www.muslimuz

www.muslimuz

Ёсин ибн Юсуф Марокаший раҳимаҳуллоҳ айтишларича, у киши Шом қишлоқларидан бирида тахминан ўн ёшлардаги болани кўриб қолибдилар. Болалар уни ўзлари билан бирга ўйнашга мажбур қилишар, ҳоли-жонига қўйишмас экан. У бўлса болалардан қочиб, йиғлаган ҳолда Қуръонни тиловат қилар экан.

Ёсин Марокаший айтадилар: «Ўша болага нисбатан қалбимда муҳаббат пайдо бўлди».

Кейин олим унинг ортидан борибдилар. Қарасалар, отаси уни дўконга қўйиб қўйган экан. Болакай эса савдо-сотиқ билан иши бўлмай, тинмай Қуръон ўқир экан.

Кейин Марокаший ҳазратлари масжидга, ўша боланинг устози ёнига бориб: «Шояд бу бола келажакда зоҳид ва обидлардан бўлса» дебдилар.

Дарҳақиқат, орадан йиллар ўтиб, у бола Шайхул Ислом, фуқаҳо ва муҳаддисларнинг улуғларидан бири бўлиб етишди. Унинг исми Имом Нававий эди.

«Ҳилятул авлиё» китобидан

 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Инсоният тарихидаги энг буюк ва энг афзал ҳаж деб эътироф этилган Видолашув ҳажида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга омматан сўнгги бор бир қанча долзарб ва муҳим масалаларни ва қонун-қоидаларни баён қилганлар. Айнан мана шу ҳаж мавсумида Арафот тоғида “Бугун Мен сизларга динингизни мукаммал қилиб бердим, неъматимни тўкис қилдим ва сизларга Исломни дин бўлиб қолишига рози бўлдим” ояти ҳам нозил бўлган эди. Бу мақолада бировнинг обрўсини тўкиш, шаънини ерга уришнинг ёмон иллат эканлиги масаласига алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Ушбу маънони ифодалаб келган ҳадислар бир қанча саҳоба разияллоҳу анҳумлар томонидан ривоят қилинган бўлиб мутавотирлик даражасига етган. Қуйида келадиган ҳадиси шариф ўша Видолашув ҳажида айтиб ўтилган:

 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ خَطَبَ النَّاسَ يَوْمَ النَّحْرِ فَقَالَ: يَا أَيُّهَا النَّاسُ أَيُّ يَوْمٍ هَذَا؟ قَالُوا: يَوْمٌ حَرَامٌ قَالَ: فَأَيُّ بَلَدٍ هَذَا؟ قَالُوا: بَلَدٌ حَرَامٌ، قَالَ: فَأَيُّ شَهْرٍ هَذَا؟ قَالُوا: شَهْرٌ حَرَامٌ، قَالَ: فَإِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ عَلَيْكُمْ حَرَامٌ كَحُرْمَةِ يَوْمِكُمْ هَذَا فِي بَلَدِكُمْ هَذَا فِي شَهْرِكُمْ هَذَا فَأَعَادَهَا مِرَارًا ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ فَقَالَ: اللَّهُمَّ هَلْ بَلَّغْتُ اللَّهُمَّ هَلْ بَلَّغْتُ. قَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ إِنَّهَا لَوَصِيَّتُهُ إِلَى أُمَّتِهِ فَلْيُبْلِغِ الشَّاهِدُ الْغَائِبَ لاَ تَرْجِعُوا بَعْدِي كُفَّارًا يَضْرِبُ بَعْضُكُمْ رِقَابَ بَعْضٍ.

 

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни одамларга мурожаат қилиб “Эй одамлар, бугун қандай кун” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган кун дейишди. “Унда, бу қандай юрт” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган юрт дейишди. “Ундай бўлса, бу ой қанақа ой” дедилар, улар (уруш қилиш, ножўя ишларни қилиш) ҳаром қилинган ой дедилар. Шунда у зот “Сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз мана шу юртда, мана шу ойда мана шу кун (уруш ва ножўя ишларни қилиш) қандай ҳаром бўлса худди шундай ҳаромдир” деб уни бир неча маротаба такрорладилар, сўнг бошларини кўтариб “Эй Аллоҳ, етказа олдимми, эй Аллоҳ, етказа олдимми?! Унда ҳозир бўлганлар йўқларга етказсин, мендан кейин бир-бирларингизни бўйнига қилич солиб кофирликка қайтиб кетманглар” дедилар. Шунда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо “Жоним қўлида бўлган зот ҳаққи бу у зотнинг умматларига васиятлари бўлди-ёв”, деди.

