мадраса қиёматгача илм ва таълим маскани бўлиб қолишини сўраб дуо қилган эканлар. Бундан ташқари мадраса ҳовлисида Мир Араб саййид Абдуллоҳ Яманийнинг муборак жасадлари дафн этилган. Аллоҳ таолонинг дўсти бўлмиш Мир Араб шарофатлари боис ушбу мадрасада сакинат, ихлос, тақво ва илм то Қиёматга қадар боқий қолажак!

Юксак эҳтиром

Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1 июлдаги “Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига биноан бугун Бухоро улкан бунёдкорлик майдонига айланди.

Давлатимиз раҳбари 2019 йил 16 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифлари чоғида уламою фузалолар, азиз авлиёлар мангу қўним топган масканларни янада обод этиб, бу жойларда зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш борасида мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Айни чоқда етти пир – Абдулхолиқ Ғиж­дувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуалари янада обод қилиняпти. Уларнинг мақбара­лари қайта таъмирланиб, атрофи кўкаламзор­лаштириляпти, вилоятнинг иқлим ша­рои­тига мос манзарали дарахтлар, ноёб гул­лар ўстирилмоқда.

Сайёҳлар учун мазкур ҳудудларда меҳ­монхоналар, чойхоналар, савдо мажмуала­ри, автотураргоҳлар барпо этиляпти. Зиё­­рат­гоҳларни ўзаро боғлай­диган йўллар таъмирланиб, замонавий инфра­ту­зилма шакллантирилаётир. Муҳташам маданий объектлар қурилиб, транспорт-ло­гистика, муҳандислик-комму­никация тар­моқлари сифати яхшиланмоқда.

 

Жобир ЭЛОВ, 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Бухоро вилояти вакили,

Бухоро вилояти бош имом-хатиби

Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ юртимизда кадрлар муаммоси борлигини айтган эди. Кўп ўтмай, бу масалани таг заминидан ўрганиш ва ҳал этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида мислсиз ислоҳотлар бошланди.

Аввало, мактабгача таълим тизими ривожлантирилиб, пойдевор мустаҳкамланди. Ўқув даргоҳларига, педагогларга эътибор кучайди. Олий таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар бўлди. Бу тизимларни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича концепциялар ишлаб чиқилди.

Билимли болаларни аниқлаб, чуқурлаштирилган тарзда ўқитиш, талаб юқори бўлган соҳаларга йўналтириш мақсадида ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактаб шундай таълим масканларидан яна биридир.

Давлатимиз раҳбари ўтган йили мазкур мактабни қуришга доир лойиҳалар билан танишган эди. Яқинда пойтахтимиз Тошкентда ушбу замонавий даргоҳ фойдаланишга топширилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 27 декабрь куни ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мазкур билим муассасасини келиб кўрди.

Мактабда кенг шароитлар, фан кабинетларидан ташқари дарслар ҳамда факультатив машғулотларни инновацион усулларда ўтиш учун қўшимча имкониятлар яратилган. Artel, UCell, ZTE ва Huawei компанияларининг махсус синфлари очилган.

Шавкат Мирзиёев ушбу синфлар, улардаги муҳит, асбоб-ускуналар билан танишди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди.

– Ҳамма ишларимиз, ислоҳотларимиз Ўзбекистоннинг эртанги куни учун. Келажагимиз замини эса – сиз, ёшлар. Кўзларингдан кўриб турибман: сизлар билимли, Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб етишмоқчисизлар. Бунинг учун ҳамма шароитларни яратиб берамиз, – деди Президент.

Мутасаддиларга шу каби илғор бинолар андозаси асосида мактабларнинг қурилиш лойиҳаларини ўзгартириш, методологияни мустаҳкамлаш орқали таълим сифатини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Ал-Хоразмий бобомизга дунё ҳозиргача қойил қолади. Бугунги технологиялар, дастурий маҳсулотларга у яратган алгоритм асос бўлган. Сиз бундан фахрланишингиз, буюк аждодимиздек қунт билан ўқиб, доим изланишингиз керак, – деди давлатимиз раҳбари ёшларга.

Мактабда ўқувчилар замонавий мобил ва компьютер дастурларини ўрганиши, ўз устида ишлаб, тажриба ошириши учун робототехника ва санотехника хоналари, инновацион ва виртуал лабораториялар ташкил этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ушбу билим даргоҳида Мирзо Улуғбек туманидаги IT-парк бўлинмасини ташкил этиш, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам шундай марказлар очиб, бу соҳага қизиққан ёшларга кенг шароитлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

– Ахборот-коммуникация технологияларини яхши билган бола кўчада бекор юрмайди, ўзининг иши бўлади. Ёшларимизни шундай билимли мутахассислар этиб тарбияласак, оиласига, давлатга нафи тегади, – деди давлатимиз раҳбари.

