www.muslimuz

www.muslimuz

lundi, 09 septembre 2019 00:00

Мушкул тушгандаги дуо

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул тушганда: «Улуғ ва Ҳалийм бўлган, улуғ Аршнинг Роббиси бўлган, осмонлару ернинг Роббиси бўлган Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ», деб дуо қилар эдилар». 

Шарҳ: Бизнинг тилимизда «бошга мушкул тушиш» деб аталадиган ва инсон жонини қисиб турадиган катта ғамни араблар «карб» деб атайдилар. Бу оддий ғамдан бир неча бор кучли бўлади. Ушбу бобдаги «мушкул»дан мақсад арабча «карб» бўлади.

Бу ривоятда дуо маъносидаги гаплар йўқ. Аммо таҳлил ва Аллоҳ таолонинг улуғ сифатларининг зикри бор. Ана ўшаларни ихлос билан такрорлаш баъзи сўзларни айтиб дуо қилишдан кўра мушкулни кушойиш қилишда катта ўрин тутади. 

Имом Термизий ривоят қилган «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ таоло, кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман, деди» ҳадиси шу ерда амалга ошади. 

Мушкулнинг номини айтмай, уни аритишни ҳам тилга олмай фақат ушбу ривоятда келган ибораларни ихлос ила такрорлайверилса, албатта, Аллоҳ таоло кушойиш беради.

Зотан дуо очиқ – ойдин ёки зимдан бўлади. Карамли зотга мақтов айтишнинг ўзи, ундан сўраш билан тенг. Карамли зотга ҳамд айтиш, унга удо қилиш билан тенг.

Бошига мушкул тушиб, ғамга ботган бандага тавсия қилинадиган энг машҳур дуолардан бири Юнус алайҳиссаломнинг балиқ қорнида туриб қилган дуоларидир.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зуннуннинг балиқ ичида туриб қилган дуоси «Лаа илаҳа иллаа анта, субҳанака, иннии кунту миназ золимийн»дир. Қай бир мусулмон одам ўша дуони қилса, албатта, Аллоҳ унга ижобат қилур», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу дуо Қуръони Каримнинг «Анбиё» сурасида зикр қилинган. Аллоҳ таоло айтади:

«Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон қилди. Зулматларда туриб, Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди».

Зуннундан мурод, Юнус соллаллоҳу алайҳи васалламдир. «Нун» балиқ дегани, Зуннун эса, балиқ эгаси дегани. Юнус соллаллоҳу алайҳи васалламни денгизда балиқ ютиб юборган, кейин қирғоққа келиб, Аллоҳнинг амри билан чиқариб ташлаган. 

Шунинг учун у зот алайҳиссалом Зуннун–балиқ эгаси, лақабини олганлар. 

«Зуннунни эсла. Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди».

У киши қавмларига Аллоҳнинг амрини етказганларида, улар қабул қилмадилар. Юнус соллаллоҳу алайҳи васаллам қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетдилар.

«Бас, у Бизни ўзига (ер юзини) тор этмас, деб гумон қилди».

Бу гумон қавмларининг саркашлигидан келиб чиққан эди. Юнус соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга, сизлар Аллоҳ амрига бўйинсунмасангиз, бошқа жой қуриб кетгани йўқ, Аллоҳнинг ери кенг, бошқа жойга бориб даъват этсам, улар қабул қиладилар. Аллоҳ мен учун ер юзини тор этиб қўймайди, дегандай иш қилган эдилар.

Уламоларимиз айтишларича, аслида у киши бошқа Пайғамбарларга ўхшаб сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмадилар. Қавмларига зарда қилиб, юртларидан чиқиб кетдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло, у кишини балиққа юттириб, синовга учратди. Ана ўшанда, 

«Зулматларда туриб», яъни, кеча зулмати, денгиз ости зулмати ва балиқ қорни зулматида туриб, Аллоҳ таолога ёлбориб:

«Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим, деб нидо қилди».

Бу гап чин ихлос билан, Аллоҳнинг улуғ сифатларини эслаб, ўзининг айбдорлигини бўйнига олиб, нажот сўраб қилинган дуо эди.

«Бас, Биз уни (дуосини) ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз».

Яъни, Биз Юнуснинг дуосини қабул қилдик. Уни балиқ ичидан соғ-саломат чиқариб, ғамдан қутқардик. Мўминларни доимо шу тарзда қутқариб келганмиз.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким ғамга мубтало бўлса, ушбу оятдаги «Ла илаҳа илла анта, субҳанака иннии кунту миназ-золимийн» дуосини ўқиса, кушойиш бўлишини айтганлар.

