muslim.uz

muslim.uz

Шу йилнинг 4 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов очиб бериб, мажлис иштирокчиларини юртимиз мустақиллигининг 25 йиллиги билан самимий муборакбод этдилар ва ушбу қутлуғ айёмга тайёргарлик ишлари ҳақида сўзлаб, имом-хатибларга бу борада бажариш лозим бўлган вазифалар юзасидан топшириқлар бердилар.

Муфтий ҳазратлари, шунингдек, истиқлол йилларида диний соҳада эришилган улкан ютуқлар ҳақида батафсил тўхталиб, бу ютуқларга, энг аввало Аллоҳ таборака ва таолонинг берган улуғ инъоми – мустақиллик ва тинчлик-омонлик неъмати туфайли эришаётганимизни алоҳида таъкидладилар.

Бугун дунёнинг кўплаб минтақаларида давом этаётган нотинчликлар, худкушлик ва биродаркушлик урушлари юз минглаб бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлаётгани, миллионлаб оилаларнинг бегона юртларда саргардонликка маҳкум этилаётгани афсус билан эслаб ўтилди. Бу хунрезликлар ортида турган манфур кучларнинг фитнасидан ҳамюртларимизни огоҳ этиш, уларнинг бузуқ ғоя ва ақидаларига ота-боболаримиздан мерос – мотуридийлик ақидаси ва ҳанафийлик мазҳаби асосида раддиялар бериш, ёшларнинг бундай тузоқларга тушиб қолишдан ҳимоя қилиш имом-хатибларнинг бирламчи вазифаси, муқаддас бурчи экани алоҳида қайд этилди. Муфтий ҳазратлари бу соҳада Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталар экан, “ИШИД фитнаси”, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” ва “Дунё уламолари мурожаати” китоблари юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг жамоатчилик томонидан яхши кутиб олингани, юксак баҳоланганини айтиб ўтдилар.

Шунингдек, мажлисда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ўз маърузалари билан иштирок этиб, аждодларимизнинг асрий орзуси бўлган мустақиллик йилларида амалга оширилган ишларни ифтихор билан тилга олишди. Диний соҳа ходимлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён этишди, баъзи камчиликлар юзасидан тегишли ходимларга зарурий тавсиялар беришди.

Шунингдек, Уламолар Кенгаши ваколатига кирувчи турли масалалар муҳокама қилинди. Мажлисда бир қатор ташкилий масалалар ҳам кўрилди.

Шу билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати

Ҳикоя қилинишича, эр ва хотин товуқ гўштидан тайёрланган таомни еб ўтиришганда, тўсатдан эшик тақиллаб қолибди. Иштаҳасини бузиб, бемаврид эшикни қоққан кишидан жахли чиққан хонадон соҳиби эшик қоққан кишини койиб, қувиб юборди. Кунлар ўта бошлади, ҳалиги кишининг турмуши кун сайин қийинлаша борди, кўп ўтмай бор бойлигидан ажралиб қолди. Ҳатто, ейишга таом ҳам тополмай, охир оқибат аёли билан ажрашиш даражасигача етиб борди. Аёли бошқа кишига турмушга чиқиб кетди. Кунларнинг бирида, аёл турмуш ўртоғи билан собиқ турмуш ўртоғи сингари пиширилган товуқ гўштидан истеъмол қилиб турганда, бир киши эшикни тақиллатди. Шунда  хонадон соҳиби келган сўровчига таомни бериб юборишини аёлига буюрди. Аёл уйдан ташқарига чиқиб, сўровчига таомни берди ва таажжубда қолди, чунки сўровчи ўзининг биринчи турмуш ўртоғи эди. Сўнгра, аёл йиғлаган ҳолда қайтиб келди. Ундан турмуш ўртоғи йиғисининг сабабини сўраганида, аёл тиламчи унинг биринчи турмуш ўртоғи эканини ва у билан турмушида худди шундай воқеа содир бўлганида, тиламчини койиб, қувиб солганини айтиб берди. Шунда эри аёлига қараб, нимага таажжубланасан, Аллоҳ номи билан қасам ичаманки, мен эринг ҳайдаб солган тиламчи бўламан.

Қиссадан ҳисса шуки, саховат соҳиби иззат-ҳурматда ва бахиллик соҳиби хор бўлур. Ҳазрат Али каррамоллоҳу важҳаҳу айтганларидек, «Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради».

 

                                    

                                           Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади

Бугун Зулқаъда ойининг биринчи куни яъни 4 август Мадина вақти билан соат 17.30 да ҳиндистонлик дастлабки зиёратчилар Мадина шаҳридаги шаҳзода Муҳаммад номли халқаро аэропортга келиб қўнишади.

Икки ярим ой давом этадиган мавсум давомида Жидда шаҳридаги қирол Абдулазиз ва Мадина шаҳридаги шаҳзода Муҳаммад номли халқаро аэропортлар зиёратчиларни кутиб олишга тайёр ҳолга келтирилган.

Ҳаж-терминаллари бир соатда ўртача 13 та рейсни, бир кунда 312 та рейсни, мавсум давомида эса жами 1,4 миллион зиёратчини қабул қилиб олади.

Ҳожиларни тартибли кутиб олиш ва кузатиш учун 27 та давлат ва хусусий муассасалардан жами 7000 нафардан кўпроқ мутасаддилар жалб қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ҳаж-терминаллари 4 августдан 5 сентябргача зиёратчиларни қабул қилади ҳамда 17 сентябрдан 16 октябргача уларни кузатади.

Илҳом Маърупов таржимаси

Греция парламенти яқин кунларда мамлакат пойтахти қадимий Афина шаҳрида қуриладиган дастлабки масжиднинг лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Лойиҳага кўра, масжид Элеонас туманида қурилади. Ушбу жоме қурилиши учун давлат бюджетидан 964 минг евро ажратилгани маълум қилинмоқда.

Афинада қурилиши режалаштирилган ушбу масжид, бир вақтнинг ўзида 350 нафар намозхонни сиғдира олади. Масжид атрофида намозхонлар учун барча қулайликлар яратилади, хусусан, уларнинг автоуловлари учун махсус тураргоҳлар ҳам барпо қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Европа мамлакатлари ичида Афина – бирорта ҳам расмий масжидга эга бўлмаган ягона пойтахт шаҳар ҳисобланади.

Илҳом МАЪРУПОВ

таржимаси

Мақолалар

Top