muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковинднинг таклифига биноан 30 сентябрь куни давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга келди. 

Давлатимиз раҳбари дастлаб Агра шаҳрига ташриф буюрди. Ўзбекистон делегацияси аэропортда тантанали кутиб олинди.

Президентимиз бу ерда жаҳонга машҳур Тож маҳал обидасини бориб кўради.

Давлат ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар эртага Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтади.

 

Ўн бир фарзандли Ген ва Ҳалилинтар оиласи Индонезиядаги кўп болали хонадон ҳисобланади. Бу оила зиёрат туризмни фаол тарғиб этмоқда.

Самарқанд вилояти туризмни ривожлантириш департаменти матбуот хизматининг хабар беришича, бу оила 2014 йилда юртимизда, жумладан, Самарқандда саёҳатда бўлиб, бундан жуда катта таассурот олади. Шу сабабли улар мамлакатимиздаги тарихий-маданий иншоотлар, муқаддас қадамжолар ва халқимиз маданияти, анъана ва урф-одатлари ҳақида “Ўзбекистон – меҳмондўст давлат” (“UZBEKISTAN NEGARA SAHABAT”) номли китоб ёзди. Ҳозиргача бу китоб 100 минг нусхада нашр этилди ва Индонезияда жуда машҳур бўлди. “GenHalilintar” оиласи мазкур китобни ўзбек тилига таржима қилиш ва Самарқандда нашр этишни режалаштирган.

Таъкидлаш лозимки, “GenHalilintar” оиласини “King of YouTube” (Ютуб қироли) деб ҳам аташади. Чунки, оила YouTube каналида жуда катта – 15 миллионлик аудиторияга эга. Уларнинг Ўзбекистонга сафари ҳақидаги видеосини томоша қилганлар ҳозиргача 150 мингдан ошди.

“GelHalilintar” Самарқанд шаҳрида туризмни ривожлантиришни истайди. Бунинг учун уларнинг ўзи ҳам қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар туризм соҳасига инвестиция киритиш ниятида.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Манба 

Ислом динида инсонларнинг инсонлардан фарқи, фақат Аллоҳга итоати, доимий тоати, тақвоси билан белгиланади. Аллоҳ айтади: “Апбатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Аёлларнинг яхшиси, эътиборлиси эса эрларига итоатда бўлувчи мўмина аёллардир. Қуръони каримда марҳамат этилган: “Бас, ибодат-итоатли ва (эрлари) йўқлгида Аплоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар – яхши хотинлардир. (Нисо сураси, 34- оят)

«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир. (Нисо сураси, 34- оят)

Ҳар бир жамиятга раҳбар лозим. Раҳбари бўлмаган жамиятда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ва хайр-барака бўлмайди. Ислом таълимотлари бўйича, оила энг муҳим жамият бўлиб, катта жамиятнинг асосий ғишти ҳисобланади. Ғиштлари пишиқ иморат мустаҳкам бўлганидек, оилалари аҳил-мустаҳкам бўлган жамият ҳам бақувват бўлади. Шундай муҳим муассаса бўлган оиланинг раҳбари бўлмаслиги мумкин эмас. Нима учун Исломда оила раҳбарлиги эркакка берилади? Бу саволга ушбу ояти каримада шундай жавоб берилади:

«Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар».
Демак, оила раҳбарлиги бобида Аллоҳ эркакни аёлдан афзал қилиб яратибди. Дарҳақиқат, эркак киши ўзининг жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, асабий, руҳий нафсоний ва бошқа жиҳатларидан оила раҳбари бўлишга мос яратилган. Бунинг устига, оилани қуриш ва уни тутиб туриш, бу йўлдаги барча сарф-харажатлар ҳам эркак киши зиммасида. У катта меҳнат эвазига топилган молу мулкининг беҳуда кетмаслиги лозимлигини ўйлайди, оилани мустаҳкам ҳолда тутиб туришнинг чора-тадбирларини кўришга мажбур бўлади.

Аллоҳ таоло ҳеч бир ишни беҳикмат қилмайди. Жумладан, эркак киши оила раҳбари бўлса ва у ўз раҳбарлигини шариатда кўрсатилгандек адо этса, бундай оилалар бахт-саодатга соҳиб бўлмоқда. Бу кўрсатмага юрмаган оилалар эса, бахтсизликка учрамоқда, шундайлардан ташкил топган жамиятлар ҳам бахтсизликка дучор бўлмоқда. Бу ерда гапни чўзиб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.