Ҳадиси шарифдан энг долзарб саналган қуйидаги учта ибрат олинади:

Бировнинг қонини тўкишни ҳаромлиги;

Бировнинг молига тажовуз қилишни ҳаромлиги;

Бировнинг обрўсини тўкиб, оёқ-ости қилишни ҳаромлиги.

Ушбу сўзларни у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар гавжум бўлган бир қанча ўринларда – Арафот, Мино ва ташриқ кунлари яна Минода туриб такрор-такрор айтганлар. Уламолар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзларни такрор-такрор айтганларини ўзи ҳам мазкур ишларнинг ҳаромлигини кўрсатиб турибди деганлар.

Ҳақиқатан, кишини обрўсини тўкиш ёки тўкишга бўлган уриниш Ислом динида қаттиқ қораланган бўлиб, унинг оқибати одамлар ўртасида келишмовчилик, парокандалик ва фитна-фасод ишларнинг содир бўлишига олиб келади. Бу нарса эса Қуръони каримнинг бир қанча оятларида ҳам қораланган.

Жумладан, Ҳумаза сурасининг 1-оятида “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин” дейилган. Демак, ояти каримадан ҳам кўриниб турибдики кишининг обрўсини тўкишга бўлган уриниш қаттиқ қораланади ва унинг охиратдаги иқоби ҳам шунга яраша бўлади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида “Жаброил мени осмонга олиб чиққанда бир қавмнинг олдидан ўтди, уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб у билан юзлари ва кўксларини тимдалар эди, дедилар. Шунда у зот “Эй Жаброил, булар кимлар?” деб сўраганларида, улар одамларнинг гўштини еб (яъни уларни ғийбат қилиб), обрўларини тўккан кимсалар” деб жавоб берди.

Ушбу ҳадис ҳамда юқоридаги оят ва ҳадислардан Динимизда инсоннинг шаъни, обрўси қанчалик қадрли эканлиги, уни тўкишнинг оқибати ёмон бўлиши кўриниб турибди.

Афсуски, кейинги пайтларда турли сайтлар ва ижтимоий тармоқларда кишиларнинг, хусусан, уламоларнинг обрўсини тушириб, шу орқали обрў орттиришга уриниш ҳолатлари кўзга ташланмоқда. Бу ҳолат айни биз юқорида келтирган оят ва ҳадисларда қораланган бўлиб, ҳаром, жирканч ишлардир. Бировнинг обрўсини тўкувчиларнинг ҳолига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам вой бўлади.

Бундай оқибати хунук ишларни амалга ошираётганлар Аллоҳ таоло мукаррам қилиб яратган инсонни устидан кулиб, унинг обрўсини тўкишдек оғир гуноҳни содир этаётганларини, бунинг учун охиратда Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганда нима деб жавоб беришларини ўйласинлар.

Аллоҳ таоло барчамизни бировларнинг обрўсига тил теккизишдан тийилувчи, камтар, мусулмонларни яхши кўрувчилардан қилсин!

 

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси матбуот хизмати

mercredi, 18 septembre 2019 00:00

Неъмат қадри

ОГОҲЛИК – ДАВР ТАЛАБИ

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, баъзи жойларда табиий офат сабабидан, яна баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқдалар. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, юртимизда тинчлик ва осойишталик неъмати сояси остида, ҳаётимиз осуда давом этмоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) марҳамат қиладилар “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташабуслари билан диёримизда бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилиши натижасида шаҳарларимиз кун сайин чирой очиб бормоқда.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ақл-фаросати ва онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканлигини англаб етмаган, бугунги куннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида, Ватан тинчлиги, миллат осойишталиги ҳақида қайғурмайдиган кимсалар ҳақида шундай марҳамат қилади:

яъни: “Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан “англамайдилар”. Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан “кўрмайдилар”. Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан “эшитмайдилар”. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”.

