Рамазон

Ифторлик фазилати

 

Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, диёримиз мусулмонлари ҳар йили рамазон рўзасини тинчлик-осойишталик, бағрибутунлик билан адо этмоқдалар. Дарҳақиқат, бу ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади. 

“Рамазон” сўзи беш ҳарфдан иборат. Унинг ҳар бир ҳарфига уламоларимиз шундай маъно берганлар. “Ро” – “раҳмат”, “мим” – “мағфират”, “зод” – “зимонун лилжаннат” (жаннатга кириш учун кафолат), “алиф” – “аманун минаннар” (дўзахдан омонлик), “нун” – “нурун миналлоҳ” (Аллоҳ томонидан нур) маъноларини англатади.

Ушбу сўзимизни Имом Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилинган: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озодлик кунларидир”, ҳадиси шарифи ҳам қувватлайди. Яъни: “ро” ҳарфи рамазоннинг аввали бўлган раҳмат кунларига, “мим” ўртадаги мағфират кунларига, “зод” ва “алиф” ҳарфлари охиридаги “дўзахдан озод бўлиш” кунларига, “нун” ҳарфи эса бутун рамазоннинг натижасида ҳосил бўладиган нурга далолат қилади.

Рамазон ойининг фазилатларини батафсил баён қилгувчи ҳадисни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб, жумладан бундай дедилар: “…Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Кимки у ойда бирорта рўзадорга ифторлик қилиб берса, унинг гуноҳлари кечирилади ва дўзахдан озод бўлади. Шунингдек, унга ҳам рўзадорнинг савобидан ҳеч қанча кам бўлмаган савоб берилади”. Шунда биз: “Эй Расулуллоҳ! Биз ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб бера олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир қултум сут ёки битта хурмо ёки бўлмаса бир ҳўплам сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Кимки рўзадорнинг қорнини тўйғазса, Аллоҳ қиёматда унга ҳавзи кавсаридан бир қултум сув ичиради, натижада у то жаннатга киргунича чанқамайди. Рамазон – аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки у ойда ходимларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ҳамда дўзахдан озод қилади”, дедилар”.

Ифтор пайтидаги дуолар ижобатдир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Уч тоифа инсоннинг – рўзадорнинг ёки ифтор қилаётган рўзадорнинг, одил подшоҳнинг ва мазлумнинг дуоси мустажоб бўлади” (Термизий, Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Шу ўринда бир мулоҳаза: Баъзилар “Рўзадорни тўйдирган одам рўза тутганнинг савобини олади”, деган гапни хато талқин этишади, ифторлик маросими уюштириб, кўп одамларни чақиради, кейин ўзи рўза тутмай юраверишади. Бу одат мутлақо хато тушунча оқибатидир. Аввало, бу гапдан ўзи рўза тутмаса бўлаверади деган хулоса чиқмайди. Қолаверса, ҳеч бир савоб иш фарз ибодатни тарк қилишга сабаб бўла олмайди.

Ифторлик қилиш деганда, албатта дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга таом ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторликдир. Чунки шуниси риёдан холи бўлади.

Баъзи ифторликларда дабдабага берилиб кетиш, ношаръий ишларни аралаштириб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунга ўхшаш ҳолатларни тугатиш зарур.

Мискинга таом бериш рўза тутишнинг ўрнига ўтиши эса, фидя бериш дейилади. Бунга Қуръони каримда рухсат берилган. Бироқ фидяга ўта қариликлари, дармонсизликлари сабабли рўза тута олмай қолган отахон ва онахонлар ҳақлилар, холос. Уламоларимиз бу тоифага тузалишидан умид йўқ сурункали касалга чалинган кишиларни ҳам қўшганлар. Фақат ана шу тоифадаги кишиларгина рўза ўрнига фидя беришлари мумкин. Қолганларга бу рухсатнинг дахли йўқ. Бошқа кишилар дунёдаги барча мискинларни тўйғазсалар-да, фарз рўзанинг бир соати ҳам улардан соқит бўлмайди.

Рўза инсонни ҳаётнинг барча аччиқ-чучукларига бардош бериш ва уларга сабр қилишга ҳозирлайди. Руҳан, ақлан ва жисмонан камол топишида ёрдам қилади ва жамият ривожланиши, тараққий этиши йўлидаги қийинчиликларни бартараф этишга ўргатади.

Шунингдек, рўзадорнинг ўзи, оиласи ва уммат учун сероб­лик, фаровонлик ҳосил бўлади. Очлик ва чанқоқлик нималигини ўзидан ўтказган рўзадор, бундай азобни тортаётган камбағал, бечораларга яхшилик кўрсатишга ҳаракат қилади.

Аллоҳ таоло муборак рамазон ойида тутаётган рўзаларимизни, тоат-ибодатларимизни ўзининг фазлу карами ила қабул қилиб, барчаларимизни улуғ ажру савобларга эриштирсин!

 Нўъмон Атабаев

Read 97055 times

Мақолалар

Top