Аммо мусулмон жамиятларда ҳам баъзан бу умумий қоида бузилганини кўрамиз. Эркак раҳбар бўлган оилада ҳам ноқулайликлар юзага келиб туради. Агар шундай бўлаётган бўлса, одамларнинг, хусусан, ўзини мусулмон ҳисоблаётганларнинг айби биландир. Афсуски кўплар ояти каримада кўзда тутилган раҳбарликни қаҳр, жабр ва зулм ўтказишнинг имкони деб тушунадилар. Аслида, бу раҳбарлик масъулиятдир. Масъулият бўлганида ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувчилигини, муҳофазасини адо этмоғи лозим.

«Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир».
Яъни, мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатида эрига итоаткорлик бордир. Биз «итоаткорлик» деб таржима қилаётган сўз ояти каримада «қонитатун» лафзи ила келган. Бу сўз ўз иродаси, рағбати ва муҳаббати ила итоат қилиш маъносини англатади. Демак, мўмина, солиҳа аёлларнинг эрларига итоати ўз масъулиятини тушунган ҳолдан келиб чиққан бўлади. Қўрққанидан, мажбурлашдан ёки бошқа бирор босқидан эмас. Бу итоат ўзини тушунган, ҳаётдаги ўрнини, вазифаси ва масъулиятини ҳис этган гўзал инсоннинг итоатидир.

Мўмина, солиҳа аёлларнинг табиатларидан яна бири–улар:
«Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир».
Яъни, эрлари ёнларида турган пайтлардагина эмас, улар бирор сабаб билан оиладан узоқда бўлган чоғларида ҳам уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, обрў-эътиборларини муҳофаза қиладилар. Муҳофаза қилишлари ҳавою нафсга мувофиқ ёки ўз фикрларича, ёхуд эрларининг талабига биноан бўлмайди. Балки бу борада ягона ҳакам, белгилаб берувчи олий томон–Аллоҳ таоло бор. Шунинг учун ҳам оятда, «Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича», дейилмоқда. Аллоҳнинг ҳифз қилишга буюрган нарсаларини муҳофаза қиладилар.

Имом ибн Жарир Табарий ва Ибн Аби Ҳотимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Аёлларнинг яхшиси–назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, сени ўз нафсида ва молингда муҳофаза қиладиганидир», деганлар.

Имом Аҳмад Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса, унга: «Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг, киравер», дейилади», деганлар.

Лекин беш қўл ҳам баробар эмас, баъзи аёллар солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳаддиларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик кўрсатадилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак? Уларга ҳолатларига қараб муомала қилинади. Итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида, унга ваъз-насиҳат қилинади. Ваъз-насиҳат самара бериб, муносабатлар изга тушиб кетса, айни мурод. Агар фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, исёни давом этаверса, бошқа чора кўрилади.

Иккинчи босқич чора–ҳижрон, бирга ётмаслик, гаплашмасликдир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирлидир. Чунки бу масалада аёллар жуда ҳассос бўладилар. Эрларининг уларга эътиборсизлиги, гаплашмай қўйгани кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Ҳали инсофларини йўқотмаган бўлсалар, ўзларига келишларига, хатоларини тузатишларига сабаб бўлади. Аммо бу чора ҳам таъсир қилмаса, аёл буткул инсофини ютиб, итоатсизликда, исёнда давом этаверса, бу унинг яхшилик билан йўлга кирмаслигининг аломати. Энди унга нисбатан янада таъсирчанроқ чора–ўзини билмаганларга қилинадиган муомала қўлланилади.

Яъни, урилади.
«Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг».
Аммо уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш ёки бошқа жароҳатлар етказиш тушунилмасин. Ўтган аҳли солиҳ уламоларнинг бирларидан ушбу ояти каримада изн берилган уришнинг маъноси сўралганида, мисвок ёки бирор бармоғи билан туртиш, деган эканлар.

Ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Муовия ибн Ҳайра ал-Қушайрий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули, хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нима?» деб сўраганида, Пайғамбар алайҳиссалом: «Агар таом есанг, унга ҳам едирасан, кийим кийсанг, унга ҳам кийдирасан, юзига урма, ёмон сўкма, ташқарида ҳижрон қилма», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» деганлар. Бунга ўхшаш ҳадислар кўп. Кўриниб турибдики, ояти каримадаги уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учундир.

Аёл киши табиатан аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлади. Сал нарса баҳонасида эрига нисбатан итоатсизлик ва беодоблик қилиб қўйиши мумкин. Аммо кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, уларга қарши чора кўришга зарурат қолмайди. Юқорида саналган чора-тадбирларни ҳам қўллаш шарт бўлмайди.

Тарихда ана шундай мўмина, сиддиқа, зоҳида, олима, обида аёллар жуда кўп ўтганки, улардан ҳар бирининг тарихи, ибратли ҳаёти бир китобга мавзу бўлгудай. Булар инсониятга Исҳоқ, Исмоил, Мусо, Исо (алайҳимуссалом) пайғамбарларни туғиб, тарбиялаб берган Сора, Ҳожар, Аёрхо, Марям каби улуғ волидалар, бахтиёр оналар, золим Фиръавннинг мўмина хотини Осиё, биринчи ва энг тақводор сўфия Робиъа ал-Адавиййа, Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмо, Ҳазрати Апининг қизлари Зайнаб, олима ва фозила аёл Нафиса бинти Ҳасан кабиларнинг қиссаларидир. Ибн Аббосдан (р.а.) ривоят этилган ҳадисда шундай марҳамат қилинади: ” Пайғамбаримиз бир куни ерга тўртта чизиқ чиздилар ва “Бу нима, биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аплоҳ ва Унинг расули билгувчироқ”, деб жавоб беришди. Пайғамбаримиз ” Булар жаннатнинг энг афзал аёллари – Ҳадича бинти Ҳувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Марям бинти Имрон, Фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳимдир”, деб жавоб бердилар. (Имом Аҳмад ривояти)

Мўмина оналаримизнинг, Аплоҳга итоатда, тоатда, қаноатда барчага намуна бўлган улуғ аёлларимизнинг ҳаёт йўллари, Ҳақ йўлидаги фидойиликлари ва садоқатлари қиёматгача мўмин-мусулмонлар учун ибрат бўлиб қолаверади, иншааллоҳ!

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом билим юрти матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

jeudi, 27 septembre 2018 00:00

Чўлпон француз тилида

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров 26 сентябрь куни Ўзбекистон олий ўқув юртлари талабалари билан учрашувларда иштирок этиш учун республикада меҳмон бўлиб турган Франция илмий тадқиқотлар миллий маркази профессори, ёзувчи, публицист ва таржимон Стефан Дюдуаньон билан учрашди.
Томонлар жорий йилнинг май ойида Ислом цивилизацияси маркази ва Франция илмий тадқиқотлар миллий маркази ўртасида эришилган келишувларни амалга ошириш тўғрисида фикр алмашдилар. Стефан Дюдуаньон Чўлпонннинг “Кеча ва кундуз” романини француз тилига таржима қилгани, ХХ аср бошидаги ўзбеклар ҳаётини ажойиб услубда тасвирлаган ёзувчининг маҳоратидан ҳайратда эканини, асар француз ўқувчилари томонидан илиқ кутиб олинганини айтди. Меҳмон шунингдек Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг суратларидан ҳайратда эканини, асрга татигулик ишлар амалга оширилаётганидан мамнун эканини билдирди.
Томонлар Ислом цивилизацияси маркази томонидан яратилаётган “Ислом цивилизацияси қомусий луғати”нинг французча шаклини яратиш соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
С.Дюдуаньон Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасига Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романининг французча таржимасини совға қилди.
Учрашувда Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси В.Вильмор хоним иштирок этди.

ИЦМ Матбуот хизмати

Одамзотнинг табиати қизиқ. Баъзида  иши орқага кетиб муҳтожликка юз тутса, билиб-билмай  хато қилса  ва ёҳуд жиноят кўчасига кириб қолса сабабини ўзидан эмас, атрофдан излайди  ҳамда Яратганга ёзғиради. “Мени қайси гуноҳим учун бу куйга солдинг?”, дейди. Ва аксинча, омад илгидан тутиб давр сурганида, мол-давлат тўплаганида ўзига қойил қолиб нафақат ўзлигини, балки Худони ҳам унутади. Бу худбинликнинг оқибатида нафс  янада ҳаккалак отади. Хом сут эмган банда эришган бойлигини кўпайтириш учун ҳар қандай  йўлдан қайтмай  қўяди. Айни жиҳат уни тубанлик  ва қатор жиноятларга ошно қилади.