Жорий йилда мактабнинг 5-11 синфларига 680 нафар ўқувчи математика ва чет тили синовлари асосида қабул қилинди. Педагогик жамоага Буюк Британия, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан ўқитувчилар жалб этилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

«Тафсири Ҳилол» дастурининг Android қурилмалари учун янги нашрида аудио тинглаш имконияти қўшилди. Янги 2.0 нашр дастурига қуйидаги янгиликлар киритилгани маълум қилинди. Бу имкониятлар қуйидагилардир:

– Аудио тинглаш имконияти қўшилди;
– Машҳур қорилар Маҳмуд Ҳалил Хусорий, Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Мишарий Рошид ал-Афасий, Абдурроҳман Судайс қорилар тиловати;
– Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари томонидан ўқиб берилган «Қуръони Карим ва ўзбек тилидаги маънолар таржимаси» аудиоси.

Дастурдан фойдаланишда қироатларни тинглаш учун рўйхатдан ўтиш кифоя экани маълум қилинган.

Шунингдек, ҳатчўп қўшиш жойи ҳам ўзгарди ва ҳар бир оятни ўз қаторидан туриб ҳатчўпга қўшишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, дастуримиздан iOS, Windows, Linux(Ubuntu) ҳамда MacOS жиҳозларда фойдаланиш мумкин.

«Тафсири Ҳилол» дастурини барча жиҳозлар учун юклаб олиш

(http://e-hilolnashr.uz/tafsirihiloldownload)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Машҳур фақиҳ, усулий аллома шайх Муҳаммад Аднон ибн Ёсин Дарвиш 1970 йил 17 ноябрда Суриянинг Дамашқ шаҳрида таваллуд топган.

Илмий шаҳодатлари ва фаолиятлари:

• Азҳари шариф университетининг бакалавриати (шариат ва қонун факультети) ва магистратурасини (усулул фиқҳ) тамомлаган;

• усулул фиқҳ йўналиши бўйича фан доктори илмий унвонига эга;

• 2014 йилдан буён Туркиянинг Истамбул шаҳридаги Сабоҳуддин Заъим масжидида мударрис;

• 1989 йилдан буён Фатҳ ислом маъҳадида мударрис;

• Бир неча йил давомида Дамашқ шаҳри ва вилоятидаги шаръий ўрта мактабларда мударрис;

• 2006 йилдан буён Фатҳ ислом маъҳадининг юқори университет қисмида мударрис;

• Шом олий маъҳадида фиқҳ ва мазҳаблар фиқҳи бўйича мударрис;

• Дамашқ вилоятидаги Ҳуда маъҳадининг асосчиси ва мудири;

• Дамашқ шаҳри ва вилоятидаги бир неча масжидларда мударрис.

Илмий ишлари:

• «Абдулазиз Бухорийнинг усулул Баздавийга шарҳи «Кашфул асрор» асарининг илмий таҳқиқи» мавзусидаги магистрлик илмий ишини аъло баҳога ҳимоялаган;

• «Ибн Ҳожибнинг усулдаги фикрлари» докторлик илмий иши биринчи ўринга сазовор бўлган;

Салаф уламоларнинг илмий меросидан қуйидагиларни таҳқиқ қилган:

• Суютийнинг «Саҳиҳи Муслим»га ёзилган «Дебож» номли шарҳининг таҳқиқи;

• Имом Косонийнинг «Бадоиъус-саноиъ» китобининг таҳқиқи;

• «Ҳидоятул Фаттоҳ фи зикри адиллати нурул ийзоҳ» китобининг таҳқиқи;

• Мерос илмига оид «Сирожия» китоби шарҳининг таҳқиқи;

• Мунзирийнинг «Арбаъийн фи истисноъил маъруф» китобининг шарҳи ва таҳқиқи;

• Имом Марғинонийнинг «Ҳидоя» китобининг таҳқиқи;

• Имом Мусилийнинг «Ихтиёр» китобининг таҳқиқи;

• «Саҳиҳул Бухорий»нинг энг катта шарҳларидан бўлмиш «Нажоҳул қорий бишарҳил Бухорий» китобининг таҳқиқи.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top