Тафсир китобларида ушбу оятдаги “англамайдилар”, “кўрмайдилар”, “эшитмайдилар” феъллари мажозий маънода айтилган бўлиб, бизни анашу ғофил кимсалардан бўлиб қолишдан ўзи асрасин. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар:

яъни: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”.

Қурьони карим мўминларни диний эътиқоди ва миллатидан қатьий назар барча одамлар билан тинчлик-хотиржамликда яшашларини рағбатлантиради:

яъни: “…Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир”.

Демакки, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта ҳамда бағри кенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамду лиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасига фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил бел боғлашлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.

Қуръони каримда марҳамат қилинади яъни: “…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир”, – деб марҳамат қилган.

Баҳоуддин Нақшбанд айтганидек:
Кўр кетар экан билмай истиқболда чоҳ,
Уни огоҳ этмасанг сендадир улуғ гуноҳ.

Жасур РАУПОВ
“Исломота”жоме масжид имом-хатиби

 

mardi, 17 septembre 2019 00:00

Намознинг аҳамияти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вассолату вассаламу ала Росулиҳи Муҳаммадин ва ала олиҳи асҳабиҳит тоййибийна тоҳирийн.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (ансорий) саҳобаларидан бири Абу Муаллақ деган куня билан аталарди. У ўзининг ва бошқаларнинг моли билан савдо қиладиган тожир эди. Унинг вазифаси (ибодати) ва парҳези бор эди.

Бир куни савдо сафарига чиққанда, унга қуролланган ўғри йўлиқди ва: “Мато (буюм)ингни қўй, чунки, мен сени ўлдирмоқчиман” деди. Абу Муаллақ ундан: “Қонимни нега истайсан, ахир сенинг ишинг мол билан-ку?” деб сўради. Ўғри: “Мол меники. Мен фақат сенинг қонингни истайман” деди. Шунда Абу Муаллақ: “Агар мени ўлдирмасликдан бош тортадиган бўлсанг, у ҳолда менга имкон бер, тўрт ракат намоз ўқиб олай” деди. Ўғри: “Истаганингча ўқийвер” деди.

Абу Муаллақ розияллоҳу анҳу таҳорат олди, кейин намоз ўқиди. Охирги саждада: “Я Вадуд! Я Зал аршил мажийд! Я Фаъъаалу лима юрийд! Асъалука биъиззикаллазий лаа юром. Ва мулкикаллазий лаа юзом. Ва бинурикаллазий малаъа аркаана аршик. Ан такфияний шарро ҳазал лисс. Я Муғийс, ағисний! Я Муғийс, ағисний! Я Муғийс, ағисний!” деб дуо қилди.

Шу пайт от минган бир киши қўлидаги найзасини отнинг икки қулоғи ўртасида кўтариб олиб, кела бошлади. Келиб, найзасини ўғрига санчиб, уни ўлдирди. Кейин тожирга юзланди. Тожир ундан: “Сен кимсан? Аллоҳ сен сабабли менга ёрдам берди” деб сўради. У: “Мен тўртинчи осмондан келган фариштаман. Дуо қилганингда, осмон эшикларида қарсиллаш, гумбурлаш бўлди. Кейин иккинчи марта дуо қилганингда, осмон аҳлида шовқин бўлди. Кейин учинчи марта дуо қилганингда, “Қийинчиликка тушиб қолган кишининг дуоси” дейилди. Шунда мен Аллоҳдан ўғрини ўлдиришни менга топширишини сўрадим” деди. Кейин у: “Ҳурсанд бўл!” деди.

Анас розияллоҳу анҳу айтдилар: “Билгингки, ким таҳорат қилиб, тўрт ракат намоз ўқиб, ушбу дуолар билан дуо қилса, у қийналган киши бўлсин ёки қийналган бўлмасин, дуоси ижобат қилинади”. Ибн Абу Дунё раҳимаҳуллоҳ “Мужабид даъва” ва “Ҳаватифул жинон” номли китобларида келтирган.