Ҳудди шундай  ҳолатдаги киши бойлик учун коррупциядан, ўғирлик  ва порахўрликдан, ўзгалар ҳаққига хиёнат қилишдан  тап тортмайди. Унинг кўзига фақатгина бойлик  кўринади ва қалб зиёси сўнади. Одамзот феълдаги бу каби иллатлар  хусусида буюк ватандошимиз, ҳадис илмининг равнақига улкан ҳисса қўшган йирик аллома Имом ал-Бухорийнинг ислом оламида Қуръони каримдан кейинги муқаддас ва шарафли манба  сифатида қадрланадиган   “Ал-жомиъу-с-саҳиҳ” ҳамда “Ал-адабу-л-муфрад”  асарларида кўп ибратли мисоллар келтирилган. Жумладан,  “Ал-жомиъу-с-саҳиҳ” китобида бу каби кимсалар хусусида шундай дейилади:

“Бу мол-дунё деган нарса ҳайвон кўзини ўйнатадиган кўм-кўк, ширин ўт-ўлан каби фусункор ва лаззатлидир. Кимки нафсини тийиб, эҳтиёжига ярашасини олса, баракали бўлади ва кимки очкўзлик қилиб, эҳтиёжидан ортиғини олса, бебарака бўлади. Бундай одам мечкай ҳайвон кабидир, меҳнат қиладиган қўл тиламчи қўлдан яхшидир”.

Баъзи одамлар бирданига бойиб кетса  босар тусарини билмай қолади. Ўтмишини унутади. Беш тўрт тангалик  бўлиб олиб янада фаровон ҳаётни орзулайди. Хотинни  кўпайтириб, пировардида қўша  хотинлар орасидаги мезонни эплолмай  қолади. Яна бошқалар эса бошқа аёл учун ўз хотини, фарзандларидан  воз кечишгача боради. Буларнинг асоратида болалар тирик етим  қолади. Кечаги бойвачча энди ўз  пуштикамаридан бўлган болага алимент тўлашдан бўйин товлайди. Унинг тафаккурида оила деган  муқаддас тушунча, фарзанд ва унга меҳр бериш, раҳмдил бўлиш каби хислатлар ўрнини нотавонлик эгаллайди. Уларга ибрат хусусида эса “Ал-жомиъу-с-саҳиҳ” китобида шундай дейилган:

“Аллоҳ  таоло ўз раҳматини юз бўлак қилиб яратиб, тўқсон тўққиз  бўлагини ўзида сақлаб қолди. Унинг бир бўлагини ерга нозил қилди. Оллоҳ  таолонинг ерга нозил қилган ана шу бир бўлак раҳмати туфайли бутун борлиқ  ўзаро  раҳмдиллик қилғайдир. Ҳаттоки от ҳам боласини майиб қилиб қўйишдан чўчиб, туёқларини эҳтиёткорона кўтариб боради”.

Шунингдек, Имом ал-Бухорийнинг мазкур китобида “Иш нолойиқ одамларга топширилганда, қиёмат бўлмоғини кутавер”, деган ибратли ҳадис ҳам бор. Бундан маъни шуки, ҳозирда фақатгина нафси куйида мансаб сари интилган кимсалар оқибатда коррупция ботқоғига ботиб шарманда бўлаётганлигини, бунинг натижасида ўша тизим ва соҳа  зарар кўраётганини, жамият ва халқ  манфаатларига путур етаётганлигини  кўриш мумкин.

Шундай экан, бугун аввало кўрган кунимизга, эришган ризқимизга шукр қилайлик. Ҳалоллик  ва эзгулик шиоримиз бўлсин. Зеро, ношукурлик барча балоларнинг боши эканлиги ҳақ гап.

Абдулаҳад қори ТОЖИБОЕВ,

Бўз тумани  бош имом-хатиби.

ЎМИ Матбуот хизмати

манба

Мақолалар

Top