 

Абдурроҳман ибн Абу Бакрадан ривоят қилинади: 

«У отасига:
«Отажон! Ҳар тонгда «Аллоҳим! Баданимга офият бергин! Қулоғимга офият бергин! Кўзимга офият бергин! Сендан ўзга илоҳ йўқ» деб дуо қилишингизни эшитаман. Буни тонгда ва кечқурунда уч марта қайтарасиз.
Яна «Аллоҳим! Мен Сендан куфрдан ва фақирдан паноҳ сўрайман. Аллоҳим! Мен Сендан қабр азобидан паноҳ сўрайман. Сендан ўзга илоҳ йўқ» деб тонгда ва кечқурунда уч марта қайтарасиз?» деди.
«Ҳа! Болажоним, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни айтганларини эшитганман. Мен У зотнинг суннатларига амал қилишни яхши кўраман», деди.
Ва яна айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мушкули борнинг дуоси: «Аллоҳим! Раҳматингдан умидворман. Мени бир кўз очиб-юмгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўйма. Менинг ҳамма ишларимни Ўзинг ўнгла. Сендан ўзга илоҳ йўқ»дир», дедилар
».

Шарҳ: Ҳар эрта ва кеч ушбу дуоларни қилишда унинг қилувчи кўп хайрли нарсаларни сўраган бўлади. Инсон бу дуода сўралган нарсаларга ҳар дамда муҳтожлиги бор.

Ана ўша ўзи муҳтож бўлган нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилган ҳолда, У зот айтган лафзларни такрорлаб сўраганга нима етсин.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул пайтда: «Ҳалиму Азийм Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Улуғ аршнинг Роббиси Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Осмонлару ернинг Роббиси, Карийм Аршнинг Роббиси Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳим! Бунинг ёмонлигини биздан кетказгин», дер эдилар». 

Шарҳ: Бу дуодан бошига мушкул тушганда банда Рббисининг баркамол сифатларини зикр қилиш ила У зотдан ўз мушкулини кушойиш қилишини сўраши фойдали эканини билиб оламиз.

«Ҳалиму Азийм Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ». 

Аллоҳ таолонинг бу икки сифати дунёдаги барча мушкулларни саноқсиз кўпайтирганда ҳам, кушойиш қилишдан яна отиб қолади. 

«Улуғ аршнинг Роббиси Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ». 

Аллоҳ таолонинг бу сифати барча мушкулларни осонлик билан кушойиш қилишига бандада заррача шубҳа бўлмаслиги керак. 

«Осмонлару ернинг Роббиси, Карийм Аршнинг Роббиси Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ». 

Аллоҳ таолонинг ушбу сифатларини айтиб туриб қилинган дуо албатта, дуо қилувчининг мушкулларини равон бўлишига гаровдир.

«Аллоҳим! Бунинг ёмонлигини биздан кетказгин». 

Албатта, бқоридаги сифатларни иймон – эътиқод ила зикр қилиб туриб, бу дуони қилинса, қабул бўлиши осон.

 

манба: islom.uz

Нишонга урилган гаплар: Агар кучли бўлишни истасанг, ўз нафсинг билан курашишни ўрган

 

Қуйида келтириладиган ҳадис, фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Гуноҳларим кечирилсин десангиз...

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар:

“Кимки бир кунда 100 марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деб айтса, гуноҳлари денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам кечирилади”.

Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Аҳмад, Имом Ибн Можа ривоят қилишган.

*****

Мактабда ўрганган дарсларимиздан бири шуки, ичи бўш бошоқ далада бошини кўтариб туради, донга тўла бошоқ эса бошини энгаштириб туради.

Демак, фақат олийжаноб инсон камтар бўлади, пасткаш кимса кеккайган бўлади.

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ

*****

Психологияни бир четга қўйиб турайлик. Намоз ўқимайдиган одам саодат ва хотиржамлик таъмини тота олмайди.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Ота-онага яхшилик қилиш Дин кўрсатмаси ва дайн (қарз)дир.

Дин кўрсатмасига амал қилишинг сени Жаннатга етаклайди.

Бу қарзни сенга фарзандларинг қайтаради.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Баъзи одамларда айтадиган гап бўладию аммо айта олмайдилар.

Баъзи одамларда айтадиган гап бўлмаса ҳам сукут қила олмай гапираверадилар.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Одамлар қандай қилиб севги-муҳаббат масаласида ёлғон гапириб, ўзларини севадиган қилиб кўрсатар эканлар-а?! Мен ёқтирмаган, севмаган одамимга “Марҳамат” дея олмайман.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Фақирлик олийжаноб кишиларнинг хор бўлишларига сабаб бўла олмайди.