Бу ривоятда келган дуо (“Я Вадуд! Я Зал аршил мажийд! Я Фаъъаалу лима юрийд! Асъалука биъиззикаллазий лаа юром. Ва мулкикаллазий лаа юзом. Ва бинурикаллазий малаъа аркаана аршик. Ан такфияний шарро ҳазал лисс. Я Муғийс, ағисний! Я Муғийс, ағисний! Я Муғийс, ағисний!”) Аллоҳнинг изни билан қийналган банданинг мушкули осон бўлишига сабаб бўлади.

Ривоятда келтирилган саҳоба бошларига мушкул иш тушганда нима қилдилар? Намозга киришдилар. Аллоҳга сажда қилиб, Ундан ёрдам сўрадилар. Чунки, у киши бундай қилишни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганганлар. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор иш ташвишга солганда у зот намозга киришар, намоз ўқиб, Аллоҳдан ёрдам сўрар эдилар.

Бу ривоятлар намознинг шаъни, аҳамияти нақадар улуғ эканини кўрсатади.

Муҳим ишлардан яна бири – намозни хушуъ билан адо этишдир. Хушуъ – намоз ўқиётганингда Аллоҳдан бўлган қўрқувни ёки Унга бўлган муҳаббатингни қалбингда ҳозир қилиб, ҳис қилиб туришингдир.

Намозни хушуъ ила адо этишга ёрдам берадиган омиллардан бири киши ўқиётган намозини “Эҳтимол, бу менинг охирги намозимдир” деб ўқимоғидир.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб “Менга таълим беринг ва мухтасар қилинг” деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Видолашувчи одамнинг намозидек намоз ўқи...” деганлар. Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Агар инсон намозни дунёдан кетаётган одамдек ўқиса, хушуъсини, одобларини ўрнига қўйиб, чиройли адо этишга ҳаракат қилади. Эҳтимол, ўша ўқиган намозидан кейин яна намоз ўқиш насиб қилмас.

Аллоҳ таоло Қуръонда “Мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида  ўзларини камтар тутувчидирлар” деган (Муъминун сураси, 1-2-оятлар).

Оятдаги “камтар тутувчидирлар” калимаси арабчада “хошиъун” бўлиб келган. Бунинг маъноси “хушуъ қилувчилар” деганидир.

Агар саждада бўлсанг, дуони кўпайтир. Албатта, бу гап нафл намозларга тегишли. Нафл намоз ўқиётган одам сажда чоғида Аллоҳга ихлос билан дуо қилиши лозим. Чунки, банда саждада турганда Аллоҳга энг яқин ҳолатда турган бўлади.

Марфуъ ҳадислардан бирида айтилишича, “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ қилсалар, рукуъларида “Аллоҳумма лака рокаъту ва бика аманту валака асламту хошаъа лака самъий ва басорий ва муххий ва изомий ва асабий” дердилар. Агар рукуъдан бошларини кўтарсалар, “Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ Роббана валакал ҳамд милъас самавати ва милъал арзи ва милъа ма шиъта мин баъду” дер эдилар. Агар сажда қилсалар, “Аллоҳумма лака сажадту ва лака асламту сажада важҳия лиллазий холақоҳу ва соввароҳу фаҳсана сувароҳу ва шаққа самъаҳу ва басароҳу табарокаллоҳу аҳсанул холиқийн” дер эдилар”. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳимаҳуллоҳ Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Бир куни саҳобалардан бирлари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида намоз ўқиётган эди. Рукуъдан бошини кўтарганда “Роббана лакал ҳамд ҳамдан касийрон тоййибан мубарокан фийҳ” деди. Бундай ҳамд айтишни Пайғамбар алайҳиссалом ўргатмаган эдилар. Буни ўша саҳобанинг ўзлари айтган эдилар. Лекин мазкур саҳоба бу ҳамд шариатга мувофиқ келишини билганлари учун айтган эдилар. Намоз ўқиб бўлингач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “(Рукуъда) гапирган ким?” дедилар. Бояги саҳоба “Мен, эй Расулуллоҳ” дедилар. Набий алайҳиссалом у кишининг қилган ишларини инкор қилмадилар. “Нега мен қилмаган нарсани ўзингча қилдинг?! Агар ўша иш хайрли бўлганда, сендан аввал ўзим қилган бўлардим” демадилар. Балки у саҳобанинг қилган ишини тасдиқладилар ва унга “Мен ўттиздан ортиқ фаришталар ўшани қайси бирлари аввал ёзиб олиш учун шошаётганларини кўрдим” дедилар.

Яъни сен айтган калималарни биринчи бўлиб ёзиш мақсадида фаришталар мусобақа қилаётганларини, ёзиш учун шошаётганларини кўрдим, дедилар.

Аллоҳ таолодан бизга Ўзини зикр қилиш учун, Ўзига шукр қилиш учун ва Ўзига чиройли ибодат қилиш учун ёрдам беришини сўраймиз. Чунки, Аллоҳни зикр қилишга, Унга шукр қилишга ва Унга чиройли ибодат қилишга бизнинг ўзимизда куч-қувват йўқ. Фақат Роббимиз бизга куч-қувват берсагина, мазкур ибодатларни қиламиз. Вассаламу алайкум вароҳматуллоҳи вабарокатуҳ.  

  

Шайх Иброҳим Аккоснинг “Калимату хойр” кўрсатувидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси   

  1. Меҳмонни ҳурмат қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини ҳурмат қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим бўлсин”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 

  1. Меҳмонни очиқ юз ва ширин сўзлар билан кутиб олиш.

Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганимда: “Марҳабо! Хуш келибсиз! Эй Умму Ҳонеъ”, деб қарши олдилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Авзоъий раҳимаҳуллоҳ: “Меҳмоннинг ҳурмати унга очиқ юз билан хизмат қилишдир”, деган.

 

  1. Меҳмондорчиликка тақводор, дину-диёнатли иинсонларни таклиф қилиш.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат мўмин билан бирга (йўлдош) бўл. Таомингдан фақат тақводоргина тановул қилсин”, дедилар.

 

  1. Меҳмонларни дастурхон олдида ёлғиз қолдирмай, ёнида гаплашиб ўтириш, бирга еб-ичиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳо онамизга: “Меҳмонинг билан ўзинг ҳам овқат егин, чунки меҳмон ёлғиз ўзи ейишдан ҳаё қилади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

  1. Таомни ёши улуғлардан бошлаш, кейин ўнг томондагиларга узатиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга сув узатсалар: “Катталардан бошланг”, дер эдилар.

Агар меҳмонлар ёшда баробар бўлсалар, ўнг томондан узатилади.

 

  1. Меҳмон бир луқма таом еганидан сўнг, ҳадеб “олинг”, “олинг” деб уни ейишга мажбурланмаслик.

 

  1. Меҳмонни эшик олдигача кузатиб қўйиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Меҳмонни эшик олдигача кузатиб бориш суннатдир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

 

  1. Мезбоннинг ҳақига дуо қилиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмон қилган кишининг ҳақига дуо қилардилар:

اللهم بارك لهم فيما رزقتهم واغفر لهم وارحمهم

“Аллоҳумма барик лаҳум фийма розақтаҳум вағфир лаҳум ва арҳамҳум”

 

“Ё Аллоҳ, бу хонадон аҳлининг ризқига барака бер, уларнинг гуноҳларини мағфират қил ва уларга раҳм айла!” (Имом Муслим ривояти).

 

أللهم أطعم من أطعمني واسق من سقاني

“Аллоҳумма атъим ман атъаманий, васқи ман сақоний”

“Ё Аллоҳ, мени таомлантирган кишиларни Сен ҳам таомлантиргин, мени сув билан суғорган кишиларни сен ҳам сероб қилгин!”.

أفطر عندكم الصائمون وأكل طعامكم الأبرار وصلت عليكم الملائكة

Афтара индакумус соимуна ва акала тоаъмакумул аброр ва соллат алайкумул малоика

“Хонадонингизда рўзадорлар оғиз очсин, таомингизни яхшилар есин ва сизларга фаришталар салавот айтиб, ҳақингизга дуо ва истиғфор айтсин!” (Имом Абу Довуд ривояти).

 

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Мақолалар

Top