Бойлик пасткаш кишиларнинг олийжаноб бўлишларига сабаб бўла олмайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Сени яхши кўрадиганлар: уларга қилган ишингни изоҳлаб беришингга ҳожат йўқ.

Сени ёмон кўрадиганлар: уларга қилган ишингни изоҳлаб беришингдан фойда йўқ.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Бир кун безовта бўлиш бир ҳафта ишлашдан оғирроқдир.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Агар кучли бўлишни истасанг, ўз нафсинг билан курашишни ўрган.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Умрида қамоқ ҳидини ҳидлаб кўрмасдан ўғрилик қиладиганлар бунча кўп бўлмаса!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

— Чумолиларни яхши кўраман.

— Нега?

— Чунки, уларда аҳиллик, ўзаро ёрдам, бир-бири учун жонини фидо қилиш, бировнинг оғирини енгил қилишга уриниш бор. Бунинг устига улар меҳнаткаш.

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

 

Тарихда энг қисқа ва балоғатли мактублар, мавъизалар кўп бўлган. Шулардан иккита ибратлисини келтирамиз.

“Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу)га:

“Менга етиб келган хабарга кўра, ҳукм мажлисларида суяниб ўтирар экансан. Эй Осснинг ўғли, тавозеъ билан ўтир! Акс ҳолда ҳокимликдан оламан. Кийим кийишга кўп эътибор берма! Аллоҳдан қўрқиш ва (гуноҳларинг учун) надомат либосини кий! Агар киши учун ўз кийимларида шараф бўлганида, у энг гўзал либосларини Ҳарамда ечмаган бўларди”.

Маълумки, Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умра қилиш ниятида борадиган одам Ҳарам ҳудудига киришдан олдин белгиланган жойда барча либосларини ечиб, эҳром кийиб олади.

 

*****

 

Яқин тарихдаги энг қисқа ва маъноли хутба

 

Бу воқеа Тунисдаги Зайтуна жомеъсида бўлган эди. Мамлакат муфтийси Муҳаммад Тоҳур ибн Ошур раҳимаҳуллоҳ Жумъа куни минбарга чиқиб, намозхонларга юзланиб, “Бозорлардаги аёллар кимники?” деб сўради. Намозхонлар сукутда. Имом яна “Бозорлардаги аёллар кимники?” дея саволини такрорлади. Бу сафар ҳам намозхонлар жим.

Шунда улуғ муфтий: “Модомики, аёлларингиз очиқ-сочиқ, ярим-яланғоч экан, ўқиган намозларингизда яхшилик йўқдир. Такбир айтинг!” деди.

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

  1. “Бисмиллоҳ” ни айтиш.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қачонки киши уйига кирса, киришида ҳам, таоми устида ҳам Аллоҳни зикр қилса, шайтон (шерикларига): «Сизларга ўрин ҳам йўқ, овқат ҳам йўқ», дейди. Агар кирганида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Жойларингизни топдингиз», дейди. Таоми устида ҳам Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон: «Жойингизни ҳам, таомингизни ҳам топдингиз», дейди» (Имом Бухорий ривояти).

 

  1. Кириш дуосини айтиш:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Киши уйига кирганда:

“Аллоҳумма, инний асалука хойрол мавлажи ва хойрол махрожи. Бисмиллаҳи валажнаа ва бисмиллаҳи хорожнаа ва ъала Аллоҳи Роббинаа таваккалнаа”

“Аллоҳим, Сендан яхши кириш ва яхши чиқишни сўрайман. Аллоҳнинг номи билан кирдик, Аллоҳнинг номи билан чиқдик. Роббимиз Аллоҳга таваккал қилдик, десин ва аҳлига салом берсин» (Имом Абу Довуд ривояти).

 

  1. Уйдагиларга салом бериш.

Аллоҳ таоло бундай буюради: “Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!)(Нур сураси, 61-оят).

 

 

 

  1. Оғизни мисвок билан тозалаш.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирганларида биринчи бўлиб мисвок ишлатардилар” (Имом Муслим ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб Белгиянинг Валлон минтақасида ислом дини рухсат этган шаклда қорамолларни сўйишни таъқиқловчи қонун кучга кирди.

Шунга ўхшаш қонун Белгиянинг Фламанд минтақасида ҳам қабул қилинган. Фландрия минтақаси мусулмонлари билан биргаликда қонунга яҳудийлар ҳам норозилик билдиришган.

Европанинг кўплаб мамлакатларида қорамолларни электр ёрдамида ўлдириш йўлга қўйилган. Шу сабабли Белгияда ҳам ушбу усул федерал доирада қабул қилинмоқда.

Европа мусулмонлари кенгаши ва яҳудийлар кенгаши бу қонун лойиҳасига нисбатан кучли хавотир билдирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top